Home / МАҚОЛАЛАР / Баркамол авлодни тарбиялашда Амир Темур мақбараси пештоқ ёзувининг аҳамияти

Баркамол авлодни тарбиялашда Амир Темур мақбараси пештоқ ёзувининг аҳамияти

Ўзлигимизни англаш, қонуний тарихимизни билиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида Ислом Каримов қуйидагиларни кўрсатади: «Юртимизда тарихий шахслар, шаҳарлар, маданий ёдгорликларнинг юбилей ва байрамларини ўтказиш яхши анъанага айланиб қолди. Бу ерда гап тантаналардагина эмас, муҳими, биз уларнинг ўз даврида келажак авлодлар учун қолдирган салмоқли мероси, ижобий ишлари, керак бўлса, умумжаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаларини қадрлаймиз.

Албатта, ҳар бир миллат ўз аждодларини эслаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйишга интилади. Фақат бу каби хайрли ишлар ўз моҳияти жиҳатидан халқларни яқинлаштиришга, уларни ҳамжиҳат этишга хизмат қилсин[1]».

Тарихий ёдгорликлар ҳақидаги маълумотларнинг мазмунини очиш асосида бизнинг  хотирамиз чархланиб иродамиз мустаҳкамланади. Биз ўз ўтмишини яхши билсак, ўз йўлимизни тўғри танласак, ҳар хил ақидалар таъсирига тушмаймиз. Ўтмиш авлодларимизнинг тарихий ёдгорликларда ёздириб қолдирган матнлари бизни ҳушёрликка ўргатади.

Шундай тарихий ёдгорликлардан бири Самарқанддаги халқ орасида Гўри Амир ёки Гўри Мир (Мир Саййид Барака) деб номланиб келинаётган меъморий ёдгорлик (14-а. охири — 1405 йил) ҳисобланади. Бу мақбарага темурийлар сулоласига мансуб Амир Темур, унинг пири Мир Саййид Барака, ўғиллари Умаршайх, Мироншоҳ ва Шоҳрух, набиралари Муҳаммад Султон, Улугбек дафн этилган.

Мақбара гумбазидаги ёзувда: “Боқийлик Худога хос/ Худога шукр”[2] деб ёзилган. Ушбу ёзув алоҳида фалсафий мазмунга эга. Чунки инсон бу дунёда устун бўла олмаслиги, ҳар бир кишининг бу оламга келиб кетиши яна бир таъкидланиб ўтилган.  Ўзбек халқи орасидаги: “Ўлим шоҳ-у гадога баробар”,  “Ўлимдан қочиб бўлмас” мақолларида ҳам теран фалсафий мазмун ўз аксини топган. Гумбазидаги ёзувда жамиятда инсонга шукрона қилиб яшаш кераклиги даъват қилинмоқда.

 Бу давр хаттотлари томонидан битилган бу ёзувлар нафқат диний балки маънавий нуқтаи назар билан ёндашишни акс эттиради. Инсон нафс балосига берилиб атрофдагиларини ҳам унута бошлайди, давлатда тартибсизликлар келтириб чиқаради, ҳуқуқлар топталиб урушлар келтириб чиқаради. Ушбу пештоқ ёзувларда айни шу ҳолатлар олди олиниши учун инсониятни фикрлаш ва тўғри хулосалар чиқаришга ундалгани сир бўлмаса керак.

Бобурнинг таъкидлашича, дастлаб Темурнинг набираси Муҳаммад Султон Мирзо Самарқанд қалъаси жанубда Тошқўрғон — чақарда Мадраса қурдирган.

“Самария”да: “Мир Сайид Барака Самарқандда бўлган вақтда, Амир Темур Муҳаммад Султон мадрасасини кўргани бориб, ўша мадрасанинг кунботар томонида, ўзининг қабри учун мармар ва яшил тошлардан юксак бир бино ва гумбаз солдирди. Гумбазнинг шимолида улкан бир мадраса солдириб, унинг саҳнасида гўзал бир чорбоғ туздирди. Сайид Барака ўлганидан кейин унинг ўлигини Мозандарондан келтириб, ушбу гумбаз ичига кўмдирди”[3]- деб ёзиб қолдирилган.

1403 йил 13 март куни Муҳаммад Султон ҳалок бўлгач, Амир Темур унинг хотирасига мақбара қуриш ҳақида фармон берди. Мақбара Мадраса ҳовлисининг тўрига бунёд этилган.

Низомиддин Шомий “Зафарнома”сида Амирзода Муҳаммад Султон воқеаси баёнида: “Бу мотам олам халқининг дили куйиб, ҳасрат ўти сийналарда аланга олди. Амир Соҳибқироннинг бу фожиада сабру қарори қўлидан кетди. Ўзни тутиш ва чидам қуввати заифлашиб, икки кўзи дарёсидан пок жавоҳиру лаъллар юзи саҳфасига тўкила бошлади, руммоний лаъл қатралари нуроний соқоли толаларидан оқди ва у ҳол тили билан бу байтларни куйлади (шеър):

Дариғо ногаҳон сўлди тўсатдан,

Давлат боғин гули ёшлик чоғида.

Ҳасрат билан кетди жаҳондан у мард-

Дин иқлимининг забардаст қаҳрамони,

У бир яшнаган ниҳол эди, лек гардун

Бермади унга сув тириклик чашмасидан.

Охири осмоний ҳукмга қарши чиқиш ва қазой илоҳийдан қочиш бирон кишига ҳам мумкин бўлмаганлиги учун ночор қазо ҳукмига бўйин қўйиб кафанлаш ва дафн этишга машғул бўлдилар. Раббоний тақдир ҳукмига бўйин эгдилар”[4]- деб баҳо берган. Ибн Арабшоҳ ҳам асарида Рум шаҳрида Муҳаммад Султон вафот етгач барчанинг чуқур қайғуга ботганлиги ва ҳатто Самарқанд аҳли қора либослар кийиб мотам тутганларини қайд этиб[5] ўтган.

Ибн Арабшоҳ: „Қуръоннинг машҳур тажвидчиларидан бири мавлоно Жамолиддин Аҳмад ал-Хоразмий-у (Темур набираси) Муҳаммад Султон ҳаётлиги вақтида унинг имоми, у вафотидан кейин унинг мадрасасида имомлик қилган. Кейин у Бурсада хатиб бўлиб, ўша ерда уни тангри-толо уни раҳмат қилсин-831 (1427-1428) йилда ўз ажали билан қазо қилган[6]“ лиги ҳақида маълумот бериб ўтган.

Бизгача, асосан, пештоқли дарвозаси бор ҳовли ва мақбара биноси сақланган. Археологик тадқиқотлар натижасида мақбара ҳовлисининг икки ёнидан Муҳаммад Султон қурдирган Мадраса ва хонақоҳ қолдиқлари топилган. Мадраса ва хонақоҳ чорсу ҳовлининг шарқий ва ғарбий томонларини эгаллаган. Ҳовлининг жанубида гумбазли мақбара жойлашган. Мақбарага жанубдан 1424 йил Улуғбек қурдирган далон орқали кирилади. Мақбаранинг чортоқ тарҳли зиёратхонаси баланд тоқи — равоқли, тепаси ёзув ҳошиялари ва ички гумбаз билан қопланган. Ташқи гумбази 64 қобирғали, баланд пойгумбаз (диаметри — 15 м, баландлиги 12,5 м)га ўрнатилган.

Зиёратхона ўртасидаги мармар панжара билан ўралган мурабба хазира саҳнига қатор қабртошлар қўйилган.

Мақбара деворлари ҳаворанг, зангори ва оқ сирли кошинлар, геометрик шаклдаги нақшлар билан безалган. Мақбара қурилиши Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек даврида ҳам давом эттирилган. Унинг даврида қабрларнинг турган жойи ўймакор мармар панжара билан ўраглан. Унинг буйруғи билан 1424–йили мақбаранинг шарқ томонида тўрт қуббали галерия қурилди. Ушбу галериядан мақбарага кириш мумкин. Мақбара интерерининг соси ҳаворанг, деворларига эса нақшлар берилган. Мақбаранинг ташқи гумбази қовурғали баланд доира асос поясига ўрнатилган[7].

Саййид Барака қабрининг оёқ томонига Амир Темурнинг ўзи дафн қилинган. Унинг уч томонида Муҳаммад Султон, Мироншоҳ, Умаршайх қабрлари бор. Гўри Амир мақбараси ичига 9 кишининг жасади данф этилган бўлса, унинг ҳовлисига 30 дан зиёд кишилар дафн этилган.

А. Бердимуродовнинг ёзишича ушбу қабрлар 1950-йилларда мақбарани таъмирлаш жараёнида йўқ қилиб юборилган. Қабрлар устидаги қабр тошларнинг аксарияти ҳозирда Гўри Амир ҳовлисида сақланмоқда[8].

Кейинчалик бу ерга Темурнинг набиралари ва эвараларининг қабр тошлари қатъий тартибда жойлаштирилган. Темур сағанасига қўйилган кўк нефрит қабртошини Улуғбек Мўғулистонга қилган юриши вақтида олиб келган. Тошдаги лавҳада Темурни улуғлайдиган сўзлар, унинг шажараси ҳамда марсиялар ўймакори ёзувларда битилган. Ҳамма сағаналар Улуғбек томонидан яхлит ўйма мармар панжара билан ўралган. Зиёратхонанинг шарқий қисмидаги равоқдан зина орқали остки қаватидаги гўрхонага тушилади. Гўрхона саккиз қиррали. Ундаги сағаналар юқори қаватда қандай жойлашган бўлса, бу ерда ҳам шу тартибда жойлашган. Зиёратхонадаги қабртошларнинг ҳар бири юксак санъат асаридир. Зиёратхона серҳашам безакларга бой. Бўртма безак кундаллар заминига ложувард ранг гуллар ишланган. Изораси яшил тошдан гириҳ шаклида терилган. Тўртта чуқур равоқлардаги дарчаларга ўша вақтда рангли ойна ўрнатилган. Олтин ва кумуш қандиллардаги шамлар ёнганда зиёратгоҳ ичкариси улуғвор ва афсонавий тус олган. Ташқариси сиркор ғиштчалар билан безатилган. Гумбаз ва унинг пойидаги безаклар, турли арабий ёзувлар алоҳида кўзга ташланади. Мақбара дарчаларида ёғочдан ишланган нафис панжаралар, эшикларида эса мураккаб қўш заминли ўймакор безаклар бўлган.

Гўри Амир мақбараси ички кириш эшигидаги ёзувда: “Мулк Худоникидир./ Оқибати хайрли бўлсин[9]” деб битилишида ҳам инсониятга мурожаат ётибти.

“Такосур сураси” (Такосур-тўплаб кўпайтиришга берилмоқ) да кўп одамларнинг то жонлари  чиқиб, қабрларига киргунларича мол-дунё тўплашга ва ўша арзимас матолар билан бир-бирларига мақтанишга машғул бўлишиб, Аллоҳни эслашдан ва У зот буюрган Ҳақ йўлда юришдан юз ўгирганлари баён этилган ва уларга бу қилмишлари оқибати жаҳаннам экани тўғрисида хабар берилади[10].

Дарҳақиқат ҳар бир инсон илдам қадам ташлаб юраркан ўз эҳтиёжини қондириш учун меҳнат қилиб рисқини топади. Топган рисқи билан ўзи, оила аъзоларининг эҳтиёжини қондиради. Ортиқ бойлик ва мулкга эга бўлиш ҳалокат зинасига олиб боришини ўзбек халқининг: “Кўз тупроққа тўяр”, “Олғирлик офат келтирар, Баднафслик — ҳалокат” деган мақолларида ҳам асосланган. Гўри Амир мақбараси эшигидаги бу сўзларда инсониятни инсофга чақириқ деб қарасак мантиқан тўғри бўларди.

Мақбара кириш равоғининг ички қисмида ёзувда: “Аллоҳ муборак ва таоло: “Тақводорлар эса, албатта,  боғлар ва чашмададирлар.У (ер) га соғ-саломат, тинч-омон юринглар” (дейилур)”, -деди. Буюк Аллоҳ тўғри сўзлади (“Ҳижр” сурасининг 45-46 оятлари).

(Бу оллоҳнинг) заиф бандаси Муҳаммад ибн Маҳмуд ал Баннойиал Исфахонийнинг иши[11].

Мақбара эшиги устидаги ёзувнинг маъносини келиб чиқишини нимага урғу беришини таҳлил қилайлик. Унда Аллоҳнинг Иблис айтган “Парвардигорим, қасамки энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта уларга (одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта уларнинг  ҳаммаларини йўлдан оздурурман[12]”. Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларингагина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)[13]- гапига сен билан бўлган гумроҳ кимсалар жойи етти дарвозали жаҳаннамда деб хитоб қилгани ва ҳақ йўлда бўлганлар йўли жаннатга эканини давом сўзлари Гўри Амир мақбараси пештоқи киравериш эшигига битилган.

Мақбара кириш равоғининг ички қисмида ёзувда айнан “Ҳижр” сураси оятининг келтириши сабаби менимча осмон, замин, маъданларга тўла тоғлар ва шамолнинг Аллоҳ томонидан инсонга хизмат қилиши келтирилгани,лекин Яратганнинг амри билан “қора лой”дан яралган инсонга нисбаттан шайтоннинг адовати қиёматгача давом етиши огоҳликга даъват сифатида ота-боболаримизнинг бизга насиҳатлари ҳамдир. Ҳар бир инсоннинг бу олам ўткинчи эканлиги, инсон доим тўғри йўлдан боришига, хатосини барвақтроқ англаб уни қилмаслигига, шайтонга эргашмаслиги хитоб қилинмоқда. Бу ёзувдаги ибратли сўзлар шу заминда яшаётган инсоният учун маънавий баркамол шахс сифатида шаклланишлари учун мактаб вазифаси ҳамдир.

1907-йилнинг 8 октабрида юз берган зилзила туфайли қаровсиз қолган мақбара зиён кўрди. 1923 ва 1929-йилларда ёдгорликлами асраш комиссиясининг ходимлари мақбарада айрим таъмирлаш ишларини ўтказганлар. Кейинги пайтларда мақбара таъмирланган, гумбази қайта тикланиб, хонақоҳ ва Мадраса қолдиклари кавлаб топилган, ички ва ташқи безаклар таъмир этилган. Иккинчи жаҳон уруши арафасида 1941 йил ёз пайтида мусулмон одатига зид равишда Амир Темур ва Улуғбек қабрлари очиб текширилиб, улар руҳлари безовта этилганига тарих шоид бўлди. Собиқ Совет даврида асли бойлик излаш талвасасида амалга оширилган бу тадбир яхши натижаларга олиб келмаганини ҳам тарих исботлаб берди.

Меъморий мажмуада Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1991-1996 йилларда таъмир ишлари олиб борилди. Ёдгорликнинг аввалги қиёфаси маълум даражада тикланиб, халқимиз маънавий қадрияти сифатида ўз ўрнини топди. Ушбу мақбара ҳозирги авлод учун маънавий ва руҳий куч тимсоли ҳам ҳисобланади.

С. М. Эргашев
Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази
музейи илмий ходими 
 

[1] Ислом Каримов. «Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз.» 7-жилд. Тошкент, «Ўзбекистон»,  1999 йил.

[2] “Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар”/албом/  Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси. Т-2011. 111-бет

[3] “Мерос” Абу Тохирхожа “Самария” Т-1991. 36-бет.

[4] Низомиддин Шомий “Зафарнома” Т, “Ўзбекистон”-1996.  352-353 бет

[5] Ибн Арабшоҳ „Ажоиб ал мақдур фи тарихи Темур“ Т, „Меҳнат“ 1992.  I китоб. 283 бет

[6] Ибн Арабшоҳ „Ажоиб ал мақдур фи тарихи Темур“ Т, „Меҳнат“ 1992.  II китоб. 100 бет.

[7] “Ўзбекистонниниг тарихий обидалари” Самарқанд – 2011

[8] Қ. Мамараҳимов, А. Бердимуродов “Самарқанд-тарихий маълумотнома” Т. 2000. 83-бет

[9] “Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар”/албом/  Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси. Т-2011. 109-бет

[10] “Қуръони карим” нинг ўзбекча изоҳли таржимасидан. Т.: Чўлпон, 1992. “Такосур” сураси. 520-бет

[11] “Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар”/албом/  Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси. Т-2011. 107-бет

[12] “Қуръони карим” нинг ўзбекча изоҳли таржимасидан. Т.: Чўлпон, 1992.  “Ҳижр” сурасининг 39-ояти. 181-бет.

[13] “Қуръони карим” нинг ўзбекча изоҳли таржимасидан. Т.: Чўлпон, 1992.  “Ҳижр” сурасининг 40-ояти. 181-бет..

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …