Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ДИНИ БАҒРИКЕНГЛИККА ЧАҚИРАДИ

ИСЛОМ ДИНИ БАҒРИКЕНГЛИККА ЧАҚИРАДИ

ИСЛОМ ДИНИ БУТУН ДУНЁГА РАҲМАТ БЎЛИБ КЕЛГАН ДИНДИР. Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Қуръони карим”нинг Анбиё сураси, 107-оятида: «(ЭЙ МУҲАММАД), СИЗНИ ОЛАМЛАРГА ФАҚАТ РАҲМАТ ҚИЛИБ ЮБОРДИК» дея марҳамат қилган.

Ислом динининг бағрикенглик дин эканлиги ҳақида фикр юритишдан олдин “бағрикенглик” сўзининг маъносига эътибор берсак ўринли бўлар эди. Ислом дини ўгитларига кўра, бошқа дин вакиллари (ғайридинлар)га, бутун инсониятга, қолаверса, бутун борлиққа нисбатан очиқ кўнгил билан, меҳр-муҳаббат билан ёндашиш бағрикенглик, дейилади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам шундай таъкидланади: “Бағрикенглик – масалага кенг кўламда, очиқ кўнгил билан ёндашишлик”[1].

Ислом дини бутун дунёга раҳмат бўлиб келган диндир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Анбиё сураси, 107-оятида: “(Эй Муҳаммад), Сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик” дея марҳамат қилган.

Аллоҳ инсонларни бағрикенг ва кечиримли бўлишга ундайди.“Аъроф” сурасининг 199-оятидаги “Кечиримли бўл” деган хитоби орқали ифодаланган “кечиримлилик ва бағрикенглик” тушунчаси ислом динининг асосий қоидаларидан биридир.

Ислом тарихига назар солинса, мусулмонлар Қуръон ахлоқининг бу муҳим таълимотини ижтимоий ҳаётга қандай татбиқ қилганлари жуда аниқ кўринади. Мусулмонлар ўз қадами етган ҳар бир жойда адолатсизликка қарши курашиб, эркин ва бағрикенг муҳит яратишга ҳаракат қилган. Дин, тил ва маданият жиҳатидан бир-биридан тубдан фарқ қиладиган халқларнинг бир осмон остида тинч ва осойишта яшашини таъминлаган, ўзига эргашганларга илм, бойлик ва устунликни тақдим этган. Шубҳасиз, кенг ҳудудлар бўйлаб ёйилган мусулмон ўлкаларининг асрлар давомида мавжуд бўла олганининг энг муҳим сабабларидан бири бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳитини яратганидир. Уларнинг бу борадаги таянчи, табиийки, Қуръони каримдир. Зеро,бағрикенглик фақат Қуръон кўрсатмасига мувофиқ бўлгандагина фаровонлик олиб келади. Каломи шарифнинг бу борадаги кўрсатмаси қуйидагича: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур”. (Фуссилат сураси, 34- оят).

Бағрикенглик меҳрибонлик, хушмуомалалик, юмшоқлик, кечиримлилик сингари хислатларни ҳам ўз ичига олади. Кишининг бутун борлиққа меҳрибон бўлиши, гўзал муомала қилиши, ширинсуханлиги, ўзига нисбатан қилинган нотўғри муносабатларни кечира олиши қалби кенг эканига далолатдир. Ҳадисларда бу ҳақдаги гўзал намуналарни кўришимиз мумкин.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзахга ҳаром кишини ёки унга дўзах ҳаром бўлган кишини сизларга хабарини берайми? У (биродарига ҳожат вақтида) яқин турадиган, тавозуъли ва мулойим кишилардир”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти).

Юмшоқ табиатлилик Аллоҳга суюкли банда бўлиш демакдир. Расул алайҳиссалом Абулқайс қабиласидан Ашиж исмликишига “Сенда Аллоҳ яхши кўрадиган иккита гўзал хислат бор: мулойимлик ва вазминлик”, (Имом Муслим ривояти) деган эдилар. Бу икки хислат инсонлар ва жамиятлар ўртасида тинчлик бўлишини таъминловчи, муносабатларга дарз кетишининг олдини олувчи муҳим омилдир. Ҳатто бу давлатлараро муносабатларда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бағрикенгликнинг энг юксак даражаси кечиримлиликда намоён бўлади. Инсон ўзига қилинган ноҳақлик, қўполлик, зулмни кечира олиши унинг олийжаноблигидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики: “Албатта, ким (ўзига етган озор азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир”. (Шўро сураси, 43-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда бундай деганлар: “Сизларга Аллоҳ унинг сабаби билан юксак даражаларга кўтарадиган нарсанинг хабарини берайми?” – дедилар. “Ҳа, Аллоҳнинг расули”, дейишди. Расулуллоҳ: “Сенга нодонлик қилганга меҳрибон бўл, сенга зулм қилганни кечир, сени маҳрум қилганга (сенга бермаганга) бергин ва сендан узилганга (қариндошлик алоқасини узганга) боғлан”, дедилар”. (Имом Табароний ривояти).

Кечиримлилик мусулмон кишининг энг фазилатли амалидир. Бу иш ҳар доим жамиятга кўпдан-кўп манфаат келтирган. Кишининг комиллик сифатларидан бири айнан шу хислатда намоён бўлади. Атрофдагилардан бўладиган душманлик ва озорларга сабр қилиб, қасос олмасдан, кечириб юборишни ҳамма ҳам эплай олмайди. Бу билан жамиятда тинчлик тотувлик таъминланади.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бугун юртимиздаги ўттиз етти миллиондан зиёд халқ тинчлик, осойишталикда ҳаёт кечирмоқда. Албатта, бунинг асосий негизи миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенгликка бориб туташади. Юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқликда, Ўзбекистоннинг эртаси учун камарбаста бўлиб яшаётгани кўзни қувонтиради.

Жаҳон динларининг ичида фақат исломда эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган. Бақара сурасининг 256-оятида: “Динда мажбурлаш йўқ” дейилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат –намуна бўлдилар.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Нажрон насронийлари келганида, ҳаттоки уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар. Расулуллоҳ ўзлари намуна бўлган ҳолда бутун умматни инсонлар ўртасидаги муносабатда ҳалимликка, бағрикенгликка чақирдилар.

Исломда бағрикенглик масаласи жуда муҳим ўрин тутади. Ислом кишиларни бирдамликка, яхшиликка, аҳилликка чақиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сураси 13-оятида: “Эй инсонлар, Биз сизни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик…”, дея марҳамат қилади.

Дарҳақиқат, исломда зўравонлик, ўзгага зулм етказиш йўқ. Ҳаттоки инсонларни динга зўрлик билан чақириш ҳам мумкин эмас. Ҳақиқий мусулмон, ўзини исломда деб билган кишиларнинг шиори тинчлик бўлиши керак. Мусулмон одам, ҳадисга мувофиқ, ўзгаларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор етказмаслиги керак. Аксинча, мўмин одам атрофдагиларга фақат манфаат етказиши зарур.

Пайғамбар алайҳиссалом: “Дин – ҳусни хулқдир”, деганлар. Яъни дин одоб, ахлоқ, инсонийликнинг гўзал тажассумидир. Хулоса қиладиган бўлсак, бағрикенглик инсон табиатига боғлиқ нарсадир. Аллоҳ инсонни худди шу табиат ила яратган. Инсоннинг соф табиати шиддат ва қийинчиликни ёқтирмайди. У доимо осонлик ва юмшоқликка мойил.

Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасининг 159-оятида: “Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар”, дея марҳамат қилган. Бу оят тафсирида: “Дарҳақиқат, инсон учун чиройли хулқдан кўра зарурроқ, муҳимроқ бирор фазилат йўқ. Динимизда чиройли хулқ эгаси бўлишга чақирилган. Одамлар билан хушмуомалада бўлиш яхшиликка тенглаштирилган”,2 дея тушунтирилади.

Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ўғли Абдуллоҳнинг бир яҳудий қўшниси бор эди. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) бир куни туя сўйди. У киши хизматкорларига «Қўшнимизни унутма!” деди. Бироз вақт ўтиб: «Яҳудий қўшнимизни унутмадингми?» деб сўради. Хизматкор: “Тақсир, ҳозир айтган эдингиз. Қўшнига гўшт ажратиб қўйдик, ҳозир олиб чиқиб берамиз”, деди. Уч-тўрт дақиқа ўтиб Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) хизматкорни чақириб, яна сўради. Шунда хизматкор: “Узр сўрайман, шу пайтгача сизга итоатсизлик қилган эмасман, биласиз. Кейин ҳам қилмайман. Нега қўшни ҳақида бунча қайғурасиз?” деб сўради. Шунда Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: “Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшни ҳақида мудом насиҳат қилар эдики, мен яқинда қўшнига ҳам мерос берилса керак, деб ўйлардим”, деганларини эшитганман”, дедилар. Афсуски, кейинги пайтда ислом динини нотўғри талқин қилиш натижасида жамиятда турли хил келишмовчилик ва муаммолар келиб чиқмоқда. Айрим кишилар исломнинг бағрикенглик дини эканини унутиб, бошқа дин вакилларигагина эмас, мусулмон биродарларига ҳам нотўғри муносабатда бўлмоқда. Буларнинг ҳаммаси илмсизлик, жоҳилликдан бўлак нарса эмас.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бағрикенглик борасида ўзбек замини азалдан дунё халқларига намуна бўлган. Юртимиз жуғрофий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани сабаб, ўлкада турли миллат ва элат вакиллари азалдан бир-бирлари билан тинч-тотув, аҳил-иноқ бўлиб яшаб келишган. Бугун мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат, элат вакиллари тотувлик ва диний бағрикенглик тамойилларига амал қилиб яшамоқда.

Ҳозирги замонавий дунёда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик давлат тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Шу боис, Янги Ўзбекистонда ҳам миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик
ва ўзаро ҳурмат муҳитини сақлашга катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда турли дин вакиллари ўз ибодатхоналарида эркин ибодат қила олади. Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон – бағрикенгликва бирдамлик ўлкасидир.

Бағрикенглик нафақат давлат ёки жамият даражасида, балки ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаётида ҳам муҳим фазилат ҳисобланади. Қуйидаги сабаблар шуни кўрсатади:

  1. Жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлайди.

– Агар инсонлар бир-бирини ҳурмат қилса, улар ўртасида низо ва келишмовчилик камаяди.

  1. Инсоний муносабатларни мустаҳкамлайди.

– Ҳар бир киши атрофидаги инсонларни тушуниб, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлса, жамиятда ўзаро ҳамкорлик ва бирдамлик кучаяди.

  1. Келажак авлод учун яхши намуна бўлади.

– Агар биз фарзандларимизга бағрикенглик, меҳр-оқибат ва ҳурмат каби фазилатларни ўргатсак, улар келажакда ана шу қадриятларга амал қилган ҳолда ҳаёт кечиради.

  1. Тараққиётга йўл очади.

– Фақат бағрикенг ва очиқ жамиятларда инновация, тараққиёт ва ривожланиш юз беради.

Хулоса. Ислом бағрикенглик динидир. У инсонларни ўзаро ҳурмат ва тинчликда яшашга чорлайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўллари бу борада бизга ибратдир. Бағрикенгликни асосий қадриятлардан бири сифатида қабул қилишимиз керак. Зеро, бағрикенглик – тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик гаровидир. Ҳар биримиз ўз қўшниларимиз, атрофимиздаги инсонлар ва бошқа миллат ва дин вакиллари билан ўзаро ҳурмат муҳитида яшасак, жамиятимиз янада равнақ топади. Бағрикенглик – тинчлик ва бирдамлик тимсоли!

[1] Ўзбек тилининг изоҳли луғати: Ў 16 “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, – Тошкент,2006. – 193 б.
Баёзхон Маҳмудов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Самарқанд

18 октябрь – Самарқанд шаҳри кунига бағишланади   Бу мисралар тунда эмас, ёзилмоқда тонг билан, …