Маънавий барқарорликни таъминлаш, жамиятда соғлом диний муҳитни шакллантириш ва ижтимоий таҳдидларнинг олдини олиш масалалари фуқаролар, айниқса, ёшлар онгини тўғри йўналтиришга дахлдор муҳим тадбирлардан саналади. Бу борада таълим муассасалари раҳбарлари зиммасига катта масъулият юкланган.
Шуни инобатга олган ҳолда, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтказилаётган тарғибот доирасида Оқдарё туманидаги ўрта ва ўрта-махсус таълим муассасалари директорлари иштирокида профилактик суҳбат ташкил этилди. Унда Марказ илмий ходими Н.Қобилов “Виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясининг мазмун-моҳияти, ижтимоий таҳдидлар ва диний муҳитни соғломлаштириш” мавзусида маъруза қилди.
Мулоқот давомида фуқароларнинг диний эътиқодига ҳурмат, конфессиялараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларнинг онгини турли ғаразли таъсирлардан асрашда таълим муассасаларининг маърифий вазифалари хусусида фикр юритилди.
Тадбир иштирокчилари мавзу юзасидан фикр ва таклифларини билдириб, бу каби учрашувларни даврий равишда ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.