Насиба опа шогирди Рухсора билан кўрсатувда қатнашиб, студиядан чиққанида вақт анча кеч бўлганди. Рухсора болаларини боғчадан олишга шошилаётгани учун улар такси олишди. Машина кам, ниҳоят оқ «Некция» тўхтади.
Йўл-йўлакай ҳайдовчи ўғлини мактабдан олди, кейин Рухсорани боғча олдида тушириб кетди. Насиба опа уйига етгач, ҳайдовчига йигирма минг деб ўйлаб пул узатди.
Орадан кўп ўтмай, эшик тақиллади.
— «Ким?» — деди Насиба опа.
— «Мен, сизни олиб келган таксичиман,» — деган овоз эшитилди.
Маълум бўлишича, Насиба опа адашиб йигирма минг ўрнига икки юз минг бериб юборган экан. Ҳайдовчи уйига боргач билиб қолган ва рафиқаси билан бирга пулни қайтариш учун қайтиб келган.
Насиба опа бу ҳалол эр-хотиннинг одобидан, дилидаги покликдан таъсирланди. Суюнчи бермоқчи бўлди, аммо ҳайдовчининг аёли мулойимлик билан деди:
— Опажон, дуо қилсангиз бўлди. Аллоҳ бизни ҳамиша ҳалол ризқ билан сийласин.
Чиндан ҳам, ҳалоллик бор жойда барака бор.
Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтганларидек:
«Нажот уч нарсададир: ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш.»
Ҳалоллик — нажотнинг бошланиши.
Ният пок бўлса, йўл ҳам адашмайди, барака ҳам йўқолмайди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






