Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Маърифий ва маънавий мерос: Кубровийлик шажарасининг замонавий таҳлили

Маърифий ва маънавий мерос: Кубровийлик шажарасининг замонавий таҳлили

30 июнь куни Хоразм Маъмун академиясида “Нажмиддин Кубро маънавий-маърифий мероси ва унинг замонавий тадқиқи” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуман давлатимиз раҳбари томонидан Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида илгари сурилган ташаббус доирасида, Нажмиддин Кубронинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, бу меросни замонавий тадқиқот методлари асосида таҳлил қилиш ҳамда унинг умуминсоний ва миллий қадриятлар тизимидаги ўрнини белгилаш мақсадида ташкил этилди.

Дин ишлари бўйича қўмита, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Хоразм Маъмун академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамкорлигида ZOOM платформаси орқали онлайн тарзда ҳам ташкил этилган  тадбирда юртимизнинг таниқли исломшунос, тарихчи ва файласуф олимлари, диний таълим муассасалари ва илмий марказлар вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мехрожиддин Амонов “Кубровийлик тариқати: силсила ва шажара” мавзусида маъруза қилиб, XV-XIX асрларда кубровийлик тариқатининг Зарафшон воҳасида тарқалиши, унинг ирфон ва маърифат анъаналарига қўшган ҳиссаси, авлиёлар силсиласининг узвийлиги ҳақида атрофлича маълумот берди. “Ўта мустаҳкам устоз-шогирд ва ота-бола” шажарасига эга тариқатнинг сўфийлик маърифатини наслдан-наслга етказишда тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Қоракўл, Манқишлоқ ва Бухоро атрофларида яшаб, кубровийлик анъаналарини сақлаб қолган ва кенг ёйган сўфийлар фаолияти ҳақида қимматли маълумотлар келтирди.

Маърузада кубровийлик ва нақшбандия тариқатлари ўртасидаги узвий алоқалар, айрим ҳолларда бир шахс икки тариқатда ҳам фаолият олиб боргани ҳақида илмий манбаларга таяниб билдирилган фикрлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Кубровийлик сўфийлик мактаби фақат илмий-маънавий мерос эмас, балки бугунги инсон тарбиясида ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Зарафшон воҳасида фаолият юритган кубровий шайхларнинг авлодлари сўфийлик рисолаларини давом эттириб, маънавий меросни ёзма ва амалий йўллар билан сақлаб қолган. Бундай узвийлик ҳозирги замонда таълим ва маърифат соҳасида ҳам катта аҳамиятга эга,- деб таъкидлади маърузачи.

Анжуман доирасида Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий ва маърифий ғоялари, уларнинг замонавий маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, алломанинг ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий манбалар, асарларининг бугунги кундаги илмий ва амалий аҳамияти, кубровийлик таълимотининг тарихи ва бугунги ҳолати, шунингдек, ушбу таълимотнинг кейинги тасаввуф мактабларига таъсири кенг муҳокама этилди.

Тадбир якунида Нажмиддин Кубро ва унинг маърифий мактаби ҳақидаги тадқиқотларни янада чуқурлаштириш, сўфийлик таълимотининг маънавий тарбиядаги ўрнини кенг ёритиш ҳамда ушбу меросни таълим тизимига интеграция қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, анжуман материаллари тўплами нашр қилиниши ва иштирокчи ташкилотларнинг расмий саҳифалари орқали кенг жамоатчиликка тақдим этилиши белгиланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Маърифат карвони” билан маънавий юксалиш сари

Миллий ўзликни англаш, маънавий меросни қадрлаш ва маърифатпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиз ҳудудларида …