Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Икки илмий амалиёт сарҳисоби

Икки илмий амалиёт сарҳисоби

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндорлари бўлган Марказ амалиётчилари – Малайзия халқаро ислом университети профессори Шукрон ибн Абдураҳмон ва Индонезиядаги Раден Интан ислом университети ўқитувчиси Даманҳури Армади илмий изланишлари якунига доир тақдимот ўтказди.

Дастлаб малайзиялик меҳмон икки ойлик амалиёти давомида амалга оширган ишлари ва эришган натижалари ҳақида атрофлича маълумот берди. Бу муддат мобайнида илмий ҳамкорликда қатор мақолалар тайёрланиб, “Millah: Journal of Religious Studies” ва “Journal of Islam in Asia” каби нуфузли халқаро илмий журналлар ва интернет платформаларида нашр этилди. Хусусан, Шовосил Зиёдов ва Отабек Муҳаммадиев билан ҳамкорликда тайёрланган мақолаларнинг бундай нашрларда эълон қилиниши тадқиқотнинг халқаро миқёсдаги эътирофидан далолат беради.

Шунингдек, ислом дунёсида анча кенг оммавийлашган IslamiCity ва IslamonWeb каби онлайн платформаларда ҳам мақолалар эълон қилиниб, уларнинг айримлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти ва бу ерда амалга оширилаётган илмий-маърифий ишлар тўғрисида атрофлича маълумот бергани билан алоҳида аҳамиятга эга.

– Бу мақолалар орқали халқаро жамоатчилик Самарқанддаги илмий муҳит, Марказ фаолияти ва Имом Бухорий меросининг замонавий аҳамияти ҳақидаги тасаввурларини бойитди, деб ўйлайман, – деди тадқиқотчи.

Маърузада таъкидланганидек, тадқиқотчининг асосий илмий лойиҳаси 240 бетлик тадқиқотдан иборат бўлиб, у меҳнат одоби масалаларига бағишланган. Лойиҳа тўрт асосий йўналишни қамраб олган: шахсий меҳнат одоби, жамоадаги муносабатлар, раҳбар ва қуйи бўғин билан муносабатдаги одоб ҳамда ресурслардан фойдаланишдаги ахлоқий мезонлар.

Шу билан бирга, муаллифнинг “From Samarkand with Love: A Memoir Across Five Cities” (“Самарқанддан меҳр билан: Беш шаҳар бўйлаб саёҳат ажойиботлари”) номли китоби нашрга тайёрланаётгани маълум қилинди. Унда Самарқанд ва яна беш шаҳардаги (Тошкент, Бухоро, Макка, Мадина ва Истанбул) ҳаёт таассуротлари Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар билан уйғун тарзда баён этилган.

Тадқиқотчи жорий йил ноябрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган йирик халқаро конференцияда иштирок этиб, Ўзбекистон, Уммон ва Малайзиядаги таълим сиёсатига оид таҳлиллари билан маъруза қилишни ҳам режалаштирмоқда.

Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар ва нашрлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Даманҳури Армади “Исломшуносликни фикрий қарамликдан озод этиш ва илмий мустақилликни тиклаш” мавзусида олиб борган илмий изланишлари юзасидан маъруза қилди.

Тадқиқотчи замонавий исломшуносликда Ғарбга ҳаддан зиёд мойиллик, эпистемологик мустақилликнинг йўқолиши ва маърифий мустамлакачилик каби муаммоларга эътибор қаратди.

Таъкидланишича, марокашлик мутафаккир Тоҳа Абдураҳмон ва индонезиялик олим Муҳаммад Амин Абдулланинг ғоялари орқали “илмлар интеграцияси ва ўзаро боғлиқлиги” асосида исломшуносликка янги методологик ёндашувларни олиб кириш зарур. Маърузачининг фикрига кўра, бу жараён “эпистемик суверенитетни тиклаш”га хизмат қилиши лозим.

Шу билан бирга, маърузада Ғарб назарияларини танқидсиз қабул қилиш хавфи, анъанавий меросни ижодий талқин қилиш зарурати ва маънавий-ахлоқий асосланган тафаккурнинг аҳамияти урғу билан қайд этилди.

Якунда исломий илмий меросни тиклаш, фанлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва илмий мустақилликни таъминлаш бугунги кун учун долзарб вазифа экани қайд этилди.

Тадбир қизғин савол-жавоблар ва муҳокамалар билан давом этди.

Тадқиқотчилар кўрсатилган самимий меҳмондўстлик, ажойиб илмий муҳит ва муштарак маънавий қадриятларга юксак эҳтиром учун чуқур миннатдорлик изҳор этиб, бу ердаги ҳар бир учрашув ва мулоқот улар илмий ҳаёти ва фаолиятида унутилмас из қолдираётганини алоҳида таъкидлади.

Халқаро дастур иштирокчиларига Марказнинг тегишли сертификатлари топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илмий изланишлар йўлида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси айни пайтда Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий мажмуаси ҳудудида олиб …