Home / ЯНГИЛИКЛАР / БОШ МАҚСАД — МИЛЛИЙ ЎЗЛИГИМИЗНИ АНГЛАШ ВА ТАРҒИБ ЭТИШ

БОШ МАҚСАД — МИЛЛИЙ ЎЗЛИГИМИЗНИ АНГЛАШ ВА ТАРҒИБ ЭТИШ

Ўтган ҳар бир сония — тарих. Бу тарихнинг қандай ёзилиши эса жамият, инсонлар ҳамда давлат бошқаруви тизими қай даражада оқилона ва адолатли эканига боғлиқ. Янги Ўзбекистон даврининг ўтган тўққиз йили халқимиз ҳаётида унутилмас воқеалар, юксак натижалар билан ёдда қолди. Бошқача айтганда, ўзбек давлатчилиги буюк ўзгаришлар ва самарали ислоҳотлар билан бойиган, инсон қадри энг олий қадриятга айланган, миллий маънавият ва маданий меросга муносабат юксак босқичга кўтарилган давр сифатида тарих зарварақларидан жой олмоқда.

Бугун юртимизнинг бой тарихини чуқур ўрганиш, бу йўналишда илмий тадқиқот фаолиятини жадаллаштириш, ёш авлодни миллий қадриятлар ва аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида тарбиялаш, жамиятда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш янги Ўзбекистон стратегиясининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Миллий тарих, маданият ва маънавиятга чуқур ҳурмат, уларни асраб-авайлаш ва янада бойитиш, шу билан бирга, ёш авлодни умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш тараққиётга интилаётган ҳар қандай жамият учун ҳал қилувчи омилдир. Ана шу ҳақиқат янги Ўзбекистон даврида барча соҳаларда намоён бўлмоқда.

Кейинги йилларда юртимизда тарихни холис ва ҳаққоний ўрганиш, очилмаган саҳифаларни тадқиқ этиш борасида кенг имкониятлар яратилди. Хусусан, 2017-2021 йиллар давомида Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши миллий маънавият ва маърифатимиз юксак қадрланганининг ёрқин ифодасидир.

Бугун мазкур марказларда бажарилаётган фундаментал тадқиқотлар нафақат юртимизда, балки халқаро доирада ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу марказлар дунёнинг юздан ортиқ давлати ва нуфузли илмий муассасаси билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Бундай самарали алоқалар туфайли юртимизга тегишли, бир пайтлар турли сабабларга кўра хорижга олиб кетилган минглаб тарихий меросимиз ўз ватанига қайтарилмоқда. Жаҳоннинг нуфузли музейлари ва фондлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларда Ўзбекистоннинг бой маданий мероси кенг намойиш этилаётир.

2022 йилда Франциянинг машҳур Лувр музейида ўтказилган миллий мерос кўргазмаси бунинг яққол исботидир. Беш ой мобайнида давом этган мазкур кўргазма 260 мингдан зиёд томошабинни жалб қилди. Кўргазмада юртимиз музейларида сақланаётган 138 та қимматли экспонат намойиш этилди. Улар орасида кулоллик, ёғоч, металл, деворий санъат ва қоғозга оид 70 дан ортиқ нодир буюм реставрация қилиниб, илк бор халқаро майдонга олиб чиқилди.

Янги Ўзбекистон тарихи ислоҳотлар ва ютуқлар тарихи бўлиб, унинг ажралмас бир қисми миллий ўзликни англаш, миллий мерос ва маънавиятни юксалтиришга қаратилган улкан ишлардир. Миллат тарихи ва маданиятига чуқур ҳурмат фақат илмий тадқиқот эмас, балки янги авлод онгини шакллантириш, келажак тараққиётига қўйилган мустаҳкам пойдевор ҳисобланади.

Шу боис, бугунги кунда тарихга эътибор келажакка инвестиция сифатида қаралмоқда. Янги Ўзбекистонда тарихий хотира, миллий мерос ва маънавий қадриятлар давлат сиёсати даражасида эъзозланмоқда. Бу эса, шубҳасиз, миллий руҳни мустаҳкамлайди, халқнинг ўзлиги ва қадр-қимматини янада юксалтириб, янги тараққиёт босқичига йўл очади.

Мустақиллик монументи, Ғалаба боғи, Адиблар хиёбони каби маънавий масканларда шоир ва ёзувчиларимизнинг ҳайкал ва бюстлари ўрнатилиб, уларнинг хотирасига муносиб ҳурмат кўрсатилди. Бу масканлар халқимиз, айниқса, ёшлар учун маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган мазмунли маконга айланди.

2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжондаги Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида Президентимиз “Туркий адабиёт дурдоналари” номли 100 жилдли тўпламни ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ғоясини илгари сурган эди. Ушбу ташаббус асосида илк бор Ўзбекистонда мазкур тўплам нашр этилди ва туркий дунё кутубхоналаридан муносиб ўрин эгаллади. Бу орқали туркий халқлар адабиётининг маънавий мероси янада яқинлашди, қалблар ва халқлар ўртасида кўприклар барпо этилди.

Ватанимизнинг уч минг йилликдан зиёд тарихини чуқур ва холис ўрганиш, уни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб этиш мақсадида ҳам қатор ишлар қилинди. Президентимиз қарори билан 2019 йил 1 сентябрдан фаолиятини бошлаган “Ўзбекистон тарихи” телеканали бу борада муҳим вазифани бажариб келмоқда. Бугун у кўплаб мамлакатларда томошабинлар қалбидан ўрин олган телевидение платформасига айланмоқда.

Шу билан бирга, кино санъати орқали тарих ва маърифатни тарғиб этишга ҳам жиддий эътибор қаратилди. “Халқ юраги” туркуми остида 24 та ҳужжатли фильм яратилди. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Авлоний, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Муҳаммад Юсуф каби буюк адибларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақидаги ушбу фильмлар халқимиз қалбидан чуқур жой олди.

2024 йил 16 май куни давлатимиз раҳбарининг Киночилар уйига ташрифи, кино соҳаси вакиллари билан учрашуви, Ўзбекистон кино санъати музейини кўздан кечириши кинематографиядаги яна бир муҳим босқични бошлаб берди. Унда 2024-2027 йилларга мўлжалланган “Тирик тарих” стратегик дастури тақдим қилинди. Бу лойиҳа ватанимизнинг энг қадимги тарихидан то яқин ўтмишгача бўлган даврни ўз ичига олган, миллий ғурурни ошириш, тарихни холис акс эттиришни мақсад қилган йирик медиа-лойиҳадир.

Президентимизнинг 2024 йил 5 июндаги “Кинематография соҳасини янада ривожлантириш ҳамда мамлакатимиз тарихига бағишланган фильмлар туркумини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу лойиҳага қонуний ва молиявий пойдевор бўлди. Бу қарор орқали кинематография янги босқичга кўтарилди, миллий давлатчилигимиз ва тарихий шахсларимиз ҳаётини экран орқали кенг намоён этиш имкони яратилди.

“Тирик тарих” дастури доирасида кўплаб бадиий ва бадиий-публицистик фильмлар ишланмоқда. Улар орасида “Баҳодир Ялангтўш”, “Ажиниёз”, “Махтумқули Фироғий” каби фильмлар халқаро кинофестивалларда юқори баҳоларга сазовор бўлди. Шу йил охирига қадар буюк саркарда Амир
Темурга бағишланган “Улуғ Амир ва Донна Мария” бадиий фильми ҳамда Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Мамадали Топволдиев ҳақидаги фильм томошабинлар эътиборига ҳавола этилиши режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистон даврида адабиёт, тарих ва кино соҳаларидаги кенг қамровли ислоҳотлар миллий маънавиятни юксалтириш, халқнинг ўзлигини англаш, тарихий хотирани тиклаш ва уни дунёга танитишда муҳим қадамдир. Чунки миллатни миллат қиладиган асосий унсур унинг тарихи, адабиёти ва маънавиятидир.

Буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, миллий маънавий хазинамизни кенг намоён этиш борасида бугунги кунда, айниқса, Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти беқиёс. Ушбу марказ халқимизнинг маънавий қудрати, илмий ва маданий салоҳияти рамзи сифатида янги Ўзбекистон даврида барпо этилган энг йирик ва бетакрор обидалардан биридир. Марказ тарихий мазмунга бой, замонавий архитектура ечимлари билан жаҳонда ягона бўлган илм-маърифат қасрига айланмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги қарори асосида ташкил этилган мазкур марказнинг тамал тоши 2018 йилда, Рамазон ҳайитининг муборак кунларида қўйилган. Бугун бу мажмуа “тарих, бугун ва келажакни боғловчи, тараққиётимиз йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази” сифатида шаклланмоқда.

Уч қаватдан иборат марказ қадимий меъморлик анъаналари асосида барпо этилмоқда. Мажмуа 34 метрли пештоқлар билан тўрт томонлама ўралган бўлиб, унинг марказида 65 метрли бош гумбаз қад ростлаган. Марказнинг юраги саналмиш Қуръони карим залида ислом оламидаги энг қадимий муқаддас манбалардан бири — Усмон Мусҳафи намойиш этилади.

Бу ердан сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа сулолалар даврида битилган муқаддас китоблар, уларнинг ўзбек тилидаги таржималари, шунингдек, жаҳондаги энг нодир Қуръон қўлёзмалари ҳам жой олади. Президентимиз таъкидлаганидек, авваллари бизга номаълум бўлиб келган минглаб ёдгорликлар, манбалар ва асарлар бугун ана шу марказ туфайли халқимизга қайтарилмоқда, тадқиқ этилмоқда, оммага етказилмоқда.

Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилиб, улар орқали юртимиз тарихидаги энг ёрқин даврлар, маърифат ва илм-фан ривожи намоён этилади.

Ўлкамизнинг Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Марғиноний, Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Али Қушчи каби фарзандларининг илмий ва маърифий мероси кенг ёритилади. Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд каби ислом уламоларининг маънавият тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси тақдим этилади.

Ўтмишда илм-фан ва маърифат тараққиётига ҳисса қўшган Бибихоним, Гавҳаршодбегим, Хонзодабегим, Нодира, Увайсий, Анбар Отин каби аллома хотин-қизларимизга алоҳида бўлимлар ажратилгани айни муддаодир.

Марказда замонавий мультимедиа воситалари, интерактив суратлар, 3D макетлар, видео-экспозициялар орқали кўргазмаларташкил этилади. “Вақт девори”, виртуал саёҳатлар, ахборот-ресурс маркази каби ечимларбу ерга ташриф буюрган ҳар бир инсонниузоқ тарих сафарига етаклайди.

Бундан ташқари, марказда бой музей ва кутубхона, халқаро анжуманлар зали, архив, қўлёзмалар фонди, илмий академия ҳам фаолият юритади. Уларнинг фондларини нафақат юртимиздаги, балки дунёдаги кўплаб музей ва архивлардан келтирилган нодир асарлар билан бойитиш давом этмоқда. 300 ўринли конференция зали ва илмий тадқиқот учун махсус лабораториялар ҳам ташкил қилинмоқда.

Президентимиз таъбири билан айтганда, бу марказ “ўзимизнинг меъморий тажрибамиз, янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик мактаби ва илмий-маънавий салоҳиятимиз рамзи сифатида тарихга киради”. Бу ердаги ҳар бир бўлим, ҳар бир экспозиция, ҳар бир тарихий асар бизни ўзлигимиз, келиб чиқишимиз, ота-боболаримизнинг буюк мероси билан янада яқинроқ таништиради.

Ислом цивилизацияси маркази минг йиллар аввал асос солинган буюк цивилизациялар давомийлигининг, янги миллий уйғониш ва маънавий тикланишнинг амалдаги ифодасидир.

Янги Ўзбекистон заминида барпо этилаётган ҳар бир обида халқимизнинг маънавий уйғониши, илмий меросимизга ҳурмат ва эътибор ифода этади. Бугунги кунда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси бу йўналишдаги энг муҳташам иншоотлардан биридир.

Тубдан қайта барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси умумий 44 гектар майдонни қамраб олган. Мажмуадаги 10 минг кишига мўлжалланган масжид, 75 метрли тўртта минора ва маҳобатли мақбара унинг улуғворлигини янада оширган. Шу билан бирга, бу ерда музей, айвонлар, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, хиёбонлар, тўртта таҳоратхона ва икки минг ўринли йигирмадан ортиқ меҳмонхона қурилмоқда.

Сўнгги йилларда юртимизда ислом маърифатига хос илм-фан ва диний меросга юксак эътибор Имом Абу Мансур Мотуридий шахси мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бу йўналишдаги муҳим илмий майдонга айланди.

Марказ Имом Мотуридий ва издошларининг ақида, калом ва маърифат соҳасидаги улкан меросини чуқур ўрганиш, асарларини таржима қилиш, халқчил рисолалар, энциклопедия ва каталоглар тайёрлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш вазифаларини амалга оширмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эса бу жараённи янги босқичга олиб чиқди. Қарорда Имом Мотуридий меросини чуқур тадқиқ этиш, асарларини кенг жамоатчиликка етказиш, халқаро миқёсда ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби устувор вазифалар белгилаб берилган.

Шу кунларда “Тирик тарих” дастури доирасида “Имом Мотуридий” бадиий фильми суратга олинаётгани бу улуғ зотнинг шахсияти ва таълимотига юксак эътиборнинг яққол исботидир.

Бир сўз билан айтганда, Самарқандда барпо этилаётган Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мажмуалари халқимизнинг юксак маънавий маданияти, илмга муҳаббати, аждодлар меросига садоқат ва шу орқали дунё тамаддунига қўшилаётган беқиёс ҳиссасининг ёрқин ифодасидир.

2017 йилда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан шу кунга қадар Имом Бухорий ва бошқа алломалар қаламига мансуб 49 номдаги ноёб асар ўзбек тилига таржима қилинди. 87 номдаги монография, китоб, каталог ва рисола нашр этилди. “Имом Бухорий сабоқлари” илмий-маърифий журналининг 34 та сони чоп қилинди.

Марказ томонидан ислом тарихи, илм-фани ва маданиятида муҳим ўрин тутган аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ҳамда меросига бағишланган юзга яқин илмий-маърифий китоб нашр этилди. Жумладан, “Имом Бухорий”, “Абу Исо Термизий”, “Муҳаммад Хоразмий”, “Абу Райҳон Беруний”, “Алишер Навоий”, “Ғулувнинг хатари”, “Мотуридийлик ҳақиқати”, “Ислом динида тинчлик”, “Саҳиҳи Бухорий шарҳи” каби китоблар аҳолининг кенг қатламига етарли даражада етказилмоқда.

Марказ фаолияти халқаро миқёсда ҳам юқори баҳоланмоқда. Буюк Британия, Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Миср, АҚШ, Германия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби 20 га яқин давлатдаги 47 та илмий муассаса, турдош марказ ва университет билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.

Марказнинг қўлёзмалар фондида 644 та қўлёзма, 856 та тошбосма китоб ва 114 та тарихий ҳужжат, жами 1614 манба жамланган. Улар орасида жисмоний шахслардан харид қилинган ва ҳадя этилган нодир асарлар мавжуд. Туркия ва Буюк Британия манбаларидан олиб келинган 50 га яқин электрон қўлёзма нусхалари ҳам марказ фондини бойитмоқда.

Шунингдек, Имом Бухорий асарларининг 41 давлатдаги 256 фондда сақланаётган 3300 та нодир нусхаси аниқланиб, реестр тузилди. “Саҳиҳи Бухорий” қўлёзмасининг 3161 та электрон нусхаси жамланди. 533 та қўлёзманинг каталоглари чоп этилди, 503 та китобнинг 173 минг варағи рақамлаштирилди. 678 та қўлёзма аннотацияси www.bukhari.uz сайтига жойлаштирилди, 392 та китоб саҳифаси тозаланиб, консервация қилинди.

Янги Ўзбекистон даврининг яна бир муҳим хусусияти жадидлар ва қатағон қурбонлари номини тиклаш, меросини ўрганиш ва халқ хотирасида абадийлаштиришга бўлган ёндашувдир. XIX-XX асрлар тарихига янгича нигоҳ билан қараш, номаълум саҳифаларни очиш ва инсон қадрини улуғлаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

1917 йилдаги октябрь тўнтаришидан бошлаб СССР парчалангунига қадар сиёсий қатағон совет жамиятининг ажралмас таркибий қисмига айланди. Айниқса, 1930-1940 йилларда Ўзбекистонда қаттиқ тазйиқ, ноҳақ айблов ва жазолар юз минглаб инсон тақдирига салбий таъсир кўрсатди. Ушбу давр бамисоли кафанга ўралгандек, ўрганиш учун ёпиқ ва хатарли мавзу ҳисобланарди.

Бугун эса ана шу қора саҳифалар очила бошлади. Сиёсий қатағон тарихи тадқиқ этилиб, фожиали оқибатларини халқимизга етказиш, бегуноҳ қурбонлар номини оқлаш, ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

2017 йил 31 августда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг музейга ташрифи чоғида билдирган таклиф ва тавсиялари бу йўналишда янги босқични бошлаб берди. Шу асосда 2017 йил 22 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди ва музей Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилди.

Музей 10 та бўлимдан иборат бўлиб, тарихимиздаги сиёсий қатағон даврини ва бугунги ўзгаришларни тўлақонли акс эттириб келмоқда. Агар 2017 йилда музейда 1000 дан ортиқ материал мавжуд бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 17 мингдан ошган. Бу рақам йил сайин ортиб бормоқда.

Шу йиллар давомида Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳам қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил этилди. Ушбу музейлар маҳаллий даражадаги қурбонлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, халққа етказиш, тарғибот ишларини самарали йўлга қўйишда муҳим ўрин тутмоқда. Улар асосида китоб-альбомлар, монографиялар ва фундаментал тадқиқотлар яратилди.

Расмий маълумотларга кўра, 1937-1953 йиллар оралиғида 100 мингдан зиёд юртдошимиз сиёсий қатағон қурбонига айланган. Улардан 13 минг нафари отиб ташланган, минглаб кишилар ноҳақ қамоққа олинган, қулоқ қилинган ва бадарға этилган.

Шунингдек, 1980-йилларда ҳам минглаб фуқаролар сохта “пахта иши” ва “ўзбек иши” деб номланган кампаниялар қурбони бўлди. Республика бўйлаб 40 мингга яқин киши тергов қилинди, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилди. Бугунги кунда тарихчилар, архивчилар ва олимлар ушбу давр ҳақидаги янги ҳужжат ва маълумотларни фаол равишда тўпламоқда. Қорақалпоғистон, вилоятлар ва пойтахт бўйича тузилган “Хотира” китобларига 40 мингга яқин қатағон қурбони ҳақида маълумот киритилди.

Улуғ жадид Маҳмудхўжа Беҳбудий бир аср муқаддам бундай деган эди: “Маориф йўлида ишлаттурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Маорифга ёрдам этингиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳар иш қилсангиз жамият ила қилингизлар!”.

Бу сатрлар бугунги кун учун ҳам аниқ дастур, йўлланма сифатида хизмат қилмоқда. Зеро, ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги ва миллий мустақилликнинг пойдевори таълим ва маърифат экани азалдан равшан ҳақиқат бўлиб келган.

Тараққиёт стратегиясида буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида белгиланган мақсад бугунги маънавий сиёсатимизнинг устувор йўналишидир. Шу мақсадда халқимизга мансуб алломалар асарларининг халқчил таржималари нашр этилмоқда, илмий ва оммабоп рисолалар тайёрланмоқда.

Бугун маҳаллаларда “Аждодлар мероси — ибрат ва тарбия мактаби” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар орқали ёшларда миллий ўзликни англаш, тарихга ҳурмат ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

“Темур тузуклари билимдони”, “Жалолиддин издошлари” каби ҳарбий-ватанпарварлик лойиҳалари орқали ҳам миллий тарихимиз, аждодларимиздан мерос бўлиб қолган жасорат ва фидойилик анъаналари ёш авлод онгига сингдириб борилмоқда.

Халқнинг маънавий салоҳиятини белгилаб берувчи энг муҳим мезонлардан бири китобхонлик маданиятидир. Бугунги кунда жадидлар меросини тарғиб этиш мақсадида “Жадидлар”, “Алломалар” рукнлари остида қатор автобиографик, фалсафий ва қомусий рисолалар нашр этиляпти. Ахборот-ресурс марказлари ушбу асарлар билан бойитилмоқда. Ёшлар учун мўлжалланган ана шундай гўзал нашрлардан бири “Буюк алломалар ҳақида 100 та факт” номли саккиз тилда чоп этилган китоблар мажмуасидир. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканали ҳамкорлигида тайёрланган мазкур китоблар шу кунларда юртимиздаги мавжуд 10 мингдан зиёд мактабга бепул тарқатилмоқда. Бу эса маърифатпарварлик ғояларининг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Гапнинг индаллосини айтганда, миллат тақдирига бефарқ бўлмаслик, таълим ва тарбия масаласини энг муҳим устувор йўналиш сифатида белгилаш, халқимизни билимли ва фаол фуқароларга айлантириш бугунги маънавий сиёсатимиз марказида турибди.

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,
филология фанлари доктори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2025 йил 26 июль, №152(1478)

Check Also

Онг қудрати ва маърифат масъулияти

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокимлигида “Жаҳолатга қарши маърифат” …