Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА ҲАДИС РИВОЯТ ҚИЛУВЧИ КИШИГА ҚЎЙИЛГАН ШАРТЛАР

ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА ҲАДИС РИВОЯТ ҚИЛУВЧИ КИШИГА ҚЎЙИЛГАН ШАРТЛАР

Ҳанафий мазҳаби олимлари ровийнинг хабарини қабул қилиш учун унда тўртта: оқиллик, зеҳни яхши бўлиши, мусулмонлиги ва адолатлилик сифатлари топилишини шарт қилиб қўйган. Бу тўрт сифат муҳаддислар айтган икки шарт: адолат ва зеҳни яхши бўлишига бориб тақалади. Муҳаддисларга кўра, зеҳни зўр бўлишни худди мусулмон бўлмаган кишидан дин борасида адолатни талаб қилиб бўлмаганидек ақлсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Адолат динда тўғрилик билан изоҳланади, шундай экан мусулмон бўлмаган кишидан бу нарсани талаб қилиш мантиқсизлик ҳисобланади. Ҳанафий олимлари эса, ақл ва зеҳн, адолат билан мусулмонлик ўртасидаги фарқни ажратиб, оқиллик зеҳни яхши бўлишини келтириб чиқармайди ёки мусулмон бўлиш адолатлиликни лозим қилмайди деб, ушбу тўртта сифатни алоҳида-алоҳида шарт қилиб қўйган. Масаланинг туб моҳиятини англаш учун ҳанафий мазҳаби олимлари билдирган фикр ва асосларини ўрганиб чиқиш керак.

Ҳанафий мазҳаби олимларининг ҳадис илми борасидаги истилоҳлари, усул ал-ҳадис қоидалари ва уларнинг ҳадислардан далил сифатида келтиришдаги ўрнини ўрганиш бўйича юртимиз олимлари томонидан бир қатор тадқиқотлар амалга оширилган. Жумладан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Мусталаҳул ҳадис» китоби, Д.Раҳимжоновнинг «Абу Ҳафс Насафийнинг «Китоб ал-қанд фи маърифат уламо Самарқанд» асари – Самарқандда ҳадис илми тарихи бўйича муҳим манба», Д.Муротовнинг «Абдуллоҳ Субазмунийнинг «Кашф ал-осор» асари ҳадис илмига оид манба» номли тадқиқотлар, Ҳ.Аминов, Ҳ.Абиев ва М.Исмоиловнинг «Шарҳ Сунан Термизий» ва Ж.Ҳамроқуловнинг «Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий» номли китоблари, Ж.Чўтматовнинг 2016 йилда «Имом Бухорий сабоқлари» илмий журналида эълон қилинган «Абу Ҳанифанинг термизлик шогирди» номли мақоласи ва бошқа адабиётларда ҳадис илми ва ундаги истилоҳлар ҳақида умумий маълумотлар берилган. Юртимизда мусталаҳ ал-ҳадис ва усул ал-ҳадисга доир истилоҳ ҳамда қоидаларни ўрганиш борасида бир қанча илмий ишлар амалга оширилган. Шундай бўлсада, уларда муаллифлар жумҳур олимларнинг қоида ва асосларини ёритиш билангина чекланган. Ушбу мақолада ҳадис ривоят қилувчи кишига ҳанафий мазҳаби олимлари томонидан қўйилган шартлар ҳақида батафсил маълумот берилган.

Кўпчилик ҳанафий олимлари наздида оҳод хабар ровийсига қўйилган шартлар тўртта: оқиллик, мусулмон бўлиш, зобт[1] ва адолат.

Биринчи шарт – оқиллик, луғавий жиҳатдан ақл бу – чеклов (охири йўқ беҳуда ҳис-туйғуларга чек қўяди) ва идрок, аҳмоқликнинг акси ва бир хабарда: билим деб келган [20:18]. Истилоҳда: «У билан бошланадиган йўлни ёритиб турувчи нур. Чунки у бор жойда охири йўқ ҳис-туйғулар тўхтайди ва қалбдан исталган нарса бошланади. Қалб ҳам ундан талаб қилинган нарсани Аллоҳнинг марҳамати билан тафаккур қилиб англаб етади» [12:165], деб таъриф беришган. ЯЪни ақл кишида илм олиш, турли масалада фикр юритиш, идрок қила олиш имконини берувчи ҳиссий қувват ҳисобланади.

Ақл икки қисмга бўлинади: комил ва ноқис. Оҳод хабар ровийсига шарт қилинган оқиллик комил ақлдир. Комил ақл – болиғ[2] бўлишдир. Ақл инсонда секин-аста пайдо бўлади. Ақл камолотнинг ҳақиқий мезонини аниқлаш имконсиз, у Аллоҳ таолонинг илми доирасидаги ишдир. Ақл хилма-хил бўлиб, улар орасидаги фарқни ажратиб бериш қийин. Шу сабабдан шариат кишиларга оқилликни аниқлай олиш учун зоҳирий сабаб бўлмиш балоғатни чегара қилиб қўйди. Оқил деб ҳисобланиш учун балоғат шартдир. Шунинг учун баъзи ҳанафий манбаларида ақл эмас, балки унинг ўрнига балоғат шарти келтирилган. Шунинг учун балоғатга етмаган боланинг қилган ривояти қабул қилинмайди.

Олимлар балоғат – таҳаммул[3] эмас, балки адо[4] пайтида шарт қилинишига ижмо қилишган. ЯЪни бола балоғатга етишидан олдин бир хабарни эшитса ва балоғатга етгандан сўнг уни ривоят қилса, унинг хабари барча олимлар наздида қабул қилинади. Бу масала қуйидаги икки далил билан исботланади:

Биринчи далил, ижмо: саҳобалар, тобеинлар ва табаа тобеинлар шу кунгача кичик ёшдаги саҳобалар ривоятини қабул қилишга иттифоқ қилган. Масалан: Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) ҳижратдан уч йил аввал туғилган, Расулуллоҳ (с.а.в) вафот этганларида ўн учёшда [18:67] бўлган; Абдуллоҳ ибн Зубайр (р.а.) ҳижрий 1 йилда [19:78] туғилган. Муҳожирлардан Мадинада дунёга келган биринчи бола ҳисобланади. Расулуллоҳ (с.а.в) вафот этганларида ўн ёшда эди; Нўъмон ибн Башир (р.а.) ҳижрий иккинчи йилда [21:122] таваллуд топган. Расулуллоҳ (с.а.в) вафот этган куни саккиз ёшда бўлган. Булар энг ёш саҳобалардан бўлиб, олимлар улар ривоят қилган ҳадисларни балоғатга етгунга қадар эшитган ёки балоғатга етгандан кейин эшитган деб ажратмасдан, ҳеч қандай истисносиз қабул қилган. Гарчи улар кўпгина ҳадисларни балоғатга етишидан олдин, ёшлигида эшитган бўлсада. Агарда ёшлигида эшитилган ҳадис балоғатга етгандан кейин қабул қилинмаса эди, улар қилган ривоятлар олинмас эди. Демак, ҳадис ривоятида ақл, яъни балоғат шарти хабарни эшитиб, уни қабул қилиш пайтида эмас, балки уни ривоят қилиш вақтида шарт қилинади.

Иккинчи далил ақлий далил: яъни бола ёшлигида гувоҳ бўлган масалага балоғатга етгандан кейин гувоҳлик берса, барча олимлар [6:347] наздида истисносиз қабул қилинган. Ривоят масаласи ҳам худди шундай, ёшлигида эшитган хабарини балоғатга етгандан сўнг ривоят қилса, қабул қилинади ва ривоят гувоҳликдан кўра қабул қилишга лойиқроқдир. Чунки гувоҳлик масаласи ривоятдан кўра муҳим ва долзарброқ ҳисобланади. Бу икки масалада аён бўлади:

Биринчиси: Фақиҳлар қулнинг гувоҳлигини қабул қилиш борасида ихтилоф қилган, кўплари эса уни қабул қилмаган. Аммо қулнинг ривоятини қабул қилиш ҳақида ихтилоф қилмаган. Унинг ривояти қабул қилинади.

Иккинчиси: Гувоҳлик масаласида гувоҳлар сони эътиборга олинади, аммо ривоятда ровийлар адади зарур масала ҳисобланмаган [10:185].

Ҳанафий мазҳаби олимларининг кўпчилиги ҳадисни эшитиб олиш ёшини маълум бир ёшга чегаралаб қўймаган. ЯЪни маълум бир ёшдан пастроқда эшитилган хабар қабул қилинмайди, деб белгиланмаган. Абдулмажид Жузажоний «Қоваид фи улум-ил-ҳадис» («Ҳадис илмларидаги қоидалар») китобида[3:50], Абдулазиз Бухорий (ваф. 730/1330)нинг: «Бир ўринда, бола айтилган гапни тушунишга яроқли бўлишининг энг кам муддати тўрт ёшдир…, аммо бунда қандайдир ёшни тайин қилмаслик тўғрироқдир» [16:735], деган гапини далил қилиб келтиради.

Абдулмажид Туркмоний «Диросат фи усул-ил-ҳадис ала манҳаж-ил-ҳанафий» («Ҳадис қоидаларини ҳанафий мазҳаби асосида ўрганиб чиқиш») асарида [4:188], Камол Ибн Ҳумом (790/1388-861/1457)нинг бу масаладаги хулосасини келтириб: «Энг тўғриси қандайдир ёшни белгилаб бермасликдир. Бунда идрок ва фаҳмга суянилади. Бола айтилган гапни тушунса, унга тўғри жавоб қайтарса, бу бола эшитган ривоятини балоғатга етгандан сўнг ривоят қилса, қабул қилинади. Гарчи эшитган пайтида беш ёшда бўлган бўлсада. Агарда болада идрок ва фаҳм бўлмаса катта ёшида эшитган хабари ҳам қабул қилинмайди. Бу масалада турли кишилар орасида махсус бир ёш тайин қилинмайди» [26:308], дейди. Демак, бу ўринда ақл ва фаросат муҳим саналади. Бола беш ёшида эшитганини англай оладиган бўлса, балоғатдан кейин қилган ривояти қабул қилинаверади. Эллик ёшдан ошган бўлсада, тушунмайдиган бўлса, ундай кишининг хабари инобатга олинмайди.

Ҳанафий мазҳаби олимлари томонидан ровийнинг хабарини қабул қилинишга қўйган иккинчи шартлари унинг мусулмон бўлишидир. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадислари ғайридиндан қабул қилинмайди ва бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ.

Ривоятни қабул қилишда мусулмон бўлиш шарти қўйилгани ровийнинг тўғрисўзлигини исботлаш учун эмас, чунки куфр тўғрисўзликни инкор қилмайди. Қанчадан-қанча ғайридинлар ёлғон гапиришни мумкин эмас деб ҳисоблайди ва доимо тўғрисўз бўлишга интилади. Улар бу эътиқоди сабаб эмас, балки уларнинг гапида ёлғонга далолат қилувчи маълумот йўқлиги сабаб ростгўй ҳисобланади. Уларнинг хабари қабул қилинмаслиги исломга душманлиги сабабидандир.

Гап ислом дини ва шариат ҳукмларини жорий қилиш масаласида кетар экан, кофир кимсалар диннинг келиб чиқиши борасида мусулмонларга адовати, исломни бузишга интилиши ва динда бўлмаган нарсани киритишга ҳаракат қилиши эҳтимоли мавжудлиги сабабидан уларнинг хабари қабул қилинмайди. Бу борада улар фарзанди фойдасига гувоҳлик берувчи ота ҳукмида бўлади [9:346]. Қанчалик ҳаракат қилмасин, ота шафқати сабаб боласининг фойдасига гувоҳлик беради. Шунинг учун отанинг фарзанди ҳақида берган гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Ровийнинг хабарини қабул қилишга қўйилган иккинчи шарт мусулмонлик ҳам, таҳаммул (ҳадисни эшитган) вақтида эмас, балки адо (ҳадисни ривоят қилиш) вақтида шарт қилинади. Гарчи хабарни кофир ҳолида эшитган бўлсада, мусулмон бўлганидан сўнг ривояти қабул қилинади [16:735]. Бу қуйидаги далиллар билан асослаб бэрилади:

– Молик ибн Анас (93/711-179/795) ўзининг «Муватто» («Осон ва енгил») асарида Жубайр ибн Мутим (р.а.)дан ривоят қилиб: «Расулуллоҳ (с.а.в) шом намозида Тур сурасини ўқиганларини эшитдим» [25:83], деган ҳадисни ривоят қилади. Жубайр ибн Мутим (р.а) бу ҳолатга, Бадрда [26:312] асирга олинган пайтида, мусулмон бўлишидан олдин, гувоҳ бўлган ва мусулмон бўлганидан сўнг айтиб берган. Шундай бўлсада, унинг ривояти қабул қилинган.

– Абу Суфён (р.а) мусулмон бўлишидан олдин гувоҳ бўлган, Рум подшоҳи Ҳирақл воқеасини мусулмон бўлганидан сўнг ривоят қилиб берган, Имом Бухорий ва Имом Муслим [29:322] бу хабарни ўзларининг«Саҳиҳайн» («Саҳиҳ ҳадисларни ўзида жамловчи икки манба»)ларига ҳеч қандай ихтилофсиз киритган.

– Абу Бакр Абдураззоқ ибн Ҳумом ибн Ҳумайрий Ямоний Саноний (126/744-211/827) [7:347] Умар ибн Хаттоб (р.а.)нинг, Хатиб Бағдодий [32:259] эса Усмон (р.а.)нинг, агар исломни қабул қилганидан кейин бўлса, кофирнинг гувоҳлигига рухсат берганини келтириб ўтган. Гувоҳлик масаласида рухсат берилган экан, қандай қилиб ривояти қабул қилинмасин!? Чунки гувоҳликка қараганда ривоятда кенгчилик бор.

– Камол Ибн Ҳумом ҳадисларни эшитган пайтида мусулмон бўлиш шарт қилинмаслигига саҳобалар ва бошқалар ровийлардан хабарни мусулмон ёки кофир ҳолида эшитганини суриштирмаганлигини далил қилиб келтиради. Фақиҳ: «Агар ҳадисларни эшитиш пайтида мусулмонлик шарт қилинганида саҳобалар суриштирган бўлар эди. Бундай хабарлар эса бизгача етиб келмаган» [26:312], дейди. Юқорида келтириб ўтилган далиллардан маълум бўладики, ҳанафий олимлари томонидан оҳод ҳадис ровийсига қўйилган, иккинчи шарт, мусулмон бўлиш, ривоятни етказаётган вақтдагина шарт қилинади. Ҳадисни эшитган пайтида ҳам мусулмон бўлган бўлиши талаб этилмайди.

Оҳод ҳадис ровийси ҳақида ҳанафий мазҳаби олимлари жорий қилган, учинчи шарт зобт. Зобт (ضبط) луғатда: пухта ёд олиш, деган маънони билдиради. Бошқа ўринларда, масалан: رجل ضابط – араб. «жуда кучли», «кучли» ва «қатъий» деган маъноларда ишлатилади [17:492]. Истилоҳда эса, гапни айтилганидек эшитиб, гапирувчи назарда тутган маънода англаб, то бошқага етказгунча пухта ёдда сақлаш [4:192]га айтилади.

Абдулмажид Туркмоний «Ал-Мадхал фи усул-ил-ҳадис» («Ҳадис қоидаларини ҳанафий мазҳаби асосида ўрганишга кириш») китобида [5:50] зобтни икки қисмга ажратган:

  1. Зоҳирий: ҳадиснинг луғати ва матнини бузмасдан, ўзгартирмасдан, луғавий маъносини билган ҳолда ёдлаш.
  2. Ботиний (яширин): зоҳирий зобтда келтирилганларга қўшимча ҳолда фиқҳий ва шаръий маъноларини англаган ҳолда ёдлаш. Бу тақсимотнинг келиб чиқиши, ҳанафий мазҳабининг уч усул олими Дабусий (369/979-430/1039) [10:187], Баздавий (400/1009-482/1089) [12:165] ва Сарахсий (ваф.483/1090) [9:347] га бориб етади.

Гарчи ботиний зобт энг комил ва энг авлоси бўлсада, ҳадис ровийига зоҳирий зобт шарт қилинган. Абдулмажид Туркмоний «Диросат фи усул-ил-ҳадис ала манҳаж-ил-ҳанафий» китобида [4:193], Имом Баздавийнинг зобт ҳақида: «У икки хил: матннинг сийғаси ва луғатларининг маъносини билган ҳолда ёдлаш. Иккинчиси: юқоридагига қўшимча ҳолда фиқҳий ва шаръий ҳукмларини англаган ҳолда ёдлаш» [12:165], деб айтган фикрларини келтириб ўтган. Бундан кўриниб турибдики, ровийга зоҳирий зобт шарт қилинган, афзаллик бобида эса ботиний зобт инобатга олинади. ЯЪни иккинчи тур зобт энг мукаммали ҳисобланади. Лекин умумий ҳолда зобт деганда, зоҳирий зобт назарда тутилади. Имом Сарахсий, Хаббазий (629/1232-691/1292) [23:201] ва Насафий (620/1223-710/1310) [34:33] ҳам ривоятни қабул қилиш шартида фақатгина зоҳирий зобтни келтиришган. Шу сабабли, табиатан бепарво, лоқайд кимсанинг хабари ҳужжат сифатида қабул қилинмайди. Чунки ундай кимсада зоҳирий зобт ҳам топилмайди.

Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабида фиқҳ илмидан бехабар кишининг ривояти, фақиҳ олим ривояти билан қарама-қарши келиб қолса, фақиҳнинг хабари юқори қўйилади. Таржиҳ[5] бобида бу ҳанафий олимларининг тутган йўли ҳисобланади.

Ҳанафий мазҳаби олимлари оҳод ҳадис қабул қилиниши учун ровийда бўлиши лозим деб билган шартларининг тўртинчи қисми адолатдир. Адолат бу – тўғрилик, унинг акси эса жабр қилиш [17:209], баъзи манбаларда: кўп ва ознинг ўртаси [24:1760] деб айтилган. Истилоҳда: «тақво ва олийҳимматликка ундайдиган малака» [14:166] маъносини англатади. Кишининг маънавий ва руҳий оламида, мустаҳкам қарор топган услуб ёки иш тарзига – малака, агар мустаҳкам қарор топмаган бўлса – ҳолат деб юритилади.

Кўпчилик ҳанафий олимлари [2:543] адолатни икки қисмга бўлган:

  1. Зоҳирий адолат – кишининг зоҳиран мусулмон экани ва соғлом ақл соҳиби бўлиши билан билинган адолат.

Ботиний (ички) адолатнинг қамровини идрок этиб бўлмайди. Уни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Унинг баъзи бир жиҳатлари, турли хато ва камчиликлардан, диний ва ақлий жиҳатдан ҳавойи нафсга берилишдан четланишида намоён бўлади.Бир инсон амалларининг ботиний моҳиятини ўрганиб чиқиб, дини ва ақли томонидан ҳаром деб ҳисоблаган ишларни қилмаслиги аниқланса, у далил асосида, тўғри йўлда бўлгани, ростгўйлиги ёлғонидан устун бўлгани учун адолатли ҳисобланади.

Ҳанафий мазҳабининг барча фақиҳлари ровийда адолатнинг ҳар икки қисми бўлиши кераклигини шарт қилган. Бунда, зоҳирий адолатнинг ўзигина бўлиши кифоя қилмайди. Бу масалани ойдинлаштирш учун, Абдулмажид Туркмоний «Диросат фи усул-ил-ҳадис ала манҳаж-ил-ҳанафий» китобида [4:200] Дабусийнинг: «Адолат икки қисмдир: зоҳирий адолат ва ботиний адолат……., уни исҳларининг ботиний моҳиятига қараб аниқлаш мумкин ва бу адолат (ботиний адолат) билан хабарлар ҳужжатга айланади» [10:186], деган гапига ишора қилиб ўтади.

Муҳаммад ибн Абдулҳамид Асмандий Самарқандий (488/1095-553/1158) ботиний адолатни чегаралаб, унинг моҳиятини тушунтирган ҳолда, учта шартини айтиб ўтган:

  1. 1. Катта гуноҳлардан сақланиш, кичик гуноҳларда бардавом бўлмаслик. Катта гуноҳ эканини била туриб, уни қилса, Пайғамбар (с.а.в.) келтирган нарса (ислом дини)ни ёлғонга чиқаргани учун мусулмон ҳисобланмайди.
  2. 2. Одамларнинг гапи тўғрисида ёлғон гапирмаслик. Бу ҳақда Ҳужурот сурасининг 6-оятида қуйидагича марҳамат қилинган: «Эй имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар» [30:516]. Ушбу оятга мувофиқ фосиқнинг гапи қабул қилинмайди. Аллоҳ таоло бундай кишини қилаётган ишидан тўхтатиш, унинг хабарини қабул қилмасликка буюрди. Чунки у Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ривоят қилинган нарсани ёлғонга чиқарди.
  3. 3. Енгил ҳисобланган, арзимас мубоҳ ишлардан четланиш. Бунга ёмон одамлар билан мулоқот, ортиқча ҳазил-ҳузул ва турли жойларда бавл қилиш мисол бўлади. Ҳанафий олимлари томонидан билдирилган фикрларга таяниб айтиш мумкинки, адолатдан мурод – ҳадис ривоят қилувчи катта гуноҳлардан сақланган бўлиши, ёлғон гапириш ва мубоҳ нарсалардан четланиши каби амаллар назарда тутилган. Бу шартлар баъзи бир олимлар томонидан билдирилган икки фикни йўққа чиқаради:
  4. 1. «Ривоят бобида адолат деганда қасддан ёлғон гапиришдан ва ривоят қилишда бузиб гапиришдан сақланиш назарда тутилади». Бу фикрни Валийуллоҳ Деҳлавий (1703-1763) айтган бўлиб, ўғли Абдулазиз Деҳлавий (1746-1824) ва Абдулҳай Лакнавий (ваф.1886) [2:541] тасдиқлаган.
  5. 2. Хатиб Бағдодий (ваф. 463/1071), Ироқ аҳлидан иқтибос келтириб: «Ҳанафий олимлари бунда ислом ва адолатнинг зоҳирий маъноси билан чекланиб қолган» [32:247], деган фикрлар асоссиз экани аён бўлади. Бошқа китобларда ҳам шунга ўхшаш гаплар келади. Аммо ҳанафий олимлари бу масалани атрофлича ёритиб берганидан сўнг, бу фикрлар инобатга олинмайди.

Ҳанафий мазҳаби олимлари адолат шартини, ҳадисни эшитиш вақтида эмас, балки уни етказиш пайтида топилишини лозим қилган. Кофир мусулмон бўлганидан сўнг, фосиқ адолатли бўлгандан кейин улар ривоят қилган ҳадислар қабул қилинади. Бу борада олимлар орасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Аммо Пайғамбар (с.а.в)га қасддан ёлғон гапирган, яъни ҳадисни Аллоҳнинг Расулига нисбат бериб, адолатли бўлгандан сўнг тавба қилган кимсанинг ривояти қабул қилинадими ёки йўқми? Ҳанафий фақиҳлари орасида бу борада икки хил фикр бор:

Биринчи фикр: қилган ишига жазо сифатида, унинг узри ҳеч қачон қабул қилинмайди. Абдуллоҳ ибн Муборак айтганларидек: «Ёлғончига бериладиган жазо унинг тўғрисўзлигини рад этилишидир» [32:360]. Абдулмажид Туркмонийга кўра, бу фикрни ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан: Абдулазиз Бухорий, Кокий Хўжандий (ваф. 749/1348), Бобартий (714/1314-786/1384), Ибн Молик, Мулла Али Қори (ваф. 1014/1605), Абдул Ҳаққ Деҳлавий (959/1552-1052/1642) ва Миҳловий [4:203] тасдиқлаган.

Муҳаддис олимлар ҳам айни шу фикрни ёқлаган. Жумладан: Аҳмад ибн Ҳанбал (164/780-241/855): «Унинг тавбаси, у билан Аллоҳ ўртасидадир, аммо унинг ҳадиси ҳеч қачон ёзилмайди» [32:357], деб айтган. Ҳофиз, Муҳаммад Ибн Мусо Ҳозимий (548/1153-584/1188) [28:146] ва Ибн Салоҳ (577/1181-643/1245) [31:232] ҳам бу фикрни маъқуллаган.

Иккинчи фикр: тавба қилганидан кейин ривояти қабул қилинади. «Ал-Мадхал фи усул-ил-ҳадис» китобида [5:54] бу Имом Нававий (ваф.676/1278)нинг [22:29] тутган йўли бўлиб, ҳанафий олимларидан: Ибн Ҳумом, Ибн Амир Ҳож (825/1422-879/1474), Амир Подшоҳ Муҳаммад Амин Ҳусайний Хуросоний Бухорий (ваф. 972/1565), Абулҳай Лакнавий шу фикрни танлагани келтириб ўтилади. Имом Форисий (ваф. 827/1424) «Жаваҳирул усул» («Усул илмидаги жавоҳирлар») китобида [27:71] ва Абдулазиз Фарҳарий (ваф. 1239/1824) «Кавсар ун-Набий» («Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кавсар» номли ҳавзлари») китобида [1:95], биринчи фикрни мутақаддим (аввалги) олимлар, иккинчи йўлни мутааххир (кейинги) олимларга нисбат берган.

Тавба қилганидан кейин ҳам кишининг ривоятини қабул қилмаслик ғалати иш эмасми? Ҳатто кофирнинг ҳам мусулмон бўлганидан сўнг ривоятини қабул қилинишига келишилганку, дейдиган кишиларга Ибн Ҳумомёқлаган фикр тўғрироқ туюлсада, биринчи фикр афзалроқдир. Чунки унда катта хатардан омон қолиш бор. Ким бундай ишга журъат қилса, яъни Пайғамбар (с.а.в)га қасддан ёлғон тўқиса, унинг барча ҳадислари атайин тарк этилади. Имом Аҳмаднинг: «Унинг тавбаси у билан Аллоҳ ўртасида, унинг ҳадиси ҳеч қачон ёзилмайди», деган гапининг маъноси ҳам шу.

Ҳанафий мазҳаби олимлари адолатли кишилар ҳолати номаълум кишидан ривоят қилса, шу кишини адолатига далолат қилиши тўғрисида икки хил фикр билдирган. Биринчи: агар аввалги уч аср адолатли кишилари кўпчиликка маълум бўлмаган кимсадан ривоят қилса, ҳолати номаълум кишининг адолатли эканига далилдир. Бунда фақатгина уч асрдаги адолатли кишиларнинг ривояти эътиборли ҳисобланади. Абдулмажид Туркмоний «Диросат фи усул-ил-ҳадис ала манҳаж-ил-ҳанафий» китобида [4:205], Абдулмажид Жузжоний «Қоваид фи улум-ил-ҳадис ан-Набавий ала манҳажи садат-ил-ҳанафий» («Набавий ҳадислар илмида, ҳанафий мазҳабига кўра қоидалар») китобида [3:57] Абу Бакр Жассос (305/917-370/980)нинг: «Зобти, пухталиги, илмда машҳурлиги билинмаган кимсадан ишончли кишилар ҳадис ривоят қилса, шу кишининг адолатига далил бўлади» [8:504], деган гапини далил қилиб келтириб ўтган.

Ҳанафий мазҳабининг мўтабар манбаларида, олимлар томонидан билдирилган бу фикрни қувватловчи бир қанча далил келтириб ўтилган. Жумладан: Имом Қудурий (362/973-428/1037) «Ат-Тажрид» («Қонунларни ажратиш») асарида: «Олимларнинг (кимдандир бир хабарни) ривоят қилиши, (ўша кимсанинг) адолатидир» [13:181]. «Баъзи бир олимлар, Анас ибн Молик ривоят қилган ҳадиснинг ровийи Жулд ибн Айюб деб, эътироз билдиришди. Бу нотўғри иш, чунки Саврий ва Ибн Улайя (Суфён Саврий ва Ибн Улайя ҳадис илмида юқори даражада турадиган олимлар) бу ҳадисни ўша ровийдан ривоят қилисҳган. Ишончли кишиларнинг ривояти, ҳолати номаълум кишининг адолатига далолатдир» [13:361]. Яна бошқалар Ҳажжож ибн Артаъдан ривоят қилган, бу ҳам унинг адолатига далилдир. Баъзи бирларнинг Ҳажжожни танқид қилишига эътибор бермаслик керак, чунки бизнинг олимларимиз ундан ривоят қилган, бу эса уни адолатли деб билишдир» [13:570], деган мисоллари келтириб ўтилади.

Имом Баздавий Маъқал ибн Синон (р.а) ҳақида: «Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а), Алқама (р.а), Масруқ (р.а), Нофиъ ибн Жубайр (р.а)ва Ҳасан (р.а)каби ишончли кишилар ундан ривоят қилган. Уларнинг ривояти ила унинг адолатли экани исботланган» [12:160], деб келтиради.

Бу мисоллардан кўриниб турибдики, ишончли инсонларнинг номаълум бир кишидан қилган ривоятлари унинг адолатли эканига далил бўлади. Фақатгина аввалги уч аср ровийлари бўлса, ундан кейинги асрларда бўлса, қабул қилинмайди. Чунки келтирилган мисолларда аввалги уч аср ровийлари ҳақида гап кетган. Абу Бакр Жассос айтиб ўтганидек, ишончли кишилар ривояти номаълум ровий ҳақидаги адолатдир, аммо аввалги уч асрдан кейингилари далил ва ҳужжатлар орқали текширилади.

Иккинчи: бир гуруҳ ҳанафий олимлари агар адолатли ровий фақатгина адолатли кишидан ҳадис қабул қилиши билинса, ўша кишининг ривояти ровий ҳақидаги таъдилдир. Абдулмажид Туркмоний «Диросат фи усул-ил-ҳадис ала манҳаж-ил-ҳанафий» китобида: «Бу фикр биринчилардан бўлиб Ибн Саатий (ваф. 1295) томонидан билдирган. У: «Ишончли кишининг бир кишидан ривоят қилиши ровийни адолатли дегани дейилди. Баъзилар эса ундай эмас дейишди. Бунда учинчи йўл ҳам бор, агар ишончли киши фақатгина адолатли кишилардан ривоят қилиши маълум бўлсагина бу ровийнинг адолатли эканига далилдир, акс ҳолда ровий адолатли ҳисобланмайди. Чунки уни адолатли деб билмаганида ундан ҳадис ривоят қилмаган бўлар эди» [14:169], деб айтган. Форисий, Фанорий (751/1350-832/1429), Ибн Ҳумом, Биҳорий (ваф. 1119/1707) ва Зиёуддин Аҳмад Кумушхонавий (1227/1812-1311/1894) [15:21] сингари олимлар ҳам бу фикрни маъқуллаган» [4:207], деб келтиради.

Хулоса шуки, Абу Бакр Жассосга кўра, одил киши бошқа бир ровийдан ривоят қилиши агарда аввалги уч аср доирасида бўлса, таъдил ҳисобланади. Ибн Саатийнинг йўлига кўра, агарда у фақатгина адолат асосида ривоят қилса, таъдил ҳисобланади, акс ҳолда таъдил ҳисобланмайди. Зафар Аҳмад Таҳонавий (1892-1974): «Биринчи гап далил жиҳатидан кучлироқ ва ишончлироқ, иккинчи гап эса адолатлироқ» [33:215], деб таърифлаган. Биринчи гапда аввалги уч асрга чеклаб қўйилгани ҳанафий мазҳаби руҳиятига яқинроқ ҳисобланади.

Маълум бўладики, ҳанафий мазҳаби олимлари ровий хабарини қабул қилиш учун унда тўртта: оқиллик, зеҳни яхши бўлиши, мусулмонлиги ва адолатлилик сифатлари топилишини шарт қилиб қўйишган. Бу ҳанафий мазҳабининг муҳаддислардан фарқли, ўзига хос услубларидан бири деб айтиш мумкин. Ҳанафий мазҳаби олимларининг бу каби ўзига хос услубларига замонавий асарлардан бир қанча мисоллар топиш мумкин.

Демак ҳанафий мазҳаби олимларининг ҳадис турлари, ровийларнинг адолати ёкибошқа сифатларига доир ишлаб чиққан қоида ва асослари мажмуи бўлган. Улар шаръий масалаларда ҳукм чиқариш ва ҳадислардан далил сифатида фойдаланишда шу тамойилларга таянган. Кўриб чиқилганидек, бу қоидалар бошқа мазҳаблар келтириб ўтган асослардан ишончлилиги ва мукаммаллиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳаби бошқа мазҳаблардан кўра ўзининг айрим қирралари билан ажралиб туради. Бунга мазҳаб асосчилари ва уларнинг издошларидаги кучли ақл, заковат, масаланинг моҳиятини англаб, унга тўғри ёндашиш ҳамда забардаст олимларнинг асрлар давомидаги беқиёс хизмати сабаб бўлган. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
  1. Абдулазиз Фарҳарий. Кавсар ан-Набий. – Покистон: Мактабату имдадийя.
  2. Абдулҳай Лакнавий. Зофар ал-аманий. – Байрут: мактаба матбуа ал-исламий, 1995.
  3. Абдулмажид Жузажоний. Қоваид фи улумил ҳадисин Набавиййи ала манҳажи садатул ҳанафийяти. – Истанбул: Дарул кутубул аробий, 2021.
  4. А. Туркмоний. Диросат фи усулил ҳадис. – Байрут: Дар ибн Касир. 2020.
  5. А. Туркмоний. Мадхал фи усулил ҳадис. – Байрут: Дар раёҳийн, 2021.
  6. Абдураззоқ. Мусоннаф. Ж.8. – Дар ут-таъсийл, 2015.
  7. Абу Бакр Абдураззоқ ибн Ҳумом. Мусоннаф. Ж.8. – Дар ут-таъсийл, 2015.
  8. Абу Бакр Жассос. Ал-фусул фи ал-усул. Ж.1. – Қувайт: Визароту авқоф ва шуун ал-исламийяти, 1994.
  9. Абу Бакр Сарахсий. Усул ус-сарахсий. Ж.1. – Ҳайдаробод: Лажнату иҳяу маариф ул Усманийя, 1994.
  10. Абу Зайд Дабусий. Тақвимул адилла. – Байрут: ДКИ, 2001.
  11. Абул Баракот Насафий. Кашф ул-асрор. Ж.2 – Байрут: ДКИ.
  12. Абул Уср Баздавий. Канзул вусул ила маърифатул усул. – Мадина: Дар ас-сирож, 2015.
  13. Қудурий. Ат-тажрид. Ж.1. – Қоҳира: Дар ас-салом, 2004.
  14. Аҳмад ибн Али Бағдодий Баълабаккий. Бадийъ ун-низом. – Байрут. Дарул кутуб ал-илмийя, 2004.
  15. Аҳмад ибн Мустафо Кумушхонавий. Лавомиул уқул. Ж.1. – Қоҳира: Мактабу саноиъ, 1899.
  16. Алоуддин Абдулазиз Бухорий. Кашфул асрор шарҳу усул ал-Баздавий. Ж.2. – Байрут: Дар ул кутуб ал илмийя, 1997.
  17. Азҳарий. Таҳзийб ул-луғот. Ж.2. – Миср. Дорул Мисрийя, 1965.
  18. Ибн Абдулбарр. Истиёоб. Ж. 2. – Миср: Матбаатус саадати, 1910; Ибн Асир. Асад ул-ғобати. Ж.3. – Байрут: ДКИ, 2003.
  19. Ибн Ҳажар Асқалоний. Ал-исобати фии тамйизи ас-соҳабати. Ж.4. – Байрут: ДКИ, 1995.
  20. Ибн Саъд. Табақоотул кубро. Ж.6. – Байрут: ДКИ, 1998.
  21. Имом Нававий. Шарҳи Саҳиҳ ал-Муслим. Ж.1. – Қоҳира: Муассасату қуртубату, 1994.
  22. Жалолиддин Муҳаммад ибн Амр Хўжандий Хоббазий. Шарҳул муғний. Ж.1. – Макка: Мактабатул Маккийя, 2005.
  23. Жавҳарий. Сиҳоҳ. Ж.5. – Миср: Дарул китабул аробий. – Б.1760; Ибн Манзур. Лисанул ароб. Ж.2. – Муассасатул уъламий лил матбуат. – Б.2530.
  24. Молик ибн Анас. Муватто. Ж.1. – Байрут: Рисала,1992. (216-ҳадис).
  25. Муҳаммад ибн Абдулвоҳид Искандарий. Таҳрир фии усулил фиқҳи фии истилаҳайил ҳанафийяти ва аш-шофеийяти. – Мактабату амийр, 2022.
  26. Муҳаммад ибн Али Форисий. Жаваҳирул усул фи илми ҳадис ар-росул. – Байрут:ДКИ, 1992.
  27. Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдураззоқ Забидий. Тажул урус мин жаваҳир ил-қомус. Ж.18. – Қувайт: Матбаату қувайт, 1979.
  28. Муҳаммад Ибн Мусо Ҳозимий. Шурутул аимматил хомсати. – Байрут: ДКИ, 1984.
  29. Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. Ж.6. – Байрут: Дар ал-маърифа, 2002.
  30. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қурони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси. – Т.: Шарқ, 2008.
  31. Усмон ибн Абдураҳмон Шаҳрозурий. Маърифату анвау илмил ҳадис. – Байрут:ДКИ, 2002.
  32. Хатиб Бағдодий. Кифая фи илми ривая. Даиротул маарифул усманийя. Ж.1. – Ҳиндистон: Дарул ҳуда, 2010.
  33. Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий. Қоваид фи улумил ҳадис. – Байрут: ДКИ, 2018
[1] Зобт сўзи луғатда бир нарсани маҳкам ушлаб қолишни ифода этади. Уламолар истилоҳида: «Ровий ўзи ривоят қилган ҳадисини ғоят маҳкам ушлашини таъминловчи малака зобтдир.
[2] Балоғатга етган.
[3] Қабул қилиб олиш.
[4] Етказиш.
[5] Икки далилдан бирини афзалликка кўра танлаш.
Абубакр МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси «Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO» кафедраси таянч докторанти

Check Also

МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ ДИНИЙ ҚАРАШЛАРИДА ИСЛОҲ МАСАЛАСИ

Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, тараққийпарвар уламо  Маҳмудхўжа Беҳбудий 44 йил умр кўрган бўлса-да, шу қисқа …