Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, тараққийпарвар уламо Маҳмудхўжа Беҳбудий 44 йил умр кўрган бўлса-да, шу қисқа умри давомида ижтимоий-сиёсий, диний фаолияти билан Туркистон тарихида муҳим из қолдирди. Унинг 200 дан ортиқ мақолалари, дарслик ва асарлари ҳозирги кунга қадар ўз долзарблигини йўқотмай келмоқда. Шу кунга қадар Беҳбудийнинг кўпроқ ижтимоий-маърифий, сиёсий фаолияти ва қарашлари кўпроқ ёдга олинса-да, диний қарашларига у қадар кенг тўхтаб ўтилмайди. Ушбу мақолада М.Беҳбудийнинг ислом маърифатига хизмат қилувчи баъзи қарашлари таҳлил қилинади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти, фаолияти ва асарларини ўрганиш ХХ асрнинг 20-30 йилларидан бошланди. Аммо орада катта узилишлар билан 80-йиллардан бошлаб кенг тарзда тадқиқ этиб келинмоқда. Бугунги кунга қадар адабиётшунос, тилшунос, тарихчи, санъатшунос, файласуф ва педагоглар томонидан унинг мақолалари, ижтимоий-сиёсий, маданий ва диний қарашлари ўрганилиб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон, АҚШ ва европалик олимлар томонидан Беҳбудий ҳаёти ва мақолалари ўрганилиб, баъзилари жамланган ҳолда танланган асарлар сифатида бир неча бор нашр этилди. Умуман олганда, шу кунга қадар Беҳбудий мақолалари Туркистон ва хориж даврий матбуотининг 18 дан ортиқ газета ва журналларида чоп этилган. Ушбу мақолалар алломанинг ижтимоий, сиёсий, диний фаолияти ва қарашларини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Мазкур мақолани ёзишда муаммовий – хронологик, даврлаштириш, қиёсий таққослаш ва тизимлилик каби тарихий тадқиқот методларидан фойдаланилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий Аҳмад Яссавий авлодидан бўлиб, унинг оиласи ўз даврининг зиёли уламоларидан эди. Ёшлигида отаси Беҳбудхўжадан 3-4 йил ичида Қуръонни ёд олади. Бу ҳақда Ҳожи Муин уни хотирлаб шундай ёзади: “Беҳбудий афанди рамазон кечаларида хатмларга ўтиб юрди. Беҳбудий афанди уч кечалик бир хатмда ёлғуз биргина хато қилгон дерлар, Бу эса, унинг қувваи ҳофизаси на даражада эканлигини кўрсатади[13]”. Беҳбудий қорилик билан қаноатланмай, Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида таълим олиб, араб, форс тилини мукаммал ўрганган. Шунингдек, диний илмларни, хусусан, фиқҳни ҳам чуқур ўзлаштиргани, кейинчалик унинг муфтий ва қозилик қилишига асос бўлиб хизмат қилган эди. Унинг жадид матбуоти ва ўзи очган янги усул мактаблари учун ёзган ислом маърифатига хизмат қилувчи дарслик, мақола ва рисолалари ўз даврининг тараққийпарвар уламоларидан бўлганини кўрсатиб беради. Хусусан, у ўз асар ва мақолаларида бирдамлик, маърифатга чорлаб, ислом руҳонияти, халқчил ислом амалиёти ва асосий энг долзарб масалалардан бири бўлмиш исломий ахлоққа нисбатан бўлган муносабати акс этган [8:266].
Мустамлака зулми остида яшаётган Туркистон мусулмонларининг миллий давлатчилик таназзули, иқтисодий қарамлиги халқнинг ижтимоий-маиший, диний турмушига нақадар катта таъсир қилганини кўрган Беҳбудий диний ва дунёвий ислоҳ масаласини долзарб ҳисоблайди. Давр руҳияти, халқ онгининг муҳим омили саналган ислом динининг софлиги ва унга қарши бўлган мутаассибона одат ва қарашлар ҳамда баъзи мутаассиб уламоларни ислоҳга чорлашни ўзининг асосий вазифаси деб билган. Айниқса, мустамлака ҳукуматнинг Туркистонда олиб бораётган сиёсати ислом дини амалиётига ўта салбий таъсир қилганини Беҳбудий қуйидагиларда кўради ва муаммоларга ечимни ҳам кўрсатиб ўтади.
Таълимда (таълим ислоҳи, таъминот, вақф масалалари);
Уламолар фаолияти (қози, мударрис ва бошқалар);
Диний фаолиятнинг назоратсизлиги (“Идораи руҳония”га эҳтиёж).
Маълумки, таълим ислоҳи масаласи жадидлар фаолиятининг асосий негизи эди. Мактаб ва мадраса таълимида нафақат дунёвий фанлар, балки диний фанларни ўқитиш ҳам қониқарсиз эди. Хонликлар даври сўнггига келиб, таълим сифати ва тизими ёмонлашиб борди, мустамлака шароитида эса ундан ҳам баттар муаммолар гирдобига тушиб қолди. Хусусан, мадрасалар таъминотининг қисқариши, вақфларнинг назоратга олиниши ҳам таълимнинг аҳволини янада оғирлаштирди. Мана шундай ижтимоий, иқтисодий муаммолар кучайиб боришига жим қараб тура олмаган жадидлар, тараққийпарвар уламолар қаторида Маҳмудхўжа Беҳбудий жамиятни уйғотиш, халқнинг диний, дунёвий саводхонлигини оширишда таълимдаги муаммоларни қуйидагиларда кўрди.
– Дарсликлар етишмаслиги, диний ва дунёвий фанларнинг нотўғри тақсимоти. Бунда мактабларда бошланғич диний таълим, ислом асосларига оид китоблар, мадрасаларда, ислом тарихи, ҳикмат, ҳадисшунослик, Қуръон тафсири, ислом фалсафаси каби фанлар қисқариб, унинг ўрнига турли “Шарҳ”лар ва “Басмала” кабиларга кўп вақт ажратилиши ва бошқалар.
– Тил муаммоси бўлиб, мадрасаларда ҳам дарсликлар асосан араб тилида эди. Аммо уларнинг янгиланмагани араб тилини ҳам ўзлаштириш қийинлашишига сабаб бўлган эди. Бунинг асосий сабаби эса, таълимда, хусусан, диний дарслар ўзбек ва тожик тилларида олиб борилмаслиги, бир неча юз йиллик араб тилидаги адабиётлар ҳали ҳам таржима ёки янгитдан ёзилмагани эди. Кўриниб турибдики, мактаб ва мадраса таълимида араб тили муҳим аҳамият касб этган. Табиийки, араб тилини чуқур ўзлаштириш ислом асосларини, Қуръон каримни ўрганишда муҳим ўрин тутган. Дарҳақиқат, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам диний таълимга оид фанлар қаторида араб тилини алоҳида таъкидлаб ўтиб: “Араб тилисиз динимиздин бебаҳра қолурмиз”[2], деб эътироф этган. Яъни бу тилни мукаммал ўрганиш Қуръон ва ҳадис маъноларини тушуниш, ота-боболари томонидан араб тилида ёзилган асарларни ўқиб тушунишда муҳим аҳамиятга эга эди [3:123].
Ҳатто, ислом асослари, шариат қонунлари ҳам араб тилида эди. Иқтидорли талабаларни мустасно қилганда, аксарият талабалар учун анча мураккаб бўлган, фақатгина дарс жараёнида қўлланган, кундалик мулоқотда истеъмолда бўлмаган араб тилида (кўп ҳолларда луғатлар ёрдамида) таълим олиш ўқув жараёнини мураккаблаштирган [4]. Бундай шароитда таълим тизимида асосий предмет ҳисобланган ислом асослари, шариат қонунларини чуқур ўзлаштириш, уларнинг моҳияти ва амалиёти ҳақида кенг мушоҳада қилиш, назарий билимларни реал ҳаёт билан боғлаш анча мушкул бўлган. Буни яхши англаган Маҳмудхўжа Беҳбудий диний таълим ислоҳида аввало неча асрлик дарслик ва қўлланмаларни қайтадан кўриб чиқиш, уларни болалар тушунадиган ўз она тилида ёзишни тарғиб қилган. Жумладан, мадрасаларда “Ислом тарихи” ва “Ҳикмат”, “Фалсафаи олий” ва дунёвий билимлар каби фанлар ўқитилмаганидан “исломият зид маданият ва мухолиф ҳикмат ва табиатдир”[2], каби нохолис тушунчалар келиб чиққанини таъкидлайди. Бу эса, ўз навбатида, ислом динини мутаассиб, қолоқ, тараққиётга ғов сифатида кўрсатиш билан бирга, мутаассиб ва реакцион руҳдаги уламолар етишиб чиқишига хизмат қилиши табиий эди.
Беҳбудий таълимдаги бу муаммоларга ўзининг таклифларини ечим сифатида кўрсатади. Масалан, жадид мактаблари учун диний ва дунёвий дарслик ва ўқув қўлланмалар нашр эттиради ва уларни бутун Туркистон бўйлаб кенг тарқатиш ва ўқитишни тавсия этиб, рўйхатини ўзининг “Самарқанд” газетасида эълон қилиб борган[12]. Хусусан, унинг болалар учун мўлжалланган ислом тарихига оид рисоласи, дарслик сифатида жадид мактабларининг 3-4-синф ўқувчиларига тавсия этилган. Дарслик бир неча фаслларга бўлинган. Унда ислом динининг тарихий географик вужудга келган макони, исломгача бўлган Арабистон тарихи ҳақида қисқача тарихий воқеликлар келтирилган. “Насаби Ҳазрат пайғамбар”, “Силсилаи тоҳира”, “Мавлуди шариф”, “Валадин Мустафо”, “Пайғамбарлик башорати” ва яна бошқа фаслларида ислом дини пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)нинг тарих саҳнасига чиқиши, аста-секин ислом динининг кенг ёйилиши, араб халифалигининг вужудга келиши, тўрт халифалар ҳақида маълумотлар берилган. Мақолада яна мактаблар учун “Имлои исломия” асари ҳам тавсия этилган бўлиб, унинг қисқача мазмуни қуйидагича ифодаланган: “Туркийда, қаламий хатида, 36 бет. Рисола имон, ислом, дин, шариат миллат, таҳорат, намоз, рўза, ҳаж, закот ва уларни фарз вожиб, суннат макруҳ ва бошқалардан муфассал ўргатур”[12]. Бу жадид мактаблари учун чоп этилган дарсликлар эски усулдаги таълимдан фарқли равишда тез ва самарали усулда болаларнинг диний саводини чиқаришга хизмат қилган эди.
Шунингдек, Беҳбудий ўз фикрини давом эттириб, мустамлака ҳукумати томонидан ўлкада 1884 йилдан очила бошланган рус-тузем мактаблари таълимини ҳам қоралайди: “Рус тузем мактабларға ўқугонлар зиёли тугул хийла ҳам ҳисобланмайдулар. Алар фақат русча чаласавод кишилардир, бу зиёлилар (“образаваниялик”) даги ихтиёжимизга аҳоли ҳануз илм ҳосил айтмабдур”[12]. Асосий муаммо сифатида рус-тузем мактаблари мустамлака манфаатларига мослаб болаларга таълим берилиши, уларда диний билим ва миллий адабиёт намуналари ўқитилмаганини алоҳида таъкидлаб ўтган. Беҳбудий империянинг рус-тузем мактаблари таълими учун ислом динига оид билимлар ва миллий адабиёт каби фанларни қўшишни тавсия қилган. Шунингдек, гимназияларда диний таълим ва “Адабиёти исломия” учун маҳаллий халқ орасида муаллимлар қабул қилиш мақсадида ҳукуматдан рухсат олиш кераклиги ҳақида ёзган эди [2].
Дарҳақиқат, Беҳбудий таълимда ислом тарихига алоҳида эътибор беради. Ҳар бир мусулмон ўз она ватани тарихини ислом тарихидан айро билмасдан ўрганиши лозимлигини уқтиради. Беҳбудий тарих фанини ўқувчиларга ўтмиш ҳақида жуда кенг маълумотлар бериш билан бирга, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва мантиқий фикрлашга ҳам муҳим хизмат қилишини қуйидагича ифодалайди: “Мусулмонлик қандай кўпайди ва тараққий этди ва ал-он на учун мусулмонлар таназзул этдилар? Ва иложи худдорий ва тараққий надур? Мунинг билмоқ, тарих ўқумоқ керак. … Қуръони каримнинг қарийб тўртдан бири тарих ва ахборни муҳтавийидур” [11]. Беҳбудий ўз фикрига мисол қилиб, ҳатто баъзи имом, эшонларнинг ислом тарихини яхши билмаслигини тарих ўқимасликнинг гуноҳидир, деб атайди. Дарҳақиқат, бу даврда янги усул мактаблари учун ислом тарихини ўз ичига олган янги турдаги дарслик ва асарларга бўлган эҳтиёж кучайгани сабабли, жадидлар орасида ислом тарихини содда ва равон тарзда ёзиш анъанаси кенгайган эди. Туркистонлик жадидлар орасида Беҳбудий бу ишда биринчилардан бўлган эди.
Мустамлака ҳукуматнинг олиб борган сиёсати, қонун ва низомлари барча соҳалар қатори диний уламолар фаолиятига ҳам салбий таъсир қилди.
Туркистонда “ислом динини чеклаш” йўлидан борган ўлка маъмурияти томонидан уламолар, қози ва мударрисларни “сайлаш” амалиёти йўлга қўйилади. Бунда уларнинг билими ва тажрибаси эмас, балки кўпроқ ҳукмрон тузумга нечоғлик садоқати, мустамлака манфаатлари учун хизмат қила олиши муҳим ҳисобланар эди. Натижада эса, Беҳбудий диний уламолар: қозилар ва бошқа бир қатор ваколатли лавозимларга порахўр, нолойиқ шахслар сайланиб, оқибатда истеъдодли уламолар четда қолиб кетганини афсус билан тилга олади [1]. Мустамлака ҳукумат томонидан Низомда мустаҳкамлаб қўйилган Туркистон мусулмонлари учун чеклов ва ўзгаришларга учраган қози ва бий судлари тизимини кўриб, уларнинг ҳуқуқий мақоми ва ҳолатини синчиклаб ўрганади, ўзи қози ва муфтий бўлиб ишлагани туфайли ҳам ўз фикри ва таклифларини ишлаб чиқади. Беҳбудий қозилик судлари тузилишини ўзгартириш ва ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлаб, расмий маъмуриятнинг Туркистонда олиб бораётган сиёсати ва ўрнатган қонун-қоидалари туркистонликларнинг диний қадриятлари, талаб-истаклари ва турмуш-тарзига мутлақо зидлиги, натижада, ижтимоий-диний ҳаётга қандай салбий таъсир қилаётганини тушунтириб берган эди [7:98].
Шунингдек, Беҳбудий бу даврда кўпайган сохта тариқатчилар, жумладан, “кароматгўй” эшонлар фаолиятини кескин қоралаб, “Шариатдан бехабар, аммо амалда тариқатни даъво қилувчи”лар деб танқид қилган [9]. Эшонларни соҳибкароматга чиқариб, муқаддаслаштириш нотўғри, шариатга хилофдир, деган. У “муқаддас” сохта эшон ва руҳонийларга қарши курашиш мақсадида ва муаммога ечим сифатида қуйидаги фикрларини келтириб ўтади: “Эшонларни устидан қарайдургон бир идораи руҳония очилмоғи Туркистонга кўпдин бери лозимдир. Холо бизни илмий ва руҳоний кишиларимизни бошсиз ва интизомсизликларини бир неча сабаби нозирсизликлариндадур” [9].
Дарҳақиқат, Беҳбудий ҳақ эди. Расмий ҳукумат диний муассаса ва ўқув юртларига қарши сиёсат олиб бориб, уларнинг аҳоли орасидаги ижтимоий-иқтисодий мавқеини пасайтиришга ҳаракат қилди. Шайхул ислом, қозикалон, раис, муҳтасиб каби лавозимлар бекор қилинди, бир қатор диний уламолар фаолиятида ўзгариш ва чекловлар жорий қилинди. Натижада, дин уламолари ва диний ҳаёт бирмунча назоратсиз, яъни бошсиз қолишига сабаб бўлди. Диний таълим муаммолари, диний мутаассибликнинг кучайиши каби ҳолатларнинг барчаси эса, аҳоли ўртасида диний билимлар етишмаслигига олиб келди. Оқибатда юқорида қайд этилган салбий ҳолатлар кўпайди.
Шунинг учун ҳам Беҳбудий диний уламолар фаолиятида интизом, масъулият ва адолат сусайгани, уламоларни назорат қилувчи “Идораи руҳония” деб номланувчи ташкилот тузиш кераклигини алоҳида таъкидлаган. У бу борада ўз таклифларини қуйидаги тарзда ифодалайди. “Туркистонни ягона эҳтиёжи идораи руҳония ва дохилия ташакккули ва анинг аъзоларини басиратли (кўзи ўткир) улушидир. Аммо бу идора фақат руҳоний бўлмай, Туркистонни ҳозирги қуззоти ва тасарруфинда бўлуви, мулкий ва дохилий иш ва ҳукмларинда муҳтави(ичига олмоқ) ўлса керак” [6:149]. Идораи руҳония Туркистоннинг 5 вилоятини ўз ичига олган шариат ва замондан хабардор бир шайхул ислом беш йилга сайлов асосида тайинланиб, Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатишини, шунингдек, 5 та аълам ва 5 аъзо, мирзо ва саркотиб тайинлашни таклиф қилади. Улар ҳар бир вилоятдан сайланиб, Идораи руҳония ва дохилия шўбаси шу вилоятларнинг мусулмонлар яшайдиган “эски шаҳар” қисмида идорасини ташкил этиш ва уларда бир садринишин (раис), 3 уламо, яъни вилоят аълами ва бир олий маълумотли мусулмон (вилоят аъзоси), мирзо, саркотиб тайинлашни таклиф қилган эди. Шу билан бирга, у фақат Туркистон мусулмонларинигина эмас, камсонли бошқа дин ва миллат вакилларининг ҳам манфаатларига хизмат қилувчи динлар ва миллатлараро бағрикенгликни таъминловчи фикр ва ғояларини ҳам таклиф сифатида кўрсатган эди. Яъни Туркистон Идорайи руҳония ва дохилияси ҳамда ерли яҳудийлардан сайлов ила бир нафар яҳудий олими иштирок этиши кўзда тутилган эди [6:149].
Беҳбудий мустамлака шароитида жамиятни ислоҳ қилиш масаласини кун тартибига қўяр экан, халқни диний ва дунёвий ишларида тез таъсир кўрсата оладиган омил ислом дини эканини яхши англаган ҳолда, бу йўлда уламоларни энг олд сафда туришини таъкидлайди: “Халойиқни ҳеч ким гўрдин чиқиб ислоҳ этмас. Уламо, мактаб ва мадраса ислоҳ этар, вале мактаб, мадраса аҳли муни ўйламайдурлар”. Уламоларнинг миллат пешвоси эканига алоҳида урғу беради.
Бу даврда Туркистон мусулмонлари умумий диний идораси (маҳкама) йўқлиги шароитида жадид матбуотида, хусусан, ўзининг “Ойина” журналида фиқҳ илмининг билимдони сифатида баъзи ижтимоий-маиший мавзудаги масалаларга шариат доирасида жавоб-фатволар бериб борган. Айниқса, халқни, Туркистон мусулмонларини юрт, миллат, дин равнақи учун диндошлар, қардошлар бирлашиши кераклигини бот-бот такрорлайди. Айниқса, тараққийпарвар жадидларга нисбатан халқ орасида уларни қоралаб, кофирга чиқарган мутаассиб уламоларни танқид қилиб, уларнинг фикрини инкор этади. Жадидлар, “маданиятпарвар мусулмон”, тараққийпарварларга нисбатан бобий деб аталишини қоралайди: “Ҳолбуки, “бобий ва мосун” бошқа, тараққийпарвар мусулмон бошқадур. Бобийлик ва мосунлик ила фахр қилатургон номусулмонлар бўлганидек, тараққийпарвар мусулмон бобий ва мосунликни ўзиға нисбат беришни абадан қабул қилмайдур”[10]. Беҳбудий бобийлик(баҳоийлик)ни исломга алоқадор бўлмаган мустақил дин сифатида қайд этиб, тараққийпарвар жадидларнинг ислоҳотпарвар қарашлари учун уларни “бобийлар” каби уйдирма билан қоралашини танқид қилган.
Беҳбудий ислом оламида ислоҳотчилик ғоялари билан танилган машҳур мисрлик ислоҳотпарвар уламо Муҳаммад Абдунинг фатволарига ижтимоий-маиший масалаларга ечим беришда суянган. “Ишляпа”, “шапка” ва бошқа Оврупо кийимларини киймоқ шариати исломияча ҳеч бир зарарлик эмасдур. Яъни шаръан мутлақо дурустдур[5], деб таъкидлайди. Шунингдек, илм исташ ниятида хорижда таълим олиш, бошқа дин вакиллари пиширган таомларни ейиш ва бошқа маиший мавзудаги масалаларга Қуръон ва ҳадисдан мисоллар келтириб, шаръан жоиз бўлган жавоб фатволарни беради. Ислом енгилликни исташини, илм олиш ҳар бир эркак ва аёл учун фарз амал эканини муқаддас оятлар ва ҳадислар билан асослаб беради. Қайд этиш жоизки, Маҳмудхўжа Беҳбудий матбуотда ҳар бир масала юзасидан фикр берганда, халққа юзланганда, албатта, Қуръон оятлари ва ҳадислардан араб тилида ва таржимаси билан мисоллар келтириб, ўз фикрини далиллайди. Табиийки, бу усул ўз даврининг маърифатпарвар уламоси учун хос бўлиб, диннинг халқ учун муҳим омиллигини ҳисобга олган ҳолда, унинг таъсирли бўлишини таъминлар эди. Беҳбудий ҳаж ва бошқа хорижга сафарлари асносида нафақат Туркистон, балки неча юз миллион мусулмон халқларнинг диний ва дунёвий ҳаёт тарзини кўриб, кўплаб уламо ва маърифатпарварлар билан танишиб, ислом оламининг аҳволидан хабардор бўлади. Табиийки, бу сафарлар, унга мусулмон оламини яхлит бир уммат сифатида кўриб, ислоҳ ва тараққиётга чорловчи ўз даврининг ислоҳотпарвар уламолари фикр ва қарашлари билан танишиш имконини ҳам берган эди.
М.Беҳбудий мустамлака шароитида ислом софлигини сақлаш, турли маросим ва урф-одатларнинг ислом динига нечоғли алоқадорлигини тўғри англаб етиш, турли бидъатларга қарши курашиш масалаларида халққа тўғри йўл кўрсатиш, Қуръони карим, ҳадислар асосида, ҳанафия мазҳаби доирасида тушунтиришлар беришга ҳаракат қилган. Бунинг учун эса, диний таълимни тўғри ташкил этиш, ислом асосларини чуқурроқ ўргатиш ва бу орқали халқни маърифатли қилишга чорлаган. Яъни ислом дини илм-маърифат, жамият ва давлат ривожи учун тўғоноқ эмас, аксинча ислом илм-фан ҳомийси ва рағбатчиси бўла олишини ўз диний қарашлари орқали кўрсатиб бера олган.
-
Беҳбудий М. Бизга ислоҳ керак // “Нажот” газетаси. 1917. №
-
Беҳбудий М. Фельетон. Эҳтиёжи миллат // Туркистон вилоятининг газети. 1909. №
-
Васлий С. Ҳар бир мусулмоннинг араб тилиға ошно бўлиши зарур //Ал-ислоҳ. № 123. – 1916. – Б.123.
-
Зиёева Д.Х. XIX аср охири –XX аср бошларида Туркистонда анъанавий таълим тизими муаммолари // Ислом университети ахборотномаси. № 2009.
-
Кийим ва ташаббуҳ масаласи // “Ойина” журнали. 1914 йил 14 июнь. 34-сон.
-
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси // “Жаҳон адабиёти” журнали. Нашрга тайёрловчи Б.Қосимов. 2003 йил. 8-сон. – Б.149.
-
Эргашева М. Маҳмудхўжа Беҳбудий қозилар фаолияти ва уларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида // Маҳмудхўжа Беҳбудий меросининг миллий ғоя тарғиботидаги аҳамияти” илмий мақолалар тўплами. – Т.: 2014. – Б.98.
-
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. Ингеборг Балдауф. Маҳмудхўжа Беҳбудий Фаластинда. Нашрга тайёрловчи, тўпловчи, сўзбоши, изоҳлар муаллифи Б.Қосимов. – Т.: Маънавият, 2006. – Б.266.
-
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Андижонда яна бир эшон // Туркистон вилоятининг газети. № 1907
-
Маҳмудхўжа. Сарт сўзи мажҳулдир // “Ойина” журнали. № 1914 йил 19 апрель.
-
Маҳмудхўжа. Тарих ва жуғрофия // “Ойина” журнали. 27-сон. 1914 йил 3 апрель.
-
Усули жадид мактаблари учун босилган китоблар // “Самарқанд” газетаси. № 1913 йил 30 июль.
-
Ҳожи Муин. Маҳмудхўжа Беҳбудий. // “Учқун” журнали. № 1. 1923.