Home / МОТУРИДИЙЛИК / Татар ислом анъанасида мотуридия мактаби: Мерос ва замонавий аҳамият

Татар ислом анъанасида мотуридия мактаби: Мерос ва замонавий аҳамият

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида теология магистри, Россия ислом университети тадқиқотчиси, шариатшунос эксперт ва имом сифатида фаолият юритаётган Айназ Зариповнинг татар уламолари орасида мотуридия ақидасининг тарқалиши мавзусидаги маърузаси тингланди.

Таъкидланганидек, татар исломий анъаналари асрлар давомида ҳанафий фиқҳи, мотуридия ақидаси ва шаръий тасаввуф асосига қурилган бўлиб, ўзига хос бу моделни уламолар 1917 йилга қадар кенг татбиқ этган.

Шайх Муҳаммад Мурод Рамзий ўзининг “Тарих уламо Булғор ва Қозон” асарида татар уламолари ҳақида бундай ёзади: “Эътиқод борасида уларнинг барчаси сунний-мотуридий, амал борасида ҳанафийдир. Шу кунга қадар улар орасида бидъатчи чиққани йўқ”.

Маърузада келтирилган илмий таҳлилга кўра, инқилобгача бўлган даврда татар мадрасаларида 137 китоб ўқитилган бўлиб, уларнинг салмоқли қисми ақида масалаларига бағишланган. Асосий қўлланма “Ақоидун Насафия” бўлган. Унинг энг нуфузли шарҳи – Тафтазоний томонидан битилган бўлиб, бу китоб татар мадрасаларида камида 15 марта қайта нашр этилган ва кенг тарзда ўқитилган.

Шунингдек, маърузада Абдуносир Курсавий қаламига мансуб икки муҳим асар атрофидаги фикрий баҳслар, Шиҳобиддин Маржонийнинг “Ал-Ҳикма ал-болиға ал-жания” номли рисоласи тилга олинди. Бу китоблар ислом меросининг юксак илмий даражаси ва интеллектуал мураккаблигини намоён этади.

Маърузада татар уламолари ақида илмларига устувор аҳамият бергани, мадрасаларда анъанавий мумтоз манбалардан асосий дарслик сифатида фойдаланилгани ва сунний-мотуридий қарашлар мусулмон жамоалар орасида бош эътиқодий йўналиш сифатида сақланиб келаётгани алоҳида таъкидланди.

Айназ Зарипов қуйидаги хулосани баён қилди: “Мотуридия ақидаси асрлар давомида татар мусулмонларининг маънавий таянчи ва диний бирдамлигининг асосий устуни бўлиб келди. Бугун ҳам ушбу меросни чуқур ўрганиш, авлоддан авлодга бус-бутун етказиш ва замонавий шароитда ривожлантириш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда”.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

КУЧ-ҒАЙРАТИМИЗНИ ЁШЛАР КАМОЛОТИ, ИЛМ-МАъРИФАТИГА САФАРБАР ЭТАМИЗ

Ёш улғайган сари кишининг тафаккур тарзи ҳам, дунёқараши ҳам кенгайиб бораверар экан. Анча йиллар олдин …