Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Маънавиятнинг қудрати — илм ва тафаккурда

Маънавиятнинг қудрати — илм ва тафаккурда

Бeрдақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Жаҳолатга қарши — маърифат” мавзусида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Тадбир ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини кучайтириш, турли зарарли ғоялар ва ахборот таҳдидларига нисбатан мафкуравий иммунитетни янада мустаҳкамлашга қаратилди.

Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Ж.Жумаев ва А.Мамадалиев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Дин ишлари бўйича бош мутахассиси Х.Незаматов, шунингдек, Муҳаммад Ибн Аҳмад Беруний номидаги Нукус ўрта-махсус ислом билим юрти директорининг ўринбосари Қ.Мамбетов ёшларнинг онги ва дунёқарашини соғломлаштиришда маърифат, очиқ фикр ва танқидий тафаккурнинг ўрни беқиёс эканига алоҳида тўхталиб ўтди.

Маърузаларда диний экстремизм ва миссионерликнинг хавфли оқибатлари, глобал ахборот муҳитида ёшлар онгини ҳимоя қилиш, ватанпарварлик ва фуқаролик масъулиятини кучайтириш масалалари ёритилди. Талабаларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалаётган нотўғри маълумотларни танқидий баҳолаш, ахборот манбаларини тўғри саралаш ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга оид саволларига жавоб берилди.

Учрашув якунида маърифатли жамият барқарор тараққиётнинг асосий омили экани, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар тизимли равишда давом эттирилиши зарурлиги таъкидланди.

Check Also

Илм – умумий мулкимиз

Индонезиянинг Калимантан минтақасидаги уламолар ташаббуси билан XVIII асрда яшаб ўтган машҳур муҳаддис ва фақиҳ Муҳаммад …