11 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти “Азрет Султан” (“Ҳазрати Султон”) миллий тарихий-маданий музей-қўриқхонаси ҳузуридаги Яссавийшунослик маркази ташаббуси билан “Самарқандда Яссавия тариқати намояндалари” мавзусида онлайн суҳбат ташкил этилди.
Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов маъруза билан иштирок этди.
Олим тадбир мазмунини қуйидаги сўзлар билан белгилаб берди:
– Яссавия тариқати тарихини Самарқанддан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Чунки бу муқаддас шаҳар нафақат илм-фан, балки маънавият маркази сифатида ҳам улкан ўрин тутган.
Шу асосда маърузачи Самарқандда яшаб ўтган йирик тасаввуф намояндалари, хусусан, Шайх Худойдод Валийнинг ҳаёт йўли, илмий-маърифий мероси ва тариқатдаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, Шайх Худойдод Валий XVI аср бошларида Самарқандда яссавия тариқатини янги руҳда қайта тиклаб, Ғазира ҳудудини тариқатнинг муҳим марказларидан бирига айлантирган.
Тарихий манбаларда қайд этилишича, у ўз замонасида “Тариқат султони”, “Орифлар улуғи”, “Қутблар қутби” мартабалари билан эъзозланиб, эътироф этилган. Айнан шайх ва унинг шогирдлари орқали яссавия таълимоти Самарқанд оша Туркистон, Бухоро ва Ҳиротга, у ёғи Ҳиндистонгача кенг тарқалган.
Маърузада таъкидланганидек, Шайх Худойдод Валий нафақат сўфийлик мактабини мустаҳкамлаган, балки жамиятда маънавий уйғонишга туртки берган улуғ зот сифатида танилган. Унинг шогирдлари томонидан барпо этилган хонақоҳлар, масжид ва зиёратгоҳлар бугунги кунда ҳам маънавият маскани сифатида хизмат қилмоқда, маҳаллий аҳоли ва хориждан келаётган зиёратчилар учун қутлуғ манзилга айланган.
Профессор Зиёдов маърузасини қуйидаги сўзлар билан якунлади:
– Самарқанддаги яссавия тариқати мероси – бу бизнинг маънавий илдизларимизнинг узвий бир бўғинидир. Уни ўрганиш, асраб-авайлаш ва янги авлодга етказиш – барчамизнинг умумий бурчимиз”.
Илмий мусоҳаба яссавия таълимоти ва унинг Самарқандда тутган ўрнини яна бир бор ёритиб берди. Илгари сурилган фикр-мулоҳазалар нафақат долзарб илмий аҳамиятга эга, балки бугунги авлодни маънавий меросимизни чуқурроқ англаш ва қадрлашга, илҳомлантиришга хизмат қилади.
Шайх Худойдод Валий ва унинг йўлини давом эттирган шогирдлар фаолияти фақат тарих саҳифаларида эмас, балки халқ хотирасида ҳам ҳамиша барҳаётдир. Улар асос солган маънавий анъаналар, барпо этган зиёратгоҳлар ва қолдирган маданий мерос бугунги кунда ҳам моддий, ҳам номоддий тарзда – авлодлар шуурида яшаб келмоқда.
Мазкур тадбир яна бир бор шунчаки тарихни эмас, балки миллий ўзликни, маънавий баркамоллик ва маърифат ришталарини қайта кашф этиш зарурлигини эслатди.