Home / МАҚОЛАЛАР / ДИНИМИЗДА ЮРИШ ВА САЛОМЛАШИШГА ТЕГИШЛИ СУННАТ ВА ОДОБЛАР

ДИНИМИЗДА ЮРИШ ВА САЛОМЛАШИШГА ТЕГИШЛИ СУННАТ ВА ОДОБЛАР

Муборак динимизда мусулмон киши учун кундалик ҳаётнинг ҳар бир бўлагида ўзига хос одоб-ахлоқ қоидалари белгиланган. Шундай одоблар борки, биз уни ҳар куни ҳар соатда бажараётган бўлишимиз мумкин. Шу амалларимиз баъзан қилиниши одоб, баъзида эса суннат амалларидан ҳисобланади. Қуйида юриш ва саломлашишга тегишли одоб ва суннатлар ҳақида имкон қадар тўхталиб ўтамиз.

Қачон киши манзилидан чиқса: “бисмиллаҳи ва таваккалту ъала аллоҳи ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи ал-ълиййи ал-ъазим”, деб айтсин.

عَنْ أَنَسِ ْبنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ عَنِ النَّبِيّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: إذا خَرَجَ الرَّجُلُ مِنْ بَيْتِهِ فقال بِسْمِ الله تَوَكَّلْتُ على الله ولا حَوْلَ ولا قُوَّة إِلاَّ بالله يُقولُ لَهُ ملك كُفِيتَ وهُدِيتَ ووُقِيتَ فَيَتَنَحَّى الشَّيْطانُ ويتلقاه شَيْطانٌ آخَرُ فيُقولُ كَيْفَ لَكَ بِرَجُلٍ قد َكُفِيَ وهُدِيَ وَوُقِيَ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон киши уйидан чиқса: “бисмиллаҳи таваккалту ъала аллоҳи ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”, деб айтсин. Шунда бир фаришта унга: “кифояландинг, ҳидоят қилиндинг ва муҳофаза қилиндинг”, дейди. Шайтон (ундан) узоқлашади. Унга (ўша одамга) бошқа шайтон дуч келади-да: “сен учун кифояланган, ҳидоят қилинган ва муҳофаза қилинган одамга (уни адаштиришга) қандай йўл бўлсин”, дейди,” дедилар[1].

Шунингдек, мусулмон киши Аллоҳдан адашишдан, залолатдан, зулмдан ва жаҳолатдан паноҳ сўралади. Ҳар сафар кўчага чиқиб, уйига қайтганда “оятул курсий” ўқилади. Юрганда худди қияликдан пастга тушаётгандек олдинга мойилроқ бўлиб юрилади. Бундай юриш такаббурликдан йироқ ҳисобланади. Кибру ҳаво қилиб, кеккайиб, гердайиб юрилмайди. Бундай юриш кибрнинг аломатидир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿وَلَا تَمۡشِ فِي ٱلۡأَرۡضِ مَرَحًاۖ إِنَّكَ لَن تَخۡرِقَ ٱلۡأَرۡضَ وَلَن تَبۡلُغَ ٱلۡجِبَالَ طُولٗا٣٧﴾

     “Ер юзида кибрланиб юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан”[2].

Икки аёлнинг ўртасига тушиб юрмайди. Йўлнинг четлари аёллар (юриши) учун қолдирилади.

Мусулмонларнинг йўлидан азият (берувчи нарса)ларни олиб ташлайди. Бундай қилиш ҳасанот (савоб)ларни кўпайтиради. Баланд иморатларнинг остидан тезроқ ўтиб кетади.

Ҳеч бир ҳожатсиз бозорларда ўтирмайди. Чунки бозор инсонни муҳим ишлардан чалғитиб қўяди. Борди-ю, у ерда (одамлар билан) гаплашиб ўтирмоқчи бўлса, бозорнинг ҳаққини адо қилиши керак. Бозорнинг ҳаққи деганда, кўзни (ножоиз нарсалардан) қўлни азият (етказиш)дан тийиш, саломга алик олиш, амру маъруф ва наҳий мункар қилиш, ночор қолган одамга ёрдам бериш, адашиб қолган кишига (йўлни) кўрсатиб қўйиш, тушириб қолдирилган буюмнинг (топиб олган бўлса) ўзида эканини билдириш ва балғам ёки нажосат сингари (одамларга) азият берувчи нарсаларнинг очиқ ҳолда туришига йўл қўймаслик ва бошқалар назарда тутилади.

Олд ва ўнг томонига туфламайди. Балки чап томони ёки оёқлари остига туфлайди. Орқадагилар пиёда юрганда олдинда улов миниб юрмайди.

Асо билан юриш мусулмонлик белгиси ва пайғамбарларнинг суннатидир. Қуръони каримда Мусо алайҳиссаломнинг ҳассаси ҳақида бир нечта қизиқ қисса келгани барчамизга маълум.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿قَالَ هِيَ عَصَايَ أَتَوَكَّؤُاْ عَلَيۡهَا وَأَهُشُّ بِهَا عَلَىٰ غَنَمِي وَلِيَ فِيهَا مَ‍َٔارِبُ أُخۡرَىٰ١٨﴾

(Мусо) деди: «У асойим, унга таянурман ва у билан қўйларимга (барг) қоқиб берурман. Яна унда бошқа ҳожатларим ҳам бор»[3].

Агар йўлда кўзи ожиз кишини кўриб қолса, унинг чап қўлидан тутиб истаган жойигача етаклаб боради. Унга ҳар бир босиб ўтган зироъ учун бир қул озод қилганлик савоби берилади.

Кўчада ярим яланғоч ёки хунук, жанда кийимда юриш ҳам тарбия қоидаларига тўғри келмайди, одобсизлик саналади.

Шошилиб, қадамни катта ташлаб, одамларни туртиб-суртиб юриш дуруст эмас. Фақат жамоат намозига кечикаётгандагина шошилишга рухсат берилади.

Бозор, масжид каби жамоат жойларида, гавжум жой ва кўчаларда бошқаларга азият етказмай, оҳиста, эҳтиёткорлик билан, бировнинг оёғини босиб олишдан сақланиб юради. Йўлда кетаётганда ўзгаларнинг очиқ эшикларидан ичкарига қарамаслик, юмуши бўлмаса, бировнинг уйи олдида турмаслик лозим.

Аҳли исломдан таниганига ҳам, танимаганига ҳам салом беради. Чунки салом дўстлик ва муҳаббатни зиёда қилади.

عَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ : « لا تَدْخُلُوا الجَنَّةَ حَتَّى تُؤمِنُوا ، وَلا تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا ، أوَلا أدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ ؟ أفْشُوا السَّلاَمَ بَيْنَكُمْ » .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин бўлмагунингизгача жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирларингизга муҳаббатли бўлмагунингизгача (комил) мўмин бўлмайсизлар. Сизларни агар уни қилсангизлар бир-бирларингизга муҳаббатли бўлиб қоладиган нарсага далолат қилмайинми?! Ораларингизда саломни кенг ёйинглар!” дедилар[4].

Кун давомида мусулмон биродарини неча марта учратса ҳам унга салом беради. Ҳатто иккисининг ўртасини дарахт ёки девор тўсиб қолса ҳам (юзма-юз бўлганда) янгидан салом беради. Чунки салом бериш кишига раҳматни вожиб қилади.

Аёллар жамоасига салом бермайди[5]. Мажлис аҳлига улар эшитадиган қилиб салом беради. Саломга алик ҳам эшитиладиган қилиб айтилади.

Салом бериш билан Ислом аҳдини янгилашни, яъни биродарининг обрўсига ва молига зарар етказмасликни ният қилади. Мусулмон биродарига салом бериши билан унинг обрўсига ва молига путур етказиши ҳаром бўлади.

Кимни учратса, биринчи салом беради. Чунки биринчи бўлиб салом бериш кибрнинг йўқлигидан нишонадир. Аҳли байтининг ҳузурига кирганда ҳам салом бериб киради.

Агар ҳеч кимса йўқ уйга кирса, “ассаламу ъалайна ва ъала ибодиллаҳи ас-солиҳийн”, деб айтсин. Чунки унинг саломига фаришталар жавоб қайтарадилар. Бирор қавмнинг қошига келганда ҳам, улардан айрилганда ҳам салом беради. Шундай қилган киши кетганидан кейин ҳам ўша қавм қилган барча яхши амалларда уларга шерик бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “қайси мусулмон мажлис сўнгида салом берса Аллоҳ унинг баданидаги ҳар бир туки баробарига мингта яхшилик ёзиб унинг мартабасини минг даража кўтаради. Ўтирган ўрни қиёматга қадар унга истиғфор айтади” , дедилар[6].

Саломнинг тўлиқ шакли ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу иборасида мужассамдир. Ушбу ибора билан салом берган мусулмонга худди шундай саломнинг сўзларини камайтирмасдан ва унга зиёда ҳам қилмасдан жавоб қайтарилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿وَإِذَا حُيِّيتُم بِتَحِيَّةٖ فَحَيُّواْ بِأَحۡسَنَ مِنۡهَآ أَوۡ رُدُّوهَآۗ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٍ حَسِيبًا٨٦﴾

    Қачон сизларга бирор саломлашиш билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки ўша (ибора)ни қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчидир[7].

Мусулмон киши саломлашиш жараёнида бармоқлари ва кафти билан ишора қилмайди. Чунки бармоқ билан ишора қилиш яҳудийларнинг ишларидан, кафт билан ишора қилиш эса насронийларнинг одатларидандир. Мусулмон киши аҳли китобга биринчи бўлиб салом бермайди.

Ривоят қилинишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳу бир яҳудийга уни танимай туриб салом беради. Унинг яҳудий эканлигини билиб қолгач эса қайтиб боради-да, “эй яҳудий, саломимни ўзимга қайтар”, дейди. Яҳудий у кишининг саломини қайтариб берганини айтади.

Мусулмон кишига зиммийлардан[8] бирортаси салом берса, унга “ва алайкум” ибораси билан жавоб қайтаради. Бундан зиёда қилмайди. Агар мусулмон одам уларга салом бермоқчи бўлса, “ассалому ъала ман иттабаъал ҳуда”, (ҳидоятга эргашганларга тинчлик бўлсин) деб айтади. Уларга ёзилган мактубларда ҳам ушбу ибора қўлланилади. Мусулмонлар ва зиммийлар бирга ўтирган жамоатга салом беришнинг зарари йўқ.

Мусулмон киши ўзидан кичикка ҳам, каттага ҳам, озчиликка ҳам, кўпчиликка ҳам, пиёдага ҳам, уловдагига ҳам салом бераверади. Бировниинг айтиб юборган саломини унинг олдига етиб бориши билан дарҳол етказади. Чунки айтилган салом унинг қўлида турган омонат ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿۞إِنَّ ٱللَّهَ يَأۡمُرُكُمۡ أَن تُؤَدُّواْ ٱلۡأَمَٰنَٰتِ إِلَىٰٓ أَهۡلِهَا ﴾

 Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингизга буюрар….[9].

Бегоналарга салом бермай фақат таниш-билишга салом бериш тўғри эмас. Чунки бу қиёмат аломатларидандир. Қўл бериб кўришилганда, иккинчи томон қўлини тортмагунча қўл тортиб олинмайди ва мато (қўлқоп) билан кўришилмайди. Бундай кўришиш маданиятсизлик ҳисобланади.

Бир неча ўрин ва ҳолатларда салом бериш ва алик олиш жоиз бўлмайди:

  1. Киши қазойи ҳожатда бўлса, унга салом бериш ҳам ва саломга алик олиш ҳам макруҳ;
  2. Киши намоз ўқиётган ёки азон айтаётган бўлса, унга ҳам салом бериш жоиз эмас. Намоз ўқиётган киши “алайкум” деб жавоб қилса, намози бузилади;
  3. Уйқуда ёки мудроқда бўлган кишига салом берилмайди;
  4. Киши таом тановул қилаётган бўлса ва таом оғзида бўлса, унга салом берилмайди ва жавоб ҳам қилинмайди. Агар луқма оғзида бўлмаса, салом бериш мумкин ва саломга жавоб қилиш фарз бўлади;
  5. Қуръони карим тиловат қилаётган кишига салом бериш жоиз эмас, агар салом берилса, унга жавоб қилиб, сўнгра Қуръонни ўқишда давом қилади. Дуо қилаётган, эҳромда талбия (Лаббайкаллоҳумма) айтаётган кишига ҳам салом бериш ножоиздир.

Сафардан қайтган киши билан ўпишмасдан ва унга эгилмасдан қучоқлашиб кўришиш суннатдир. Ёши катта кишиларнинг олдига тушиб юрилмайди. Бу фақирлик келтиради. Юриш ва ўтиришда қурайшликлар[10] биринчи бўлади. Ҳеч бир мусулмонга на йўлда, на бир манзилда танглик бўлишига йўл қўйилмайди.

Яқин бирордарлар билан учрашганда “кайфа асбаҳтум – хайрли тонг!” ёки “марҳабан бикум – марҳабо! Хўш келибсиз!” ёхуд “аҳлан ва саҳлан – беҳижолат, бемалол” – каби сўзларни айтиш суннатдир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом Умми Ҳониъга: “Марҳабан биумми Ҳониъ – марҳабо! Умми Ҳониъ”, деб айтганлар. Қарши томон бу сўзларга жавобан “фи хайрин ва офиятин аҳмадуллоҳа – Аллоҳга ҳамд бўлсин! Яхши хотиржам юрибмиз”, деган.

Сўнгги пайтларда ёшларимиз ўртасида юриш-туриш ва саломлашиш одоблари бироз бошқача шаклда кўзга ташланмоқда. Ҳатто ўзбекона урф-одатларимиз ва мусулмонлигимизга зид кўринишлар авж олган. Бугун ота-оналар фарзанд таълим-тарбияси, кўча-кўйда юриш-туришини назоратга олмаса, турли ёт маданият ва оқимлар таъсирига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Илм аҳли бундай пайтда ёшларга ҳар томонлама ўрнак ва таянч бўлиши лозим. Бу улар олдида ҳам фарз, ҳам қарз, десак, муболаға бўлмайди.

Тоҳир Эвадуллаев,
Имом Бухорий халқаро илмий-
тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Исмоил ибн Муҳаммад ибн Фазл. Ат-Тарғийб ва-т-тарҳийб. Ж.2.Б.379.
[2] Исро сураси 37-оят.
[3] Тоҳо сураси, 18-оят.
[4] Имом Муслим. Саҳиҳи Муслим 45-ҳадис.
[5] Кўпчилик уламолар: бегона эркакнинг бегона аёлга ёки аксинча бегона аёлнинг бегона эркакка салом бериши ва эркак кишининг кампирларга салом бериши жоиз, лекин ёш аёлларга салом бериши дуруст эмас, агар аёллар салом берса уларнинг саломига алик олади – деганлар.
[6] Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Ҳанафий. Ширъат ал-ислом. Қозон.: Мактабат аш-ширкат, 1902. Б.57.
[7] Нисо сураси, 86-оят.
[8] Мусулмонларга тегишли ўлкаларда маълум тўлов эвазига уларнинг ҳимояси остида яшайдиган бошқа дин вакиллари.
[9] Нисо сураси, 58-оят.
[10] Бу ерда “Қурайш” деб пайғамбар алайҳиссаломнинг насл-насабларини давом эттирган саййидлар назарда тутилган.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …