Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори ҳамда “Биз бир оила фарзандларимиз!” мавзусида дўстлик фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Жонибек Жумаев, Абдулбосит Мамадалиев ва Баёзхон Маҳмудов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Дин ишлари бўйича бош мутахассиси Худайберген Незаматов, институтнинг қорақалпоқ адабиёти кафедраси доценти Қабил Мамбетов, турли миллат вакиллари бўлган талаба-ёшлар иштирок этди.

Фестиваль дастури Ажиниёз музейи зиёрати билан бошланди. Меҳмонлар буюк сўз заргари Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва ижодига оид экспонатлар, шунингдек, институт тарихи ҳақидаги қимматли маълумотлар билан танишди.

Шундан сўнг “Жаҳолатга қарши – маърифат билан” ғояси асосида маънавий-маърифий суҳбат ташкил этилди. Институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қувондиқ Қодиров халқлар ўртасидаги дўстлик, бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик жамият барқарор тараққиётининг муҳим омили эканини таъкидлади.

Маърузаларда кўп миллатли мамлакатимизда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва дўстона муҳитни янада мустаҳкамлаш, ёшларни миллатлараро тотувлик ғояси руҳида тарбиялашнинг долзарб аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Фестиваль институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли ва иқтидорли ёшлар ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






