Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

Манбаларда Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани кўрсатилган. Унинг дастлабки устозлари ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи навбатда, ўша даврда Бухорода кўзга кўринган муҳаддислардан Муҳаммад ибн Салом Пойкандий (777-839), Муҳаммад ибн Юсуф Пойкандий (738-825), Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий (ваф. 843 й.), Абдулҳамид Кеший (ваф. 863 й.) ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

825 йили ўн олти яшар Муҳаммад онаси ва акаси Аҳмад билан ҳаж ибодатини адо этиш ниятида Макка томон йўл олади. Барча амаллар адо этилганидан кейин онаси билан акаси Бухорога қайтади, у эса Маккада қолади ва бу муқаддас шаҳар олимлари Абулвалид ибн Арзақий ва Абдуллоҳ ибн Зубайр Ҳумайдийдан ҳадис илмини ўрганади.

Имом Бухорий 827 йилда ўн саккиз ёшида Мадинаи мунавварага келади ва у ерда Мутриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза, Абу Собит Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ, Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Увайсий каби бир қанча етук олимлардан таҳсил олади.

Имом Бухорий бу ерда ўзининг дастлабки асари “Ат-Тарихул кабир” (“Катта тарих”)ни ёзади. Сўнг Ироқнинг Басра шаҳрига бориб, Имом Абу Осим Набийл, Сафвон ибн Исо, Бадал ибн Аръара, Сулаймон ибн Ҳарб, Абулвалид Тайолисий, Муҳаммад ибн Синон каби уламолардан сабоқ олади.

Бағдодга борганида алломага Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Исо Саббо, Муҳаммад ибн Соиқ, Шурайҳ ибн Нўъмон ва бошқалар устозлик қилади.

Имом Бухорий Шомда ҳам бўлиб, Юсуф Фарёбий, Абу Наср Исҳоқ ибн Иброҳим ва Одам ибн Абу Ийбос Абу Яман Ҳакам ибн Нофиъ ва Ҳайват ибн Шурийҳ сингари ўша даврнинг бир қанча машҳур олимларидан сабоқ олади. Шундан сўнг Мисрга ўтиб, Усмон ибн Соғ Саид ибн Абу Марям, Абдуллоҳ ибн Солиҳ, Аҳмад ибн Солиҳ, Аҳмад ибн Шубайб, Асбағ ибн Фараж, Саид ибн Абу Исо, Саид ибн Касир ибн Афир, Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Бакир каби олимлардан дарс олади. Баъзи манбаларда кўрсатилишича, Месопотамия (Жазийра)да ҳам бўлиб, Аҳмад ибн Абу Малик Ҳарроний, Аҳмад ибн Язид Ҳарроний, Амру ибн Халаф ва Исмоил ибн Абдуллоҳ Раққий билан мулоқотда бўлган.

Бундан ташқари, аллома Хуросоннинг Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Жибол каби шаҳарларига бир неча марта бориб, у ерлардаги олимлардан сабоқ олади. Жумладан, Марвдаги Али ибн Ҳасан ибн Шақиқ, Абдон, Муҳаммад ибн Муқотил ва бошқалардан, Балхдаги Маккий ибн Иброҳим, Ҳасан ибн Шужаъ, Яҳё ибн Мусо, Қутайба каби муҳаддислардан ҳадис ривоят қилади. Ҳиротда Аҳмад ибн Абулвалид Ҳанафий, Нишопурда Яҳё ибн Яҳё, Башар ибн Ҳакам, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Муҳаммад ибн Рафиъ, Райда Иброҳим ибн Мусо, Воситда Ҳисон ибн Ҳисон ибн Абдуллоҳ, Саид ибн Абдуллоҳ каби олимлардан ҳадис ўрганади.

Тарихчилар Имом Бухорийнинг устозлари сони ҳақида ҳам маълумот келтирган. Жумладан, Муҳаммад ибн Абу Ҳотамнинг ёзишича, алломанинг ўзи суҳбатлардан бирида: “Бир минг саксонта шайх (устоз)дан ёзганман”, деб айтган. Х асрда яшаган исфаҳонлик олим Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Манда Исфаҳоний (922-1005) Имом Бухорийнинг устозлари ҳақида махсус асар ёзиб, уларнинг номларини алифбо тартибида келтиради.

Ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан бири саналган Муслим ибн Ҳажжож (822-875) Имом Бухорийнинг чуқур билимига тан бериб, унга самимий тарзда ва муносиб равишда: “Сизни фақат ҳасадгўйларгина кўра олмайди. Имоним комилки, сиздек буюк олим жумлаи жаҳонда йўқ”, деб хитоб қилган.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ китобидан

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …