“Human Assistance & Development International (HADI)” хайрия ташкилотининг Islamicity.org сайтида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов ва Малайзия халқаро ислом университети профессори Шукрон ибн Абдураҳмоннинг “Имом Бухорий ва ҳадис илмининг авлодларга узатилиши: Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг аҳамияти” номли мақоласи эълон қилинди.
Унда буюк муҳаддис Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ҳаёти ва бой илмий мероси кенг қамровда ёритилган. Жумладан, болаликдан илмга иштиёқи, ҳадис ва фиқҳ илмларига бағишлаган ҳаёти, илмий сафарлари, машҳур уламолардан таълим олиши ва ҳадис ривоятида қўллаган ноёб услублари хусусида батафсил маълумот берилади.
Муаллифлар таъкидлаганидек, Имом Бухорий яратган илмий мезонлар, хусусан, ҳадисларни баҳолашдаги аниқлик ва талабчанлик ҳадисшунослик соҳасини юксак даражага кўтарган.

Мақолада алоҳида эътибор қаратиладиган жиҳат “Саҳиҳул Бухорий” асарининг исломий илмлар тарихидаги беқиёс аҳамиятидир. Унга киритилган ҳадислар ва уларни ишончлилик мезонлари асосида саралаб жамлаш жараёни исломий илмнинг чуқур илмий ва маънавий асосларга эга эканини яққол намоён қилади. Имом Бухорий ўз амалиётида илмга фақат назарий билим сифатида эмас, балки ахлоқ ва тақво билан уйғун тарзда ёндашиш зарурлигини кўрсатиб берган.
Муаллифлар Имом Бухорийнинг мероси бугунги замон учун жуда муҳим эканини таъкидлайди. Уларнинг фикрича, ҳадисларнинг ҳаққоний ва илмий асосланган талқини ёш авлод тарбиясида соғлом диний дунёқарашни шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Илм, маънавият ва ахлоқ уйғунлиги жамиятни эзгу мақсадлар сари етаклайди.
Мақолада Самарқандда фаолият юритаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг вазифалари ва халқаро илмий ҳамжамиятдаги ўрнига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган Марказ ҳадис илми ва исломий меросни ўрганиш, ёшларда маънавий иммунитетни шакллантириш ҳамда жаҳон миқёсида илмий муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилган.
Марказ томонидан ҳозирга қадар кўплаб илмий нашрлар чоп қилиниб, халқаро конференциялар ва маърифий тадбирлар ташкил этилган. Шунингдек, ноёб қўлёзмаларни асраб-авайлаш ва рақамлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Мақолада жамоанинг ёшларни маърифий тарбиялаш, экстремизм ва ёт ғояларга қарши илм асосида курашиш йўналишидаги ташаббуслари ҳам юқори баҳоланган.
Муаллифлар таъкидлаганидек, Имом Бухорийнинг илмий мероси глобал илмий ва маънавий тараққиёт учун муҳим назарий ва ахлоқий асос вазифасини ўтаб, инсонни илм орқали яхшиликка, маънавият ва ақл-идрок уйғунлигига чорлайди.
Шу маънода мақола нафақат исломшунос олимлар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам қизиқарли ва фойдали манба ҳисобланади. Унда исломий илм меросининг инсоният маънавий дунёсини бойитишга қўшган улкан ҳиссаси, шунингдек, бу йўналишда Ўзбекистон илгари сураётган ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан тобора кенг эътироф этилаётгани яққол кўрсатилган.
IslamiCity.org 1995 йилда АҚШда ташкил этилган мустақил нотижорий исломий платформа бўлиб, дунё бўйлаб кенг аудиторияга ислом дини, маърифати ва маданияти ҳақида холис ва ишончли маълумот етказишни мақсад қилган. Сайтда мақолалар, таҳлиллар, видеолавҳалар ва интерактив контентлар орқали ислом цивилизацияси кенг ёритилади. Йилига 225 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудлардан миллионлаб одамлар сайт билан танишади.
Манба: ЎзА