Home / ЯНГИЛИКЛАР / КУЧ-ҒАЙРАТИМИЗНИ ЁШЛАР КАМОЛОТИ, ИЛМ-МАъРИФАТИГА САФАРБАР ЭТАМИЗ

КУЧ-ҒАЙРАТИМИЗНИ ЁШЛАР КАМОЛОТИ, ИЛМ-МАъРИФАТИГА САФАРБАР ЭТАМИЗ

Ёш улғайган сари кишининг тафаккур тарзи ҳам, дунёқараши ҳам кенгайиб бораверар экан. Анча йиллар олдин бирор хушхабарни эшитсам, уни шундайлигича қабул қилардим. Энди эса ҳеч бир янгилик, воқеа-ҳодиса оддий эмас, балки улар замирида ҳикматлар борлигини, Аллоҳ таолонинг инояти, азиз инсонларнинг шарофати эканини англаб етяпман.

Матбуотда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонини ўқиб, рўйхатда камина ҳам борлиги туфайли кўзларимда ёш ҳалқаланди.

Бу қувонч ёшлари икки буюк сиймо туфайли пайдо бўлди. Биринчиси, буюк муҳаддис Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ бўлса, иккинчиси, у улуғ зотнинг бой илмий меросини келажак авлодга безавол етказишга катта ҳисса қўшаётган, аллома мангу қўним топган масканни обод қилаётган давлатимиз раҳбаридир.

Ўзбекистондан яна Имом Бухорийлар чиқиши учун нима қилиш керак? Аввало, ёш авлодни билимли, маърифатли, одоб-ахлоқли қилиб вояга етказиш зарур. Бунинг учун буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий мероси биз учун муҳим дастуруламал бўлиши керак.

Эътибор берган бўлсангиз, иккала орден ҳам буюк муҳаддис номига таъсис этилган: “Олий Даражали Имом Бухорий” ҳамда “Имом Бухорий” ордени. Бундай орденнинг таъсис этилиши муҳаддислар султонига бўлган эҳтиромнинг олий намунасидир. Шу билан бирга, авлодларимиздан яна Имом Бухорийлар чиқиши учун шу йўлда фидокорона меҳнат қилаётган олимлар, уламоларга бериладиган мукофотдир.

“Муҳаддислар султони”, “Дунё имоми”, “Ражулун Набий” каби унвонлари билан бутун ислом оламида катта шуҳрат қозонган буюк ватандошимиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғира Жуафий Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “ал-­Жомеъ ас-­саҳиҳ” Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба ҳисобланади.

Мисрлик олимлар “Саҳиҳи Бухорий”га нисбатан “Қуръони каримдан кейинги иккинчи асосий манба” деган иборани эшитсалар, ғазабланадилар. Бунинг боиси сўралганда: “Қуръони карим, шубҳасиз, биринчи манба ва илоҳий калом. Лекин “Саҳиҳи Бухорий” башарият томонидан битилган энг ишончли асар. Шу боис, уни “Биринчидан кейинги биринчи манба” дейиш мақсадга мувофиқдир”, дейдилар.

“Саҳиҳи Бухорий” асари, хусусан, унинг 78-­китоби, яъни “Одоб китоби” ахборот хуружлари кучайган, ҳар қадамда ёт ақидалар, ғоялар, мафкураларни медиа макон орқали ёшларимиз
онгу шуурига сингдиришга бўлган уринишлар ҳар қачонгидан кўра кучайган бугунги даврда яна ҳам долзарб аҳамият касб этади.

“Биз бой маданиятимиз, шонли тарихимиз, қадим қадриятларимизни, аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросини қандай асраб қолишимиз мумкин?” деган савол ҳар бир ота­-онани, мураббийни қийнаши табиий. Бу саволга уламолар: “Ёшларнинг хулқ­атвори, ахлоқини шакллантириш орқалигина уларни сақлаб қолиш мумкин” дейишган.

“Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадислар 7563 та бўлиб, биргина “Адаб” китобида одоб­ахлоққа оид 254 та ҳадис жамланган. Шу билан бирга, аллома 1200 дан ортиқ ҳадисни ўзида жамлаган “Ал­адаб ал­муфрад” китобини ҳам таълиф этган. Бир ҳадисда: “Мезонга қўйиладиган энг оғир нарса гўзал хулқдир”, дейилган.

Бошқа бир ҳадисда: “Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Эр ўз аҳли аёли ва қўл остидагилар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Хотин эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилар учун масъулдир. Қул хожасининг молига мутасаддидир ва унинг учун масъулдир. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз”, деб марҳамат қилинган (“Саҳиҳи Бухорий”, 853-ҳадис).

Хулоса қилиб айтганда, бугунги ахборот хуружлари кучайган даврда ёшларимизни турли ёт ғоялардан асрашда буюк аждодларимизнинг бебаҳо дурдона асарлари бизга яқин кўмакчидир.

Президентимиз камтарона хизматларимни юксак эътироф этиб, “Имом Бухорий” ордени билан тақдирлаганлари бизга катта масъулият юклайди. Бундан буён ҳам ана шу юксак мукофотга муносиб бўлиб, ёшлар таълим­тарбиясига, мўмин­мусулмонларнинг маърифати ва маънавиятини янада юксалтиришга бор куч­ғайратимни сафарбар этаман.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори,
“Имом Бухорий” ордени соҳиби
“Янги Ўзбекистон” газетаси 2025 йил 2 сентябрь, №181(1507)

Check Also

“Спорт – соғлигимиз кафолати”

Жорий ҳафта шу шиор остида Самарқанд вилоятида диний соҳа вакиллари ўртасида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 …