Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Қуръон, тил ва маданият: Самарқандда халқаро илмий мулоқот майдони

Қуръон, тил ва маданият: Самарқандда халқаро илмий мулоқот майдони

2 октябрь куни Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Неаполь Шарқшунослик университети ва ERC-SYNERGY EuQu (“Европа Қуръони”) лойиҳаси ҳамкорлигида “Дин ва кўптиллилик: Европа ва Осиё жамиятларида Қуръон ва исломий адабиётларнинг ёйилиши” мавзусида халқаро анжуман бошланди.

Тадбирнинг очилишида Марказ директори Шовосил Зиёдов, Италиянинг Неаполь университети ректори Роберто Тоттоли ва Павия университети профессори Давиде Скотто ушбу анжуманнинг аҳамияти, Қуръоннинг турли минтақаларда қандай қабул қилиниши ва талқин этилиши, бу йўналишдаги илмий изланишлар ҳақида сўзлади.

Форумнинг биринчи кунидаги илмий сессиялар доирасида қатор нуфузли олимлар маърузалар билан иштирок этди. Биринчи сессиянинг дастлабки панеллари Европа мамлакатларида Қуръон таржимаси ва ёйилиши масалаларига бағишланди.

Муҳокамаларда XVI-XVIII асрларда Испаниядаги мусулмон озчилик орасида Қуръоннинг араб ва роман тилларида тарқалиши, францискчи уламоларнинг турли тиллардаги талқинлари, шунингдек, “Ақидатун Насафия” асарининг француз тилига таржимаси ҳақида маърузалар тингланди.

Сессиянинг кейинги панелларида Европадаги мусулмонларнинг диний матнлари, уларнинг жанр хусусиятлари, шунингдек, XVII-XIX асрлардаги тарихий шарҳ ва изоҳлар таҳлил этилди.

Куннинг якунловчи панелида татарлар ва курдлар кўп тарқалган ҳудудларда, Жанубий Кавказ минтақасидаги Қуръон таржималари, уларнинг сиёсий ва маданий таъсири, шунингдек, XIX аср исломий адабиёти хусусида илмий маърузалар ўқилди.

Фаол мунозаралар ва қизғин баҳслар билан ўтган биринчи кун мазмунан бой ва долзарблиги билан эътироф этилди. Унда Италия, Испания, Франция, Польша, Германия, Нидерландия ва Туркиядан келган олимлар Европа ва Осиёда Қуръон ва исломий адабиётлар ёйилиши билан боғлиқ тарихий жараёнларга оид янги маълумотлар ва таҳлилларни тақдим этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

БМТ минбаридан янграган маърифий даъват

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқи замон талабларига …