Малайзия миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти ташаббуси билан Ислом цивилизацияси олимларининг Бешинчи онлайн семинари ўтказилди.
Ислом тамаддунида илоҳиёт, ҳадис, ислом ҳуқуқи, тасаввуф, иқтисод, бошқарув, тарих, фалсафа, таълим, психология, математика, астрономия, технология ва тиббиёт соҳаларининг аҳамиятини кенг ўрганишга қаратилган тадбир Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ислом уламоларининг анъанавий семинари 2021 йилдан буён Ўзбекистон ва Малайзиядаги турдош ташкилотлар, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRSIKA), Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ISESCO) ҳамда Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ва Қирғизистон мусулмонлари идораси вакиллари иштирокида ўтказиб келинади.
Бу йилги тадбир “Донолик ришталари: Ислом дунёсида илм ва маданиятни боғловчи маънавий мерос” мавзусига бағишланди. Унда Марказ илмий ходими Ш.Умаров “Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Тафсир Абд” асарини тафсир илми ривожида тутган ўрни” мавзусида маъруза қилди.
Тадқиқотчи “Тафсир Абд” асари Мовароуннаҳрда ёзилган илк тафсирлардан бири эканини кўрсатиб бериб, бу китоб кейинги даврдаги муфассирлар учун муҳим манба сифатида хизмат қилганини таъкидлади. Асардаги ўзига хос илмий-услубий ёндашув ва мазмунан чуқур таҳлиллар ислом тафсир мактабининг шаклланишида катта аҳамиятга эга бўлган. Шу нуқтаи назардан, ушбу меросни илмий жиҳатдан ўрганиш, замонавий тадқиқотлар билан уйғунлаштириш ва янги авлодга етказиш бугунги кун исломшунослигининг муҳим вазифаларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Маъруза семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Анжуман якунида диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ислом илм-фан меросини тадқиқ этиш ва илмий алоқаларни янада кенгайтириш зарур, деган тўхтамга келинди.