Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ёшларга ибрат, устозларга эҳтиром: Марказ байрамлар оғушида

Ёшларга ибрат, устозларга эҳтиром: Марказ байрамлар оғушида

30 сентябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Устоз – ҳаёт йўлини ёритгувчи маёқ” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Анжуманда устоз ва мураббийларнинг жамият тараққиётидаги беқиёс хизматлари, маънавият ва маърифат равнақидаги улкан ўрни, келажакни белгилашдаги инкор этиб бўлмас юксак аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, ёш авлодни илмга, эзгулик ва маънавий юксалишга даъват этишда устоз ва мураббийларнинг бурч ва масъулияти алоҳида таъкидланди.

Марказ раҳбарияти жамоанинг устозлик шарафига муносиб аъзоларини байрам билан самимий табриклаб, уларнинг фидокорона хизматларини юксак баҳолади. Таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатлар келажак авлодни баркамол шахс этиб вояга етказишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида эътироф этилди.

Тадбир доирасида Марказ катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаровнинг “Буюклик сири. Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёти” номли китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Муаллиф китоб тарихий фактларга асослангани, аллома ҳаёти ва меросини ёритишда илмий манбалар ва ишончли ривоятларга таянилганини таъкидлади. Унда Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёти, юксак одоби, мукаммал тақвоси ва инсоний фазилатлари ҳақида қизиқарли лавҳалар келтирилгани қайд этилди.

Асарда Ибн Ҳажар Асқалонийга оид қуйидаги фикрга алоҳида ўрин берилгани ҳам диққатга сазовор:

“Имом Бухорий ҳақида билдирилган фикрлар ва айтилган барча мақтовлар келтирилса, уларни ёзишга варақ етмай, ёзилганларни ўқиб чиқишга инсон бардош қилолмайди. Имом Бухорий соҳилсиз денгиздир”.

Муқаддимада юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий ва бошқа мутафаккирларнинг хизматлари ҳақида сўз юритилган. Айни пайтда Имом Бухорийнинг илм йўлидаги жасорати, “Саҳиҳул Бухорий” асарини яратишдаги улкан меҳнати кенг ёритилган, аллома буюклигининг сирлари очиб берилган. Шунингдек, Имом Бухорий меросини ўрганишнинг бугунги маънавий-маърифий ҳаётдаги аҳамияти, ёшларни турли бузғунчи ғоялардан асрашда тутган ўрни ҳам алоҳида тилга олинган.

Китоб халқчил услубда ёзилгани, қизиқарли мавзуларга кўра тартиблангани билан ўқувчини ўзига тортади ва кўпчилик учун ўзига хос маънавий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Тадбирда таъкидланганидек, Имом Бухорийнинг улкан мероси – маънавий-маърифий тараққиётимизнинг мустаҳкам асосларидан бўлиб, улуғ аждодларимизнинг илмий анъаналарини давом эттириш ва ёшларимизни маърифатпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим манба сифатида хизмат қилаверади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Озод Мўмин: “Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий”

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб Олим, таниқли ёзувчи Озод Мўминнинг “Мўъжиза инсон – Ҳазрат …