Home / МАҚОЛАЛАР / ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК – БЕБАҲО ТИНЧЛИГИМИЗ ГАРОВИ

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК – БЕБАҲО ТИНЧЛИГИМИЗ ГАРОВИ

Юртимиз қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи ва бир-бирига ўхшаш бўлмаган турли халқлар, миллатлар яшаб келаётган заминдир.

Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев таъкидлаганларидек,Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади[1].

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар”, – деб белгилаб қўйилганлиги, кўпмиллатли халқимиз ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш учун яратилган заминдир.

Мамлакатимизда миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш учун барча ҳуқуқий асослар ҳамда зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Бағрикенглик маданиятини шакллантириш ва янада мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бағрикенгликдан асосий кўзланган мақсад инсониятни тинчлик ва осойишталикни сақлашга ундашдир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон диний бағрикенглик ва динлараро мулоқот борасида бутун дунёга намуна бўлмоқда. Республикамизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансуб бўлишидан қатъий назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда, юртимиз равнақи учун фаолият юритиб келмоқдалар. Юртимизда виждон эркинлигига доир қонун асослари янада такомиллаштирилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилган.

Тарихдан шу нарса маълумки, қайси жамият ҳаётида диний бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди. Шунинг учун ҳам инсоният Ер юзида ҳаёт кечиришни бошлагандан буён бағрикенглик тамойилларига амал қилиб яшашга эҳтиёж сезади.

Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудуди қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи, бир-бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар яшаган ўлкадир. Ўзбекистоннинг жўғрофий нуқтаи назаридан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий алоқалар қилгани ерли халқларнинг диний ва маънавий ҳаётига, шунингдек, Мовароуннаҳрдаги урф-одатлар ҳам ўзга юртлар маданияти ривожига салмоқли таъсир кўрсатган. Бу эса ўзига хос миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни шакллантиришдаги асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.

Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон заминида қадим замондан ислом дини билан бир қаторда бошқа дин вакиллари ҳам ёнма-ён яшаб, ривожланиб ва бу жамиятнинг маънавий юксалишига муайян ҳисса қўшди.

Мана шундай диний бағрикенглик намуналарини юртимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам кўплаб кўришимиз мумкин. Айримларини мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг қўшини таркибида яҳудий ва яна бошқа динга мансуб аскарларни ҳам хизмат қилиши ёки Соҳибқироннинг ўғилларидан Мироншоҳ ўша пайтдаги Франция, Испания ва Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинлангани фикримизнинг тасдиғидир. Ҳиндистон халқи бугунги кунгача Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларини ҳурмат билан ёдга олади. Сабаби бобурийлар давлатни диний бағрикенглик асосида бошқарган эдилар.

Муқаддас ислом динимизда ҳам бағрикенглик тушунчаси диний истилоҳда “мурувват” деган маънони англатиб, кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндошиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир[2].

Бошқа динлар сингари ислом дини ҳам азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто, ғайридинлар (исломдан бошқа динга эътиқод қилувчилар)га ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, ислом ўзидан аввалги самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик)ни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакилларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини шариат қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто, ораларида яшайдиган ғайридин (бошқа диндаги)ларга, аҳли зимма[3]га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг амри ҳамда Расулининг умматга берган кўрсатмаси эди. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!…[4].

Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради” – деб марҳамат қилганлар. Айнан ана шу ҳадисни эътиборга олган ҳолда ҳазрати Умар (р.а.) Амр ибн Ос (р.а.)ни Мисрни фатҳ қилишга юбораётиб: “Эҳтиёт бўлинг! Яна Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ўзингизга душман қилиб қўйманг” – деб огоҳлантиргандилар[5].

Қуръони каримнинг бир неча оятларида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик масалалари кенг ёритилган. Жумладан, “Оли Имрон” сурасида: “Айтинг (Эй, Муҳаммад!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Қуръон)га ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва (унинг) авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса (ваҳий)га имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини (тасдиқлашда) фарқ қилмаймиз ва биз Унинг ўзигагина бўйин сунувчилармиз”[6].

Шу суранинг охирги оятида эса: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” – деб амр қилинган[7]. Қуръони карим ўзидан олдинги муқаддас китоблар Забур, Таврот, Инжилларни тан олишга, аҳли китобларни, яъни, бошқа дин вакилларини ҳурмат қилишга чақиради. Одамларни ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳамкорликка чақириб, фитна, нифоқ ва низоларнинг ҳар қандай кўринишини енгиб ўтишга даъват этади. Муқаддас динимиз тарихидан ҳам бағрикенгликнинг юксак кўринишига намуна бўла оладиган мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Жумладан, Пайғамбар (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорлик қилиш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар.

Шунингдек, Хайбар ғазотида мусулмонларга ўлжа тушган нарсалар ичида Тавротдан бир қанча саҳифалар ҳам борди. Яҳудийлар келиб Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўша саҳифаларни қайтариб беришни талаб қилдилар. Пайғамбар (с.а.в.) уларни яҳудийларга қайтариб беришга амр қилдилар. Зеро, бошқа дин вакилларининг қадриятларини эъзозлаш ислом динининг гўзал ахлоқларидандир. Шунинг учун яҳудийлар учун муқаддас ҳисобланган саҳифаларга заррача зиён етказилмай ўзларига қайтарилди. Бу воқеалар исломдаги диний бағрикенгликнинг ёрқин далилидир.

Имом Воқидий ва Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Абу Ҳудрад Асламийдан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб (р.а.) билан Жобияга келдик. У киши аҳли зиммадан бир чолнинг таом тиланиб юрганини кўриб қолиб, унинг кимлигини сўрадилар. “У аҳли зиммадан, ёши улғайиб, заифлашиб қолган”, дейилди. Умар (р.а.) унинг зиммасидаги жизя[8]ни бекор қилдилар. Кейин: “Ундан жизя олиб, заифлашган чоғида таом тилантириб қўйдингизми?!” деб, Байту-л-мол[9]дан ўн дирҳам нафақа жорий қилдилар. Унинг оиласи бор эди”.

Бундан ташқари, Қуръони каримда бошқа дин вакилларининг ибодатхоналари – монастир, бутхона ва синагогаларга ҳурмат билан қарашга буюрилган. Қуръони  карим бизларга таълим берган яна бир муҳим ҳақиқат бу бошқа дин вакиллари, яъни насронийлар ва яҳудийлар ибодат қиладиган жойларга чуқур эҳтиром ва ҳурмат билан муносабатда бўлмоқликдир. Қуръоннинг хабарига кўра, аҳли китоблар ибодат қиладиган жойлар, яъни, монастирлар (роҳиблар узлатга чекинадиган ибодатхона), бутхона (насронийлар ибодатхонаси) ва синагогалар (яҳудийлар ибодатхонаси) Аллоҳ таолонинг ҳимоясидадир. “Ҳаж” сурасида: “Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф этиб турмас экан, албатта Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига (динига) ёрдам берадиганларга ёрдам берур. Шубҳасиз, Аллоҳ кучли ва қудратлидир” – дейилган[10].

Ушбу оят ҳар бир мусулмонга аҳли китоблар ибодат қиладиган жойларни чуқур ҳурмат ва ҳимоя қилиш муҳимлигини очиқ-ойдин кўрсатиб қўйган.

Бошқа дин (миллат)даги кишиларнинг ҳурматини жойига қўйишда ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга ўрнак бўлганлар:

“Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Одамлар бир жанозани кўтариб ўтишди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) маййит ҳурматига ўринларидан турдилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ (с.а.в.) бу вафот қилган киши яҳудийку” – дейишди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Яҳудий одам эмасми?” – дедилар. Бу гаплари билан саҳобалардан ранжиганликларини билдириб, бошқа диндаги кишиларга нисбатан қандай муомала қилиш кераклиги борасида амалий кўрсатма бердилар.

Пайғамбаримиз (а.с.) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Муҳаммад (с.а.в.) бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олар эдилар. Масалан, Пайғамбар (с.а.в.) бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари тарихда маълум ва машҳур.

Пайғамбар (с.а.в.) Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар.  У  зот (с.а.в.) Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига туширганлар ва у ерда ибодат қилишларига рухсат берганлар”[11].

Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки, бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида масжид, черков ва синагогалар ўз ибодатчиларига эмин-эркин хизмат кўрсатиб келгани, тарихимизнинг оғир синовли дамларида ҳам диний асосда ҳеч қандай можаро келиб чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолат беради. Шу боисдан ҳам Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Яҳудийлар жамоасининг вакилларидан бири Р. Бенеман шу ҳақда тўхталар экан, Бухорода дастлабки синагога VIII асрдаёқ қурилганини, бошқа дин вакиллари билан бир қаторда ўз динларига эркин эътиқод қилиш учун ўша пайтдаёқ етарли шарт-шароит яратиб берилганини таъкидлаб, “Ўрта аср Европаси ва Византия империясида қувғин қилинган яҳудийлик, Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”, – деб ёзади[12].

Ўзбек халқининг бағрикенглиги турли эътиқод ва маданиятларга ҳурмат билан қараши миллат ва элат вакиллари томонидан чуқур самимият билан эътироф этилмоқда.

Ҳозирги вақтда юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари, 16 та диний конфессия, 2200 дан ортиқ диний ташкилотларнинг диний бағрикенглик асосларига риоя қилган ҳолда ўзаро тинч-тотувликда умргузаронлик қилаётгани сўзларимизнинг яққол далилидир.

Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта бўлиши, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши учун инсонлар ўзаро меҳр-оқибатли бўлиши, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, қариндошчилик ва қўшничилик ҳақларига риоя этиш, ўзга дин вакилларига бағрикенг бўлиш каби инсоний фазилатларда намоён бўлади.

Зеро, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий мезонларидан бири бўлиб, ушбу тамойиллар юртимиз тараққиёти ва тинчлигининг гаровидир.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари

[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг БМТнинг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан.
[2] Турсунов А. Ислом – бағрикенглик дини. www.xatib.uz.
[3] Аҳли зимма ёки зиммий (араб. бировнинг зиммасидаги шахс) – ислом давлати соясида яшайдиган ғайридинлар. Яъни, улар дини, жони, моли ва б. соҳаларининг тинч-омонлиги мусулмонлар зиммасида бўлганлардир. Улар б-н ахднома тузилганда мусулмонлар ана ўша нарсалар ила уларни таъминлашни ўз зиммаларига олганлар. Пайғамбар (с.а.в.) даврларида Мадинаи Мунавварада яҳудийлар мусулмонлар б-н аҳднома асосида аҳли зимма бўлиб тинч-омон ўз динларига амал қилиб яшаганлар.
[4] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2004. –Б. 108.
[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Васатия – ҳаёт йўли. – Т.: Шарқ, 2010. –Б. 214.
[6] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2004. –Б. 61.
[7] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2004. –Б. 76.
[8] Жизя (араб. жон солиғи) – дастлаб араб халифалигида, кейинчалик б. мусулмон давлатлари (жумладан, Ўрта Осиё)да мусулмон бўлмаган фуқаролардан олинган жон солиги. Ж. балоғатга етганларга солинган (қариялар, аёллар, болалар, қул ва ишга яроқсизлар эса Ж.дан озод қилинган). Ж. асосан, пул ва натура тарзида ундирилган.
[9] Байту-л-мол (араб. “мол-мулк уйи”) 1) ислом мамлакатларида давлатга қарашли мол-мулк; 2) қимматбаҳо нарсалар сақланадиган бино. Б.ни дастлаб халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.) таъсис қилган. Ундаги бойликлар асосан хирож, жизя, закот, хумс каби солиқлардан тўпланган.
[10] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2004. –Б. 337.
[11] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Васатия – ҳаёт йўли. – Т.: Шарқ, 2010. –Б. 276-277.
[12] Бенеман Р. Деятельность религиозных организаций по укреплению межрелигиозного согласия. “Межрелигиозное согласие – важное условие углубления демократических процессов в странах Центральной Азии (на примере Республики Узбекистан)”. Материалы международной конференции. – Т.: 2002. –Б. 125-126.

Check Also

ИСЛОМДА БАЙРАМ ТУШУНЧАСИ ВА ИЖТИМОИЙ БАЙРАМЛАР ҲУКМИ

Байрамлар ва йиллик нишонланадиган кунлар халқлар ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди. Тарих давомида йилда бир нишонланадиган …