Исломнинг асосида тинчлик, бағрикенглик ва турли дин вакиллари билан муносабатларда ўзаро ҳурмат тамойили ётади. Қуръон ва суннатда бошқа динларга нисбатан тинчлик ва ҳамжиҳатликка катта аҳамият берилади.
Ислом таълимотида дини, ирқи ёки миллатидан қатъий назар барча Аллоҳнинг бандасидир. Ислом мусулмонларни Қуръон ва суннат кўрсатмаларига риоя қилишга чақиради. Шу билан бирга, бошқа дин вакилларига одилона ва бағрикенг муносабатда бўлиш лозимлигини ҳам таъкидлайди.
Ислом одамлар турлича эътиқодга эга эканини эътироф этади. Шунинг учун мусулмонларни бошқалар билан мулоқот ва ҳамкорликка чорлайди. Бақара сурасининг 256-оятида: “Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради”, дейилган. Бу бағрикенгликни ёритиб берувчи энг машҳур оятлардан биридир.
Иймон инсоннинг шахсий танлови бўлиб, ҳеч кимни бирор динни қабул қилишга мажбурлаб бўлмайди. Исломнинг ҳақ дин экани аниқ бўлгандан кейин ўз хоҳиши билан эътиқод қилмаса, ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Ҳар бир инсон Аллоҳ берган ақли билан ўз йўлини танлайди. Мажбурлашнинг йўқлиги турли дин вакиллари ўртасида ҳурмат ва ҳамжиҳатликни таъминлайди.
Яҳудий ва насронийлар “Аҳли китоб” деб аталади. Улар ҳам аслида тавҳидга мансублиги ва илоҳий китобларга эга экани билан боғлиқ. Ислом уларнинг муқаддас китобларини тан олади. Мусулмонларни “Аҳли китоб” вакилларига нисбатан одиллик ва ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насоролар ва собиийлардан, қайсилари Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса ва яхши амалларни қилса, ўшаларга Робби ҳузурида ажрлар бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар”, (Бақара сураси, 62-оят) деб марҳамат қилади. Бу оятдаги ҳукм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб келгунларича бўлган муддатга тааллуқли бўлса ҳам, бағрикенгликдаги маънавий ва ахлоқий руҳи бугунги кунда ҳам аҳамиятлидир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳаётларида бошқа дин вакилларига ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишни амалда кўрсатганлар. Бунга ёрқин мисол Мадина аҳдномасидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудий қабилалари билан тинчлик шартномасини тузиб, уларнинг хавфсизлиги ва диний эркинлигини кафолатлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Билиб қўйинглар, ким бир зиммийга зулм қилса, ёки унинг ҳаққини ноқис қилса, ёки унга тоқати етмайдиган ишни буюрса, ёки уни норози қилиб, бирон нарсасини олса, Қиёмат куни мен у билан хусуматлашаман”, деганлар (Абу Довуд ривояти). Яна бир ҳадисларида: “Ким бир муоҳадни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳидламайди. Ҳолбуки унинг ҳиди қирқ йиллик йўлдан туйилади”, деганлар (Бухорий ривояти). Бу у зотнинг адолат ва инсофга бўлган садоқатини кўрсатади. Унда мусулмон бўлмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кераклиги таъкидланади ва уларга ноҳақлик қилиш ман этилади. Бу ҳадиси шариф фақат ўша замонга тегишли эмас, ҳамма вақт амал қилишини унутмаслик керак.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшнилари яҳудий бўлган. Унга қўшнилик одобини кўрсатганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, совутлари ўттиз соъ арпа эвазига бир яҳудийда гаровда турган эди” (Имом Бухорий ривояти).
Саҳоба ва тобеинлар ҳам мусулмон бўлмаган кимса ва жамоалар билан душманлик бўлмаса, яхши муомала қилиб яшаганини биламиз. Али розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оч қолганларини кўриб, егулик топиш илинжида бир яҳудийнинг боғига боради. У билан бир челак сувга бир дона хурмо олиш бўйича битим тузади. Ўн етти челак сув чиқариб бериб, ўн етти дона ажва (энг сара навли хурмо) олади (Ибн Можа ривояти). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Алининг бу ишини инкор қилмаганлар.
Умар розияллоҳу анҳунинг Мадинадаги мусулмон бўлмаган қарияларга ҳам нафақа жорий қилгани яхши маълум. Қуддус фатҳига борганида, у ердаги мусулмон бўлмаган аҳолини ҳимоя қилишга қаратилган битим тузгани ҳам машҳур воқеа.
Тарих давомида мусулмонлар бошқа дин вакиллари билан тинчликда яшагани ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Исломнинг “Олтин асри” даврида (VIII-XII асрлар) мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар биргаликда фан ва маданият тараққиётига ҳисса қўшган. Масалан, Қуртуба (Кордоба)да мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар тинчликда яшаб, илм ва маданиятни биргаликда ривожлантирган. Шунингдек, Бағдоддаги “Байтул ҳикма” турли дин ва миллат олимларини бирлаштирган илмий марказ бўлган.
Бундай мисоллар исломдаги бағрикенгликнинг фақат назарий ғоя бўлмаганини, балки амалда ҳам намоён бўлганини кўрсатади.
Мусулмонлар бошқаларни исломга чақиришга ундалган бўлса-да, Қуръонда аниқ айтилганидек, бу фақат тинч ва ихтиёрий тарзда бўлиши керак. “Агар Роббингиз хоҳласа, ер юзидагиларнинг ҳаммаси иймонга келар эдилар. Ёки сен одамларни мўмин бўлишга мажбурлайсанми?” (Юнус сураси, 99-оят). Бу оят иймон фақат Аллоҳнинг иродаси ва инсоннинг ихтиёри билан бўлишидан далолат беради. Ҳеч ким бошқани динни қабул қилишга мажбурлай олмайди. Мусулмоннинг вазифаси ислом ҳақиқатини гўзал ва тинч йўл билан етказишдир.
Исломнинг бағрикенглик ва бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни асосий ахлоқий қадрият сифатида белгилашига гувоҳ бўлдик. Қуръони каримда эътиқод эркинлиги, ўзаро ҳурмат, тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшаш лозимлиги таъкидланар экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёти эса бошқа дин вакилларига нисбатан адолат, раҳм-шафқат ва инсофнинг амалдаги намунасидир.
Ислом инсонларни турли дин ва эътиқод вакиллари билан ҳамжиҳатлик ва ҳурмат асосида яшашга, жамиятда одил бўлиб, башариятга манфаат келтиришга чорлайди. Қуръон ва ҳадисларда таъкидланишича, охирида ҳамма одамларнинг ҳолини Аллоҳнинг Ўзи ҳукм қилади, шунинг учун ҳеч ким ўз динини бошқаларга зўрлаб ўтказишга ҳаққи йўқ.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






