Home / АЛЛОМАЛАР / Муҳаддис Бадруддин Айнийнинг ҳаёти ва илмий мероси

Муҳаддис Бадруддин Айнийнинг ҳаёти ва илмий мероси

Айни вақтда Марказий Осиёда яшаб, ижод этган ислом тамаддуни ва жаҳон цивилизацияси тараққиётига катта ҳисса қўшган олимлар ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва уларни жамоатчиликка кенг етказиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган ва жадал ислоҳатлар олиб борилаётган йўналишлардан бири бўлиб, айни шу вазифаларни амалга ошириш мақсадида бир нечта олий мактаб ва таълим муассасалари, тадқиқот марказлари ташкил этилди.

Тарихга назар ташласак, Мовароуннаҳр илм-маърифат ва маданият маркази бўлиб хизмат қилган даврдан бошлаб, шу заминдан кўплаб улуғ уламолар,  мутафаккир аждодларимиз етишиб чиққанлигига уларнинг ўзлари келажак авлод учун ёзиб қолдирган илмий мерослари гувоҳлик беради.

Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг кенг ривожланиши юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддислар томонидан олиб борилган илмий-маърифий хизматлари самараси бўлиб, ҳадис илми босқичма-босқич ривожланиб борди. Ислом оламида “Муҳаддислар султони” дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий ҳаёти ва бой маънавий меросини кенг тадқиқ этиш юзасидан нафақат юртимиз, балки бутун мусулмон оламида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Барчамизга маълумки, Имом Бухорийнинг шоҳ асарлари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” китоби бутун ислом оламида Қуръони каримдан кейинги энг тўғри, энг саҳиҳ китоб деб эътироф этилган.

Ҳадисларнинг диққат билан танлангани, мукаммал тартибга эга экани эътибор қозонишига сабаб бўлган. Шамсиддин Заҳабий “Тарихул ислом” китобида қуйидагиларни ёзади: “Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. Ҳозирги кунда бу китоб одамлар учун энг олий санаддир”.

У кишининг “Саҳиҳул Бухорий” китоби дунё мусулмон уламолари томонидан якдиллик билан энг мўътабар ҳадис тўплами сифатида эътироф этилган. Бундай баҳога сазовор бўлган ҳадис тўпламлари уламолар орасида “кутуб тисъа” (тўққиз тўплам) деб юритилади. Ушбe китоблар ичида энг мўътабар, энг машҳури “Саҳиҳул Бухорий”дир.

Бошқа асарлар каби “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га ҳам кўпдан-кўп шарҳлар битилган бўлиб, муҳим манба сифатида у қайта-қайта нашр ҳам қилинган.

Имом Бухорийнинг шоҳ асари “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га бағишлаб, араб тилида жуда кўп шарҳлар ва ҳошиялар ёзилган бўлиб, улар ҳажм ва аҳамияти жиҳатидан хилма-хилдир. Айрим манбаларда[1] келтирилишича, уларнинг сони юзга яқиндир. Бу борада тадқиқот олиб борган уламолар ва тадқиқотчилар ёзилган шарҳларнинг адади борасида турли фикрларни айтишган[2]. Муҳаммад Исом Ҳусаний “Итҳафул қорий би маърифати жуҳуд ва аъмал ал‑улама ала саҳиҳил‑бухарий” асарида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарига бағишлаб 100 дан зиёд мухтасар ва тўлиқ китоблар ёзилганлгини таъкидлайди.

Бу машҳур асарга ўз замонасининг улуғ олимлари ва буюк муҳаддислар томонидан “Фатҳул Борий”, “Умдатул Қорий фи шарҳ Саҳиҳул Бухорий”, “Ат-Талвийҳ”,”Ал-Кавокиб ад-Дирорий”, “Шарҳ Саҳиҳул Бухорий”, “Шарҳ Ибн ал-Мунаййир, “Шарҳ Саҳиҳул Бухорий”, “Ат-Танқиҳ ли-алфоз ал-Жомиъ ас-cаҳиҳ”, “Туҳфат ал-борий би-шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Иршод ас-сорий”, “Шарҳул бухорий”, “Шарҳ мушкил Бухорий”, “Ан‑Нажаҳ фи шарҳ китаб ахбарис сиҳаҳ” каби ва улардан бошқа шарҳлар ёзилганлигини зикр қилишимиз мумкин.[3]

“Ал-Жомеъ  ас-саҳиҳ” асарига ҳанафий йўналишида ёзилган шарҳлар ичида энг машҳури “Умдатул Қорий фи шарҳ Саҳиҳул Бухорий” бўлиб, у Бадриддин Айний (762/1361-855/1451 й.)нинг қаламига мансубдир. Шунингдек, бу асар омма эътибоига мухтасар ҳолатда “Умдатул Қорий” номи билан танилган.

Ҳадис фанига доир бу асар Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобига шарҳ бўлиб, унинг асосий ғояси умубашарий ахлоқ-одобларни гўзаллаштиришга ва шу билан бирга тўрт мазҳабга тааллуқли, хусусан, ҳанафий мазҳабининг масалаларини насс (ҳужжат, аниқ далил) билан равшанлаштириб берилган.

Бадриддин Айний буюк имомларнинг имоми, асрининг ҳуффоз шайхлари, фақиҳ. Тақводор, қозиюл-қузот, шайхул ислом Бадриддин Абу Муҳаммад Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Мусо ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Юсуф ибн Маҳмуд Ҳалабий асли Айнатобийда 762 ҳижрий сананинг 17-рамазон ойида[4] Абул Маҳосиннинг ёзишича 26-рамазон куни туғилганлар ва ўша ерда улғайдилар. Илм талабида Қоҳира, Шом ва Қуддус каби шаҳарларга  сафар қилган. Сўнг Қоҳирага кўчиб борган ва ўша ерда вафот этганлар. Ал-Бадр ал-Айний номи билан танилган.

Нақлий ва ақлий билимларда асрининг имоми фуруъ ва усул масалаларида ўз замонасининг ягонаси бўлган. Илмлари мукаммаллиги ва илмий баҳсларда афзал томонлари билан, барча учун манзур бўладиган китоб ёзишликда буюк олимлар орасидан ажралиб турган. Биринчи ёзган китоблари “Шарҳу маро ал-арвоҳ” асари бўлиб, уни 19 ёшда ёзиб тугатган.

Бадриддин Айний ҳадис, фиқҳ, тарих, араб тили грамматикаси ва бошқа йўналишларда кўпгина асарлар ёзган бўлиб, улар ичида энг дурдоналари қуйидагилар: “Умдатал Қорий фи шарҳи жоми ас-саҳиҳ”, “Каҳб ал-афкор фи танқийҳи мабани ал-ахбор”, “Шарҳ сунани Абу Довуд”, “Такмил ал-атроф”; “Ал-Бинаяту фи шарҳи ал-ҳидая”, “Шарҳ ал-авомил ал-Журжоний”, “Тазкирату ан-наҳвийя”, “Иқду ал-жаман фи тарийхи аз-заман”, “Шарҳ мухтасар ал-виқоя”, “Зайн ал-мажолис ва шориҳ ас-судур”, “Табақот ал-ҳанафийя”, “Шарҳ ал-манор фи ал-усул”, “Табақот аш-шуаро” ва “Ал-ҳаваший ала шарҳи ал-алфия” каби кўплаб илмий асарлар у зотнинг қаламига мансублиги манбаларда келтирилган.

Мазкур ёзган китобларининг энг сараси “Умдатул қорий фи шарҳи ал-жоми ас-саҳиҳ лил-Бухорий”дир. 21 жилддан иборат бу асар ёзган шарҳларининг энг кенг, мукаммал ёзилган асарларидан биридир. Бадриддин Айний бу шарҳларини 821 ҳижрий санада бошлаб 847 ҳижрий санада, яъни 26 йил деганда ибн Ҳажар шарҳларини ёзиб тугатганларига 5 йил бўлганда тамомлади. Ибн Ҳажар ва у кишининг шогирдлари Бадриддин Айнийнинг шарҳлари олам юзини кўрганда саросимага тушиб қолдилар[5]. Аллома ибн Халдун устозларидан ривоят қилиб шундай деёди: “Албатта, “Шарҳул Бухорий” уммат зиммасига қарз, лекин бу қарзни адо этиш ҳеч бир олимга насиб этмади. Агар Ибн Халдун икки шарҳ олам юзини кўргунча яшаганларида эди. Шубҳасиз бу икки шарҳни уммат зиммасига адо этиш вожиб бўлган қарзни адо этиш деб баробар ҳукм қилар эдилар”. Имом Саховий бу борада устози Шайх Ибн Ҳажарга ён босган, “Кашф аз-зунун” соҳиби эса иккалаларининг шарҳлари тенг деб баҳо берган. Аммо бу жойда равшан нарса шуки, жабр қилмасдан инсоф назари билан қараган олимлар наздида Бадриддин Айний раҳматуллоҳи алайҳнинг бу борада насибалари кўпроқ эканлигини билади. У зотнинг вафотлари дўсти Ибн Ҳажарни вафотларидан уч йил кейин, яъни 855 ҳижрий сананинг тўртинчи зулҳижжа ойи чоршанба кечасида Қоҳирада вафот этди. Бу пайтда Бадриддин Айний 93 ёшда бўлган. Тонгда Жоме ал-Азҳарда жаноза намози ўқилиб ўзлари дарс берган мадрасаларга дафн этилди. У кишининг ёнига Шаҳоб  Қасталоний бир йилдан сўнг дафн қилинди[6].

Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” тўпламига ёзилган шарҳлар ичида Бадриддин Айнийнинг ушбу “Умдатул Қорий” шарҳи ҳанафий мазҳабида ёзилган илк ва мукаммал шарҳлардандир. Муаллиф ушбу шарҳида “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”да ҳанафия мазҳабига мос келмаган ҳадислар муқобилига ҳанафий мазҳабига мос ҳадисларни шарҳлаб келтирган ва тегишли томонларини ёритиб берган. Шунингдек, муаллиф “Умдатул Қорий” шарҳида ўқувчи фаҳмига тез етиб бориши ва ўқувчига енгил бўлиши учун оят ва ҳадисларга, фаҳмлаш қийин бўлган ўринларга изоҳлар келтирилган. Жумладан, ўқувчи керакли манбани тез топиши учун ҳар бир жуз аввалида  мундарижаси келтирилган.

Мазкур шарҳнинг ўрганилмаган қирралари ва ҳикматлари жуда кўп бўлиб, бу шарҳни тадқиқ ва таржима қилиб, уни кенг жамоатчиликка ҳавола қилиш ёш тадқиқотчиларимиз олидида турган масъулиятли вазифаларидин ҳисобланади.

Амонов Барот Муродович
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Ҳадисшунослик шўъбаси раҳбари
[1] Масалан, Қасталонийнинг “Муқаддима”, Умар Ризо Каҳҳоланинг “Муъжамул муаллифин” каби манбаларида
[2] “Кашфуз зунун” соҳиби Ҳожи Халийфа 50 га яқин шарҳ ёзилган дейди. Имом Саховий “Умдатус самеъ вал қорий” номли китобида 40 дан зиёд деган. Ҳадисшунос олим У. Уватов тадқиқотларида 80 дан зиёд шарҳлар ва уларнинг муаллифлари ҳақида қимматли мухтасар маълумотлар келтирган. Германиялик шарқшунос олим эса “Араб адабиёти тарихи” номли китобида 43 та шарҳ битилганлигини маълум қилган. Шунингдек, Фуад Сезгин асарида 56 та шарҳни санаб ўтган.
[3] Имом Саховий. Умдатус самеъ вал қорий фи фаваид саҳиҳул Бухарий. Авлад шайх. 2003. -Б.15‑19.
[4] Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний. Умдатул-қорий. 1-жуз. -Б.11.
[5] Ўша  асар. -Б.15.
[6] Ўша  асар. -Б. 17.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …