Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Жамият барқарорлигида ҳар биримизнинг ўрнимиз муҳим

Жамият барқарорлигида ҳар биримизнинг ўрнимиз муҳим

22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш марказида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида “Миссионерлик ва прозелитизмнинг ижтимоий барқарорликка салбий таъсири” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Ж. Жумаев, Т. Эвадуллаев ва У. Муҳаммадиев ақидапарастлик, мутаассиблик, экстремизм, миссионерлик ва прозелитизм (бошқа одамларни ўз эътиқодига ўтказишга уриниш), сохта тариқат ва турли жамоаларнинг мақсадлари, ғоявий асослари, замонавий кўринишлари ва фаолият услублари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қарор топтирилган бағрикенглик тамойиллари, тинчлик ва осойишталик қадрига ҳам ҳаётий мисоллар орқали тўхталиб ўтилди. Беқарорлик ҳукм сурган ҳудудлардаги аҳолининг руҳий ҳолати ва оғир турмуши иллатли ибрат сифатида келтирилиб, юрт тинчлиги ва тараққиётига ҳар бир инсон ўзини дахлдор деб ҳис этиши зарурлиги таъкидланди. Шу маънода, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимининг ўрни алоҳида эътироф этилди.

Маълумки, бугунги глобаллашув шароитида мафкуравий таҳдидлар чегара билмай қолган бўлиб, уларнинг салбий таъсиридан ҳеч бир жамият тўлиқ ҳимояланган эмас. Шу боис маънавий-маърифий тарғибот ишлари ҳар бир касб эгаси учун долзарб аҳамият касб этади. Мазкур тадбир айнан шу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Учрашувда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан малака ошириш учун келган ФВВ ходимлари иштирок этди. Тадбир жонли мулоқот, савол-жавоблар билан қизғин ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илмий изланишлар йўлида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси айни пайтда Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий мажмуаси ҳудудида олиб …