Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870) 3-қисм

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870) 3-қисм

Имом Бухорий ғоят беғубор, ҳалол-покиза, диёнатли инсон бўлиб, ғийбату ноҳақликлардан йироқ киши эди. У доимо: “Ғийбат қилиш ҳаром эканини билганимдан бошлаб ҳеч қачон бирор киши ҳақида ғийбат гапирмаганман”, деб таъкидлаган.

Имом Бухорий яшаган даврда Холид ибн Аҳмад Зуҳлий Бухоронинг амири эди. Узоқ йиллик хорижий сафарлардан қайтиб, она юрти Бухорода ўрнашгач, алломанинг шону шуҳрати чор атрофга кенг тарқалди. Кўплаб ҳадис толиблари гуруҳ-гуруҳ бўлиб, унинг ҳузурига кела бошлади. Шунда, гарчанд мазҳабга оид масалаларёда бир қадар Имом Бухорий билан мухолафатда бўлса ҳам, Холид ибн Аҳмад Зуҳлий унинг ривоятларини китобига киритган.

Орадан кўп ўтмай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига қизиқиши катта бўлган амир алломани саройга келиб, ўзи ва ўғилларига “Саҳиҳул Бухорий” ва “Тарих” асарларидан сабоқ беришини талаб қилади. У ҳукмдордан келган хабарчига: “Мен илмни хор қилиб, уни ҳукмдорлар эшигига олиб бормайман”, деб жавоб беради.

Шунда амир агар Имом Бухорий саройга келишни истамаса, фарзандлари учун алоҳида, махсус вақт ажратиб сабоқ беришини, у дарсларда бошқа талабалар иштирок этмаслигини таъкидлаб, яна вакил юборади. Лекин аллома бу талабга ҳам рад жавобини беради: “Илм олмоқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меросларидан бўлиб, бунда ҳар бир инсон – хосу авом тенг ҳуқуққа эга”, дейди. Амирда ундан дарс олиш эҳтиёжи бўлса, уйига ёки масжидга келишини сўраб: “Таклифим сизга маъқул бўлмаса, сиз ҳокимсиз, мени сабоқларимдан (илмий йиғинларимдан) ман қилинг (тўхтатинг), бу менга одамлардан илмимни беркитмаётганим учун қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида бир узр бўлади”, деб айтади. Мана шу дадил жавобдан кейин амир қаттиқ ғазабланади ва алломани шаҳардан чиқариб юбориш чорасини кўради.

Имом Бухорий Бухородан чиқиб кетгач, Пойкандга келади. Душманлар Бухорода алломага қарши тўқиган иғво ва туҳматларини ҳар тарафга тарқатишга зўр бериб, халқ орасида кенг ёйган эди. Шу боис бўҳтон хабарлар Имом Бухорийдан олдин Пойкандга келиб етган бўлиб, шаҳар аҳли бу хусусда иккига бўлинган эди. Бир қисми Имом Бухорийни туҳматдан ҳимоя қилиб, тарафини олса, иккинчиси фисқу фасодчиларни қўллаб-қувватларди. Аллома Пойканд аҳли орасидаги ихтилофдан воқиф бўлгач, бу шаҳарда яшашни ўзига муносиб кўрмади.

Айни вақтда Имом Бухорийнинг Пойкандга келганини билган Самарқанд аҳли уни ўз шаҳрига таклиф қилди ва у ерда муқим қолиб, устозлик қилишини сўради. Аллома улар томон йўл олди ва Самарқанд яқинидаги Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангийнинг (ваф. 870 йилдан кейин) уйида тўхтади. Лекин Бухорода қўзғалган фитна Самарқандга ҳам етиб келганидан хабар топиб, унинг аҳли гўё Пойканддаги каби икки гуруҳга бўлинганини билгач: “Аллоҳим, қанчалик кенг бўлгани билан еру дунё менга торлик қилиб қолди, энди мени ўз раҳматингга қабул эт”, деб дуо қилди.

Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангий илм аҳлидан бўлган. Аллома унинг Хартангдаги уйида 256/870 йил 31 августда, Ийдул фитр – Рамазон ҳайити кечаси вафот этган ва шу қишлоқда ерга қўйилган. Дафн маросими билан боғлиқ харажатларни ҳам Хартангий кўтарган ва бу ҳақда “Маноқибул Бухорий” (“Бухорийнинг фазилатлари”)да ҳикоя қилган. Орадан кўп ўтмай ўзи ҳам оламдан ўтган.  Ваотидан олдин ўзини алломанинг ёнига дафн этишларини васият қилган.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ китобидан

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …