Home / КИТОБЛАР / ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ

ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» ثَلَاثًا، قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ! قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ – وَجَلَسَ وَكَانَ مُتَّكِئًا – أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ» مَا زَالَ يُكَرِّرُهَا حَتَّى قُلْتُ: لَيْتَهُ سَكَتَ.

Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отасидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта:
«Сизларга кабираларнинг энг улкани хабарини берайми?» дедилар.
«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди.«Аллоҳга ширк келтириш. Ота-онага оқ бўлиш», дедилар ва ёнбошлаб ётган эдилар, қадларини ростлаб ўтириб:
«Ҳой! ёлғон сўздан огоҳ бўлинг!» дедилар.
Ана шу гапни қайта-қайта такрорладилар, (қўрқиб кетганимдан) «сукут сақласайдилар», дедим».

Шарҳ: Мана бу ҳадисда Аллоҳ таолонинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ширк келтиришдек буюк, дунёдаги энг катта гуноҳдан кейинги иккинчи ўринда ота-онага оқ бўлишни айтяптилар.
Шу ўринда ота-онага яхшилик қилиш нимаю, оқ бўлиш нима экани ҳақида «Яхшилик ва силаи раҳм» китобимизда келган айрим маълумотларни эсга олиб қўйсак, фойдадан холи бўлмасди.

Аввал «Биррул волидайни» – «Ота-онага яхшилик қилиш» бирикмасининг тўлиқ маъносини тушуниб олайлик.
«Бирр» сўзи бизнинг тилимизга «яхшилик» дея таржима қилиниб, «фазилат», «содиқлик», «тоат» ва «солиҳлик» деган маъноларни ифода қилади.
Уламолар истилоҳида «бирр» юмшоқ ва латофатли сўз билан яхшилик қилиш ва нафратга сабаб бўлувчи қўпол сўздан четда бўлишдир. Айни пайтда «бирр» ўзаро шафқат, меҳр-муҳаббат асосида моддий жиҳатдан яхшилик қилишдир.
«Волидайн» – ота-она. Бу сўз бобо ва момоларни ҳам ўз ичига олади.
Арабча «оқ» сўзи луғатда «ёриш» ва «кесиш» деган маъноларни билдиради ҳамда «озор бериш», «осий бўлиш» ва «қарши чиқиш»ни ифода этади. Бир сўз билан айтганда, «оқ» сўзи «бирр»нинг тескарисидир.
Келгуси ривоятларни ўрганиш орқали бу икки маънонинг тафсирини англаб етишга ҳаракат қиламиз.

عَنْ وَرَّادٍ كَاتِبِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ قَالَ: كَتَبَ مُعَاوِيَةُ إِلَى الْمُغِيرَةِ: اكْتُبْ إِلَيَّ بِمَا سَمِعْتَ مِنْ رَسُولِ اللهِ ، قَالَ وَرَّادٌ: فَأَمْلَى عَلَيَّ، وَكَتَبْتُ بِيَدِي: إِنِّي سَمِعْتُهُ يَنْهَى عَنْ كَثْرَةِ السُّؤَالِ، وَإِضَاعَةِ الْمَالِ، وَعَنْ قِيلَ وَقَالَ.

Муғийра ибн Шуъбанинг котиби Варроддан ривоят қилинади:
«Муовия Муғийра ибн Шуъбага хат ёзиб, «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларингни ёзиб юбор», деди.
«Шунда у менга имло қилди. Мен қўлим билан ёздим:
«Мен у зотнинг кўп саволдан, молни зое қилишдан ва қийлу қолдан қайтарганларини эшитдим».

Шарҳ: Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу халифа бўлиб турган вақтларида машҳур саҳобий Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳуга хат ёзган эканлар. Хатларининг маъноси: «Сен менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларингни ёзиб юбор»дан иборат экан.
Шунда ровий Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу ўз котиблари Варродни чақириб, «Мен айтиб тураман, сен ёзгин», деган эканлар. Варрод «Мен ўз қўлим билан ёзганман», деб таъкидлаб қўймоқда.

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу ўз хатларида: «Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп савол беришдан, молни зое қилишдан, қийлу-қолдан, яъни беҳуда гап-сўздан қайтарганларини эшитганман» деган хабарни берган эканлар.
Мана шу ердаги беҳуда гап-сўз ота-онага оқ бўлишга сабаб бўлгани сабабли бу ҳадис шу бобда келтирилган. Яъни ота-онага гап қайтариш, ота-онанинг ҳузурида бўлмағур гапларни гапириш оқибатида бола назардан қолиши, оқ бўлиши эҳтимоли бор.

«Кўп савол бериш» деганда ҳақни билиш, таълим олиш ёки билмаган нарсасини билиш учун бериладиган савол эмас, балки фитна қўзғаш, ихтилоф чиқариш учун, нотўғри ғаразлар учун қитмирлик қилиб, бўлар-бўлмас бемаъни саволлар беравериш кўзда тутилган.
Шунингдек, аслида воқеликда йўқ нарсаларни хаёлдан тўқиб сўрашдан ҳам қайтарганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи йўқ нарса ҳақида сўралса, кейин воқе бўлиб қолишидан огоҳ қилганлар. Бу маънода Қуръони Каримда оят ҳам бор.
Лекин билмаган нарсасини сўраб, ўрганиш зарурат, керак нарса.

Бу ҳадиси шарифда ман қилинаётган нарсалардан яна бири – молни зое қилиш. Кераксиз жойларга, беҳуда ишларга ва ҳаром-ҳаришга мол сарфлаш мумкин эмаслиги турган гап. Лекин ҳалол бўлса ҳам ҳою-ҳавасга, риёкорликка, хўжакўрсинга, одамлар орасида шуҳрат топишга мол сарфлаш ҳам молни зое қилиш бўлади. Чунки ҳар қандай молни исрофдан сақлаш лозим.
Бир банданинг қўлидаги мол фақат ўзиники эмас, балки унинг оила аъзолари, ўша одам яшаб турган жамиятнинг ҳам ҳаққи бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифда ман қилинаётган нарсалардан бири – «қийлу қол», яъни одамлар орасида уларнинг гапларини «деди-деди» шаклида беҳуда гапириб юриш. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўзи аниғини билмайдиган, бефойда, ғийбатдан иборат ва тўғри бўлмаган гапларни нақл қилиб юриш. Аммо гап аниқ, ишончли кишидан содир бўлган ва фойдали бўлса, уни гапириш жоиз.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Олимлардан мактуб орқали маълумот олиш мусулмонларда аввалдан йўлга қўйилгани.
2. Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳунинг Ислом оламида обрўлари юксак бўлгани. Давлат раҳбарининг у кишидан савол сўраши шуни кўрсатади.
3. Олим одамлар ўзига котиб олиб юришлари мусулмонларда аввалдан йўлга қўйилгани.
4. Саволни ҳаддан ташқари кўпайтириш яхши эмаслиги.
5. Молни зое қилиш ман қилинган нарса экани.
6. Бўлмағур гап-сўзлар, «деди-деди»лар ман қилинган нарса экани.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

ОТА-ОНАСИ ТИРИКЛИГИДА ЖАННАТГА КИРА ОЛМАГАН ОДАМ ҲАҚИДА

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «رَغِمَ أَنْفُهُ، رَغِمَ أَنْفُهُ، رَغِمَ أَنْفُهُ»، قَالُوا: يَا …