Home / МАҚОЛАЛАР / НАФС ТАРБИЯСИ ИНСОННИ САОДАТГА ЕТАКЛАЙДИ

НАФС ТАРБИЯСИ ИНСОННИ САОДАТГА ЕТАКЛАЙДИ

Маълумки, динимизда инсонни саодатга етиштиришнинг кўплаб кўрсатмалари мавжуд. Шундай амаллардан бири – бу ўз нафсини поклашидир. Инсон қалбининг хасталиги ва унинг сабабларидан ўта зийраклик билан огоҳ бўлишга муҳтож. Нафсни ҳар хил ёмон йўлларга кириб кетишдан асраб, эртанги кунга нима ҳозирлаб қўяётганига эътибор қилган инсон чин бахт эгаси ҳисобланади. Нафсини тарбия қилмас экан, оқибати аянчли бўлади.

Тарихга назар соладиган бўлсак, ўтган олима-авлиёларимизнинг барчаси доимо нафсини тергаб турган. Ҳаммаси яхшиликларнинг асоси – нафс тарбияси, ёмонликларники – унга тобе бўлиш эканини таъкидлаган.

Нафс мавзуси ҳамиша долзарб мавзулардан бўлиб, унинг тўғрисида кўплаб рисолалар, ҳикматли сўзлар битилган.

Нафс тарбияси борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди” (“Шамс” сураси, 9-оят). Демак, тақво билан ҳаёт кечирган киши саодатга эришар экан.

Нафсни тақво ила тарбия қилиш ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, нафсимга тақвосини бер, Сен унинг эгаси ва мавлосисан, уни поклайдиганларнинг энг яхшисисан”, дер эдилар” (Имом Табароний ривояти).

Уламолар инсон нафсидаги айбларни билишнинг тўртта йўли борлигини таъкидлайди. Биринчиси, нафс айбларидан хабардор, ундан етадиган яширин офатлардан огоҳ шайхнинг ҳузурида бўлиш. Бунда мурид шайхни нафсига ҳакам қилади, нафс билан курашда унинг кўрсатмасига тўла эргашади.

Иккинчиси, ҳақиқий содиқ, диёнатли дўст танлаш. Гўё бу дўст унинг нафси устидан кузатувчи вазифасини бажаради. Шунда у дўстининг танбеҳу маслаҳатларига қараб, ўзининг феъл-хўйидан, хулқидаги зоҳиру ботиндан огоҳ бўлади. Афсуски, биз ёмон хулқимиздан огоҳ этган кишидан хурсанд бўлмаймиз, тезда бу ёмон хулқдан қутулишга ҳаракат қилмаймиз. Аксинча, насиҳат қилувчига: “Ўзинг ҳам фалон-фалон ишларни қилувдинг-ку!” деб тана ёғдирамиз.

Учинчиси, нафснинг айбларидан душманининг тили орқали воқиф бўлмоқ. Негаки, ёмонлик ёмонликни намоён қилади, яъни душманнинг оғзидан чиқаётган ёмон сўзлар сендаги ёмон хулқ, ёмон феълни сўзлаётган бўлса, не ажаб! Балки айбларингни яшириб, мақтову олқишларга кўмган айёр дўстдан ҳар бир сўзи нафратга тўла душманинг сен учун манфаатлироқдир.

Тўртинчиси, одамларга аралашмоқ, халқ ичида бўлмоқ. Киши одамлар орасида бўлиб, улардан бирон ёмон феъл содир бўлганини кўрса, ўз нафсидан ҳам шу феълни изласин, ўзида ҳам шу хулқ бор деб, эътибор этсин[1].

Нафсни душманларнинг ичида кўринмас душманга ўхшатиш мумкин. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан бундай ҳадис келтирилади: “Душманларнинг ичида энг ашаддий ички душман – ўз нафсингдир”. Инсон тафаккур қиладиган бўлса, сиртдан келаётган душманни кўриши ва унга қарши тайёргарлик кўриши мумкин. Лекин ичидаги душманини енгиши анча мушкул. Чунки у инсоннинг ҳамма сир-асроридан хабардор бўлади. Инсонни ёмон ишларга ундайди, гуноҳга тарғиб этади. Шу сабабли ҳар ким ўз нафсини тафтиш қилиб, уни кузатишдан ҳаргиз бепорво бўлмаслиги керак. Инсон ҳаёт экан, нафс билан бўлган савол-жавоблар ва баъзан ғалаёнлар сира ҳам тўхтамайди. Нафс тинимсиз тарбияга мухтож, бироз бўш қўйса, дарҳол ишратга мойил қилади. Нафс туфайли одам боласи кайфу сафога, ёмон хаёлларга ғарқ бўлади. Зеро, инсоннинг ўз вужудини идора қилувчи бир бошқарувга эҳтиёжи бордир. Нафс инсоннинг шу эҳтиёжини қондиради.

Нафс инсонга душман экани тўғрисида Суфён Саврий бундай деди: “Ўзимга нафсимдан кўра ашаддийроқ душманни кўрмадим”. Абу Аббос Мусилий нафсига қарата дерди: “Эй нафс, неъматларга бурканган бойваччалар билан бўлиб, дунёдан нима топдинг? Охират ғамида обидлар билан ибодатлар қилдинг, яна нега норозисан? Мен сен билан гўё жаннат ва дўзах орасида тутқундайман. Эй нафс, қачон фурсатни ғанимат биласан?” Демак, нафсини жиловлай олмаганлар бу дунёга алданиб қолар, қимматли вақтини беҳуда нарсаларга сарф этган бўлар экан.

Нафсни яна бирор нарсага менгзаш лозим бўлса, у уловга ўхшайди. Банда у билан ё жаннатга боради, ё дўзахга. Уловнинг жилови эса сабрдир. Банда уни қўйиб юборса, нафс сени уни истаган жойига элтади.

Ҳақиқатан сабр билан тарбия қилинмаган нафс инсонни ҳар кўйга солади. Нафс тинмасдан инсонни айшу-ишратга, мол-дунёга, шариат ҳаром қилган нарсалар истеъмоли ва ҳоказога тарғиб этади. Буларни фақат сабр ва кучли ирода ила бартараф қилиш мумкин.

Нафс тарбиясидан умиди бор инсон, аввало, каттаю кичик гуноҳлардан ўзини асраши, савобли амалларни кўпайтириши лозим. Зеро, шайтон унинг очиқ душманидир. У нафсга қул бўлиб, гуноҳ ишларга ундайди. Инсон тоатда танбаллик қилса, оқибат гумроҳлик бўлади. Шу боис ҳар ким ўз ички душмани билан доимо ҳисоблашиб туриши керак. Инсоннинг ўзи англаб етиши мушкул бўлган бир қанча душманлари бўлиб, улар дунё, шайтон ва нафсдир. Тақво билан дунёдан эҳтиёт бўлинади. Шайтонга қарши бўлиб, ёмонликлардан сақланилади. Шаҳват ва бошқа ҳирсларни тарк қилиш билан эса, нафсдан ҳимояланилади.

[1] “Риёзатун-нафс”. Имом Ғаззолий Б.25
Машраб ХИДИРОВ,
Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …