Мовароуннаҳрлик фақиҳ уламолардан бири – Носируддин Самарқандий (ваф. 556/1161) Самарқандда яшаб, ўз даврида Қуръон, ақида, фиқҳ, одоб-ахлоқ, тасаввуф, тарих ва тилшунослик каби илм соҳалари бўйича олим бўлган. Олим ислом динининг турли илм соҳаларига оид кўплаб китоблар ёзган бўлиб, улардан бир қанчаси бизгача етиб келган. Жумладан, олимнинг одоб-ахлоқ ва тасаввуф илмига оид “Риёзатул ахлоқ” (رياضة الأخلاق – “Ахлоқ тарбияси”) асари мавжуд бўлиб, ҳозирда унинг 2 та қўлёзма нусхаси маълум. Манбанинг биринчи нусхаси 868/1562 йилда номаълум хаттот томонидан кўчирилган бўлиб, 1268/1842 йилда Саудия Арабистонидаги Малик Муҳаммад Ҳасан ибн Ҳамза Зоҳирнинг шахсий кутубхонасига киритилган. Иккинчи нусхаси Суриядаги “Зоҳирия” кутубхонасида 11139 рақам остида сақланади. Ушбу нусха 1100/1689 йилда Абдуллатиф томонидан кўчирилган ва 84 варақдан иборат. Ушбу манбада асар номи “Риёзат ахлоқ ан-нафс” (Нафс ахлоқи тарбияси) деб келтирилган.
Самарқандийнинг мазкур асари одоб-ахлоқ, нафс тарбияси, тасаввуф илми ва тушунчалари борасида муҳим манба саналади. Асар риёзат ва унинг турлари ҳақидаги масалалар билан бошланиб, асосий қисмини Самарқандий, шартли равишда, икки қисмга: “Китобул адаб” (كتاب الأدب – “Одоб ҳақидаги бўлим”) ва “Китобул ахлоқ” (كتاب الأخلاق – “Ахлоқ ҳақидаги бўлим”)га бўлади.
Мазкур мавзуни ёритишда Носируддин Самарқандийнинг “Риёзатул ахлоқ” асари қўлёзма нусхаси ва замонавий нашрига мурожаат этилди. Қуръон оятларининг ўзбек тилидаги изоҳли таржимаси Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” китобидан келтирилди. Шунингдек, тасаввуф ва ахлоқ борасидаги махсус адабиётлардан истифода этилди.
Мазкур мақолада Носируддин Самарқандийнинг “Риёзатул ахлоқ” асарида илгари сурилган ижтимоий одоб-ахлоқ масалаларига доир қарашлар қиёслаш, анализ, синтез методлари асосида илмий таҳлил қилинган.
Самарқандий нафс тарбияси нима учун керак? деган саволга асарнинг кириш қисмида: “Ахлоқни поклаш инсонни бу дунёда бахт-саодатга ва охират кунида эса нажотга эришишига сабаб бўлади”, деб айтади. Бу борада Қуръон каримнинг қуйидаги оятини далил сифатида келтиради: “Нажот топувчи одам, ҳақиқатан, (куфр ва гуноҳлардан) пок бўлур ва Парвардигорининг исмини ёд этиб, (беш вақт) намоз ўқир” [1:591].
Олим китобини жиҳод сўзи билан бошлайди, яъни “Жиҳоднинг афзали нафсга қарши қилинган жиҳод” эканини алоҳида таъкидлаб, ахлоқ ва нафс тарбияси ҳақидаги ушбу китобни ёзишдан мақсад ҳам инсоннинг ўз нафси ва шайтони устунидан курашда ғолиб бўлишга ёрдам беришга ҳаракат деб атаган [4:5]. Бу билан Самарқандий жиҳодни инсонларни ёмон-ликдан қайтишга, яхшиликларни кўпайтиришга қилинган жидду-жаҳд, уриниш деб келтирган. Шунингдек, ислом таълимотида киши ўзидаги ёмон иллатларни тарк этиши ва яхши хулқлар билан хулқланишга ҳаракат қилиши “катта жиҳод” сифатида келтирилган.
“Риёзатнинг тартиби” номли фаслда ўз ахлоқини сайқаллашни хоҳлаган инсон, биринчи навбатда, Аллоҳнинг розилигига эришишни мақсад қилиши ва риёзат қилишни У (Аллоҳ)ни зикр қилишдан бошлаши лозимлиги айтилади. Бу билан инсон қалби таскин топиб, турли ёмонликлардан холи бўлади. Қалби хотиржам инсон эса, шошишдан ва тойилишдан холи бўлиб, бир ишни бошлашдан олдин ўйлаб, ўзига яқин инсонлар билан маслаҳатлашиб, кейин ишга киришади. Шундагина керакли натижага эришади [5:2b].
Тарбияни эса, инсоннинг ёшлигидан бошлаш мақсадга мувофиқ бўлиб, бу, биринчи навбатда, ота-онанинг зиммасида бўлади. Шу сабабли Носируддин Самарқандий асарнинг “Риёзатус сибён” (Болалар тарбияси) деб номланган фаслида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтган. Унда: “Бола ота-она учун Аллоҳнинг берган омонатидир. Инсон ҳаёти бамисоли бир оппоқ варақ бўлиб, у ҳаёти давомида унга турли нақшлар чизади ва ҳар хил ёзувлар ёзишга ҳаракат қилади. Аммо инсоннинг бу нақш ва ёзувлари ўчиб кетади. Фақат ўз боласининг қалбига ёзган ёзувлари ва унга чизган ахлоқий нақшлари инсонни ўзига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қайтади. Шу сабабли ҳам ҳар бир ота-она ўзининг оқ қоғоз мисоли фарзандига қандай нақш ва ёзувлар чизишига, яъни таълим ва тарбия беришига эътибор қаратиши лозим бўлади”, дейди [5:4b].
Одоб бўлимида ибодатларни адо этаётганда, илм олиш, илм бериш ва бошқа ижтимоий муносабатлар жараёнида амал қилиниши лозим бўлган одоб қоидаларини санаб ўтади. Хусусан, толиби илм нафсини ахлоқий ғаразлардан поклаш, илм олишда дунёвий мақсадни умид қилмаслик, устозини ва илмни ҳурмат қилиш, устозининг олдида ўзини хор тутиш ва туғёнга кетмаслик, илм олиш барча пайғамбар ва авлиёларнинг йўли эканини эсдан чиқармаслик лозим. Чунки пайғамбар ва уламолар ўзининг мартаба-лавозими ёки мол-дунёси билан эмас, балки уларга берилган илм билан саодатли бўлган. Демак, толиби илм қандай мартаба ёки насл-насаб соҳиби бўлишидан қатъи назар, манманлик ва кибрдан ўзини сақлаши, илм талаб қилишда тавозе ва мулойимликни ўзига касб қилиб олиши лозим.
Шунингдек, муаллиф илм берувчи муаллим ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб: “Устозлар ўзининг ўқувчиларига ўз фарзандлари каби меҳр-шафқатли бўлиши лозим. Ўзи ҳам гўзал ахлоқ соҳиби бўлиш билан бирга, ёмон хулқ ва одатлардан холи бўлиши талаб этилади. Устознинг берган илми бу дунёда кўпчиликка манфаат етказса, охиратда ўзи ва бошқаларга савоб келишига сабаб бўлади”, дейди [5:7b].
Бу мавзулардан сўнг Носируддин Самарқандий инсонларнинг кундалик ишлари ва фиқҳий амаллари борасидаги одоб қоидаларини бирма-бир санаб ўтади. Уларга: таҳорат, намоз, закот, садақа, рўза, Қуръон ўқиш, дуо қилиш, кечаси таҳорат билан ухлаш, таомланиш, зиёфат, талоқ, савдо, тижорат, суҳбат, биродарлик, оилавий яшаш, касал бўлиш, жаноза, сафар ва бошқа шу каби одоблар киради. Хусусан, рўза тутиш одоби ҳақида тўхталиб, Самарқандий рўзадорларни уч тоифага бўлади: “Биринчи тоифа, оддий мусулмонларнинг рўзаси – бунда рўзадор эрталабдан кечга қадар емоқ, ичмоқ ва жинсий яқинлик қилмоқдан ўзини сақлайди. Иккинчи тоифа, хосларнинг рўзаси бўлиб, унда рўзадор емоқ, ичмоқ ва жинсий яқинликдан тийилиш билан бирга, тана аъзолари билан гуноҳ қилишдан сақланади ва шу билан бирга, кимдир унга тили ёки қўли билан озор берган бўлса, уни афв этади. Учинчи тоифа эса, хосларнинг хоси бўлиб, бунда рўзадор Аллоҳ ва унинг ризосидан бошқа барча нарсаларни тарк этади”, деб таърифлайди [4:40].
Дуо қилишга доир одоблар ҳақида олим суннатда зикр этилган дуо ижобат бўладиган вақтларда кўпроқ дуо қилишга эътибор қаратиш лозимлиги айтади. Жумладан, қадр кечаси, Рамазон ойи, саҳарлик ва ифторлик вақти, ҳайит кунлари, жума куни, туннинг ярми ва тонг саҳарда қилинган дуолар фазилатли вақт сифатида зикр этилган. Яна намоздан сўнг ва ёмғир ёққан ўринларда дуо қилиш тавсия этилган. Дуо қилишдаги ҳолатларга ҳам эътибор қаратиб, олим ўзи эшитадиган овоз билан, қибла томонга юзланиб, қўлини кўтарган ҳолда ниятларини қалбидан ўтказиб, ҳар бир ниятини уч марта такрорлаш билан ҳамда унинг ижобат бўлиши чин ишонч билан дуо қилиш кераклигини уқтиради. Шунингдек, дуони аввалида Аллоҳнинг зикри, салавот ва истиғфор билан бошлаш ҳамда якунида яна салавот билан тугатиш тавсия этилади [4:41-42].
Таомланишда зарур одобларни Самарқандий уч қисм: овқатланишдан олдин, овқатланиш вақтида ва овқатланишдан кейинги одобларга ажратади. Биринчи қисмда таомнинг ҳалол ва шубҳали нарсалардан холи бўлиши, овқатланишдан олдин қўлларни ювиш, ерда овқатланиш, тавозе билан ўтириш белгиланган. Иккинчи қисмда эса овқатланишни ўнг қўл ва “бисмиллаҳ” билан бошлаш, иложи бўлса, ҳар луқма олганида тасмия айтиш, овқатланишдан олдин ва кейин туз татиш, таомни ёмонламаслик, ўз олдидан ейиш, овқатдан кўп олмаслик, таомни ўртасидан бошламаслик ҳамда таомдаги гўштни пичоқ билан кесмаслик каби одоблар келтирилган. Шунингдек, ноннинг устига еб бўлмайдиган нарсаларни қўйишдан қайтарилгани, бу борада Набий алайҳиссаломнинг: “Нонни икром қилинглар. У сизларга Аллоҳ таоло томонидан юборилган осмон баракаларидандир” деган сўзларини зикр этади. Нон устига қўлини қўйиш, артиш, бармоқлари орасига киргизиш, таомга пуфлаш мумкин эмас. Учинчи қисм, яъни овқатланишдан кейинги одоблар сифатида қўлни сочиққа артиш, кейин ювиш, таом қолдиқларини ялаб қўйиш ҳамда Аллоҳга ҳамд айтиш келтирилган [4:43-44].
Никоҳланиш одобида келин танлашда саккиз жиҳатга эътибор бериш лозимлиги айтилган. Улар дини, хулқи, ҳусни, маҳрни енгиллиги, фарзанд кўра олиши, бокиралиги, яқин қариндош бўлмаслиги ҳамда яхши хонадон аҳлидан бўлиши, деб белгиланган [4:47]. Шунингдек, оила таъминоти эркак кишининг зиммасида бўлиши, унда исроф ва камчиликка йўл қўймаслик, аёлига кифоя қиладиган даражада дин илмини ўргатиш ва адолатли бўлиш лозимлиги уқтирилган.
Ижтимоий масалалардан савдо ва тижорат борасида ҳам ўзига хос одоблар бўлиб, Самарқандий буни алоҳида мавзуда келтириб ўтган. Жумладан, савдода ўз эҳтиёжига яраша товарларни сотиб олиш, товарни айбларини айтиб сотиш, хушмуомала бўлиш, тарозидан урмаслик, муҳтожларга қарз бериш, фақирлар қарзини кечиб юбориш тижорат аҳли одоблари сифатида зикр этилган.
Олим дўст ва сирдош танлашнинг ҳам одобларини ўз китобида баён этган. Хусусан, ҳар қайси инсон билан дўст бўлиш яхши иш эмас. Чунки Набий алайҳиссалом: “Киши дўстининг динида бўлади. Шунинг учун ким билан дўст бўлганига эътибор қилсин”, деб айтган. Шу боис инсон ўзига дўст ёки сирдош танлашда бешта хислатига аҳамиятли бўлсин. Улар: ақл, чиройли хулқ, фосиқ, бидъатчи ҳамда дунёга хирс қўймаган киши бўлиши. Бу борада Самарқандий Жаъфар Содиқнинг сўзларини келтиради: “Беш тоифани дўст тутмагин! Биринчи ёлғончилар. Уларга яқинлашсанг, сендан узоқлашади. Улардан узоқ бўлсанг, сенга яқинлашади (яъни бошингга ташвиш тушса, ёрдами керак бўлган вақтда узоқлашади. Хурсанд бўлиб, уларга эҳтиёж бўлмаган вақтда яқинингда айланади). Иккинчиси аҳмоқлар. Сенга фойда келтираман деб, зарар етказади. Учинчиси бахил одамлар. Улар эҳтиёжинг бор вақтда сен билан алоқаларини узади. Тўртинчиси қўрқоқлар. Улар қийинчилик вақтида ўзини ўйлаб, сендан юз ўгиради. Бешинчиси фосиқлар. Улар сени арзимаган нарса учун сотиб юборади” [4:55]. Шу боис ҳақиқий, чин дўстлар ўзига яхши кўрган нарсани дўстига ҳам илинади, сўрашидан аввал мушкулини осон қилади, сирини сақлайди, олдида ва ортидан дуо қилади, вафодор, содиқ бўлади, обрўсини кўтаради.
Касал бўлиш одоби борасида Самарқандий шундай дейди: “Чиройли сабр қилиш, нолиш ва инграшни кўпайтирмаслик, чиройли сабр қилиш ва албатта, Аллоҳга таваккал қилиб, унинг дардига шифо беришига ишониш ҳамда хайрли дуо қилиш – беморликнинг одобидир” [5:8b]. Шунингдек, беморларни зиёрат қилишнинг ҳам одоблари бўлиб, бу масала “Риёзатул ахлоқ” китобида алоҳида мавзуга жамланган. Беморнинг зиёратига келган одам енгил ўтиради, саволни қисқа қилади, ҳамдардлигини изҳор қилиб, шифо тилаб дуо қилади. Бемор авратларига назар солишдан ўзини сақлайди. Киришдан олдин изн сўрайди. Ўзини таништиради [4:60].
Қўшничилик муносабатлари ҳам ислом таълимотида алоҳида масала бўлиб, улар ўртасидаги муносабатлар ислом манбаларида тартибга солинган. Олим қўшничилик одоблари борасида яхши кунларида бирга бўлиш, мусибат кунида ёнида туриш, хатоларини кечириш, қўшни деворидан назар солмаслик, сув, қор, тупроғини қўшнининг уйига оқизмаслик, сафарга кетса, уйига кўз-қулоқ бўлиш, ҳолидан хабардор бўлиб туриш, фарзандларига илтифот кўрсатиш, ҳожати тушиб қолса, ёрдам қилиш каби одобларни келтириб ўтади [4:61]. Бу борада: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни ширин қилиб қўяди (яъни қўшниларини муҳаббатли қилиб қўяди)” ҳадисини далил қилади. Шунингдек, қариндошлар билан, гарчи озор берса ҳам, алоқаларни боғлашга буюрилади. Ҳадиси шарифда: “Садақанинг афзали гина қилувчи қариндошга қилинганидир” дейилган.
Сафарга чиқишнинг ҳам ўзига хос одоблари бўлиб, Самарқандий бу борада зулмга қарши туриш, динда буюрилган амалларни бажариш, нафақани адо қилиш ёки душманга қарши кураш учун сафарга чиқилиши мумкинлиги, бунда йўлдош танлаш, ораларидан бир кишини бошлиқ қилиб тайинлаш лозимлигини айтади. Сафар учун эрта тонгда йўлга чиқиш афзал вақт сифатида келтиради. Уйга қайтишда оила аъзолари ва яқин қариндошларига совға олиш тавсия этилади. Шунингдек, олим мақсадсиз сафар қилишдан қайтариб, зарурат ёки олимларни зиёрат қилиш учунгина сафарга чиқишни таъкидлайди. Ва мақсади ҳосил бўлиши билан дарҳол уйга қайтиш тавсия этилади [4:63-65].
“Одоб ҳақидаги бўлим”да ижтимоий одобларга таъриф берилганидан кейин “Ахлоқ ҳақидаги бўлим”га ўтилади. Ахлоқ – бу инсонлар орасида намоён бўладиган кишининг хатти-ҳаракатлари мажмуи бўлиб, улар яхши ва ёмон хулқларга ажралади. Носируддин Самарқандий бу хулқларнинг биринчи ҳарфларига эътибор қилган ҳолда араб алифбосига мослаб бобларга бўлиб, унга мос хулқларни кетма-кет санаб ўтади ва атрофлича шарҳлаб беради. “Ахлоқ ҳақидаги бўлим” араб алифбосининг биринчи ҳарфи – “Алиф” ҳарфи боби билан бошланиб, дастлаб, бу бобда “الاستكبار” – “Кибрланиш” ахлоқи ҳақида сўз боради. “Кибрланиш – бу кишини ўз нафсида такаллуф ва мағрурликни касб қилиб олиши, ички ва ташқи ҳолатида ўзини бошқалардан устун қўйиши”, деб таърифлаган [5:16а]. Асарда кибр мавзусига алоҳида эътибор қаратилиб, унда кибрнинг келиб чиқиш сабаблари, турлари, кибрли инсонларнинг ахлоқи ва манманликнинг дунё ва охиратда келтирадиган зарарлари борасида айтиб ўтилган. Чунки ҳамма ёмонликларнинг бошланиши инсон ўзини бошқалардан улуғ ҳисоблаб, уларни менсимасликдан келиб чиқади. Натижада, кибрли инсон қилаётган ишларини тўғри деб ўйлаб, яқинлари маслаҳати ва насиҳатига қулоқ солмай, ўзини ҳар бир ишда ҳақ деб ўйлайди. Бу эса, аввало, кибрланган кишини ўзига, қилаётган ишига, кейин эса, унинг атрофидаги жамият аъзоларига зарар етказади. Шунингдек, бу бобда “Исор” (ўз манфаатидан бошқаларни афзал кўриш), “Истеҳзо” (масхара қилиш), сирларни фош этиш, ихлос, вакил бўлиш, инсонийлик каби хулқлар келтирилган.
“Ба” ҳарфи боби бахиллик мавзуси билан бошланиб, унда беадаб сўкиниш, бекорчилик ва ношукурлик каби мавзулар ҳақида сўз боради ҳамда бундай иллатлар қораланади. Хусусан, беадаб сўзларни айтиб сўкиниш инсоннинг ўз нутқ кучи ва ақл қувватида фаҳш нарсаларга тобе ҳамда ёмон хулқ соҳиби эканига далил бўлади. Бекорчилик эса, бу инсоннинг дангасалиги бўлиб, меҳнат қилмасдан, машаққат чекмасдан, текиндан келадиган нарса билан кун кўришга ўрганиб қолишдан ҳосил бўлади. Бу эса, бекорчи инсоннинг ҳар хил бузуқ ишлар билан машғул бўлишига, охир-оқибатда эса, бошқаларнинг қўлига қараб, уларга қул бўлишига сабабчи бўлади.
“Та” ҳарфи бобида Носируддин Самарқандий тавозе, тавҳид, таваккул, мақтанчоқлик, чуқур кетиш, такаллуф, ўйламасдан гапириш, менсимаслик, иккиюзламачилик, тўқлик, фаровонлик, хушмуомала-лик каби мавзуларни таърифлайди. Хусусан, хушмуомалалик мавзусида буни бағрикенглик ва кечиримлиликдан иборат хулқ, деб атаган [5:25b].
Таваккул бу ишларни Аллоҳга топшириш, унинг амалга ошишида Аллоҳга суяниш бўлиб, олим киши қилаётган ишини тарк этиши ёки ҳеч бир касбни қилмасдан ўтириши таваккул эмас, балки дангасалик эканини таъкидлайди. Таваккул маълум иш билан машғул бўлиб, унинг муваффақиятини Аллоҳдан кутиш, ўз амалига суяниб қолмасликдир [4:88-89].
Носируддин Самарқандий ижтимоий одоблардан бири ҳаё ҳақида ҳам тўхталиб, ҳаё қабиҳ ишларни ошкора қилишдан қайтариб турувчи табиий инстинкт бўлиб, ислом таълимотида мақталган гўзал хулқлардан бири ҳисобланади. Набий алайҳиссалом: “Ҳаёси йўқнинг имони йўқ” деб айтганлар. Яна: “Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаган ишингни қилавер!” деб насиҳат қилган [4:132-133].
Ахлоқий фазилатлардан бири шукр бўлиб, “Риёзатул ахлоқ” асарида бу мавзуга алоҳида ўрин ажратилган. Самарқандий шукрга “очиқлаш, изҳор қилиш” деб таъриф беради. Яъни инсон ўзига берилган неъматларни очиқлаши шукр ҳисобланади. Шунингдек, шукр уч ҳолатда намоён бўлади: Биринчиси, ўзига берилган имкониятларни очиқлаш, иккинчиси, Аллоҳнинг буйруқларига амал қилиш ҳамда учинчиси, тили билан миннатдор бўлиш орқали юзага келади. Набий алайҳиссалом доимо: “Аллоҳга ҳамд бўлсин! Ҳар бир неъмати учун шукр (бўлсин)” деб таъкидлаганлар. Жаннат аҳлига неъматлари тўлиқ қилиб берилган вақтда ҳам улар: “Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин!” (Юнус сураси, 10-оят) деб шукр қилишлари келтирилган [4:174-175]. Демак, шукр дунё ва охиратда қилинадиган яхши хулқ саналади.
Асарда ахлоқий тушунчалар юқоридаги сингари бобларга, ҳар бир боб унга тегишли мавзуларга ажратилиб баён этилади. Бу билан муаллиф Самарқандий кишиларнинг феъл-атворида учрайдиган яхши ва ёмон хулқларни кўрсатиб беришга, уларнинг моҳиятини очишга, инсонларни ёмон иллатлардан огоҳ қилиб, ҳусни хулқ ва чиройли фазилатлар билан хулқланишга чорлайди.
“Ахлоқ ҳақидаги бўлим”да эса инсониятга хос бўлган яхши ва ёмон ахлоқлар араб алифбоси асосида келтирилиб, уларга таъриф ва тавсиф беради. Шунингдек, асарда тасаввуфий тушунчалар ҳақида ҳам маълумот берилиб, батафсил шарҳлашга ҳаракат қилинган. Жумладан, “Ахлоқ ҳақидаги бўлим”да: тавҳид, зикр, зуҳд, ризо, хавф ва ражо, ростгўйлик, жидду-жаҳд, жалол, жамол, сахийлик, овозни баланд кўтармаслик, дуо, ваъда, омонатдорлик, раҳмат, рағбат, шаҳват, шараф, шавқ, иззат, афв, уъжуб, ғулув, ғурур, фаҳш, қаноат, қусур, қиём, мадҳ, муроқаба, муҳосаба ва бошқа шу каби тушунчалар атрофлича баён этилган.
Хулоса қилганда, Носируддин Самарқандийнинг “Риёзатул ахлоқ” китоби ижтимоий одоб-ахлоқ масалалари борасида назарий манба бўлиб, унда баён этилган ибодат, муомалот ва тасаввуфга доир ҳусни хулқ ва зарарли иллатлар нафақат ўз даври учун, балки бугунги глобаллашув даврида ҳам инсонлар, айниқса, ёшлар тарбиясида алоҳида ўрин тутади. Манбада илгари сурилган илм олиш, таълим бериш, бола тарбияси, никоҳ, сафар, дўстлашиш, қўшничилик, савдо, бетоблик одоблари ҳамда ҳаё, таваккул, шукр, хушмуомалалик каби фазилатлар, шунингдек, кибр, манманлик, бекорчилик, бахиллик иллатлари ва улардан фориғ бўлиш усуллари замонавий жамият ҳаётида инсонлар ўртасида муносабатларни тартибга солиш ва уларнинг гўзал ахлоққа эга бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Қуръони карим: маъноларининг таржима ва тафсири. /Таржима ва тафсир муаллифи: А.Мансур. – Т.: Ўқитувчи, 2021.
- Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Дин насиҳатдир. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2018.
- Мухтаров Б. Носируддин Самарқандийнинг “Риёзат ал-ахлоқ” асари ахлоқий тарбия борасида муҳим манба // Ислом зиёси. – Т., 2019. – № 2.
- Носируддин Самарқандий. Риёзатул ахлоқ. / Самиҳ Иброҳим Солиҳ таҳқиқи остида. – Дамашқ: Дарул башоир, 2006.
- Носируддин Самарқандий. Риёзат ал-ахлоқ. – Ар-Риёд: Малик Муҳаммад Ҳасан ибн Ҳамза Зоҳир шахсий кутубхонаси. Қўлёзма. Инвентарь рақами берилмаган. – 71 в.
- Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирлари энциклопедияси. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2016.