Замонамизда ер юзида фасод тарқатувчи, ҳамма жойга фитна сочиб юрадиган, мўминлар орасида ихтилоф чиқариб иттифоқларга раҳна соладиган, одамларнинг ибодатларига, эътиқодларига, амалларига асоссиз сўзлар билан таъна қиладиган талфиқчи бемазҳаб кимсалар ижтимоий тармоқда фитналарини гоҳ у шаклда, гоҳ бу шаклда кўрсатиб турибди. Уларнинг навбатдаги янги фитнаси витр намозидаги Қунут дуоси борасида бўлди. Витр намозида ўқиладиган дуолар тўғрисида писанд қилмаган оҳангда айрим фикрларни айтиб чиқибди. Зотан, ҳақиқий холис олим киши шариатга оид масалаларда, хусусан намоз ҳақида бунақа оҳангда бепарво ҳолатда гапирмайди.
Даставвал, витр намози ва қунут дуосининг исломдаги мавқеини англаб олишимиз учун унинг ўқилиши тарихи ва сабабларига назар ташласак. Маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилганларидан кейин саҳобаларнинг аксари Мадинага ҳижрат қилишди. Бироқ сафарга чиқишга қурби етмай Маккада қолган мусулмонларнинг аҳволлари оғир эди. Уларнинг айримлари ҳибсга олинди, баъзилари барча ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум этилди. Пайғамбар алайҳиссалом намозда уларнинг ҳақига дуо қилиб, Аллоҳ таолодан мушкулларини осон қилишни илтижо қилиб сўрар эдилар. “Дуои қунут” ўшанда пайдо бўлган. Бошқа бир манбаларда таъкидланишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Риъл ва Заквон қабилаларидан исломни қабул қилганини айтиб, динни ўргатиш учун бир неча қориларни юборишни сўраб элчилар келишади. Сўнг улар ўзларига юборилган қориларни хиёнаткорона ўлдиришади. Шу сабабли Набий соллалоҳу алайҳи васаллам бир ой Риъл ва Заквон қабилаларини дуоибаъд қилиб қунут ўқийдилар.
عن أنس قال: قنت النبى صلّى الله عليه وسلّم شهرا يدعو على الرعل و ذكوان
Анас ибн молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллалоҳу алайҳи васаллам бир ой Риъл ва Заквон қабилаларини дуоибаъд қилиб қунут ўқидилар”.[1]
Қунут сўзи луғатда “дуо, тазарруъ” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда мушкул ҳолатда қолган киши намозда рукуъдан олдин такбир айтиб қулоқ қоқиб, Аллоҳ таолога илтижо қилган ҳолда ёмонликни даф қилиш ёки яхшиликни жалб қилишни сўраш дуоси “қунут” деб аталади.
Қунут дуосининг ҳукмига тўхталадиган бўлсак, витр намозида учинчи ракатда зам сура қироатидан кейин такбир айтиб қўл кўтаргандан сўнг дуо ўқиш вожиб. Ҳанафий мазҳабида қунутда вожиблик маъносида муайян бир дуо тайин қилинган эмас. Аммо “Қунут дуоси” номи билан машҳур дуони ўқилиши кенг тарқалган. Бу дуо витр намозининг учинчи ракаъатида, рукуъдан олдин ўқилади. Ҳанафий мазҳабига кўра хуфтон намози вақтида витр намозини ўқиш ва унда дуо қилиш вожиб, дуода айнан “Қунут”[2] номи билан машҳур дуони ўқиш суннати муаккада, саналади[3].
Шофеъий ва моликий мазҳабларида бомдод намозида мунтазам ўқилади. Шофеъий мазҳабида “Аллоҳумма иҳдиний фиман ҳадайта” дуосини ўқиш шарт.
Ҳанафий мазҳабида витр намозини ўқиш вожиб эканига бир қанча ҳадисларни далил қилиб келтирилган, аммо бу алоҳида катта бир мавзу бўлгани сабабли унга тўхталмаймиз[4]. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, витр намозининг учинчи ракаатида рукуъдан олдин қунут маъносидаги дуони ўқиш вожиб саналади.[5] Жумладан, Имом Бухорий ҳам “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”да ҳам қунут дуоси рукуъдан олдин ўқилишига хулоса қилган.[6] Бурҳонддин Марғиноний “Ҳидоя” асарида:
قال المرغينانيُّ: (وفيها واجباتٌ، كقراءة الفاتحة… والقنوت في الوتر…؛ ولهذا تجبُ عليه سجدتَا السهوِ بتركها، هذا هو الصَّحيحُ، وتسميتُها سُنَّة في الكتابِ لِمَا أنَّه ثبَت وجوبُها بالسُّنَّة).
“Намознинг ичида Фотиҳа сурасини қироат қилиш, витрда Қунут дуосини ўқиш каби вожиб амаллар бор. Улар вожиб амал бўлгани сабабли, уларни тарк қилган кишига саждаи саҳв вожиб бўлади. Мана шу фатво тўғрироқдир. Бу амаллар Қуръони каримда суннат деб айтилган бўлса-да, уларнинг вожиблиги ҳадислар билан собит бўлган. Витр намозида дуо қилиш Имом Абу Ҳанифа наздида вожиб, Имом Муҳаммад ва Имом Абу Юсуф наздида суннат амалдир. Қабул қилинган фатво Абу Ҳанифанинг сўзидир”.[7]
عن عمر بن شعيب قال: خرج النبى صلّى الله عليه وسلم على اصحابه فقال: إن الله زادكم صلاة إلى صلاتكم. فحافظوا عليها و هى الوتر.
Амр ибн Шуайбдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар олдига чиқдилар ва: “Аллоҳ таоло сизларни намозларингизга яна бир намозни зиёда қилди. Уни муҳофаза қилинглар. У витрдир,” дедилар.[8]
Ҳанафий мазҳаби уламолари витрда рукудан олдин “Қунут”ни ўқишга қуйидаги далилларни келтирган: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактабларида бевосита таълим олган бу умматнинг фақиҳи Абдуллоҳ ибн Масъуд[9], Аьбдуллоҳ ибн Аббос, Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳум) ва бошқа кўплаб машҳур саҳобалар Қунут дуосини рукуъдан олдин ўқиганлари ривоят қилинган.[10]
عن عبدِ الرحمنِ بنِ الأسودِ، عن أبيه، قال: كان ابنُ مسعودٍ لا يَقنُتُ في شيءٍ من الصَّلواتِ إلَّا في الوتر قبلَ الركوع.
Асвад ибн Язид Нахаъийдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд фақат витрнинг рукуъсидан олдин “Қунут” ўқир эдилар.” [11]
عن إبراهيمَ، عن عَلقمةَ، قال: إنَّ ابنَ مسعودٍ وأصحابَ النبيِّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم كانوا يَقنُتونَ في الوترِ قبلَ الرُّكوعِ.
Алқамадан ривоят қилинади: Ибн Масъуд ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари рукуъдан олдин қунут дуосини ўқир эдилар[12].
عن أبي بن كعب: أن رسول الله صلى الله عليه وسلم كان يوتر فيقنت قبل الركوع. رواه ابن ماجة
Абдуллоҳ ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Абдуроҳман ибн Абзо ва яна бир қанча саҳобалардан (розияллоҳу анҳум) ривоят қилинган ҳадисга биноан ҳам Қунут дуоси рукуъдан олдин ўқилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам витрда рукуъдан аввал “Қунут” ўқирдилар”. Ибн Можа ва Дора Қутний ривояти.
Қунут дуосини рукуъдан олдин ўқилишига далил бўлган бу каби ривоятлар жуда ҳам кўп.
Ким “Қунут” дуосини ўқимай рукуга кетган бўлса, саҳв саждаси қилади. “Қунут” дуосини билмаган одам уни ёдлаб олгунича уч марта “Аллоҳуммағфир лий”, деса ёки “Роббанаа атина”ни ўқиб турса бўлади. Одатда таровеҳ намозида витр ҳам жамоат билан ўқилади. Шунда муқтадий имомнинг ортидан “Қунут”ни ўқийди.
Намоз фарз бўладими, вожибми, суннатми, даражасидан қатъий назар у мўминнинг меърожидир. Намоз ичидаги амаллар гарчи мустаҳаб даражасидаги амал бўлса ҳам, “қилсанг ҳам бўлаверади, қилмасанг ҳам бўлаверади,” каби сўзлар билан менсимасдан гапириш, жумладан витр намози ҳақида ҳам бундай оҳангда гапириш олим одамнинг феълидан эмас.
Намозга тегишли амаллар бепарволик билан “қилмасанг шарт эмас” деб айтилмайди. Қилсанг савоб бўлади, қилолмасанг гуноҳкор бўлмайсан, каби иборалар билан тушунтирилса, мақсадга мувофиқ саналади. Чунки юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, намоз қадри буюк ибодат, у мўминнинг меърожидир. Намоз ўқиётган киши гўё меърожда Аллоҳ таоло билан ҳамроз айтишаётгандек мақомда туради. Намоз ҳам, ундаги дуолар ҳам “қилсам ҳам, қилмасам бўлар экан” деб ўқиладиган нарса эмас. Аксинча ундаги дуолар ихлосу тавозеъ билан ўқиладиган муножотдир. Ихлосу тавозеъ билан намоз ўқиш ибодатнинг ижобат бўлганини белгисидир. “Ўқисам ҳам, ўқимасам ҳам ҳеч нарса бўлмас экан” деб бажарилган ибодатнинг савоби ҳам “ҳеч нарса бўлмайди” қабилида бўлишига ҳеч шубҳа йўқ.
Эътиқод, ибодат ва дуога оид амалларда сўз юритишда гапира олар эканман деб, ҳамма мени сўзимга муштоқ бўлиб қулоқ солиб ўтирар экан деб оғизга келганини гапиравериш чаласавод кишига хос бўлган ва оқибати хайрли бўлмаган ишдир. Шу сабабли шаръий масалаларда сўзлашдан олдин айтиладиган сўзларимизни фақат ақл тарозисида эмас, шариат мезонида ҳам тортиб кўришимиз лозим. Аллоҳим барчамизни ҳидоятда собит қилиб, тўғри йўлдан адаштирмасин.