Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Шарқ ва Ғарб олимларини бирлаштирган анжуман

Шарқ ва Ғарб олимларини бирлаштирган анжуман

Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, НеаполЬ Шарқшунослик университети ва ERC-SYNERGY EuQu (“Европа Қуръони”) лойиҳаси ҳамкорлигида “Дин ва кўптиллилик: Европа ва Осиё жамиятларида Қуръон ва исломий адабиётларнинг ёйилиши” мавзусида ташкил этилган халқаро анжуман 3 октябрь куни ўз ишини давом эттирди.

Анжуманнинг иккинчи кунида асосий эътибор Осиёдаги исломий қўлёзмалар ва Қуръон таржималари, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиё олимларининг бу йўналишдаги илмий изланишлари ҳамда сўнгги топилмаларга қаратилди.

Унда IX-XIII асрларда Мовароуннаҳрда тарихшуносликнинг асосий йўналишлари, Қозоғистоннинг жанубий минтақаларида исломий адабиётларнинг ёйилиши, Марказий Осиё маданий муҳитининг Малайя арxипелаги қўлёзмаларига таъсири, шунингдек, мустамлака ва шўро даврларида исломнинг маҳаллий тил ва анъаналар орқали сақланиб қолишига оид маърузалар тингланди.

Ўзбекистонлик, шунингдек, Малайзия, Туркия ва бошқа давлатлардан келган тадқиқотчилар Имом Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг бугунги адашган тоифаларга қарши курашдаги ўрни, қадимий туркий таржималар бўйича янгидан топилган маълумотлар, “Файзул Фурқон” ва “Тафсири Чархий” асарларининг ақида, фиқҳ ва талқиндаги аҳамияти ҳақида ўзаро фикр алмашди. Замонавий таржима услублари ва Ғарб ўлкаларида Қуръоннинг қабул қилиниши, бу борадаги тенденциялар тўғрисида илмий мулоҳазалар ўртага ташланди.

Иккинчи кун ҳам қизғин баҳслар ва илмий мулоқотлар билан ўтди. Олимлар янги топилмалар, манбалар ва илмий хулосалар билан ўртоқлашиб, Қуръон таржималари ва исломий адабиётларнинг тарихий йўлига оид кўплаб масалаларни ёритиб берди.

Анжуман якунида таъкидланганидек, Қуръон ва исломий меросни тадқиқ қилиш нафақат тарихий ҳақиқатларни очишга, балки жамиятлар ўртасидаги маданий мулоқотни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Самарқандда ўтган мазкур нуфузли халқаро анжуман эса турли минтақалардан ташриф буюрган олимларни бир майдонга тўплаб, илмий ҳамкорлик ва маънавий яқинликни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Янги Ўзбекистонда барқарор ривожланиш, тинчлик ва ислом маърифатининг халқаро эътирофи”

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида шу мавзуда илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат …