Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870) 4-қисм

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870) 4-қисм

Манбаларда келтирилишича, Имом Бухорий ўз ижодий фаолияти даврида йигирмадан зиёд асар ёзган. Уларнинг энг машҳурлари қуйидагилардан иборат: “Ал-Жомиъус саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”), “Ал-Адабул муфрад” (“Адаб дурдоналари”), “Китобул фавоид” (“Фойдалар китоби”), “Рафъул йадайни фис салот” (“Намоз вақтида икки қўлни кўтариш”), “Ас-Сунан фил фиқҳ” (“Фиқҳ ҳақидаги суннатлар”), “Алсмо вал куно” (“Исмлар ва кунялар”), “Аволийус сиҳоҳ”(“Сиҳоҳга кирмаган заиф ҳадислар”), “Асмоус саҳоба” (“Саҳобаларнинг исмлари”), “Бадъул махлуқот” (“Олам яратилишининг ибтидоси”), “Тафсирул Қуръон” (“Қуръон тафсири”), “Китобуз зуъафо” (“Заиф ҳадислар китоби”), “Китобул ваҳдон” (“Битта ҳадис айтган саҳобалар китоби”), “Китобул ҳайъат” (“Ҳайъат китоби”), “Ал-Мабсут фил ҳадис” (“Ҳадис илми ҳақидаги улғайиш ва камолот китоби”), “Ат-Тарихул кабир” (“Катта тарих”), “Ат-Тарихул авсат” (“Ўрта тарих”), “Ат-Тарихус сағир” (“Кичик тарих”), “Холқ афъолул ибод” (“Бандаларга хос феъл-атворларнинг яратилиши”), “Ал-Муснадул кабир” (“Катта муснад”), “Ат-Тафсирул кабир” (“Катта тафсир”), “Китобул ҳиба” (“Ҳадялар китоби”), “Китобул илал” (“Иллатли ҳадислар китоби”), “Биррул волидайн” (“Ота-онага яхшилик”), “Китобул ашрибат”(“Ичимликлар ҳақида китоб”), “Қазойос саҳоба ват тобиъийн” (“Саҳоба ва тобеинларнинг ҳукми”) , “Ал-Жомиъул кабир” (“Катта тўплам”), “Ал-Жомиъус сағир фил ҳадис” (“Ҳадис борасидаги кичик тўплам”), “Ал-Қироату халфал имом” (“Имомга иқтидо қилган кишининг қироати ҳақидаги китоб”).

Буюк муҳаддиснинг шоҳ асари, шубҳасиз, “Ал-Жомиъус саҳиҳ”дир. Бу тўплам “Саҳиҳул Бухорий” номи билан машҳур. Имом Бухорий турли ровийлардан эшитган ҳадисларни табақаларга бўлган, уларнинг энг ишончлиларини ажратиб олиб, китоблар ва бобларга тақсимлаб, алоҳида жамланма тузган. Бу тўплам ёзилгунга қадар ҳеч бир асар бу каби тартибга эга бўлмаган.

Ибн Салоҳнинг (1181-1245) таъкидлашича, Имом Бухорийнинг мазкур асарига 7275 ишончли ҳадис киритилган бўлиб, такрорланмайдиган ривоятлар 4000 тани ташкил қилади.

Бу шарафли ишни биринчи бўлиб Имом Бухорий бошлаб берган. Кейинги муҳаддислар унга эргашиб, шу зайлда ҳадис тўпламларини туза бошлаган. Алломанинг ушбу йирик асари дунё юзини кўрганига тахминан 1200 йил бўлди. Ўша даврдан ҳозирги вақтгача у ислом оламида Қуръондан кейин турадиган мўътабар манба саналади.

“Саҳиҳул Бухорий”нинг кўплаб қўлёзма нусхалари дунёнинг турли шаҳарларига тарқалган. Асарнинг шуҳрати ва унга эҳтиром шу даражага борганки, Ўрта асрларда баъзи адиб ва хаттотлар учун “Саҳиҳул Бухорий”дан нусха кўчириш тириклик манбаига ҳам айланган. Жумладан, таниқли адиб ва тарихчи Нувайрий (ваф. 1332 й.) Имом Бухорийнинг ушбу асаридан саккиз нусха кўчириб, ҳар бирини минг дирҳамдан сотгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

“Саҳиҳул Бухорий” ва аллома қаламига мансуб бошқа асарларнинг дунё кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма нусхалари сони беш мингдан ошади.

“Ал-Жомиъус саҳиҳ”га кўплаб шарҳлар битилган бўлиб, кўплаб давлатларда у қайта-қайта нашр ҳам қилинмоқда.

 САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ китобидан

Check Also

САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ – БУЮК МУТАСАВВИФ ОЛИМ

Исломда тасаввуф илми Муҳаммад (а.с.) дан қабул қилиб олингани, тариқатда у кишининг «равишлари  ҳужжат» [5:29] …