Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ислом илмлари ва маънавий қадриятлар – халқаро тадқиқотчилар назарида

Ислом илмлари ва маънавий қадриятлар – халқаро тадқиқотчилар назарида

Айни кунларда Марказда амалиёт ўтаётган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндорлари – Малайзия халқаро ислом университети профессори Шукрон ибн Абдураҳмон, Индонезиядаги Раден Интан ислом университети ўқитувчиси Даманҳури Армади илмий изланишлари тақдимотини ўтказди.

Дастлаб малайзиялик меҳмон Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари асосида меҳнат ахлоқи ва маънан етук иш кучини шакллантириш негизларига оид илмий изланишлари ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, меҳнат ахлоқини ислом нуқтаи назаридан ўрганиш бугунги замонавий иш жараёнлари учун жуда муҳим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳаётлари давомида сидқидиллик, адолат, масъулият, камолотга интилиш каби юксак инсоний қадриятларни амалда кўрсатганлар. У зотнинг ҳадисларидаги кўрсатмалар ва сийратларидаги ибратлар бугунги кунда иш кучини маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Меҳнатга ислом фалсафаси асосида ёндашиш унинг маънавий ва ижтимоий моҳиятини очишни талаб этади. Профессор бу ҳақда сўз юритар экан, меҳнатга нисбатан бундай қарашни қуйидагича ифода этди: “Меҳнат фақат моддий манфаат учун эмас, балки маънавий ва ижтимоий масъулият туйғуси билан бажарилса, у ибодатга айланади”.

Тадқиқотнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Марказда сақланаётган тарихий қўлёзмалар ва илмий манбалардан фойдаланган ҳолда меҳнат ахлоқини назарий ва амалий жиҳатдан асослаш мақсад қилинган. Бунинг натижасида замонавий иш муҳитида қўллаш мумкин бўлган махсус концептуал рамка (framework) ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Ушбу тадқиқот давлат хизматчилари, тадбиркорлар ва таълим соҳаси мутахассислари учун маънавий қадриятларга асосланган, мақсадли ва самарали иш кучини шакллантиришга оид амалий тавсиялар тайёрлаш имконини яратиши таъкидланди.

Даманҳури Армади “Исломшуносликни фикрий қарамликдан озод этиш ва илмий мустақилликни тиклаш” мавзусида маъруза қилди. Унинг таъкидлашича, бугунги исломшуносликда Ғарб таълимотларига ҳаддан ортиқ суяниб қолиш ҳолатлари учрамоқда. Бу эса исломга хос интеллектуал мероснинг тўлиқ намоён бўлишига тўсқинлик қилмоқда.

Тадқиқотчи бу ҳолатни “эпистемик мустамлакачилик” – яъни, билим ва тафаккур соҳасидаги яширин қарамлик деб баҳолаб, фикрларини қуйидаги ташбеҳ орқали ифода этди: “Колониализм ерларни тортиб олган бўлса, замонавий илмий империализм билимларни, номоддий бойликларни эгаллаб олмоқда”.

Маърузада марокашлик мутафаккир Тоҳа Абдураҳмон ва индонезиялик олим Муҳаммад Амин Абдулланинг қарашлари таҳлил этилди. Уларнинг фикрига кўра, исломий илм анъанавий манбалар ёки Ғарб назарияларигагина боғланиб қолмаслиги, балки интегратив ва мулоқотга асосланган ёндашув орқали ривожланиши лозим.

Якунда исломий илмий меросни тиклаш, фанлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва илмий мустақилликни таъминлаш бугунги кун учун долзарб вазифа экани қайд этилди.

Тадбир қизғин савол-жавоблар ва муҳокамалар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илм йўлидаги дўстона қадамлар

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Қатар университетининг ISESCO кафедраси мудири, таниқли исломшунос олим доктор Аззиддин …