Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870) 5-қисм

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870) 5-қисм

Кўпгина манбалар ва тарих китобларида Имом Бухорийнинг ақл-заковати ва қувваи-ҳофизасини синаш мақсадида қилинган имтиҳон (синов) хусусида аниқ маълумотлар зикр қилинган. Дарҳақиқат, бундай жиддий бир имтиҳон Бағдодда Дорул-хилофат (Халифалик уйи)да Бағдод уламолари томонидан уюштирилган. Бағдодлик олим Абу Бакр Калузоний (ваф. 863 й.): “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга ўхшаш ҳеч бир олимни кўрмадим. Бирор илмга оид ҳар қандай китобни олиб синчиклаб мутолаа қилардида, унда келтирилган барча ҳадисларни бир мартанинг ўзидаёқ ёдлаб оларди”, – деб ҳайратланиб ёзган.

 Имом Бухорий шогирдларининг сони ғоят даражада кўп бўлган. Бу хусусда олим Фирабрий, яъни Муҳаммад ибн Юсуф Пойкандий (738-825): “Бевосита Имом Бухорийнинг ўзидан тўқсон минг одам ҳадис эшитган”, – деб ёзади.

Имом Бухорий устозларининг кўпчилиги унинг ҳузурига келиб шогирд сифатида унинг сабоқларига қатнашардилар, ўзларига фойдали билиб, билимларини зиёда қиладиган маълумотларни ундан ёзиб олардилар. Муаррихлару муҳаддисларнинг ёзишларича, ҳатто Имом Бухорийдан сабоқ олиб, ундан истифода қилганлар орасида унинг машҳур устозлари ҳам бўлган. Улар доимо Имом Бухорийнинг ёнида бўлиб, илмий мажлисларида ҳозир бўлардилар. Улардан Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий, Абдуллоҳ ибн Мунир, Исҳоқ ибн Аҳмад Сарморий, Муҳаммад ибн Халаф, Ибн Қутайба ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг ҳаммалари ҳам ўз даврининг фазилатли, илми комил олимлари ҳисобланган. Шундай улуғ мартабага эга бўлишларига қарамасдан, улар Имом Бухорийдан ҳадис сабоқларини олганлар.

Имом Бухорийга тенгқур бўлиб, унга таянадиган ва унинг фазлу камолининг юксаклигини тан олиб, унинг илмий мажлисларида қатнашган буюк олимлардан Имом Абу Зуръа Розий, Абу Ҳотам Розий, Иброҳим Ҳарбий, Абдуллоҳ ибн Мутийн, Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Зийрак Форсий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хазийма, Қосим ибн Закариё, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хадрамий, “Ал-маъориф” асари муаллифи Муҳаммад ибн Қутайба, Абу Бакр Аъйин ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Мазкур олимлар рижол (ровийлар), тарих, ҳадис, жарҳ ва таъдийл (иллатли ҳадисларни аниқлаш ва тўғрилаш) илмлари бўйича ўз даврининг буюк алломалари бўлишган.

Имом Бухорийнинг шогирдлари орасида шон-шуҳратда юксакликка етишиб, буюк шарафга муяссар бўлган, исломий илмлар – илму-л-ҳадис ва фиқҳнинг асосий жиҳатларини мукаммал билганлардан “Ас-саҳиҳ китобининг муаллифи Имом Муслим ибн Ҳажжож (822-875), “Сунан” соҳиби Имом Абдурраҳмон Насоий (829-915), “Ал-жомиъ” асарининг муаллифи Имом Абу Исо Термизий (824-892), исломий илмлар бўйича қатор асарлар муаллифи Имом Муҳаммад ибн Наср Марвазий (818-907), Имом Доримий (789-869), машҳур фақиҳ, “Ас-саҳиҳ номли асарнинг муаллифи Имом Ибн Хузайма (838-923) ва бошқалар ҳам бор эди. Имом Бухорийнинг шогирдлари бўлган ушбу алломалар ўз даврининг йирик муҳаддис ва фиқҳ олимлари ҳисобланарди[1].

1974 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташаббуси билан юртимизда ислом дунёси вакиллари иштирокида Имом Бухорийнинг 1200 йиллиги нишонланган.

Ўзбeкиcтoн Pecпубликаси Вазирлар Maҳкaмacининг “Имом aл-Бyxopий таваллудининг ҳижpий-қaмapий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида 1997 йил 29 апрелда Имом Бухорийнинг илмий мepocини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида катта ишлар қилинди. 1998 йил 23 октябрда Caмapқaнддa юбилeй тўй-тантаналари бўлиб ўтди. Аллома қўним топган Пайариқ туманидаги “Хартанг” қишлоғида улкан ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.

Имом Бухорийнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1998 йил 4 ноябрда Имом Бухорий халқаро жамғармаси тузилди. 2008 йилнинг 23 май куни Имом Бухорий халқаро марказини очиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Имом Бухорий ва Имом Термизий сингари муҳаддислар ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш борасида кенг тадқиқотлар олиб борилишига катта йўл очилди. 2000 йилдан бошлаб Имом Бухорий халқаро жамғарма ўзининг маънавий-маърифий, илмий-адабий “Имом Бухорий сабоқлари” журналини нашр эта бошлади. Тошкент ислом институтига Бухорий номи берилган.

Аллома асарларининг кўпи тадқиқ қилиниб, ҳозирги замон босмахоналарида чоп этилган.

“Саҳиҳи Бухорий” ва “Ал-адабу-л-муфрад” асари ўзбек тилига таржима қилиниб, бир неча бор нашр этилган.Шу ва бошқа асарларининг бошқа турли тиллардаги таржималари ҳам мавжуд.

 САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ китобидан

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …