XI-XII асрларда Мовароуннаҳрда энциклопедик алломаларнинг аксарияти Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида тўпланган эди. Лекин уларнинг сафи турли вилоятлардан келган янги кучлар ҳисобига тўлиб борган. Бу эса, ўз навбатида, Мовароуннаҳрнинг кичик шаҳарларида ҳам диний-маърифий ҳаётнинг юқори даражада бўлганидан дарак беради. Бу каби шаҳарлар орасида Насаф, Кеш, Косон, Пазда, Пойканд, Уструшана, Исфижоб, Ахсикат, Риштон, Марғилон, Ўш ва Ўзганд кабиларни санаб ўтиш мумкин.
Мовароуннаҳрнинг машҳур шаҳарларидан бири Насаф шаҳри исломнинг турли илмларини ўзида мужассам этган забардаст олимларни вояга етказди. Бу шаҳар ўзининг қомусий алломалари билан кўпроқ шуҳрат топган. Жумладан, Абдулкарим Паздавий (912-999) ва унинг авлодлари: ўғли Ҳусайн, набираси Муҳаммад, унинг икки ўғли Фахрул ислом Абул Уср Паздавий (1009-1089) ва Садрул ислом Абул Юср Паздавий (421-493/1030-1100) ҳамда уларнинг фарзандлари Ҳасан ибн Фахрул ислом (1078-1161) ва Аҳмад ибн Абул Юср Паздавий (1088-1147), Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий, Бурҳон Насафий, Қози Абу Али Насафий, Абул Баракот Насафий каби етук алломалар Мовароуннаҳрда ҳанафий фиқҳи ва мотуридийлик ақидавий таълимоти ҳамда илм-фаннинг турли соҳаларини ривожлантиришда мисли кўрилмаган хизмати билан донг таратди.
Ушбу мавзуни ёритишда асосий биографик маълумотлар Абдулкарим Самъонийнинг “Ал-Ансоб”, Абдулқодир Муҳйиддин Қурашийнинг “Ал-Жавоҳирул мудия фи табақотил ҳанафия”, Д.Раҳимжоновнинг “Абу Ҳафс Насафий ва унинг “Китоб ал-қанд” асари” китобларидан келтирилган. Самарқанд калом мактаби ва унда кўтарилган масалалар эса, Абу Мансур ибн Тоҳир Бағдодийнинг “Китобут тавҳидул фарқ байнал фирақ”, Абу Ҳафс Насафийнинг “Ал-Явоқит фил мавоқит” китобидан олинган. Абул Юср Паздавийнинг калом илмига оид қарашлари олимнинг “Усулуд дин” китобидан келтирилди. Шунингдек, калом илми борасидаги махсус адабиётларга мурожаат этилган.
Мазкур мақолада Самарқанд калом мактаби, Паздавий уламолар фаолияти ҳамда Абул Юср Паздавий илмий меросига доир маълумотлар қиёслаш, анализ, синтез методлари асосида илмий таҳлил этилган.
Самарқандда “қозиул-қуззот”, “хожалар хожаси”, “Мовароуннаҳр шайхи” номлари билан машҳур бўлган Абул Юср “Қозий Садр” Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Мужоҳид Паздавий Насафий Мовароуннаҳрнинг йирик фақиҳларидан бўлгани тўғрисида тарихий манбаларда маълумотлар мавжуд. Абул Юср Самарқандда ҳанафий фиқҳи ва мотуридий ақидавий таълимотининг ривожланишида катта хизмат қилган. Кўплаб асарлар муаллифлари берган маълумотларига қараганда, Абул Юср кўп қиррали олим бўлган. У фаннинг анчагина соҳаларида фаолият олиб борган. Фиқҳ илмининг кенг ақл-заковат, зукколик талаб этувчи усул ва фуруъ соҳаларида илмий изланишлар олиб борган. Буни Бағдодий берган маълумотга кўра, унинг фиқҳга оид “Ал-Мабсут” (Кенгайтирилган) ва “Воқеот” (Воқеалар) асарларидан ҳам билиш мумкин. Бу ҳар икки асар ҳам фуруъ соҳасида ёзилган бўлиб, асосан ўша даврда мавжуд бўлган фиқҳий муаммоларни ўз ичига олган. Чунки бу асарларнинг таркибий мазмуни манбалардан маълум бўлса-да, ҳар иккиси ҳам, афсуски, бизгача етиб келмаган. Шунингдек, унинг яна бир “Қорилар томонидан йўл қўйиладиган хатолар” (Зиллатул-қори) номли Қуръонни тўғри ўқиш қоидаларига доир асари ҳам мавжудлиги ҳақида манбаларда маълумотлар мавжуд [3:308].
Абу Саъд Самъонийнинг изланишларига кўра, Абул Юср Паздавийдан Усмон ибн Али Пойкандий, Аҳмад ибн Наср Бухорий, Муҳаммад ибн Абу Бакр Сангий, Абу Ражо Муҳаммад ибн Муҳаммад каби муҳаддислар ҳадис ривоят қилган. Самъоний унинг устозларини келтириб ўтмаган [4]. Абу Ҳафс Насафийнинг “Ал-Явоқит фил мавоқит” асари орқали Абул Юсрнинг устозлари ким бўлганини аниқлаш мумкин. Унга кўра, Абул Юср қуйидаги устозларидан ҳадис ривоят қилган: Абул Ҳусайн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Зайд Ҳусайний, Абу Наср Аҳмад ибн Абдуллоҳ Хайрохарий, Абу Наср Ҳасан ибн Абдулвоҳид Шерозий, Абул Қосим Ҳасан ибн Муҳаммад Хоқоний, Абу Тоййиб Тоҳир ибн Ҳусайн Мутуъий, Абу Яъқуб Юсуф ибн Мансур Саффор, Абу Саҳл Абдулкарим ибн Абдураҳмон Калабозий, Абу Масъуд Аҳмад ибн Муҳаммад, Абу Масъуд Аҳмад ибн Муҳаммад Розий Бажалий. Ушбу олимлар ўз даврининг кўзга кўринган муҳаддислари бўлган [5:98].
Унинг ҳузурида Абдулкарим ибн Муҳаммад, “Ат-Туҳфа” китобининг муаллифи Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий ва ўғли Абул Маъолий Аҳмад фақиҳлик даражасига етган [8:157]. Самъонийнинг қайд этишича, Абул Маъолий Аҳмад отаси Абул Юсрдан Марв шаҳрида ҳадислар ривоят қилган. Бу пайтда у ҳаж сафарига кетаётган бўлган [1:114]. Бундан маълум бўладики, ушбу даврда маълум жойга келган таниқли олимдан илм олиб қолишга қаттиқ эътибор берилган. Абу Ҳафс Насафий устози Абул Юсрдан ҳадисларни ўттиз ёшигача бўлган вақтда эшитиб, ёзиб олган [6:119].
Паздавий сулолаcидан бир неча фақиҳлар етишиб чиққан, аксарияти қозилик ва мударрислик фаолиятида, дин ва давлат ишларида катта мансаблар соҳиби бўлган. Бу сулоланинг йирик намояндаларидан “Фахрул ислом” ва “Садрул ислом” Паздавийлар бир оиладан етишиб чиққан икки ака-ука фақиҳлар бўлиб, фиқҳнинг фуруъ ва усул борасида илмий фаолият олиб борган ва шу соҳада қўлланма асарлар соҳиби бўлгани сабабли “усулий” дея танилган [7:471].
Мовароуннаҳр, хусусан, насафлик олимларнинг умумислом назарий мафкурасини ривожлантиришдаги беқиёс хизматлари исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир. Айниқса, бунда Насаф фақиҳларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Уларга тегишли юзлаб асарларнинг жаҳон қўлёзма хазиналаридаги минглаб нусхалари, энг замонавий матбааларда бу асарларнинг қайта-қайта нашр этилаётгани сўзимизни исботлайди.
Ўз даврида насафлик олимлар дин илмларини қайтадан жонлантиришга ҳаракат қилди. Уларнинг асарлари нафақат ўз даврининг муҳим масалаларига, балки бугунги кундаги ўта долзарб муаммоларга ҳам ечим бўла олади.
Паздавий калом илмига оид “Усулуд дин” (Дин асослари) асарини ёзган. Аллома мазкур асарни ёзишга ундаган сабаблар сифатида Имом Мотуридийнинг “Китобут тавҳид” (Тавҳид китоби) асарида бир оз чигаллик, ортиқчалик ва тартибида мураккаблик борлиги, бу борада самарқандлик уламолар ёзган китоблар кифоя қилмаслиги ҳамда мана шу даврда турли адашган фирқаларнинг пайдо бўлгани учун уларга раддия бериш зарурлигини зикр қилган [2:3].
Садрул ислом “Усулуд дин” асарининг муқаддимасида Киндий каби файласуфларнинг, Жуббоий (235/849-303/816), Каъбий (279/886-313/931) ва Наззом (185/777-221/836) каби мўътазила намояндаларининг ҳамда ашъария таълимоти асосчиси Абул Ҳасан Ашъарийнинг (260/874-324/936) асарларини ўқиб чиққанини айтиб, улар ҳақидаги фикрларини баён қилган. Абул Юср Паздавий бундан ташқари, Имом Мотуридийнинг “Китобут тавҳид” ва “Таъвилоту аҳлис сунна” (Аҳли суннанинг таъвиллари) асарларини, фиқҳ китоблари ва турли фанлар борасида ёзилган китобларни мутолаа қилганини ўз асарида таъкидлаб ўтган. Паздавий асарлари орасида унинг “Усулуд дин” асари муҳим аҳамиятга эга. Паздавий ушбу асарида энг кўп Абу Ҳанифанинг, иккинчи ўринда Имом Мотуридийнинг қарашларини зикр қилган. Паздавий Имом Мотуридийни аҳли сунна вал-жамоа раисларидан бири сифатида қабул қилган ва аҳли сунна эътиқодини унинг қарашлари позициясидан келиб чиққан ҳолда тушунтириб берган. Шу билан бирга, аҳли суннанинг иккинчи имоми бўлган Абул Ҳасан Ашъарийни баъзи ўринларда очиқча танқид қилган. Паздавий бир муддат Самарқандда қози бўлган. Шу жиҳатдан олимнинг ушбу асари Имом Мотуридий қарашларининг жамиятда пайдо бўлиши ва тарқалишига катта ҳисса қўшган, деб эътироф қилинади. Мазкур асар мазмун-моҳиятидан аҳли сунна вал жамоа йўналиши ва мотуридийлик таълимоти қарашларининг бутун моҳиятини очиб бериш ва Мовароуннаҳрда тарқалган “Аҳлуз зайғ вал бидъа” (Адашганлар ва бидъатчилар)нинг таъсирини камайтириш учун ёзилганини алоҳида қайд этиш лозим.
Имом Мотуридий яшаган даврда унинг номи ва таълимоти деярли икки асрга яқин муддатда ислом оламида машҳур бўлмаган эди. Бунинг тасдиғи сифатида ХI асрда яшаб ижод қилган Абул Юср Паздавийнинг “Усулуд дин” (Дин асослари) ва Абу Шакур Кешийнинг “Тамҳид” асарларида мотуридийлик атамасининг ўрнига аҳли сунна вал жамоа номи қўлланилганини айтиб ўтиш мумкин. Шу сабабли мотуридийлик таълимотининг ривожланиши ва ислом оламида кенг тарқалиши ХI-ХII асрларга тўғри келганини айтиш мумкин.
Абу Мансур Мотуридийнинг ақидавий таълимотига ва Паздавийгача бўлган аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодий қарашларига “Дорул Жузжония” таълим даргоҳи вакиллари ҳамда таълимоти асос бўлган. X-XII асрларда Самарқандда фаолият юритган “Дорул Жузжония” таълим даргоҳи ислом илмлари кенг тарқалган марказлардан бўлган. Унинг номи Самарқандга биринчи бўлиб ҳанафий мазҳабини олиб келган аллома Абу Бакр Сулаймон Жузжоний (125/743-225/840) номи билан боғлиқ. X-XII асрларда мазкур мадрасада Абул Фатҳ Солиҳ Розий Насафий (ваф.532/1138) ва Ҳамза ибн Али Хайломий (ваф.523/1128-29) каби уламолар дарс берган. Шунингдек, Иброҳим ибн Наср Тамғачхон (431/1040-462/1070) асос солган Тамғачхон мадрасаси, Масжидул Минора каби илмий даргоҳлар кўплаб фақиҳ олимларни етиштирган. Ушбу таълим даргоҳларида Исмоил ибн Абдуссодиқ, Абу Яъқуб Юсуф ибн Мансур Саёрий, Яъқуб ибн Юсуф ибн Муҳаммад Найсабурий ва Шайх Имом Абул Ҳаттоб, тафсир соҳасида Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий, Абд ибн Ҳумайд Кеший ва Абу Мансур Мотуридий, калом илми борасида эса Абу Мансур Мотуридий, Абул Юср Паздавий, Абу Шакур Кеший, Абул Муин Насафий, Абу Ҳафс Нажмуддин Умар Насафий, Қози Абул Маолий Аҳмад, Усмон ибн Али Пойкандий ва Аҳмад ибн Наср Бухорийлар таълим олган. Яна унинг шогирдлари орасида Рукнул аимма Абдулкарим ибн Муҳаммад Саноъий (ёки Сабоъий) Маданий, Муҳаммад ибн Тоҳир Самарқандий ва Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ҳуламий каби уламоларни ҳам алоҳида кўрсатиш мумкин.
Уларнинг давомчиси сифатида фаолият юритган Абул Юср Паздавийнинг илмий фаолияти XI асрнинг иккинчи ярмидан то умрининг охиригача бўлган даврни ўз ичига олади. Ушбу даврда Мовароуннаҳрда кечган диний-сиёсий жараёнлар ва маданий муҳит шак-шубҳасиз алломанинг дунёвий қарашлари ва илмий салоҳияти ривожига ҳамда илм-фан тараққиёти, хусусан, ҳанафий мазҳаби ва мотуридийлик таълимоти ривожига катта таъсир кўрсатган.
Хулоса қилганда, Мовароуннаҳрда Абул Юср Паздавий, Абу Шакур Кеший, Абул Муин Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Нуриддин Собуний каби мутакаллим олимлар мотуридийлик таълимоти ривожига катта ҳисса қўшган. Ушбу даврда нафақат калом илми, балки илм-фаннинг барча соҳаларида энг юқори даражадаги илмий изланишлар амалга оширилган ва асарлар ёзилган. Бу даврда жуда кўплаб мотуридийлик таълимоти намояндалари яшаб ижод қилган.
Насаф воҳасидан етишиб чиққан Фахрул ислом Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Паздавий (ваф.482/1090), унинг укаси Садрул ислом Абул Юср Муҳаммад Паздавий ва Абул Муин Насафий (437-508/1046-1114), Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий (ваф.537/1143) каби машҳур олимларнинг ғарбий қорахонийлар давлатининг пойтахти Самарқандга кўчиб ўтиши ҳанафий мазҳаби ва мотуридийлик таълимотининг ривожланиш йўналишларини сезиларли даражада ижобий томонга ўзгартирди. Улар турли адашган фирқа ва оқимларга қарши курашиш билан бирга, шофеъий-ашъарийларнинг ҳанафий таълимотига қарши қаратилган фаолияти билан рақобат қилишда жонбозлик кўрсатган.
Бундан ташқари, уларнинг Самарқанддаги фаолиятининг муҳим йўналиши Мотуридийнинг “Китобут тавҳид”, “Таъвилотул Қуръон” асарларида баён этилган таълимотини янада ривожлантириш ҳамда ёйиш, умуман, мотуридийлик таълимотини алоҳида мактаб сифатида шакллантириш эди. X асрда яшаган мутакаллимлар Абул Қосим Ҳаким Самарқандий, Абу Мутеъ Макҳул Насафий, Абул Ҳасан Рустуфағний, Абу Салама Самарқандий ва бошқаларга ҳам шундай иззат-икром кўрсатилган. Чокардиза қабристони эса уламолар дафн қилинадиган муқаддас маконга айланган.
-
Абдулкарим Самъоний. Ал-Ансоб. – Дамашқ: Дор ал-фикр, 1988. – Ж. 3.
-
Абул Юср Муҳаммад Паздавий. Усулуд дин / Таҳқиқ: Х.Питер. – Қоҳира: Ал-Мактабатул азҳария ли-т турос, 2003.
-
Абу Мансур ибн Тоҳир Бағдодий. Китобут тавҳидул фарқ байнал фирақ. – Қоҳира, 1910.
-
Абу Ҳафс Насафий. Ал-Явоқит фил мавоқит. Қўлёзма: ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти, АР-3176.
-
Абдулқодир Муҳйиддин Қураший. Ал-Жавоҳирул мудия фи табақотил ҳанафия. – Миср: Дор Ҳажар, 1993. – Ж.4.
-
Раҳимжонов Д. Абу Ҳафс Насафий ва унинг “Китоб ал-қанд” асари / монография. – Т.: Инновацион ривожланиш нашриёт-матбаа уйи, 2020.
-
Strange G. The Lands of the Eastern Caliphate: Mesopotamia, Persia, and Central Asia from the muslim conquest to the time of Timur. – Cambridge, 1930.
-
Тақиюддин ибн Абдулқодир Ҳанафий. Ат-Табақотус сания фи тарожимил ҳанафия. – Риёз: Дорур Рифоъий, 1983. – Ж. 2.