Индонезиянинг Калимантан минтақасидаги уламолар ташаббуси билан XVIII асрда яшаб ўтган машҳур муҳаддис ва фақиҳ Муҳаммад Аршад Банжарий қаламига мансуб “Сабилул муҳтадийн” (“Ҳидоятга етганлар йўли”) асарининг факсимиле нусхаси Ўзбекистонга тақдим этилди.

Ушбу қимматли асарнинг дубликатлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази кутубхоналарига топширилди. Бу ҳақда Индонезиянинг етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири – “Калимантан Пост” нашри ҳам хабар тарқатди.

Жануби-шарқий Осиё минтақасида ислом ҳуқуқшунослиги соҳасида асосий манбалардан бири сифатида эътироф этиладиган ушбу асар асрлар давомида фатво ва таҳлилларда қўлланиб келаётган энг аҳамиятли ижтиҳод намуналаридандир.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мазкур ташаббусни тарихий меросни илмий асосда ўрганиш, манбаларни таҳлил қилиш ва ҳужжатли далилларга суянган ҳолда турли минтақалардаги илмий мактаблар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида қадрлайди.
Мазкур туҳфа нафақат илмий алоқаларни ривожлантириш, балки умумисломий маърифий маконда манбалар алмашуви ва фикрий жараёнларни бойитишнинг амалий ифодаси сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.
Марказ раҳбарияти ислом илмий меросининг кўламини чуқур англаш, турли минтақаларда шаклланган фиқҳий мактабларнинг ўзаро таъсирини тадқиқ этиш ва ёш тадқиқотчиларни манба асосида мустақил фикр юритиш маданиятига йўналтиришга қўшаётган ҳиссаси учун индонез олимларига чуқур миннатдорлик изҳор этади.
Калимантандан келган туҳфа илм чегара билмаслигини, у бутун инсониятнинг хазинаси эканини яна бир карра намоён этди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






