Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Тараққий”дан бошланган саодатли сафо

“Тараққий”дан бошланган саодатли сафо

2025 йил 27 июнь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказнинг илмий ходимлари, ахборот сиёсати ва матбуот хизмати масъуллари, www.bukhari.uz сайти таҳририяти, “Имом Бухорий сабоқлари” журнали ҳамда нашриёт жамоаси иштирок этди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов тадбирни очар экан, иштирокчиларни касб байрами билан самимий муборакбод этди ҳамда уларнинг маънавий-маърифий соҳадаги хизматларини алоҳида эътироф этди. У сўзида ахборот маконида содиқлик ва холислик тамойилларини устувор тутган ҳолда, Марказнинг медиа фаолияти орқали халқимизга илм ва маърифатни етказишда амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.

Таъкидланишича, мазкур сана ўзбек матбуот тарихи учун унутилмас аҳамиятга эга бўлиб, миллий уйғониш даври жадидлари томонидан таъсис этилган “Тараққий” газетасининг илк сони чоп этилган кун сифатида тарихда қайд этилган.

Бу нашр миллий матбуотнинг пойдеворини қўйган, халқнинг онгини уйғотиш, илм-маърифатга чақириш, ислоҳотлар заруратини тушунтиришда катта ўрин тутган. «Тараққий» орқали жадидлар жамиятдаги турли ижтимоий ва сиёсий муаммоларни кўтарган, миллий ўзликни англашга даъват қилган.

Шу боис, 27 июнь нафақат касбий байрам сифатида, балки миллий матбуотимиз тарихидаги туб бурилиш нуқтаси сифатида қадрланади. Бугунги кунда ҳам ушбу сана журналист ва ахборот соҳаси ходимларига тарихий масъулиятни, сўз эркинлиги ва холисликни таъминлаш борасидаги муқаддас бурчни эслатиб туради.

Тадбир давомида матбуот ва ахборот воситалари инсонлар дунёқарашига таъсир этувчи кучли омиллардан бири сифатида, фуқароларни эзгуликка, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликка даъват этаётгани, шу жумладан Марказ фаолиятидаги ахборот платформалари – сайт, журнал ва ижтимоий тармоқлар орқали илм-фан, одоб-ахлоқ, миллий қадриятлар кенг тарғиб этилаётгани алоҳида қайд этилди.

Сўзга чиққанлар сўз масъулияти, тезкорлик ва холислик сингари тамойиллар бугунги кундаги медиа фаолиятнинг асосий мезонларидан бири эканини таъкидлаб, матбуот соҳасида хизмат қилаётган ҳамкасбларга муваффақият ва ижодий зафарлар тиладилар.

Тадбир якунида ахборот сиёсати ва матбуот соҳасида фаолият юритаётган бир гуруҳ ходимлар Марказ раҳбарияти томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Маърифат карвони” Самарқандга етиб келди

Юртимизда маърифат, маданият ва маънавиятни кенг тарғиб этишга қаратилган “Маърифат карвони” тадбирлари Самарқанд вилоятида давом …