Замонавий жамиятда тез ўзгараётган ахборот муҳити ва кенг тарқалаётган турли ғоявий таъсирлар шароитида ёш авлодни соғлом маънавий асосларда тарбиялаш, уларни ёт ғоялардан ҳимоялаш ва виждон эркинлиги тамойилларини кенг тарғиб қилиш муҳим вазифага айланди. Шу мақсадда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жойларда ўтказаётган маънавий-маърифий тадбирлардан бири Жомбой туманида ҳокимлик аппарати ходимлари ва маҳаллий ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтди.
Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими О.Баҳриев ёшлар онгини соғлом руҳда шакллантириш, уларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда виждон эркинлиги ва бағрикенглик тамойилларига асосланган давлат сиёсатининг аҳамияти ҳақида сўзлади.
Иштирокчиларга виждон эркинлиги, турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасида бағрикенглик муҳитини яратиш бўйича давлат сиёсати концепциясининг асосий жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялашда таълим муассасалари ва жамоат ташкилотларининг масъулиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Худди шундай тадбирлар тумандаги 18-мактабда мактаблар директорлари ва уларнинг ўринбосарлари, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда “Бахт” тўқимачилик корхонасида ишчи-ходимлар иштирокида ҳам ташкил этилди.
Тадбирлар сўнгида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, бундай мулоқотларни мунтазам ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.