Инсониятнинг ижтимоий ҳаётида бағрикенглик, сабр-тоқат ва инсоний фазилатлар муҳим ўрин тутади. Жаҳон динлари, айниқса, ислом дини мазкур фазилатларни ҳаёт мезони сифатида талқин этиб келган. Ислом динида зулмга қарши туриш, адолатни таъминлаш, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга, ўзаро бағрикенглик ва сабр асосий ахлоқий қоидалардан ҳисобланади. Ислом таълимотида бағрикенглик ва сабрнинг моҳияти, Қуръони карим ва ҳадислар асосида уларнинг аҳамияти ҳамда бу фазилатларнинг инсон ва жамият ҳаётидаги зарурий аҳамияти кўп зикр этилган.
Юртимизда 38 миллиондан ортиқ 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Уларнинг 94 фоизидан зиёди ислом динига эътиқод қилади. 3,5 фоизга яқини православ, қолган қисми бошқа диний конфессияларга мансуб.
Ўзбекистонда виждон эркинлиги Конституциямизнинг 35-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб барча дин ва миллат вакилларининг виждон эркинлиги қонуний кафолатланган[1].
Барча диний таълимотлар негизида эзгулик, солиҳ амал ва яхшилик улашиш ётади. Шу билан бирга, бағрикенглик масалаларига алоҳида аҳамият берилади. Ислом хусусида айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло “Мумтаҳана” сурасида бундай марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни суяди”[2].
Буюк муфассир Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” асарида мазкур оятни бундай тафсир қилган: “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомалада бўлинг”.
Мовароуннаҳрлик яна машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз ва амалда яхшилик қилинг”, деб шарҳлаган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари тўғрисида шундай марҳамат қилганлар: “Ким ғайридинни ҳақорат қилса, қиёмат куни ўтдан ясалган қамчи билан урилади”[3]. Бу ҳадисда бошқа дин вакиллари билан чиройли муомалада бўлиш ва уларни ҳақорат қилмаслик, ҳатто ким бу амални қилса қиёмат куни жазоланиши таъкидланмоқда.
Бошқа дин вакиллари билан мулоқотни Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасида қуйидагича баён этади: “Сизлар аҳли китоблар билан фақат чиройли услубда мунозара қилингиз”[4]. Бу каби оят ҳадислардан кўриниб турибдики ислом динининг асосий тамойили инсонийлик фазилатларига риоя этиш, инсоният ўртасидаги муносабатлар улуғ даражада бўлишини таъминлашга қаратилган.
Бағрикенглик фазилати ислом динида имоннинг энг афзали даражасига кўтарилгани тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”, – деб таъкидлаганлар [5].
Тарихий манбаларда бу заминда ислом дини кириб келгунга қадар яшаган халқлар ўртасида ҳам ўзаро муносабатлар яхши бўлгани баён этилган.
Бухоро яҳудийлар жамоаси вакилларидан бири Р.Бенеман бу шаҳарда дастлабки синагога VIII асрда қурилганини таъкидлаб, бундай қўшимча қилади: “Ўрта аср Европаси ва Византия империясида қувғин қилинган яҳудийлик Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”.
ХV аср бошларида Амир Темур саройига келган Кастилия элчиси: “Соҳибқирон Темур Самарқандда турли дин вакилларини йиғиб, уларга илтифот кўрсатади. Насронийликка эътиқод қилувчи меҳмонлар учун алоҳида масъул шахс тайинлайди. Мақсад – улар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш”, деб ёзган.
Конфессиялараро бағрикенглик нафақат диндорлар, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади. Зеро, бу тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шартидир. Юртимизда ноисломий конфессияларга мансуб тузилмалар эркин фаолият юритади. Ҳатто ҳар хил динларга оид ибодатхоналарнинг ёнма-ён барпо қилинганига кўзимиз тушади, бу ҳам жамиятимиздаги диний бағрикенгликнинг амалий тасдиғидир. Илоҳий динларнинг ҳаммаси барча замон ва маконларда кишиларни эзгу иш, илм-маърифат, чиройли хулқ ва одобга чақирган. Жаҳолат, бузуқлик ва ёмон ишлардан қайтарган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарса тақдим қилолмайди”дедилар”[6].
Бу эзгу чақириқларни христиан дини манбаси бўлган Инжил китобида ҳам кўриш мумкин. Пайғамбар Исо алайҳиссалом ўз эргашувчиларига шундай мурожаат қилганлиги таъкидланади: “Душманларингизни севинглар… сизга жабр-зулм ўтказганларнинг ҳаққига ибодат қилинглар….” [7][6.5/44]ёки бошқа бир ўринда “Бир чаккангга урганга иккинчисини ҳам тут”[8]. [5.6/29]
Илоҳий китобларнинг ҳеч қайси ерида зулм ва зўравонлик қилишга йўл қўйилмайди. Христиан дини Библия китобида “… рaҳм қилгaнлaр, рaҳм тoпaдилaр, … тинчликпaрвaрлaр нaжoт тoпaдилaр, … бaрчa инсoнлaр билaн тинч-тoтув бўлинглaр”[9] деб баён қилинади. Бу каби эзгу амалларни Буддавийлик динида ҳам кўриш мумкин. Унда шундай жумлалар келтирилади: “Барча динлар ҳамма eрда яшаши даркoр, уларнинг барчаси учун ягoна истак ўз-ўзини бoшқариш ва қалб сoфлигидир” [10]. Авестода ҳам эзгу сўз ва амал ҳақида: “Ҳақ сўздан ўзга ҳеч нарсани ўйлама, ҳақ сўздан ўзга ҳеч нарса тўғрисида суҳбатлашма, ҳаққоний амалдан бошқа ҳеч нарса билан шуғулланма” деб таъкидланади.
Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясининг 10-бандида: “Динлараро мулоқот ва ўзаро тушуниш принципи асосида турли динларга эътиқод қиладиган ёки бирор-бир динга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли конфессияларга оид ташкилотлар ўзаро диний бағрикенглик, муроса, ҳурмат ва ўзаро тушуниш асосида мулоқот ўрнатади”, деб таъкидланган[11].
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” деб номланиб, бу йўналиш доирасида миллатлараро ва динлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари ишлаб чиқилиб, бу борада жуда катта аҳамиятга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин-ки, барча динлар, илоҳий кўрсатмалар инсониятни фақат маърифат, эзгулик ва яхшиликка чақириб келган. Уларни охиратдан қўрқишга, Яратганни олдида албатта жавоб беришдан, савоб ишлар учун мукофот ва ёмон амаллар учун жазо муқаррар эканлигидан огоҳлантириб турган. Яхши ишларни бажаришда ўзаро ҳамкорликка чақирган ҳамда жаҳолат, разолат ва қабоҳат ишлардан қайтарган. Динлар таълимоти бағрикенгликка, чиройли хулқ-одобга, сабр-бардошликка чақириб, инсонларни доимо шукрона келтириб ҳаёт кечиришга даъват этиб келган. Шунингдек, бу эзгу ғоя ва амаллар бугунги кунда давлатимиз томонидан асосий эътибор қаратилган соҳага айланган.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






