Самарқанд тарихи хорижий мамлакатлар тарихшунослигида ҳам ўрганилган. Ғарб ва Шарқ тарихчи олимлари ва саёҳатчилари Самарқанднинг XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётига оид маълумотларни келтирган. Самарқанднинг Россия империяси босқини даври тарихи Ғарбий Европа тарихшунослигида ҳам таснифланган. Шу сабабдан, ҳозирги кунда ушбу масалани чуқур тадқиқ этиш ва уни тизимли ёритиш асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Мазкур мақолани тайёрлашда умумқабул қилинган тарихий методлар – илмийлик, холислик, тарихийлик, қиёсий-манбавий таҳлил ва кетма-кетлик тамойилларига амал қилинди.
Самарқанд инсоният сивилизатсиясининг қадимий марказларидан бири бўлиб, жаҳон маданияти ва фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Дарҳақиқат, Самарқанд Россия империяси таркибига киритилганидан сўнг дунёнинг таниқли халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва университетларида унинг тарихи, маданияти ва таълим тизимини кенг кўламда ўрганишга қизиқиш бошланган.
Варвара Духовская ўзининг асарида ёзишича, қуруқликда йўлларнинг ёмонлиги Москва ёки Петербургдан Тошкентга бориш Лондондан Калкуттагача бўлгандан кўра анча кўпроқ вақт талаб қилган [17:5]
Аммо, 1888 йилда Самарқандгача бўлган Транскаспий линияси қуриб битказилгач, ушбу ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий алоқалар анча жадалласҳган. Н.А.Маев ўз асарида: «Транскаспий темир йўлининг 1888 йилда Самарқандгача келиши билан шаҳар бирмунча вақт Россия Туркистонидаги энг жўшқин шаҳарга айланган» деган сўзларни келтириб ўтгани ҳам юқоридаги фикримизнинг исботидир [13:214].
1888 йилда Ҳиндистон вице-қироли Жорж Курзон янги қуриб битказилган Транскаспий темир йўли бўйлаб Россия Туркистони орқали Самарқандга экспедиция уюштиргач [6:12], европалик тарихчи ва сайёҳларнинг Самарқандга келиши тезлашган.
Бу даврда Самарқанд тарихини ўрганишга инглиз, француз ва немис тарихчи олимлари ва саёҳатчилари – Жон Веслей Букволтер, Деметрий Чарлз Балгар, Уилям Элрой Кёртис, Жорж Добсон, Ингеборг Балдауф, Бонвалот Пер Габриэл, Генри Лансделл, Александр Леман, Генри Норман, Вулрих Перовне, Изабелла Мари Фиббс, Шуберт фон Золдерн, Макс фон Просковетс, Армений Вамберилар катта ҳисса қўшган. Улар Самарқанднинг ўтмиш тарихи ва меъморий обидаларининг бунёд этилиши ҳақида кўплаб биография ва монографиялар ёзган [2:67].
Моррисон ўзининг асарида 1886 йилдан кейин Самарқанд вилояти (Самарқанд области) Россия Туркистони бўлинмалари ичида энг кичик ва аҳоли энг зич жойлашгани бўлиб, бу ҳудуддаги архив маълумотлари бошқа жойларга нисбатан кўпроқ бўлган [2:2].
Бу империя тарихига оид асар бўлиб, асосий эътибор Россия империясининг Самарқанддаги тузилмалари, мафкуралари ва қадрларига қаратилган.
Моррисоннинг асарида Самарқанд шаҳрининг импэраторлик давридаги тарихи, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жиҳатдан ўзгариши ҳақидаги фаразлар кўриб чиқилган. Зарафшон водийсида кўчманчилар нисбатан кам бўлган ва улар ўтроқ халқларга нисбатан императорлик тузуми билан анча фарқли муносабатда бўлган [2:3].
Моррисоннинг таъкидлашича, мустамлакачилик давридаги Самарқанд вилоятининг тарихини тўлиқ ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўрганиш учун шарқ тилларидаги манбалардан фойдаланиш талаб этилган. Моррисон В.В.Крестовскийнинг «В гоcтях у Эмира Бухарcкого» асаридаги генерал-губернатор фон Кауфманнинг «Самарқанд – Ўрта Осиё Москвасидир» [2:21] деган фикрини келтириб ўтиш орқали Самарқанднинг босиб олиниши руслар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаган. Лансделл китобининг сарлавҳасида ҳам «Россия Ўрта Осиёси»нинг маркази Самарқанд шаҳри экани назарда тутилган [7:42].
XIX асрнинг 60-70 йилларида Самарқандда Россия ҳукмронлиги ўрнатилди. Россия Самарқандни қурол, қақшатқич уруш ёрдамида босиб олди ва ўзининг вассалига айлантирди. Самарқандда тўлалигича мустамлакачилик сиёсати ўрнатилиб, иқтисод, маданият ҳам шунга бўйсундирилди. Лекин бошқа шарқ мамлакатларида бўлиб ўтаётган маърифатпарварлик ва мустамлакачиликка қарши ҳаракатлар таъсирида Самарқандда ҳам Россия империяси мустамлакачилари хоҳишига зид ҳолда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдуқодир Шакурий, Сиддиқий Ажзий каби маърифатпарварлар ўлка аҳолисини илмли қилишга ҳаракат қилди. Аста-секин ундан маърифий масалалар билан бирга, сиёсий масалаларни ҳам олға сура бошлаган жадидлик ҳаракати келиб чиқди.
Самарқанд шаҳридаги жадидлар ҳаракати мавжуд тузум учун хавфли кучга айланиб борган. Россия империяси ўлкада олиб борган сиёсатининг мазмуни ва моҳияти маҳаллий халқни унинг миллий, тарихий илдизидан узиб ташлаш, халқнинг маънавий, маданий, тарихий мэросини йўқ қилишдан иборат бўлган. Мустамлакачилар «Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, унинг маданияти, санъати ва тилини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи таназзулга учрайди» деган фикрни илгари сурган ва унга оғишмай амал қилган [12:132].
Самарқандда ана шундай ёвуз қарашларга мос сиёсат ва амалиёт юритилди. Самарқанднинг ноёб тарихий, маънавий, маданий бойликлари талон-торож қилинди. Шаҳарнинг маънавий-маданий ҳаётини акс эттирувчи олтин, кумуш, мисдан ясалган қимматбаҳо ёдгорликлар, архив ҳужжатлари, қўлёзма ва бошқа тарихий бойликлар Москва ва Петербургга ташиб кетилди [4:7].
Масжид ва мадрасалар оёқ ости қилинди. Аҳолини руслаштиришга алоҳида эътибор берилди. Мустамлакачилик сиёсати ўлканинг маданий-маърифий ҳаётини чеклаб, ўз манфаатларига бўйсундирувчи йўл тутди. Россия империяси буюк давлатчилик ғояларини Самарқандга зўрлик билан жорий этди, миллий маданият ва маънавий қадриятларни топтади [19:91].
Бу эса ўлканинг иқтисодий, маънавий-маданий тараққиётига жиддий салбий таъсир кўрсатди, маҳаллий аҳолининг нафақат турмуш даражаси пасайишига, балки маънавий-маданий жиҳатдан инқирозга юз тутишига сабаб бўлди. Деметрий Чарлз Балгар ўзининг 1879 йилда нашр этилган «Энгланд анд Русциа ин Cэнтрал Ациа» номли асарида қуйидаги фикрларни билдирган: «Ўрта Осиёнинг қадимий пойтахти, бугунги Лондондек дунё ишларида куч ва таъсир манбаси бўлган, архитектураси ва меъморий обидаларининг ҳашамати жиҳатдан Париж ва Венадаги биноларни ортда қолдирадиган, академияси ва таълим жараёнларининг олийлиги билан Афина академияси билан тенглаша оладиган, диний мавқейи бўйича Римдан ҳам устун турувчи Самарқанд Россия империяси босқинидан кейин аҳолиси ҳам танимайдиган шаҳарга айланиб қолган эди [4:8].
XIX асрда Регистон бозор билан ўралган бўлиб, бир нечта мадраса, Амир Темур қабри, унинг хотини мақбараси ва битта ажойиб масжиддан иборат бўлган. Регистон майдонига тавсиф беришда қуйидагича сўзлар келтириб ўтилган: «Форснинг Арслони ва қуёши сирланган Шердор мадрасаси Регистоннинг шарқий томонида жойлашган бўлиб, олтин қоплама билан қопланган Тиллакори номи билан машҳур мадраса шимолда жойлашган» [8:320].
Самарқандда XIX аср охирларида ўнлаб мадраса ва маҳаллий мактаблар мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари кўп юзлаб талабаларни ўз ичига олган. Бинолар икки ёки уч қаватли бўлиб, тўртбурчакли маконни эслатар, унда талабалар ҳам яшаб, ҳам дарс тайёрлаган. Ушбу хусусияти билан Самарқанд мадраса ва мактаблари инглиз университетлари ва коллежларига жуда ўхшарди. Шубҳасиз, Самарқанднинг асрлар давомида даврнинг ўта мураккаб босқичларида изчил ривожланиб, жаҳолат тўсиқларини енгиб, юксак илм-маърифат масканига айланганини том маънода жасорат намунаси дейиш мумкин.
Норманнинг келтириб ўтган маълумотларининг исботи сифатида шуни айтиш мумкинки, XIX асрда Самарқанд шаҳри ва унинг атрофларида жами 22 та бозор, жумладан, шаҳарнинг шимолий қисмида битта от бозори мавжуд бўлган [8:212].
Самарқанднинг Регистон қисмида турли йўналишларга борадиган бошқа бозор кўчалари мавжуд бўлиб, уларнинг баъзиларида ҳалигача эски тошдан қурилган карвонсаройлар бўлса, бошқа бинолар бутунлай янги ёғочлардан қурилган [14:51].
Перовне ўзининг асарида XIX асрда Амир Темур мақбарасидан пастроқда одамлар билан тўлган бозор фаолият олиб боришини ёзган [20:158].
Бу даврда Самарқанд шаҳрида пахта, ипак, буғдой ва шоли, шунингдек, пичоқ, мева, от, қўй ва хачирлар савдоси билан шуғулланувчи бозорлар бўлган. Буғдой, гуруч ва ипак асосан Бухорога экспорт қилинган бўлса, пахта Тошкент орқали Россияга жўнатилган [7:604].
Лансделл ўз асарида Самарқандда Темур қабри йонида жойлашган манзилгоҳ Шоҳи-Зинда масжиди эканини, Леман ва Хаников ўз асарларида бу жойни Амир Тэмурнинг ёзги саройи деб атаганини ёзган. Аммо Федченко ва Лансделл аниқ далил йўқлиги туфайли бу фикрга қарши чиққан [7:571].
Норман ўз тадқиқотида Амир Темур қурдирган бинолар мустаҳкам бунёд этилгани, улар замонлар оша ўз ҳайбати ва чиройини сақлаб келгани ва шу сабабдан энг улуғвор меъморий санъат намунаси эканини қайд этган. Шунингдек, у Соҳибқирон қурдирган ҳар бир бино хомашёси, услуби ва номлари тўғрисида тўхталиб ўтган [8:328].
Леман XV асрда Самарқанд машҳур савдогарлар қароргоҳи бўлганини таъкидлаб, Россия ва Татаристондан тери, мўйна ва асаларилар, Катайдан (Хитой) ипак, мушк, марварид, қимматбаҳо тошлар ва равон (силлиқ қайроқтош) олиб келинганини айтиб ўтган. Самарқанддан Камбалугача (Пекин) бўлган саёҳат 6 ой давом этган [1:25].
Ғарбий европалик тарихчи ва сайёҳларнинг Самарқанд тарихига қизиқиши Темурийлар давридаги ижтимоий-иқтисодий тарих мавзусидан бошланиб, Россия босқини давридаги Самарқанд тарихининг ўрганилишигача бўлган тадқиқот доирасини ташкил қилган. Шарқшунос Армений Вамбери ўзининг асарида XIX асрда Самарқандда бозор ва карвонсарой, шу жумладан, ҳожилар учун текинга бериладиган ётоқхоналар борлигини таъкидлаган.
Вамбери Амир Темур қабри ёнидаги хусусий уйда яшаб, Самарқанд тўғрисида маълумот тўплаган. Самарқанддаги энг диққатга сазовор жой Шоҳи Зинда мажмуаси бўлиб, бу жой шаҳарнинг шимоли-ғарбида, Амир Темурга ёзги қароргоҳ сифатида хизмат қилган бино ёнида жойлашган. Амир Темур қабри эса жануби-ғарбий томонда жойлашган бўлиб, у ажойиб гумбаз билан қопланган ва девор билан ўралган бўлган. Бундан ташқари, Вамбери XV-XIX асрларда Самарқандда мавжуд бўлган учта мадраса асосан очиқ осмон остида жойлашган ва Самарқанд Регистонини ташкил қилганини ҳам таъкидлаб ўтган [3:203-211].
Бу даврда Самарқандда Чўпон ота масжиди ва мақбараси бўлиб, унинг гумбази мовий-фируза рангли эмаль билан қоплангани ҳам таъкидлаб ўтилган [20:169].
Леманнинг фикрича, Чўпон отадан Самарқандга қаралганида шаҳар катта тўқайзорга ўхшайди. Унда мадрасалар ва ранг-баранг миноралар ажойиб кўринади [1:152].
Вамбери маълумотларига кўра, Даҳбед гўзал зийоратгоҳ ва дам олиш маскани бўлган. Ушбу мажмуа Самарқанддан узоқда, Зарафшон дарёсининг нариги томонида жойлашган ва Махдуми Аъзам авлодлари йашайдиган ҳамда шу ерда дафн этиладиган мажмуа ҳисобланган [3:214].
XIX асрга келганда Самарқанддан ташқарида жойлашган ёдгорликлардан энг муҳими рус кварталидан жануби-ғарбий йўналишда, тахминан 4 фарсах узоқликда жойлашган Хожа Аҳрор мақбараси ва мадрасаси ҳисобланган. Хўжа Аҳрор мадрасаси атрофида ушбу даврда Намозгоҳ масжиди ҳам бўлиб, унинг гумбази қулаб тушган вайрона ҳолатда бўлган [14:52-55].
Дастлаб рус қўшинлари ўлкани бирин-кетин босиб олиб, шаҳарлардаги кўплаб меъморий обидаларга ҳам катта зарар етказган. Бу ҳолат Самарқандни ҳам четлаб ўтмади. 1868 йил 1 майда Самарқанд яқинидаги Чўпон ота тепалигида рус подшоси қўшинлари билан самарқандликлар ўртасида қаттиқ жанг бўлиб ўтган. Самарқандликлар шаҳарни босқинчилардан мардонавор ҳимоя қилган [19:228].
1868 йил Подшо Россияси қўшинлари Самарқандни қамал қилганда Бибихоним жоме масжиди тўп ўқидан вайрон бўлган. Аммо Россия империяси даврида Самарқанд кўчаларида кафелар, чойхоналар, музқаймоқхоналар, китоб дўконлари, ресторанлар, дорихоналар, заргарлик буюмлари дўконлари, сартарошхоналар, фотогалереялар, озиқ-овқат дўконлари, гўшт бозорлари ва бошқа замонавий жойлар бунёд этилган. Шаҳардаги ўтмиш ёдгорликларини ўрганишда Туркистон ҳаваскор археологлар тўгарагининг хизмати каттадир. Ушбу ташкилот Тошкентда 1895 йилдан 1917 йилгача фаолият олиб борган [11:514-515].
Моррисоннинг таъкидлашича, 1868 йилда Самарқанд шаҳар аҳолиси фон Кауфманга мактуб йўллаб, руслар шаҳарни эгаллаб олишини, амир шаҳар мудофаасига масъул этиб тайинлаган қўмондон Шир Али Иноқ шафқатсизликларига чек қўйишини сўраган. Фон Кауфман шаҳарга кириб келганида, шаҳар оқсоқоллари уни ҳурмат ва эҳтиром ила кутиб олгани сабабли шаҳар аҳолиси бир йиллик солиқдан озод қилинган [2:22].
Деметрий Чарлз Балгарнинг сўзларига кўра, генерал-губернатор фон Кауфман Самарқанд қозикалонига мактуб йўллаб, шаҳарнинг ўз ихтиёри билан таслим бўлишини талаб қилган. Шундан сўнг Самарқанд шаҳар аҳолиси рус қўшинларига дарвозаларни очиб берган [4:180].
Аммо ўша вақтда Самарқандда бўлган рассом В.Верешчагин ўз асарида Самарқанд эгаллаб олингач, фон Кауфман бундай қарор чиқармаганини ва шаҳар аҳолиси генерал-губернаторни лаънатлаганини ёзиб қолдирган [18:12].
Норманнинг сўзларини исботловчи далил деб олсак, XIX асрда Самарқанд аҳолиси сартлар дейилган. Сартлар шаҳарлик ва савдогар одамлар бўлиб, Россия импэрияси тузумига мутлақо бўйсунмаган [8:297].
Ҳаттоки, Генри Лансделл ҳам ўз асарида 1868 йил 14 июлда Бухоро амири Каттақўрғон яқинидаги Зирабулоқ мавзесида фон Кауфманга қарши курашганини ва амирни руслар бутунлай мағлубиятга учратганини келтириб ўтган [7:625]. Шубҳасиз, Самарқанд учун кечган миллий-озодлик жангларини инобатга олсак, фон Кауфманнинг шаҳарга зиён-заҳматсиз келгани ҳақидаги хабарлар мутлақо асоссиздир.
Моррисон Самарқанддаги руслар томонидан қурдирилган тарихий иншоотлари ҳақида ёзар экан, бу ерда Офицерлар клуби, олтин юлдузлар билан безатилган кўк гумбазли ёғоч черков (1898 йилда ғиштдан қайта тикланган) ва округ губернаторининг қароргоҳи бўлган узун, пастак оқ бунгало (бугунги кунда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги жойлашган) бўлганини ҳамда ушбу бинолар Амир Темур мақбарасигача чўзилган Абрамовский бульварида жойлашганини таъкидлаб ўтган [2:26].
Норман ўз асарида XIX асрда губернатор қароргоҳи Самарқанддаги бир неча гектар майдонни эгаллаган тўртбурчак деворли боғнинг ўртасида жойлашган катта ва кенг бино эканини баён қилган [8:334].
Бундан ташқари, Лансделл XIX асрда Самарқандда ҳарбий касалхона ҳам фаолият олиб борганини ва бу муассаса губернатор қароргоҳининг орқа томонида жойлашганини таъкидлаб ўтган [7:596]. Ушбу маълумот ҳаққонийлигини Вулрих Перовне ҳам ўзининг «Марказий Осиёдаги рус мезбонлари ва инглиз меҳмонлари» номли асарида келтириб ўтган [20:167].
Ступаковнинг таъкидлашича, ушбу иншоотлар билан бир қаторда 1898-1899 йилларда Самарқандда 111 та завод мавжуд бўлиб, уларда атиги 1718 ишчи ишлаган [16:10]. Уларнинг учдан бир қисми пахта тозалаш корхоналари бўлса, қолгани асосан озиқ-овқат ва спиртли ичимликлар ишлаб чиқарадиган заводлар бўлган [16:45]. Ушбу даврда шаҳардаги спиртли ичимликлар ишлаб чиқарадиган заводлардан энг машҳурлари Отто Богау пиво заводи ва Филатов ароқ заводи ҳисобланган [16:131].
Самарқандда иншоотлар ва меъморий обидалардан ташқари Самарқанд милицияси бошлиғи томонидан ҳомийликка олинган меҳрибонлик уйи ҳам бўлганини ва у жойда ўғил болалар 7 ёшгача, қизлар эса турмусҳга чиққунига қадар тарбияланганини ёзиб қолдирган [20:161-162]. Изабелла Мари Фиббс ҳам XIX асрда Самарқандда етим ва камбағалларга ёрдам берадиган меҳрибонлик уйлари фаолият олиб боргани ҳақида маълумот берган [10:200].
Перовненинг фикрича, Самарқандда тарихий музей ҳам бўлиб, у шаҳар черковининг ёнида жойлашган. Бундан ташқари, бу даврда Самарқандда ипак ва жун фабрикалари ҳам фаолият олиб борган. Худди Тифлисда бўлганидек, Самарқандда ҳам шароб тайёрлаш жарайони аъло тарзда олиб борилишини айтиб ўтган. Самарқандда илмий жиҳатдан вино тайёрлайдиган катта-катта ғорларни кўрганини ўз асарида таъкидлаган [20:163-164].
1917 йилдаги сиёсий воқеалар Самарқанддаги тарихий ёдгорликларни ўрганиш жараёнини тўхтатиб қўйди. 1920 йилга келиб, Тошкентда Ўрта Осиё ёдгорликларини ўрганиш ва асраш қўмитаси ташкил этилди. Бунинг учун марказдан мутахассислар жалб этилган. 1920 йил ўлкадаги тарихий ёдгорликларни ҳимоя қилиш ва музей ишлари бўйича Туркистон қўмитаси тузилди [19:234].
Қўмита ташкил топган илк йилларда асосий эътиборини тарихий ёдгорликларга бой Самарқандга қаратган эди. Самарқанд ёдгорликларини ўрганиш Туркистонни руслар томонидан босиб олинган вақтдан бошланган. Подшо ҳукумати даврида бу ердаги ёдгорликлар археологик комиссия рўйхатида турган. Дастлаб уларни таъмирлаш вақф маблағлари ҳисобидан амалга оширилган [15:67].
Ёдгорликларни ҳимоя қилиш мутавалли ва у ерда ишловчи кишилар зиммасида бўлган. Вақф мулкларининг тугатилиши ва моддий етишмовчиликлар туфайли уларни муҳофаза қилиш ишлари сустлашган ва ёдгорликлар таъмирталаб ҳолга келган. 1919 йил бошларида Самарқандда ёдгорликларни вайрон бўлишдан муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш бўйича махсус кенгаш чақирилган. Маблағ ва хом ашёнинг етишмаслиги сабабли таъмирлаш ишлари бажарилмай қолган [9:112].
1920 йил Самарқанддаги меъморий ёдгорликларни муҳофаза қилиш масаласи яна кўтарилган. Шундан сўнг Самарқандда ёдгорликларни муҳофаза қилиш, таъмирлаш бўйича махсус қўмита тузилган. Қўмита Самарқанддаги ёдгорликларни кўздан кечирганидан сўнг, уларни икки гуруҳга бўлган: 1) Вайрон қилинган; 2) Сақлаб қолиш ва таъмирланиши мумкин бўлган ёдгорликлар [9:113].
Самарқанд қўмитаси ўз фаолиятининг биринчи йилида ҳалокат ёқасида турган ёдгорликларни таъмирлашга аҳамият қаратди. Бунда асосий эътибор ёдгорликлар томини таъмирлашга қаратилган. Дастлаб ғишт, алебастр ёки бошқа аралашмалар ёрдамида ёпилган ёдгорликлар усти ёрилиб, чанг ва лойқага тўлган. Бу ердан ўсимликлар ўсиб чиқиб, уларнинг илдизи ғиштларга таъсир этган ва ёмғир сувининг ичкарига киришига имкон яратган. Томларни ихчам усулда ёпиш масаласи Самарқанд қўмитаси ва Москва ёдгорликларни қайта тиклаш қўмитасида кўриб чиқилган [5:149].
Бу масалани муҳокама қилиш жараёнида томни йопишнинг уч усули илгари сурилган: 1) Энг юқори қисмини алебастр қоришмаси билан қоплаш; 2) Юпқа темир-бетон плиталар билан ёпиш; 3) Томни кучли ишқорий аралашмалар ёрдамида беркитиш. Бундай ишларни амалда синаб кўриш учун Тиллакори мадрасасининг томи танланган. Бу ёдгорликдаги таъмирлаш ишларида қуйидаги ишлар амалга оширилган: масжиднинг чап қанот юқори қисми қайта тикланган, қишки ва айрим ҳужралар, меҳроб капитал таъмирдан чиқарилган [5:150].
Сўзимиз якунида, XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Самарқанд воҳасидаги меъморий ёдгорликлар ўша давр рус ва инглиз тадқиқотчи олимлари томонидан ўрганилганини ва улар таҳлил қилинганини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Обидалар устида олиб бориладиган ишлар ўша давр маҳаллий рўзномалари ва тўпламларида нашр этиб борилган. Мустамлака давридаги Самарқанд тарихи ва меъморий ёдгорликларнинг Ғарбий Европа олимлари томонидан ҳаққоний ўрганилиши натижасида илмий-тарихий маълумот ва манбалар тўпланган.
Англия, Франция, Германия ва бошқа Ғарбий Европа мамлакатларидан келган тарихчи ва сайёҳлар Самарқанд тарихи манбашунослиги ривожига улкан ҳисса қўшган. Улар Ғарб тарихшунослиги ва манбашунослигига салмоқли ўзгаришлар киритди. Немис ва француз манбашунослик ва тарихшунослик мактабидан етишиб чиққан шарқшунос олимлар тадқиқотлари XV-XIX асрлардаги Самарқанд тарихини илмий жамоатчиликка етказишда катта роль ўйнади. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ушбу манбаларни тадқиқ этиш бошланди. Бу эса, ўз навбатида, Самарқанд шаҳри ва унда жойлашган меъморий обидалар тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
-
Alexander Lehmann. Reise nach Buchara und Samarkand. – Petersburg, 1852.
-
Alexander Morrison. Russian rule in Samarkand 1868-1910. – New York: Oxford University Press, 2008.
-
Armenius Vambery. Travels in Central Asia. – London, 1864.
-
Demetrius C. Boulger. England and Russia in Central Asia. Volume 1. – London, 1879.
-
George Dobson. Russia’s railway advance into Central Asia. – London: W.H.Allen & Co., 1890.
-
George Nataniel Curzon. Russia in Central Asia in 1889. – London: Longmans, Green & Co., 1889.
-
Henry Lansdell. Russian Central Asia. Volume 1. – London, 1883.
-
Henry Norman. All the Russias travels and studies in contemporary European Russia, Finland, Siberia, the Caucasus and Central Asia. – London: William Heinemann, 1902.
-
Ingeborg Baldauf. Some thoughts on the formation of the Uzbek nation. – Berlin, 1991.
-
Isabelle Mary Phibbs. A visit to the Russians in Central Asia. – London, 1899.
-
John Wesley Bookwalter. Siberia and Central Asia. – Springfield, Ohio: 1899.
-
Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Танланган асарлар // 9 жилдлик. VII жилд. – Тошкент, 1999.
-
Mayev N.A. Grand opening of the Samarkand section of the Trans-Caspian Railway. – Moscow, 1888.
-
Schubert von Soldern. Die Baudenkmale von Samarkand. – Vena, 1898.
-
Stephen Graham. Through Russian Central Asia. – London, New York, Toronto and Melburn: 1916.
-
Stupakov I.E. Address directory of the Turkestan region. – Tashkent, 1910.
-
Varvara Dukhovskaya. Turkestan Memories. – SPb, 1913.
-
Vereshchagin V.V. At War in Asia and Europe. Artist’s Memories. – Moscow: 1894.
-
William Eleroy Curtis. Turkestan: The Heart of Asia. Copyright by G.H.Doran Comp. – New York: 1911.
-
Woolrych Perowne. Russia Hosts and English Guests in Central Asia. – London, 1898.