Ижтимоий тармоқларда сохта диний арбоб Содиқ Самарқандий диний эркинлик ва виждон эркинлиги каби ҳуқуқий ва исломий тушунчаларни ўз мақсад ва манфаатларига буриб, нотўғри талқин қилаётганини гувоҳи бўлдик. “Виждон эркинлиги” масаласини мусулмонларнинг ички фиқҳий ихтилофларига боғлаб, жамиятда нотўғри тасаввур уйғотишга ҳаракат қилмоқда. Унинг маърузаларида виждон эркинлигининг ҳақиқий моҳияти бузиб кўрсатилган ва унда кафолатланган исломий ҳамда ҳуқуқий асослар эътиборсиз қолдирилган. Айтаётган фикрларида радикал ғоялар очиқ кўринмаса-да, бу орқали “виждон эркинлиги” тушунчасини салбий маънода талқин қилиб, мусулмонлар орасида баҳс-мунозара қўзғашга уринаётгани кўриниб турибди.
Содиқ Самарқандийнинг бу фикрлари нафақат Ўзбекистон Республикаси қонунларига муносабатини, балки унинг диний қарашлардаги шаръий позицияни ҳам кўрсатиб беради. Унинг фикрларида “Виждон эркинлиги” тушунчаси тўғри таърифдан чиқарилиб, мусулмонлар ичидаги фиқҳий ихтилоф ҳимоясига йўналтириб кўрсатилган. Бу эса мазкур қонуннинг ҳуқуқий ва диний моҳиятини бузиб кўрсатиш деб қаралади. Аслида, “Виждон эркинлиги” – улар ўйлаганидек, ибодатларида ихтилофли амалларни қилувчиларни ҳимоя қилиш кафолати эмас, балки дин танлаш ва уни эркин амал қилиш ҳуқуқидир. Бу ҳақда қуйида навбати билан тўхталамиз.
БМТ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 18-моддасида: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эгадир. Бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш, уни тарғиб қилиш, амал қилиш ва ибодатда эркинликни ўз ичига олади”[1], деб дин эркинлиги алоҳида таъкидлаб қўйилган. “Виждон эркинлиги” – инсоннинг дин танлаш, уни эркин бажариш ёки умуман дин тутмаслик ҳуқуқи бўлиб, бу ҳуқуқ кўплаб исломий давлатлар конституцияларида эътироф этилган. Жумладан, Содиқ Самарқандий истиқомат қилиб турган давлатнинг қонунларида ҳам мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида 35-моддасида ҳам: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди,”[2] сўзлари билан кўп миллатли диёримиздаги фуқароларнинг диний эркинлиги кафолатланган. Бу қонун мусулмонларнинг ҳам, бошқа дин вакилларининг ҳам диний амалларини ҳимоя қилади.
Демак, “Виждон эркинлиги – инсоннинг шахсий ҳуқуқи ва кафолатидир. Ислом ҳам бу ҳуқуқни эътироф этади ва ҳурмат қилишни буюради. Унга аралашиш ёки уни бузиш мутлақо мумкин эмас. Ислом динида ҳам, қонунчилигимизда ҳам виждон эркинлиги ибодатлардаги фаръий амаллар ҳимояси эмас, балки динни танлаш, ўз эътиқодини эркин амалга ошириш, зўрлаш ва тазйиқдан ҳимояланиш ҳуқуқи сифатида талқин қилинади.
Мусулмон киши, айниқса олим киши ҳар бир нарсадан иллат қидирмай, унинг жамият ва мусулмонлар учун фойдали томонларини очиқлашда, жумладан, “Виждон эркинлиги” тушунчасини талқин қилиш ва изоҳлашда ҳам холис бўлишга ҳаракат қилиш керак Содиқ Самарқандийнинг фикрлари эса виждон эркинлигини нотўғри талқин қилиб, Қонуннинг ушбу моддаси ўз ичига олган маъно ва мақсаддан бошқа маънога буриш, мусулмонларнинг эътиқодига гумон билан қараш ва жамиятда ихтилоф уйғотишдан бошқа нарса эмас. Шу боис мусулмон киши бундай нотўғри талқинларга эргашмаслиги, балки Қуръон ва суннатда Конституциямизда белгилаб қўйилган виждон эркинлиги тамойилларини тўғри тушуниб амал қилиши лозим.
Исломда “Виждон эркинлиги” масаласига қарайдиган бўлсак, динимизда ҳар бир инсоннинг дин танлаш ва эътиқодда эркин бўлиш ҳуқуқи бор. Бу ҳақда Қуръони каримда очиқ айтилган:
﴿لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ ۖ قَد تَّبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ ﴾
“Динга зўрлаб киритиш йўқ. Албатта, тўғри йўл адашган йўлдан равшан ажралиб турибди”[3].
Ибн Касир тафсирида бу оятни: “Аллоҳ Таоло динни зўрлаб қабул қилдиришни ҳаром қилди, чунки ҳақиқат ва йўл очиқ-ойдиндир,”[4] деб тафсир қилган..
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бошқа дин вакилларига динларига эркин амал қилиш имконини берган. Масалан, Мадинадаги мусулмонлар билан яҳудийлар ва насоролар орасида тузилган “Васиқатул Мадина” (Мадина шартномаси)да ҳар бир жамоанинг ўз динига эркин амал қилиш ҳуқуқи кафолатланган[5].
Ибодат масаласида турли мазҳабларнинг ҳукм олиш бўйича ўз услуби мавжуд. Масалан, рафъул-ядайн (қўлни кўтариш) масаласида уламолар турлича ижтиҳод қилган. Уламолар ҳукми ихтилофли амаллар масаласида мусулмонлар орасида тортишишни, айниқса, бир-бирини маломат қилишни ман этган. Бу ҳақда Имом Нававий: “Ихтилофли масалаларда бир-бирини айблаш ёки маломат қилиш ҳаромдир,”[6] деган.
Мужтаҳид фақиҳлар наздида рафъул ядайн (намоз рукнлари орасида икки қўлни кўтариш) амалини завоид амаллардан[7] бўлиб, баҳс-мунозарага арзимайдиган ихтилофий масала сифатида қабул қилинган[8]. Ҳанафий уламолар намоз орасида қўлни кўтармаслик (рафъул ядайн қилмаслик)ка саҳобаларнинг фақиҳларидан бир қанча далил келтирганлар:
عن عبد الله بن مسعود رضي الله عنه قال : أَلا أُصَلِّي بِكُمْ صَلاةَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ؟ فَصَلَّى فَلَمْ يَرْفَعْ يَدَيْهِ إِلا مَرَّةً .
Умматнинг фақиҳи Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини ўқиб кўрсатайми?” деди ва намоз ўқиб берди. Қўлини фақат бир марта (намозга киришда) кўтарди. Имом Абу Довуд, Имом Термизий (ҳадиснинг даражасини саҳиҳ ва ҳасан ҳадис, деб айтган), Ибн Қаттон (ҳадисни саҳиҳ ҳадис, деб айтган) ва Дору Қутний ривоят қилган.
عَنْ الْبَرَاءِ بن عازب أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا افْتَتَحَ الصَّلَاةَ رَفَعَ يَدَيْهِ إِلَى قَرِيبٍ مِنْ أُذُنَيْهِ ثُمَّ لَا يَعُودُ . رواه أبو داود (749)
Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга кирар вақтда қўлларини қулоқларига қадар кўтарар, сўнг бу амални қайта такрорламас эдилар”. Имом Абу Довуд ривояти.
عن علقمة أن بن مسعود رضي الله عنه قال : » ألا أصلي بكم صلاة رسول الله صلى الله عليه و سلم ؟ قال : فصلى فلم يرفع يديه إلا في اول مرّة » أخرجه أبو داود و الترمذي و النسائي .
Алқамадан ривоят қилинади: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини ўқиб кўрсатайми?” деди ва намоз ўқиб берди. Қўлини фақат намозни бошланишида кўтарди. Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти.
عن عبد الله ابن الزبير رضي الله عنه: أن رسول الله صلى الله عليه و سلم كان إذا افتتح الصلاة رفع يديه في أول الصلاة ثم لم يرفعهما في شيء حتى يفرغ. فالحديث مرسل و لكن المرسل حجة عند الجمهور سيما إذا توبع بحديث أخر
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга шуруъ қилсалар намоз аввалида икки қўлларини кўтарар, сўнг то намоздан фориғ бўлгунларига қадар уларни ҳеч қайси ўринда кўтармас эдилар”. Бу ҳадис мурсал бўлса-да, жумҳур уламолар наздида ҳужжат сифатида олинадиган ҳадислар қаторига киради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатда ихтилофли бўлган амалларни қилган (ёки қилмаган) саҳобаларни “Сен кофир бўлдинг, фалон бўлдинг”, деб айбламаганлар. Аксинча, уларга исломдаги айрим амаллар тортишишга арзимаслигини, бундай амалларни кўтариб чиқиб, мусулмонлар орасида ихтилофга сабаб бўлмасликни яхши сўзлар билан тушунтириб берганлар. Аммо рафъул-ядайн амалини қилаётганларни у зот тириклик вақтидаёқ маломатладилар:
عن جابر بن سمرة قال : خرج علينا رسول الله صلى الله عليه و سلم فقال : » ما لي أراكم رافعي أيديكم كأنها أذناب خيل شمس ( لا تستقر ) اسكنوا في الصلاة » أخرجه مسلم في الصلاة .و قد استدلّ بهذا الحديث بن القصار على المنع من رفع الأيدي في الصلاة جملة .
Жобир ибн Сумра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бизни олдимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: “Менга нима бўлдики, сизларни қўлларингизни (бир жойда қимирламай тураолмайдиган) отнинг думи каби кўраяпман!? Намозда сокин бўлинглар!” дедилар. Имом Муслим ривояти.
Ҳанафийлар далил келтиргани каби шофеъийлар ҳам рафъул ядайн амалини қилишга далил келтиришади. Аммо унутмаслик керак, аксар уламолар наздида, Имом Шофеъ Имом Абу Ҳанифа олмаган амалларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида бир марта бўлса ҳам қилган суннат амали бўлгани учун, гарчи у мансух бўлса ҳам, йўқолиб кетишидан хавф қилиб олганлар.
(давоми бор)