Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун халқаро пресс-тур ташкил этилди. Унда Тожикистон, Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Эрон, Хитой, Афғонистон ва бошқа мамлакатлардан келган журналистлар, шунингдек, “Euronews” ва “BBC” ахборот агентликлари вакиллари қатнашди.

Тадбир давомида меҳмонлар Марказ музей экспозицияси билан танишиб, кутубхона фаолияти, ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш, очиқ илмий муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда тадқиқотчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот олди. Марказ фаолияти ва мақсадларини ёритувчи махсус видеоролик ҳам намойиш этилди.

Хорижий журналистлар Марказда илм, маърифат ва тарих уйғунлашган илмий муҳит яратилганини таъкидлаб, айниқса, Имом Бухорий ва улуғ алломалар меросини замон талабларига мос илмий ёндашув асосида ўрганиш ҳамда тизимли равишда тарғиб этиш йўлга қўйилганини муҳим ва долзарб қадам сифатида баҳолади.
Пресс-тур натижасида Марказнинг халқаро медиа билан очиқ мулоқот формати янада мустаҳкамланди, дунё жамоатчилигига Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот мактаблари, тарихий меросни асраш ва ўрганиш жараёнлари ҳақида манзилли ва ишончли ахборот етказилди.

Шу тариқа, мазкур халқаро тадбир нафақат ахборот алмашинуви платформаси, балки Ўзбекистоннинг илмий ва маънавий меросини тарғиб этишда муҳим PR тадбир сифатида катта аҳамият касб этди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz







