Айни кунларда Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш ва такомиллаштириш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда. Марказда ташкил этилган махсус штаб доирасида ишчи гуруҳ аъзолари, нуфузли олимлар ва мутахассислар иштирокида қизғин муҳокамалар ўтказилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори Саидакбар Агзамхожаев ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Меҳрожиддин Амонов томонидан “Биринчи Ренессанс даври” экспозициясига оид лойиҳа ва экспонатлар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Хусусан, буюк алломалар ва сиймолар суратларини тайёрлашда уларнинг тарихи, яшаган минтақанинг маданий хусусиятларини ҳисобга олиш, халққа яқин ва таниш образларни яратиш муҳимлиги таъкидланди. Шу асосда, экспонат сифатида тарихий нодир муҳрларни янгидан ясатиш ва улар орқали тамаддун меросини теранроқ ифода этиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.
Айни пайтда диний-маърифий соҳадаги янги лойиҳалар режаларини ишлаб чиқиш, ишчи гуруҳлар рўйхатини шакллантириш ҳамда лойиҳаларни тоифаларга ажратиш ишлари ҳам тизимли равишда амалга оширилмоқда.