Home / ЯНГИЛИКЛАР / «САМАРҚАНД РУҲИ» – ИНСОНИЯТ ЯНГИ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МЕЗОНИ

«САМАРҚАНД РУҲИ» – ИНСОНИЯТ ЯНГИ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МЕЗОНИ

Ҳар куни йўл-йўлакай кимлар учрамайди, дейсиз. Айримлар олдидан қора мушук – янги бўлганини эслайди-да, хафсаласи пир бўлади. Шу паллада қаршисидан «жиддий идорада ишлайдиган» мақомидаги одам чиқиб қолса фурсатни бой бермайди. Мушук воқеасидан ташқари бошқа гапларни ҳам сўраб олгиси келади-да, саволга кўмиб ташлайди.

Мана, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқандда ўтяпти. Бундай пайтларда серсавол одамлар бўйинбоғ таққан танишини биринчи бўлиб қандай гап билан тўхтатади. Ҳа, албатта – «бу бизга нима беради?!»

Одам ишга кечикадиган бўлса ҳам масалани ойдинлаштирмай кетгиси келмайди. Ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилади. Ҳа, ЮНЕСКО деган ташкилот бор. У – БМТнинг Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича тузилмаси. Одатда у ҳар йили Бош конференциянинг сессиясини Парижда ўтказади. Лекин бу сафар Ўзбекистонда тўхталди, унинг энг фасоҳатли дурдонаси бўлган Самарқанд танланди. Нима учунми? Ҳа, тўғри айтасиз, Тошкентда ўтказиш ҳам мумкин эди. Самарқанд танлангани шуки, бир маҳаллар Бош директор Федерико Майор Ўзбекистонга ташриф буюрганида, бу кўҳна шаҳарга борган ва ҳар қандай олим одамни ҳам тахайюл билан чулғайдиган таассурот билан қайтган эди. Зижи Кўрагонийдан денгизчилар асрлар мобайнида фойдаланган, лекин сунъий йўлдошли ҳозирги ахборот асрида бунинг ўша даврдаги қадрини ҳар ким ҳам англайвермаслиги тайин.

Очилиш маросимида жуда тўғри таъкидланди, Самарқанд инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, цивилизациялараро мулоқот маркази сифатида кирганини инкор этиб бўлмайди.

Ғарбда «ҳамма йўллар Римга» олиб борса, Шарқда бу мавқе Самарқандга тегишли. Буюк алломаларимизнинг аксарияти шу ерда вояга етган, бошқа жойда таваллуд топганлари эса, фалак қадари билан уни маскан қилган. Давлатимиз раҳбарининг нутқида Мирзо Улуғбек тилга олинди. Бу бир ишора эди, холос. Аслида Самарқанднинг оҳанрабоси ҳақида китоблар ёзиш мумкин. Дейлик, Соҳибқирон баҳаво Шаҳрисабзнинг ўзини кенгайтириб, ҳар томонлама зеб бериб, уни салтанатининг бош шаҳрига айлантириши мумкин эди. Жалолиддин ё Бобур Мирзо Самарқанд учун қанчалар жон куйдирганини ҳаммамиз яхши биламиз. Ислом нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ақиданинг асосий устунларидан бўлган Имом Мотуридийнинг киндик қони шу тупроққа тўкилган. Ҳадис илмининг султони бўлган Имом Бухорий сўнгги нафасини айнан Самарқанд ҳавосидан олган. Хожа Аҳрор Валий шу ерда абадий қўним топган.

Одамзод лаҳзалик, шу бугунги куннинг ўзида наф берадиган тадбирга кўпроқ қизиқади. Бу унинг табиатидир. ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси Ўзбекистонда, Самарқандда ўтказилиши бизга ҳозирнинг ўзида нима бериши тўғрисидаги саволга аввало халқаро эътибор деб жавоб бериш мумкин. Қирқ йил давомида Париждан чиқмай келган анжуман Самарқандни ЮНЕСКОнинг, муваққат бўлса ҳам, пойтахтига айлантирганининг ўзи – катта воқеа. Кейинги манфаат шуки, бу билан «навбатдаги сессия» деган «навбатчи» сўз «ЮНЕСКОнинг Самарқанд саммити» сифатида жаранглайди. Бинобарин, халқаро майдонда тафаккур қўзғалади: «Ўзбекистон бежиз мезбонлик қилмаяпти, эътибор берайлик-чи, қандай нима гаплар бўлар экан!»

Ташаббуслар эса, қоғоз ё сўз учун эмас, балки том маънода амалиёт учун илгари сурилди. Бу фақат Ўзбекистонни эмас, бутун инсониятни ташвишга солаётган нозик масалаларга биргаликда ечим топиш ва оғир муаммоларни ҳамкорликда бартараф этишга қаратилган ғоя ва таклифлардир.

Шавкат Мирзиёевнинг нутқи билан ҳаммамиз матбуот орқали тўлиқ танишиб чиқдик. Шу боис унда билдирилган барча долзарб вазифаларни бирма-бир санашга вақт кетказмай, тўғридан-тўғри аҳамиятини баён этсак.

Дастлабки таклиф инклюзив таълим соҳасига тегишли: алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш платформаси жорий этиладиган бўлса, фақат шу турдаги муаммоларга учраган ота-оналар эмас, балки барча инсонлар бирлашган бўлар эди. Биз, инсоният ҳозирги вақтда тараққиётнинг энг олий босқичидамиз. Имконияти қайсидир даражада чекланган болага кўзимиз тушганида, бу муаммо бизни четлаб ўтганини эмас, балки шунчаки четлаб ўтаётганини, бизнинг жигарларимиздан бирини ҳам домига тортиши ва ўша норасиданинг ота­онасини, қариндош­уруғини ҳаловатдан айириши мумкинлигини ўйлаб кўришимиз керак. Жўнроқ айтганда, бошига шундай ташвиш тушган одамларнинг ҳолатини бир лаҳза ҳис қилайлик. Ахир, ҳеч ким дарддан кафолатланмаган­ку! Айниқса, экологик муаммолар авж олаётган, озиқ­овқат маҳсулотларининг таркиби табиат томонидан эмас, инсон қўли билан ўзгартирилаётган, баъзи минтақаларда қуролли можаролар, геоиқтисодий ё геосиёсий ўйинлар туфайли турмуш тарзи кескин бурилиб кетаётган, сунъий интеллект одамларни ўз жонига қасд қилишгача олиб бораётган шароитда.

Бундай вазиятда ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган ва креатив фикрлайдиган янги авлодни тарбиялаш вазифаси ўз-ўзидан устувор масала сифатида майдонга чиқади.

Кейинги таклиф ҳам йўл-йўлакай ташаббус эмас. Биз Афғонистон ё Сурия мисолида инсониятнинг бебаҳо хазинаси бўлган осори атиқа дурдоналари кўз ўнгимизда, ҳатто жонли эфирда барбод бўлганини кўрдик. Бу хунук тенденция давом этадиган бўлса, инсоният ўзининг моддий ва номоддий меросини аста-секин буткул қўлдан кетказади. Бир маҳаллар доҳий саналган, вақт ўтиши билан чақага арзимас китоблари писта қоғозига айланган шахсларни биламиз. Айни пайтда эътиборсизлик ва билимсизлик билан илм хазинаси саналган ноёб варақларни стол тозалаш ё ойна артишга ишлатиб юбормаслигимизга ҳеч ким кафил эмас. Шу билан бирга, Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, биз ташқи модага тақлид қилиб, ўзимизнинг достон ва лапарларимизга, илгари одамлар мол-ҳолини унутиб, тинглаш учун бутун қишлоқ бўлиб йиғиладиган қадриятларга қизиқмай қўйдик. Рамазон ойида «Ё Рамазон!» айтувчиларнинг сўзлари вилоят тугул, қишлоқлар ўртасида ҳам бир-биридан ажралиб турарди. Ҳозир интернетдан ёдлаб олинган тўрт сатрдан бошқа нарсани билмаймиз.

Шунинг учун ҳам ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» дастурини ривожлантириш керак. Бир муайян сана – Ўзбекистон таклифига кўра – 19 ноябрь халқаро «Ҳужжатли мерос куни» деб эълон қилинса, бу йўналишдаги ишлар ҳар йили сарҳисоб қилиниб, тартибланиб борган бўлар эди. ЮНЕСКО ҳузурида Рақамли мерос бўйича халқаро институт ташкил этилса, бу жараён халқаро миқёсда кузатувга ҳам олинарди. 2027 йили Бухорода ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғининг конгресси ўтказилса, яна ҳам яхши – айни муддао.

Гендер тенглик масалалари ҳозир кўп давлатларда долзарб. Бу – галдаги ташаббусга тегишли. Ўзбекистон Хотин-қизлар етакчилиги бўйича ЮНЕСКО академиясини ташкил этишни таклиф қиляпти. Нима учунми? Яна ўзимизнинг ўзбек оиласидан жонли мисол билан давом этамиз. Гап шундаки, ота ҳар қанча билимли ва илғор бўлмасин, она оми даражасида қолаверса, фарзанд олиймақом мактабга борса ҳам ўртамиёна бўлиб вояга етади. Чунки кундалик ҳаётда отанинг бор илғорлигини онанинг арзимас омилиги енгиб турадиган вақтлар бўлади. Бола ишдаги отанинг эмас, уйдаги онанинг тарбиясини кўпроқ олади. Ота кечқурун келиб китоб ўқиб бериши мумкиндир, дам олиш куни музейга олиб бориши мумкиндир, лекин бола барибир кўп вақтини онанинг таъсир доирасида ўтказади. Она савияси отаникига яқин ва мос бўлсагина, кутилган натижага эришиш мумкин. Шунинг учун хотин-қизларнинг мавқеини фақат илмий эмас, ижтимоий, иқтисодий ва ҳатто сиёсий жиҳатдан юксалтириш мақсадга мувофиқдир. Таклиф этилганидек, Самарқандда барча қитъаларнинг машҳур тадқиқотчилари, санъат намояндалари, педагог ва ихтирочи хотин-қизларнинг Таълим, маданият ва фан соҳасидаги глобал форуми ташкил этилса, бу масала бафуржа таҳлил қилинади ва энг таъсирчан, ҳар томонлама маъқул ва мақбул чоралар ишлаб чиқилади.

Илгари сурилган ташаббуслар ҳақида сўз юритар эканмиз, шуни айтиш керакки, экология эътибордан фаромуш бўлмаслиги аниқ эди. Глобал иқлим ўзгаришлари, бир минтақада чўлланиш, иккинчисида тошқинлар кузатилиши, тупроқ қатламлари емирилиши, бетартиб урбанизация каби муаммолар анчадан буён кўп илғор давлатларда «яшил сиёсат» устуворлик касб этишига олиб келди.

Лекин бутун дунё бундай эмас-да. ЮНЕСКО нуқтаи назаридан қараганда, хоҳ осори атиқа бўлсин (қадимий бинолар нураши), хоҳ халқ оғзаки ижоди бўлсин (геологик демография ўзгаришлари), хоҳ хўжалик, хоҳ қурилиш бўлсин, бузилаётган экология маданий мерос ва қадриятлар сақланиши ва давомийлигига салбий таъсир кўрсатаётгани барчани бирдек ташвишга солади. Ташкилот «ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти» танловини эълон қилса, мамлакатлар ва шаҳарлар халқаро нуфуз учун ҳам экологияга кўпроқ эътибор бериши тайин. «Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора­тадбирларни кучайтириш тўғрисида»ги резолюцияси ишлаб чиқилса, бу ўзига хос меъёрлар мажмуига айланиб, аввал «ЮНЕСКОнинг футбол бўйича бирор мамлакат жаҳон чемпиони бўлса, ўша саноқли футболчи ва мураббийдан бошқа ҳеч ким тайинли фойда кўрмайди. Лекин ҳамма шунга ишқибоз бўлади. «ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти» бўлиш учун шундай беллашув юзага келмаслиги мумкин эмасми?! Бу масала бўйича Хива шаҳрида халқаро симпозиум ўтказилса, вазият яна ҳам ойдинлашади.

Юқорида ахборот асри тилга олинди. Тўғри, биз уйда ўтирган жойимизда тансиқ таомга буюртма беряпмиз, авиачипта оляпмиз. Лекин ахборот макони фақат қулайликдан иборат эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. У бир зумда бузғунчи кучлар учун арининг уясига айланиши ҳеч гап эмас. Шу маънода, маълумотларни таҳлилий идрок этиш, ёшларни манипуляциядан ҳимоя қилиш, ахборот шаффофлигини таъминлаш мақсадида ЮНЕСКОнинг Медиа саводхонликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегиясини ишлаб чиқиш ўта долзарб таклифдир. Юқорида қисман айтилганидек, бола интернетдан эмас, аввало ота-онадан тарбия олиши керак, халқаро ахборот тармоғига уланганда эса, нима яхши-ю нима ёмонлигини фарқлай билиши шарт.

Динлараро ё конфессиялараро зиддиятлар кучайиб бораётгани ҳақида алоҳида тўхталишга, ўйлаймизки, ҳожат йўқ. Исломни ниқоб қилган радикал гуруҳлар муқаддас эътиқодимизни булғаб кўрсатиб, динлараро адоватга йўл очаётган бўлса, ҳар хил оқимлар ўз орамизда ғавғони урчитишга уринмоқда. Ваҳоланки, ҳеч бир дин зўравонликни оқламайди.

Бинобарин, Самарқанд анжумани қатнашчилари форумни Янги Ўзбекистоннинг глобал гуманитар сиёсатдаги янги сифат босқичига қадам қўйганидан далолат деб атамоқда. ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиясини Парижда эмас, Самарқандда ўтказишга қарор қилингани юртимиздаги янгиланиш жараёнларига, Ўзбекистон раҳбариятининг очиқлик ва ислоҳотчилик сиёсатига халқаро майдондаги юксак ишончни намоён этяпти.

Хусусан, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле Ўзбекистоннинг фаол дипломатияси ва маданий меросни асраб-авайлашдаги ташаббусларини юқори баҳолади.

Шу боис, ушбу анжуман «Самарқанд руҳи»ни инсоният тараққиётининг янги мезони этиб белгилаб берди, десак, муболаға бўлмас. Чунки Шавкат Мирзиёевнинг нутқи, кўпчилик ОАВ вакиллари таъкидлаганидек, ўз мазмун­моҳиятига кўра, манифест даражасидаги ҳужжат бўлди. Аслида давлатимиз раҳбари XXI аср учун янги гуманистик йўл харитасини таклиф этди. Шу маънода, «Самарқанд руҳи» фақат жуғрофий эмас, балки маънавий таснифдир. У инсонни илм, маданият ва ахлоқнинг марказига қўяди ган тамаддун тамойилининг янги шакли сифатида муомалага киражак.

Бош конференциянинг 43-сессияси раиси Хондкер Муҳаммад Талҳа бежиз Алишер Навоийнинг «билим ва ҳикмат инсоннинг зийнатидир» деган мисрасини тилга олмади.

– Бу сўзлар, – деди у, – Ўзбекистон Президентининг йўлини – таълим, фан ва меросга, жамиятга хизмат қилиш ва умумий фаровонликка бағишланган йўлни жуда яхши акс эттиради.

Шу иборанинг ўзи ҳар қандай хулосадан авлодир.

Анвар БОБОЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: “Оила ва табиат” газетаси 2025 йил 6 ноябрь, №44(702)

Check Also

Ҳамкорлик тенденцияси кучаймоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Индонезиядаги  Қуръон илмлари институти (Institut Ilmu Al-Qur’an (IIQ Jakarta) билан …