Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Махдуми Аъзам мажмуасида илмий тикланиш жараёнлари

Махдуми Аъзам мажмуасида илмий тикланиш жараёнлари

Айни пайтда Самарқанд шаҳри яқинидаги Махдуми Аъзам Даҳбедий мажмуаси ҳудудида кенг қамровли илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Мазкур изланишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси асосида буюк алломанинг бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш ва унинг замонавий маънавий-маърифий ҳаётдаги ўрнини аниқлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Тадқиқот жараёнларини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида махсус штаб ташкил қилинган бўлиб, унда Ишчи гуруҳ фаолиятини назорат қилиш ва белгиланган вазифаларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Ишчи гуруҳ таркибига тарих, манбашунослик, архив иши ва ислом илмлари бўйича фаолият юритаётган етакчи мутахассислар жалб этилган.

Изланишлар давомида мажмуа ҳудудида мавжуд 54 қабртошдаги битиклар таржима қилиниб, илмий таҳлил этилди. Эпиграфик маълумотлар асосида мажмуада дафн этилган 7 нафар таниқли зиёли шахс ҳақида маълумотлар тўпланди.

Шунингдек, мажмуа музейи учун дастлабки концепция ишлаб чиқилиб, унинг визуал имижи – логотипи яратилди. Музей экспозицияларини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш мақсадида ҳар бир экспонат учун QR-кодли рақамли маълумот тизимини жорий этиш бўйича лойиҳа муҳокама қилинди. Бу зиёратчиларга интерактив ва илмий асосда тузилган маълумотларни қабул қилиш имконини яратади.

Махдуми Аъзам Даҳбедий ва унинг авлодларига мансуб асарларни илмий таҳрир қилиш, ўзбекчага ўгириш ва нашрга тайёрлаш ишлари ҳам режали равишда бошлаб юборилди. Шу билан бирга, мажмуанинг ўтмиши, шаклланиш жараёни, у ердаги муҳит ва тарихий шахслар билан боғлиқ маълумотларни тўплаш ва тизимлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Олиб борилаётган тадқиқотлар Махдуми Аъзам Даҳбедий ва унинг авлодлари қолдирган бой илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш билан бирга, Самарқанднинг юксак маънавий-маърифий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу орқали мамлакатимиздаги маънавий мерос объектларининг илмий асосда тадқиқ этилиши ва улар асосида замонавий маърифат марказларининг шаклланишига замин яратилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илмий изланишлар йўлида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси айни пайтда Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий мажмуаси ҳудудида олиб …