Қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, аждодларимизнинг жаҳон маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ҳозирги кунда ҳам турмушимизнинг барча жабҳаларига сезиларли таъсир ўтказмоқда. Ўзбек халқи Марказий Осиёнинг бошқа халқлари сингари жуда бой маданий меросга эгадир. Ўзбек халқи бой маънавий меросининг ажралмас таркибий қисми албатта ислом таълимоти билан бевосита боғлиқ.
Бугун ифтихор билан айта оламизки, юртимиздан етишиб чиққан алломалар Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб даҳолар номи нафақат ислом, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихида ҳақли равишда олтин ҳарфлар билан битилган. Шу нуқтаи назардан, буюк аждодларимиз бўлган ислом оламининг мутафаккирлари асарларини, уларнинг бутунжаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш, теран англаш ва кенг оммалаштириш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу масала ёшларда илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини кучайтириш, барча жамиятларда ислом қадриятлари ва маданиятини тўғри англаш ҳамда қабул қилиш, дунёнинг барча халқларига Ислом динининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказиш учун муҳимдир”[1].
Азалдан минтақамизда маънавий қадриятларнинг муҳим жиҳатларидан бири бўлган муқаддас қадамжо ва ва зиёратгоҳларнинг инсонлар тафаккури шаклланишига таъсири ўзига хос ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, мозорлар ҳамда зиёратгоҳлар билан боғлиқ манбаларни тадқиқ қилиш орқали ёзма манбаларни изоҳлаш минтақадаги диний қарашлар, халқнинг ижтимоий тарихи ва унинг ривожланиш динамикасини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, юртимизнинг вилоятларида, жумладан, Фарғона водийсида ҳам жуда кўплаб тарихий шахслар номи билан боғлиқ мозор ҳамда зиёратгоҳлар, хусусан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур асҳоблари, тобеинлар, табаа тобеинлар номи билан боғлиқ қадамжолар мавжуддир. Бу ерлар маҳаллий халқ томонидан зиёратгоҳларга айлантирилган.
Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида Ҳазрат Алининг Имом Ҳасан ва Имом Ҳусан ҳамда Муҳаммад Ҳанафия сингари фарзандларининг авлодлари билан боғлиқ зиёратгоҳлар мавжуд бўлиб, маҳаллий аҳоли ҳозирга қадар уларга мансуб хонадон аҳлини “тўра”, “тўрахон”, “тақсир”, қиз-жувонларини “пошша”, “пошшахон” деб атаб келади. Ушбу хонадон вакиллари ўзини Ғавсул Аъзам ва Махдуми Аъзам авлодларидан эканини айтади. Марғилон шаҳрида ана шундай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламхонадонига мансуб бўлган Ғавсул Аъзам ва Маҳдуми Аъзам авлодлари ўрни катта бўлганини тарихий маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Ушбу оилалар ўзини Ҳасаний саййидлар ва Ҳусайний саййидлар деб атаб келган. Бу авлод вакилларига ҳурмат эҳтиром рамзи сифатида ўз даврида ҳукмдорлар томонидан махсус васиқалар берилган [8:5].
Араб мусулмонлар Фарғона остонасига илк бор VII аср ўрталарида келади [7:730]. 29-ҳижрий (милодий 649) йилда халифа Усмон (розияллоҳу анҳу) Хуросонга Умайр ибн Усмон ибн Саъдни волий қилиб тайинлайди. Умайр Фарғонагача етиб келади [3:919]. Фарғона аҳолисининг ҳарбий тайёргарлиги юксак даражада бўлгани учун арабларга қаттиқ қаршилик кўрсатади. Ёқут Ҳамавий уларнинг шижоатини шундай таърифлайди: “Мовароуннаҳрликлар юқори ҳарбий тайёргарликка эга. Ўлкада уч юз минг қишлоқ мавжуд бўлиб, ҳар бирида кўплаб отлиқ ва пиёда аскарлар жангга шай бўлиб туради. Фарғона ва Шош аҳолисининг ҳарбий тайёргарлиги ва салоҳияти бошқа шаҳарларникидан кучлироқ бўлган. Ҳатто оддий бир кишида юз ёки икки юзта улов бўлган. Лекин шунга қарамай, аҳоли бошлиқларга чин дилдан хизмат қилади. Ҳатто халифалар ҳам ҳарбий мансабларга тайинлашда Мовароуннаҳрдан одам чақиртирар эди. Турклар қўшини жасурлик, шижоат, журъат борасида бошқа аскарлардан устун бўлган. Мовароуннаҳрликлар халифанинг тансоқчиси ва ишончли қўмондонлари сифатида фаолият юритган. Фарғоналиклар “Халифалик саройи қўриқчилари” деб аталади” [6:47].
Мовароуннаҳрга ислом динининг кириб келиши Қутайба ибн Муслим номи билан чамбарчас боғлиқ. 94-96/ 712-715 йилларда Қутайба Фарғонани эгаллаш орқали Мовароуннаҳр ва Хоразм ўлкаларини ўзига бўйсундирди. Ҳатто Хитойнинг Қашғар шаҳрини ҳам фатҳ этиб, у ерга ислом динини олиб киради. Қутайба ислом оламининг шарққа чўзилган чегарасини ниҳоялаб берди [5:131]. Шунингдек, Қутайба Мовароуннаҳр шаҳарларида, ҳатто Шош ва Фарғона ҳудудларида ҳам араблаштириш сиёсатини олиб борган [4:420]. Кейинчалик Қутайбанинг укаси Солиҳ Фарғонанинг Косон ва Ўш шаҳарларини сўнгги марта фатҳ этади [4:409]. Шу тариқа, Фарғона водийсида, хусусан, Марғилонда араб мусулмонлар билан бир қаторда саййидлар ҳам қўним топади.
Тарихий манбаларда кўрсатилишича, Марғилон шаҳри X асрдаёқ Фарғона водийсининг савдо ва маданият марказларидан бўлган. Бу шаҳар Соҳибқирон Амир Темур ва Қўқон хонлари даврида ҳам ўз нуфузини сақлаб қолган. Айниқса, мазкур ҳудуддан етишиб чиққан алломалар ва уларнинг асарлари ҳозирга қадар аҳамиятини йўқотмай, муҳим тарихий манба сифатида ардоқлаб келинади. Бинобарин, Улуғ Мозор, Пур Сиддиқ, Хўжа Маъоз, Хўжа Эгиз, Кўкмозор, Хўжа Ланголанг, Хўжа Порсо, Улуғ Ҳазрат Бобо, Савдо Кушойиш мозори ва Соқолли эшон сингари зиёратгоҳлар билан боғлиқ ривоятлар замирида Марғилоннинг узоқ ва яқин ўтмишидан дарак берувчи тарихий маълумотлар ўз ифодасини топган [2:10,12,13,27-28].
Марғилон шаҳрининг Ёрмадўз маҳалласида жойлашган “Пур Сиддиқ” зиёратгоҳи ёнидаги қабристонда халқ орасида “Шоҳ Мансур, Шоҳ Носир” номи билан аталувчи икки мақбара ҳам мана шундай улуғ қадамжолардан. Манбаларда мақбаралардан бири Шоҳ Мансур, иккинчиси Шоҳ Носирга тегишлилиги ҳамда улардан бири, яъни Шоҳ Мансур Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг ўғли Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг фарзанди экани ҳақидаги маълумотлар келтирилган [8:6].
Марғилон шаҳридаги “Шоҳ Мансур ва Шоҳ Носир” мозорига яқин жойлашган яна бир зиёратгоҳ “Пур Сиддиқ” мозори ҳам айнан Ёрмадўз маҳалласида жойлашган. “Пур” сўзининг маъноси форс тилида “ўғил” ва “тўла”, “кўп” маъносини англатади. Ушбу мозорга халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг авлодлари дафн этилган деган ривоятлар келган. Шу сабабдан мозор “Пур Сиддиқ” яъни, “Сиддиқ авлодлари” деб аталган. Ривоятларга кўра, мазкур мозорга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг еттинчи авлоди, илм соҳиби бўлган Сиддиқий уламолардан бири дафн этилган. Кейинчалик унинг бу сифатларини қадрлаб келган Марғилон аҳли мозорни “Ақли тўла донишманд Сиддиқий авлоди” кўмилган деган маънода “Пури Сиддиқ” деб атаган. Бундан ташқари, мозор номининг келиб чиқиши юзасидан қуйидаги тахминлар ҳам мавжуд:
Пур Сиддиқ, яъни Абу Бакр Сиддиқнинг кўп авлодлари дафн этилган маъносида;
Пир Сиддиқ, яъни Сиддиқийлардан бўлган улуғ пир, яъни авлиё дафн этилган маъносида.
Буюк аллома, “Ал-Ҳидоя” асари муаллифи Бурҳониддин Марғинонийнинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу авлодларидан бўлгани ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Шу сабабдан ҳам Бурҳониддин Марғиноний Пури Сиддиқ мозорига, яъни аждодлари дафн этилган мозорга зиёратга келиб турган. У шу ерда чиллахонада муттасил рўза тутиб, шоҳ асари “Ал-Ҳидоя”ни ёзган [8:6-7].
Шу ўринда “Шоҳ Мансур” мозори ҳақида баъзи маълумотларни бериб ўтиш лозим. “Шоҳ Мансур”, “Пур Сиддиқ” мозорлари Марғилон шаҳридаги қадимий қабристонлардан бўлиб, “Шаҳид мозор” номли икки зиёратгоҳни ўз ичига олган. Бу ерга мусулмон саркарда Қутайба ибн Муслим билан бирга келган араб жангчилари дафн этилган. Ривоятларга кўра, Марғилон атрофидаги араб мусулмонлар ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги жангларда ҳалок бўлган мусулмонларнинг барчаси бир қабрга дафн этилган. Шунинг учун уларнинг қабри “Шаҳид мозор” номини олган. Мазкур икки зиёратгоҳнинг асл номи яқин кунларгача номаълум эди. Кейинчалик тарихчи олимларнинг олиб борган тадқиқотлари туфайли зиёратгоҳларнинг номи аниқланган. Улардан бири Шоҳ Мансур, иккинчиси эса Шоҳ Носирга тегишли. Шоҳ Мансур буюк саҳоба Али розияллоҳу анҳунинг фарзанди Муҳаммад Ҳанафия розияллоҳу анҳу нинг ўғли ҳисобланади. Шоҳ Носир эса Шоҳ Мансурнинг яқин кишиларидан бўлган, деган тахмин мавжуд [2:91,97]. Мирсаййид Муҳаммад Али Хўжа ва унинг ўғли Мирсаййид Маҳмуд Хўжаларнинг шажараси ҳам Шоҳ Мансурга туташган.
Хулоса қилиб айтганда, халқимиз азалдан вақти-вақти билан мозор ва қадамжоларни зиёрат қилишга одатланган эди. Бу одамларни ёмон йўлдан узоқ юришга, инсофли-диёнатли бўлишга, ўзидан фақат яхшилик қолдиришга ёрдам берган. Шунингдек, халқимизда мавжуд бўлган одоб-ахлоқ, дўстона муносабатлар, қариндош, ота-она ва фарзандлар ҳақ-ҳуқуқига риоя этиш, меҳр-оқибат, ҳалоллик, адолат сингари қарашлар ҳам ўзига хос ижобий характерга эга бўлган.
-
Мирзиёев Ш.М. Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқ. 18.10.2017. http://uza.uz/oz/politics/zbekiston-respublikasi-prezidenti-vazifasini-bazharuvchi-sha-18-10-2016.
-
Абдулаҳатов Н., Эшонбобоев Ў. Кўҳна Марғилон зиёратгоҳлари. – Фарғона: Фарғона нашриёти, 2007.
-
Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун. Тарих Ибн Халдун. Ж.1. – Байрут: Дар Ибн Ҳазм, 2003.
-
Абул Ҳасан Балозурий. Футуҳ ал-Булдон. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1991.
-
Аҳмад Роиф. Атлас тарих ал-ислам. – Қоҳира: Дар аз-заҳро ли ал-иълам ал-арабий, 1987.
-
Ёқут ал-Ҳамавий. Муъжам ал-Булдон. Ж.5. – Байрут: Дар Байрут, 1984.
-
Ибн Жарир ат-Табарий. Тарих ат-Табарий. – Ар-Риёд: Байт ал-афкар ад-давлия, 2005.
-
Юсупова Н., А.Абдумажид ўғли. Марғилон саййидлари тарихидан. – Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2018.