Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ МОТУРИДИЙ — КАЛОМ ИЛМИНИНГ СУЛТОНИ

ИМОМ МОТУРИДИЙ — КАЛОМ ИЛМИНИНГ СУЛТОНИ

Самарқандда Абу Мансур Мотуридий асос солган калом таълимоти йиллар ўтиб, бутун ислом оламига тарқалади ва суннийликдаги икки йирик мактабнинг бирига айланади. Ушбу таълимотнинг мазмун-моҳиятини, тарихини ўрганишдан аввал Мотуридийнинг ҳаёти ва жамиятда тутган мавқеини чуқур тадқиқ қилиш керак. Мотуридийа таълимоти XI асрдан бошлаб ислом оламида шуҳрат қозонади ва шу даврдан алломанинг шахсига қизиқиш кучаяди.

Манбаларда ёзилишича, Абу Мансур Мотуридий асли Самарқанднинг Мотурид (Мотурит) қишлоғида туғилган, тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир. У Абу Бакр Жузжонийдан ҳанафий фиқҳини, анъанавий ислом мезонлари ва уни атрофлича қамраб олиш, изчил таҳлил қилиш, ақлан фикр юритиб, илоҳиёт борасида мунозаралар олиб боришни эса Абу Наср Иёдийдан ўрганади.

Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти Самарқандда илоҳиёт илми ривожининг кейинги даврига тўғри келади. Бу пайтда шаҳарда бир неча эътиборли мутакаллимлар гуруҳи фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар орасида донишмандлар (ҳукамо) гуруҳига мансуб Абулқосим Ҳаким Самарқандий ижодига қизиқиш катта эди. Иккинчи гуруҳда Абу Бакр Жузжоний мактаби намояндалари — Абу Абдуллоҳ ибн Абу Бакр Жузжоний, Абу Мансур Мотуридий, Абулҳасан Рустуфағний, Абу Салама Самарқандийлар бор эди. Учинчи гуруҳни эса иёдийлар сулоласи вакиллари — Абу Наср Иёдий, унинг фарзандлари Абу Аҳмад ва Абу Бакр Иёдийлар ташкил этарди. Бу гуруҳлар ўртасидаги баҳслар турли кўринишларда намоён бўлди ва бу калом илми ривожига ижобий таъсир этди.

Маълумки, калом илмида мутакаллимлар мавқеини белгилашда уларнинг ижтимоий-сиёсий масалалардаги қарашлари муҳим ўрин тутган. Ҳакимлар давлат билан ҳамкорликни рад этмай, унинг вакиллари билан бирга фаолият кўрсатганлар. Масалан, Абулқосим Ҳаким Самарқандийнинг “Китоб ас-савод ал-аъзам” асари сомонийлар таклифи асосида ёзилган ва бу китобдан ўша даврда Мовароуннаҳрда асосий қўлланма сифатида фойдаланилган.

Мақола бошида таъкидлаганимиздек, Мотуридий ҳижрий 333 (милодий 944-945) йилда вафот этади ва Самарқанддаги Чокардиза қабристонига дафн этилади. Шаҳар аҳолиси, айниқса, ўрта қатлам орасида машҳур бўлган уламолар, жумладан, Мотуридийнинг сафдош ва шогирдлари ҳам шу ерга дафн қилинган. Солиҳ уламолар гуруҳи фаолиятини тадқиқ қилишда ушбу қабристон ва у билан боғлиқ маълумотлар муҳим аҳамиятга эга.

Турк адмирали Сайди Али Раис XVI асрда Осиё бўйлаб саёҳатга чиқиб, Самарқанддаги Чокардиза қабристонини ҳам зиёрат қилади. Бу ҳақда эсдаликларида баён этади. Шунингдек, XVIII-XIX асрларда ёзилган “Самарийа” ва “Қандийа хурд” асарларида ҳам Чокардиза ва унда дафн этилган улуғ алломалар ҳақидаги маълумотлар учрайди. В.Бартольд ҳам хотираларида 1920 йилдаги Самарқанд сафари давомида ушбу қабристонда бўлгани ва у ерда Мотуридий мақбарасини кўрганини таъкидлайди.

Юз йиллар давомида фақиҳ, шайх ва уламолар дафн этилган Чокардиза қабристони шўролар даврида аҳоли яшайдиган манзилга айлантирилади. Натижада кўплаб қабртош ва қайроқлар йўқолиб кетади. Мотуридий мақбарасини тиклаш жараёнида эса фақиҳ ва уламоларнинг қабртошлари топилди. Уларнинг аксари қорахонийлар даврига мансуб бўлиб, биз учун кўплаб янги маълумотларни бериши табиий. Ҳозир мазкур қабртошлар исломшунос олимлар Б.Бобожонов, А.Мўминов, У.Рудольф томонидан ўрганилиб, махсус тадқиқот чоп этилди.

XI-XII асрлар ҳанафий мутакаллимлари мотуридийа таълимотини қайта тиклаш жараёнида унинг ижтимоий қарашларини акс эттирувчи фикрларини эътибордан четда қолдиришади. Кейинчалик Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиб, ўз билимини юксалтиради. Бу жараёнда кўплаб машҳур фақиҳ ва муҳаддислар билан мулоқот ва мунозарада бўлади, шу соҳага оид асарлар ёзади.

Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавийнинг (вафоти 990/1582 йил) “Катоиб ул-аълом ал-ахёр фи табоқот фуқаҳо ва машойих мазаҳаб ан-Нуъмон” (“Нуъмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома факиҳлар ва шайхлар ҳақидаги китоб”) номли асарида Абу Мансур Мотуридийнинг, қаерда ва қачон вафот этгани ҳамда унинг асарлари ҳақида маълумот беради. Муаллиф имом Мотуридийнинг “Китоб ут-тавҳид” (“Аллоҳнинг яккаю ягоналиги борасидаги китоб”), “Китоб ал-мақомат”, “Китоб рад авомил лил адила лил каъбий” (“Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”), “Китоб байон ва ҳум ул-муътазила” (“Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”), “Таъвилот аҳли ас-сунна” (“Қуръон таъвили”) каби асарларини санаб ўтади.

Абу Мансур Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам хориждаги кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади. Ислом оламида машҳур бўлган “Китоб ут-тавҳид” асари 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулайф томонидан Байрутда, кейинчалик эса Туркияда бир неча бор нашр этилади.Сўнггиси Бекир Туплу ўғли ва Муҳаммад Аручи каби олимлар томонидан 2003  йил Анкарада нашр этилди.

Мутакаллим ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, ўзи ҳам араб тилида тафсир ва эътиқодга оид “Таъвилот аҳли ас-сунна”ни ёзади. Бундан кўзланган асосий мақсад “Аҳл ас-сунна ва ал-жамоа” таълимотига зид қарашларни рад қилишдир. Бу асардан эътиқодий масалалар ҳамда фиқҳда кенг фойдаланилади. Абу Мансур Мотуридий бу асарини ёзишда асосан Абу Ҳанифанинг қарашларига суянади. Унинг нусхаси ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади. Китоб та’вилот» асарининг биринчи жилди 1971 йилда Сайид ва Иброҳим ‘Авадайнлар томонидан нашр этилди. Худди мана шу китоб  бангладешлик олим  А.А. Раҳмон  томонидан 1981 йил янги қўшимчалар билан қайта нашр қилинди. Асарнинг чоп қилиниши Мотуридий каломига оид бир қатор мақолаларнинг ёзилишига сабаб бўлди. Ф. Сезгин ўзининг «Араб қўлёзмалари тарихи» китобида «Китоб та’вилот» асарининг дунё фондидаги нусхалари ҳақида қимматли маълумот беради. Сўнгги йилларга  келиб, унинг тўлиқ нашрлари ҳам амалга оширилди. 2004 йил Фотима Юсуф Хайми томонидан 1-5 жилдлари Байрутда нашр этилди. Яна бири Муждий Баслум томонидан таёрлаган бўлиб, 2005 йил Қоҳирада  “Мактабат ул карамат” нашриётида нашр бўлган. Энг сўнгги 2008-2009 йиллардаги илмий нашри Туркияда док. Эртигул Бойнукалин томонидан тайёрланган, унга проф. док. Бекир Тўпалу ўғли илмий муҳаррир бўлган. Туркиядаги “Дарул мезон” нашрётида унинг етти жилди чоп этилди.

Хўш, калом ўзи нима ва у қандай илм? Калом илми ўрта асрларда фалсафий-диний фикрлар ва диннинг назарий асосларини ўрганиш, ислом ақидаларига  эътиқод этиш ҳақидаги билимларни ифодалаган. Бирон-бир динга мансуб шахс учун мажбурий ҳисобланган, ҳар қандай шароитда муҳокама қилмасдан эътиқод қилиниши лозим бўлган диний талаблар мажмуига нисбатан ақлий мулоҳаза юритиш жараёнида у махсус билимлар тизими сифатида вужудга келди.  Калом — “илмул калом” атамаси кенг маънода ўрта асрлар мусулмон адабиётида диний-фалсафий мавзуларда (жумладан, насронийлик ва яҳудийликда ҳам) эркин фикр юритишга нисбатан қўлланган, тор маънода эса ақидапарастлик, яъни динда обрў-эътиборли ҳисобланган шахслар — пайғамбар, саҳобаларга тақлид йўли билан эмас, балки Қуръон ва сунний таълимотни ақл-идрокка мос талқин этиш, тафаккурга суяниб иш юритишга нисбатан ишлатилган. Ҳадис илми пайғамбаримиз томонидан ривоят қилинган гап ва ишларни, фиҳқ илми шариат қонунчилигини, калом илми эса ислом динида эътиқод қандай бўлишини ўргатади.

Мотуридийа ақидаси Қуръон, ҳадис ва ақл-идрок, мантиқ ва ҳақиқатга  яқин экани билан бошқа таълимотлардан ажралиб туради. Абу Мансур Мотуридий  ўз таълимоти билан боғлиқ аксарият фикрларини  “Китоб тавҳид” асарида баён этган. Хусусан, ўзга тоифадаги фирқаларга қарши шундай сўзларни айтади:  “Улар тафаккур ва тадқиқ билан қарасалар эди, Аллоҳ таоло ҳам бандаларини тафаккур ва тадқиқот, ибрат ва тажриба билан иш қилишга буюрганини тушунар эдилар, ибрат ва тафаккур эса илм манбаларидан биридир”.

Бу таълимот муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаганлар. Мотуридий шунга чек қўяди ва бу ўлкада ягона ақида тизими (яъни ҳанафийа мазҳаб асосида)ни ўрнатади. У барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб беради. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади.

Мутакаллим ислом илоҳиётидаги қазо ва қадар (яъни инсон тақдири) ҳақида ҳам мулоҳазаларини баён этган. У инсонда танлаш эркинлиги бор деган иборани қўллаган. Яъни инсон қандай ишни лозим топса, ўшани бажариши керак. Аллома инсон қандай йўлни танлаши ўз ихтиёрида эканига алоҳида урғу беради. Бу эса ҳозирги демократиянинг асосини ташкил этади.

Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, ҳанафийа таълимотининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб берди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ул зот асос солган диний таълимот — мотуридийа мактаби Шарқ мамлакатларида катта шуҳрат топишига сабаб шуки, унда илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди.

Шовосил Зиёдов ,
тарих фанлари номзоди, доцент,
Имом Бухорий халқаро илмий- тадқиқот маркази
директори

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …