“Рафъул ядайн” қилиш ёки қилмаслик масаласида тўхталадиган бўлсак, бу амал завоид амаллар тоифасига кириб, ҳукми ихтилофлидир. Бу ихтилофни фитнага айлантириш ёки унинг орқасидан мусулмонларнинг орасига тафриқа солиш соғлом фикрли олим кишига хос бўлмаган ишдир. Бир мусулмон иккинчисининг амалини фиқҳий ихтилоф масаласида маломат қилиш тўғри эмас. Ихтилофга сабаб бўлган фиқҳий масаладаги баҳсда мағлуб бўлишини “ҳуқуқини поймол қилиниш” сифатида талқин қилиш, бошқаларга фикрини ўтказиш учун “Виждон эркинлиги” қонунини даъво қилиш фақиҳ олимнинг иши эмас.
Ҳар бир амалда тартиб бўлса, унинг ижроси гўзал бўлади. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан диёримиздаги масжидларда мусулмонлар орасида турли хил тартибсизлик ва тушунмовчиликлар, ихтилоф ва фитналар чиқишини олдини олиш учун ибодатлар ҳанафий мазҳабида адо этилиши белгилаб қўйилган. Лекин бу ҳолатни виждон эркинлигига қарши кураш деб талқин қилиш нотўғри. Албатта, соғлом ақл эгалари диёримиздаги масжидларда ибодатларни Ҳанафий мазҳабида ижросини талаб қилинишини виждон эркинлиги тўғрисидаги қонунга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини яхши билишади.
Содиқ Самарқандийнинг фикрларида “виждон эркинлиги” намоздаги бир амалга аралашмаслик талаби каби тор маънога қисқартирилган. Аслида, виждон эркинлиги таъкидлаб ўтганимиздек дин танлаш, унга амал қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқи бўлиб, ҳар бир фуқаро ундан истифода этишга ҳақлидир. Содиқ Самарқандий ва унга ўхшаган салафийлару ҳизбийлар бу Қонунни ўзларига ҳимоя воситаси қилиб, диёримиздаги масжидларни ихтилоф ва фитналар ўчоғи қилиб олишга ҳаракат қилаётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Тасаввур қилинг, “виждон эркинлиги” соясида масжидда улар сўраётган “рафъул ядайн” амалини қилишга рухсат берилса?! Бу ёқда барлавийлар ҳам, ҳизбийлар ҳам, салафийлар ҳам ва яна бир қанча турли оқимдаги кимсалар ҳар бири бир томон бўлиб ўз қарашларини масжидда намозга келганларга ўтказиш учун талаб қилиб чиқса? Унда масжидни масжидлиги қоладими? Ҳамма масжидлар фитна ва ихтилофларнинг маконига айланиб кетмайдими?
Ҳар бир мусулмон киши яхши билади, масжидга ихтилоф чиқариш, баҳс-мунозара қилиш учун эмас ибодат қилиш учун борилади. Аллоҳ таолога муножот, илтижо қилиб дуо қилиш учун борилади. Ўзини кўз кўз қилиб, урфда бўлмаган амалларни қилиб, мусулмонлар жамоасида ихтилоф чиқариш учун эмас. Хусусан, олимлик даъво қилаётган киши бундай ишдан эҳтиёт бўлиши керак. Тарихда ўтган уламоларимиз ҳар доим ихтилоф чиқаришдан сақланганлар. Бу ўринда Имом Шофеъ раҳимаҳуллоҳ Имом Аъзам – Абу Ҳанифа қабрларини зиёратига борганларида намозларини ҳанафий мазҳабида адо этганларини эсга олиш кифоя қилади. Жумладан, узоқ йиллар Дамашқ, Боғдодда ва исломий илмларнинг бошқа марказларида шофеъий мазҳабидан таълим берган фақиҳ аллома Абу Бакр Қаффол Шоший раҳматуллоҳ алайҳ Шошга қайтиб келганда ўзлари шофеъий мазҳабида бўлсалар ҳам ҳанафий мазҳабидан таълим беради. Мақсади мусулмонлар орасида фитна чиқаришдан сақланиш бўлган. Қаффол Шоший вафот этганларида, шогирдлари устозларига ҳурмат ўлароқ, уни шофеъий мазҳабига мувофиқ дафн этишади. Мазҳаб уламолари ўртасидаги ҳурматнинг ҳаётий исботи бўла оладиган мисоллар тарихда жуда кўп.
Айрим талфиқчи[1] салафийлару ҳизбийларчи? Унақалар тилда суннат амалини ижросига эркинлик талаб қилиш ортидаги мақсадлари мусулмонлар орасида ихтилоф чиқариб, фитна оловини ёқишдан бошқа нарса эмас. Чунки улар учун масжидларда “рафъул ядайн”га рухсат берилса, “амийн”ни жаҳрий айтишга рухсат талаб қилишади. Унга ҳам рухсат берилса, оёқнинг орасини очиб керилиб намоз ўқишга рухсатни талаб қилишади – аслида намоз гердайиб, кибру ҳаво билан эмас, хушуъ-хузуъ билан адо этиладиган ибодатдир. Агар оёқни очиб, керилиб намоз ўқишга ҳам рухсат берилса, бошқасини ва бошқасини талаб қилишаверади. То масжидда мусулмонлар орасида ихтилоф чиқариб, фитна оловини ёқишмагунча талабларидан тўхташмайди. Чунки бунақа “олим”лар катта оғалари томонидан шундай ишларга программалаштирилган, мусулмонлар орасида фитна чиқариш учун етиштирилган. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Фитна уйқудадир, уни (ухлаб ётган фитнани) уйғотган кишига Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин,”[2] деган маънодаги таҳдидли ҳадислари ҳам уларни тўхтата олмайди. Чунки улар табиатларини динга мослашга эмас, аксинча динни ўз табиатларига мослашга ҳаракат қилишади ва бошқаларни ҳам шундай бўлишини исташади.
Мазҳабга оид амаллардаги рафъул-ядайн, ишораи саббоба, қироатда “амийн”ни баланд айтиш каби амаллар завоидлар бўлиб, уламолар томонидан тортишишга арзимайдиган масала сифатида қабул қилинган. Мазҳабга оид завоид ҳисобланган суннат амалларда “мен бу амални қилаяпман, сен қилмаяпсан”, деб бир-бирини айблаш динимиз ман қилган ишлардандир.
Агар кимдир намоздаги бошқа мазҳабга оид бирор амал ҳақида сўраса, бу илмий савол бўлиши мумкин. Лекин у мажбурлаш ёки талаб шаклида бўлса, бу фитна чиқариш деб қаралади. Ундай фикри бузуқ одамга қарши курашишни бир “диндорнинг ҳуқуқларини поймол бўлиши” деб қараш, унинг “Виждон эркинлиги”га қарши кураш” деб аташ нотўғридир. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бу Қонун барча дин вакилларининг ҳуқуқларини бирдек кафолатлайди.
Мазкур Қонун фитна чиқариш мақсадида мазҳабдан мазҳабга ўтиб юрувчи талфиқчини ҳимоя қилувчи қонун эмас. Бундай ҳимоя ислом динида ҳам йўқ. Тарихда аҳли сунна валжамоага қарши чиққан кимсалар тавба қилишга чақирилган. Агар тавба қилмаса, жамоатдан ажратиб қўйилган. Ҳатто уларнинг айрим тоифалари билан олди-берди қилиш, жумладан қиз бериш ва қиз олиш ҳам ҳаром қилинган[3].
Динимиз талаби бўйича, мазҳабга оид ихтилофлар илмий мулоҳаза майдонида ҳал қилиниши керак, бундай фаръий масалаларни омма олдига ёки ижтимоий тармоққа олиб чиқиб тортишиш мусулмонлар орасида фақат фитна ва ўзаро душманликка сабаб бўлади. Шунинг учун, “виждон эркинлиги”ни инкор этиш ёки уни нотўғри маънода талқин қилиш жамиятда эркинликка таҳдид ва мусулмонларга ҳам зарардир. Мужтаҳид фақиҳларимиз виждон эркинлиги масаласини тўғри маънода қўллаганлар ва бу ҳуқуқни жамият тинчлиги учун зарурий восита деб ҳисоблаганлар.
Имом Бухорий “Саҳиҳ” асарида алоҳида “Боб: Рафъул ядайн” номли фасл очиб, бир нечта ҳадисни келтиради. Аммо шу билан бирга, рафъул ядайн қилмаган ровийлардан ҳам ривоятларни зикр қилади.
Сўзимизга Имом Шофеъий (р.а.) рафъул ядайн масаласида айтган қуйидаги фикрлари билан якун ясаймиз: “Агар бирор киши рукуъда қўл кўтармаса, унга қарши чиқмаймиз. Агар намоз ичида қўл кўтармаса, у ҳам суннатга амал қилган ҳисобланади”. [4] Бундан кўриниб турибдики, уламолар ихтилофни тортишув воситаси эмас, балки суннат амалларнинг ривоят ва қабул услубларини турфа хиллигининг натижаси сифатида қабул қилган.