Home / МАҚОЛАЛАР / МАЪНАВИЙ ҲАЁТ ВА СИЁСИЙ ФАОЛИЯТ

МАЪНАВИЙ ҲАЁТ ВА СИЁСИЙ ФАОЛИЯТ

Жамият маънавий ҳаёти тушунчаси муайян давр ва жамиятга хос белгилар, давлат сиёсати билан боғлиқ хилма-хил хусусиятлар ва турлича намоён бўладиган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий жиҳатлар, одамлар руҳияти ва кайфиятини ифода этади. Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиёти билан боғлиқ масалалар ечими давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида берилган. Бу, ўз навбатида, ҳар қандай жамиятни ислоҳ қилишда маънавий қадриятлар ўрни ва аҳамиятига алоҳида аҳамият бериш зарурлигини англатади.

Маълумки, жамият қурилиши, давлат бошқаруви, барча сиёсий тузилма турларининг иш услуби ва фаолияти ҳам ана шу тамойиллар асосида шаклланади. Аслида эса, аввало, инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва бахт-саодати давлат сиёсати, барча давлат органлари фаолиятининг энг устувор мақсади бўлиши лозим. Жамият қурилиши ва давлат сиёсати ана шу ғояга таяниши ва “Давлат – инсон учун” тамойили асосида ташкил этилиши зарур. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг ҳар бир чиқиши ва маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, ғояларга амал қилиш сиёсий соҳа ва бошқарув тизимининг ҳозиргача сақланиб қолаётган парадигмасини тубдан ўзгартириш лозимлигидан далолат беради.

Бугунги кунда ушбу соҳадаги асосий парадигма “инсон – жамият – давлат” шаклига айланди ва бу айни бугунги ҳаёт ҳақиқатини акс эттирмоқда. Айтиш мумкинки, давлат мавжудлигидан асосий мақсад – инсон ҳаёти ва жамият тараққиётига доир сиёсатни тўғри олиб бориш, бу борадаги тизим ва тузилмалар фаолиятини халқ манфаатлари йўлида самарали ташкил этишдан иборат.

Ҳар қандай жамият ҳаёти ва сиёсий фаолиятида моддий, маънавий, сиёсий ва ижтимоий соҳалар муҳим ўрин эгаллайди. Айни пайтда, давлат сиёсатида моддий ва маънавий соҳалар бир бутунликда эканини унутмаслик лозим. Бу, ўз навбатида, ушбу соҳаларнинг муқаррар равишда сиёсий омиллар билан узвий алоқадорликда намоён бўлишини, жамиятнинг сиёсий ва маънавий томонларини бир-биридан ажратиш ва бирини иккинчисидан устун қўйиш мантиққа зид эканини англатади. Бу жиҳатдан ҳам маънавий ҳаёт сиёсий ҳаётнинг муҳим ҳамроҳи экани намоён бўлади.

Албатта, бунда ҳам ижтимоий-маънавий ҳаёт алоҳида инсоний мазмунга эга ва у бир вақтнинг ўзида инсон яратган инфратузилма сифатида намоён бўлади. Ушбу тушунчада халқ турмуши ва маданияти акс этади, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг муайян тарихий даврга хос жиҳатлари ўз ифодасини топади. Ушбу хусусиятларга эга бўлган ва муттасил жамланиб борадиган маънавий ҳаётнинг ижтимоий-сиёсий моделида барча маънавий жиҳатлар ўзаро боғлиқ тарзда намоён бўлади. Айнан ана шу боғлиқлик кишиларни ижтимоийлаштириш ва тарбиялашга хизмат қилади.

Ҳар қандай жамиятнинг маънавий ҳаёти нафақат ижтимоий соҳа, балки сиёсий тизими ва фаолияти билан узвий алоқада намоён бўлади. Бу эса, ушбу жабҳанинг қонуниятидир. Барча сиёсий институтлар, давлат ҳокимияти, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари жамият маънавий ҳаётига таъсир кўрсатади. Бу борада давлат, ҳокимият ва бошқарув тизимининг ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаш жоиз. Негаки, айнан улар маънавий ҳаётни бошқаради, бу борадаги фаолиятни ташкил қилади ва мувофиқлаштиради. Бу жиҳатдан масалага ёндашганда таъкидлаш жоизки, ҳозирги илғор хорижий мамлакатларнинг сиёсий тизимига хос демократик тамойиллар, қонун устуворлиги, муқобил сайлов тизими, кўппартиявийлик ва сиёсий институтлар хилма-хиллиги жамият маънавий ҳаётидаги жараёнларни белгиловчи муҳим омиллар сирасига киради.

Айни пайтда давлат ташкилотлари, сиёсий партиялар, турли ижтимоий-сиёсий тузилмалар, фуқаролик институтлари жамиятимиз маънавий ҳаётига таъсир этувчи тамойиллар ва сиёсий омиллар мажмуини ташкил қилади. Бундай серқирра жараёнда жамият сиёсий ҳаёти билан боғлиқ воқелик, сиёсий институтлар, сиёсий муносабатлар ва жараёнлар ҳамда сиёсий маданият ва мафкура ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бунда давлат ҳокимияти, унинг ички ва ташқи сиёсати,  қарор қабул қилиш механизми, унинг тузилмавий қисмлари, сиёсий ташкилот ва уларнинг фаолияти ўз ўрнига эгадир.

Маънавий ҳаёт билан узвий боғлиқ бўлган жамиятнинг сиё“Давлат”, “ҳокимият” ва “ҳокимият муносабатлари”  маънавий ҳаёт билан узвий боғлиқ бўлган жамиятнинг сиёсий ҳаётида муҳим нуқталар ҳисобланади. Улар бу соҳанинг энг муҳим элементлари сифатида сиёсат ва маънавиятнинг алоқадорлигини тушуниш учун ўзига хос “калит”дир.  Айни шу асосда жамият маънавий ҳаётининг миллий давлат ва ижтимоий-сиёсий муносабатлар мажмуида тутган ўрнини тўғри тушуниш мумкин. Шунингдек, бу борада жамият маънавий ҳаётида сиёсий соҳада мавжуд норма ва қоидалар, хулқ-атвор стереотиплари, сиёсий рамз ва миллий-маънавий қадриятлар билан боғлиқ бошқа жиҳатлар ҳам алоҳида ўрин тутади. Халқнинг маънавий ҳаётида унга хос бўлган сиёсий менталитет ва стереотиплар билан боғлиқ хусусиятлар ўз таъсири ва ўрнига эга бўлади.

Жамиятнинг ўзига хос маънавий ҳаёти унинг маданияти, анъаналари, давлат тили ва рамзлари орқали шу халқ сиёсий тафаккурини ҳам бир қадар акс эттиради. Айни пайтда, маънавий ҳаётда турли қатлам ва ижтимоий-сиёсий бирликларнинг сиёсий воқелик, қонунлар ва уларнинг амал қилиш қоидалари, сиёсий қадриятлари тўғрисидаги тасаввурлари ҳам ўз ўрнига эга бўлади. Шу билан бирга, узоқ йиллар шаклланган сиёсий анъана ва бу амалиётда мавжуд ғоя ва концепциялар ҳам маънавий ҳаётга таъсир кўрсатади.

Шарқ ва Ғарб ижтимоий-сиёсий тафаккури тарихида “маънавий ҳаёт”, “сиёсий жараёнлар”, “ахлоқ” ва “инсон” тушунчалари аксарият ҳолларда бир-бири билан боғлиқ ҳолда тасаввур қилинган. Чунончи, файласуф Абу Наср Форобий бу соҳадаги боғлиқни таъкидлаб, инсоннинг шаклланиши, камол топиши, ҳаёт неъматларидан тўла баҳраманд бўлиши учун унга жамият, ижтимоий муҳит керак эканини қуйидагича ифодалаган: “Ҳар бир инсон ўз табиати билан шундай яратилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришиш учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади. У бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади”.

Албатта, Форобий яшаган даврда мавжуд бўлган жамият маънавий ҳаёти ўзига хос эди. Аммо ўша даврда ҳам инсон, халқ ва миллат маънавияти жамият ҳаёти ҳамда ўша замон сиёсатига боғлиқ бўлгани шубҳасиз.

Хуллас, жамият маънавий ҳаёти ва сиёсий воқеликнинг алоқадорлиги ижтимоий муносабатларни ўзлаштириш жараёнида намоён бўлади ва у босқичма-босқич юз беради. Жамият аъзолари сиёсий онгида у олдинги тажриба орқали келажакни фарқлашни ўз ичига олган тадрижий тартибда амалга ошади.

Юқорида қайд қилинганлар “жамият маънавий ҳаёти” тушунчасининг ушбу омиллар билан боғлиқ қуйидаги хусусиятларини тавсифлаш имконини беради:

Аввало, маънавий ҳаёт ва сиёсий фаолият бирлиги жамиятнинг табиий, тарихий ва ижтимоий бирлигини таъминлайдиган муайян маконда шаклланади. У ранг-баранг тарзда, турли шаклларда намоён бўлади ва жамият аъзолари онгига, ҳаёт тарзига ўзига хос реаллик сифатида таъсир қилади.

Иккинчидан, сиёсий жараён ва маънавий қадриятлар жамият аъзоларининг ўзаро муносабатида, ижтимоий фаолиятида кўзга ташланиб туради. Бу муносабат фаолият, мақсад, эҳтиёж ва интилиш учун муайян мезон бўлиб хизмат қилади.

Учинчидан, жамият маънавий ҳаёти ва сиёсий воқелик унинг моддий, маънавий, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги муайян натижаси сифатида юзага келади. Бу, ўз навбатида, унинг аъзолари учун ижтимоий зарурат, умумий мезонга айланади.

Тўртинчидан, жамият маънавий ҳаёти ва сиёсий воқеликлар ижтимоий ривожланиш жараёнида ўзгариб, такомиллашиб боради. У доимий янгиланиб туради, шу билан бирга, ворислик орқали авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтади.

Бешинчидан, бу йўналишдаги ишлар салмоғи ва сифати жамият маънавий ҳаёти барқарорлигини таъминлаш, уни ривожлантиришда давлат сиёсати мазмунини белгилайди.

Хулоса қилганда, кейинги йилларда Ўзбекистонда ривожланган мамлакатларга хос инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор бўлган демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар моҳиятини теран англашимизга ёрдам беради. Янги Ўзбекистон стратегиясида, энг аввало, инсонга олий қадрият сифатида муносабатда бўлиш, унинг манфаатларини ислоҳотларнинг асосий мезони тарзида тушуниш муҳим экани айтилган.

Шу билан бирга, бугунги глобаллашув шароитида жамиятдаги ижтимоий хилма-хиллик, сиёсий ва мафкуравий ранг-баранглик, турли хил мақсад ва қизиқишларни уйғунлаштирадиган  умумий мезонларга эҳтиёж кучайиб бормоқда. Айни пайтда, бу замонавий технология ва илм-фан ютуқларидан жамият маънавий ҳаёт даражасини таъминлаш учун самарали фойдаланиш имкониятини кенгайтиришни тақозо қилмоқда.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Мирзиёев Ш. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти, http://www.president.uz/uz/lists/view/; “Халқ сўзи” газетаси, 2016 йил, 15 декабрь.
  2. Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. – Т., 1993.
  3. Авлоний А. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ. – Т.: Ўқитувчи, 1992.
  4. Ахмедов Х. Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш асослари. – Т.: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2021.
  5. Akhmedov X. Education and spiritual education. // The light of islam, 2020. – P. 139-144.
  6. Жўраев Т. Миллий давлатчилик: хавфсизлик ва барқарорлик. –Т.: Академия, 2007.
  7. Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг “Ойина” журнали [Матн]: / З.Абдурашидов, Н.Эгамқулова. – Т.: Муҳаррир, 2019. – Б.164.
  8. Темур тузуклари. – Т.: Ўзбекистон. 2019. – Б.184.
  9. Қодирий А. Ўткан кунлар. –Т.: Ғафур Ғулом, 2017.
  10. Ғаззолий А.Ҳ. Мукошафатул қулуб: қалблар кашфиёти. – Т.: Ғафур Ғулом, 2018.
  11. Шопўлатов А. Жамиятни ислоҳ қилишда маънавий қадриятларнинг ўрни //Миллий ғоя – бизнинг ғоя (Матн). – Т.: Турон замин зиё, 2016.

 

Хусниддин АХМЕДОВ,
ЎзХИА Малака ошириш маркази директори,
сиёсий фанлар доктори, профессор

Check Also

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади: …