Home / АЛЛОМАЛАР / САЙЙИД АБДУЛЛОҲ МУШКИН ҚАЛАМ ВАСФИЙ ТЕРМИЗИЙ ҲАЁТИ ВА АДАБИЙ МЕРОСИНИНГ ГЕРМЕНЕВТИК ТАДҚИҚИ

САЙЙИД АБДУЛЛОҲ МУШКИН ҚАЛАМ ВАСФИЙ ТЕРМИЗИЙ ҲАЁТИ ВА АДАБИЙ МЕРОСИНИНГ ГЕРМЕНЕВТИК ТАДҚИҚИ

Ҳар бир мамлакатнинг ўз тарихи, диний ва миллий қадриятлари борлиги барчамизга маълум. Она юртимиз – Ўзбекистон замини ҳам азалдан ўзининг бебаҳо қадриятлари бўлган маънавий ва моддий бойликлари билан дунё халқлари турмуш тарзига ва маданиятига ижобий таъсир кўрсатган. Дунё олимлари ҳамон аждодларимизга, бой маданий меросимизга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан қарайди. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида улуғ зотларнинг қўним топган масканлари борлиги бизнинг улуғ зотлар авлоди бўлганимиздан далолат беради. Самарқандийлардан – Имом Мотуридий Самарқандий, Абу Лайс Фақиҳ Самарқандий, Ҳаким Самарқандий, Ашраф Самарқандий, Фитрат Самарқандий, Низомий Арузий Самарқандий, Давлатшоҳ Самарқандий, Баёзий Самарқандий, Мутрибий Самарқандий,  Бухорийлардан – Имом Бухорий, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Абу Ҳафс Сағир Бухорий, Убайдуллоҳ Масъуд Бухорий, Имло Бухорий, Хаёлий Бухорий, Шавкат Бухорий, Саййид Муҳаммад Бухорий, Шошийлардан (ҳозирги Тошкент шаҳри), Бадриддин Шоший, Бадр Шоший, Қаффол Шоший, Андижондан – Бурҳонуддин Марғиноний, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижоний, Авҳадуддин Ахсикатий, Хоразмийлардан – Ал-Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Насафийлардан – Имом Насафий, Нажмиддин Умар Насафий, Қалонсавий Насафий, Зиёуддин Насафий, Азизиддин Насафий, Саййидо Насафий, Кешийлардан – Абд ибн Ҳумайд Кеший, Абу Шакур Солимий Кеший, Фарғонийлардан – Аҳмад Фарғоний,  Чағонийлардан (ҳозирги Денов, Сариосиё, Узун, Шўрчи, Олтинсой ҳудудлари) Тоҳир Чағоний, Розиюддин Чағоний, Ҳасан Чағоний, Хожа Алоуддин Аттор, Хожа Ҳасан Аттор, Мавлоно Яъқуб Чархий, Муҳаммад Зоҳид Вахшуворий,  Сўфи Оллоёр, Сайқалий Ҳисорий, Мавлавий Жунуний, Термизийлардан – Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий, Адиб Собир Термизий, Абу Жаъфар Термизий, Умар Термизий, Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий, Хожа Самандар Термизий, Мирсафо Термизий, Мушкин қалам Термизий, Жудоий Термизий, Саййид Али Термизий (Пирбобо), Фатҳий Термизий, Кашфий Термизий, Арший Термизий каби юртимизнинг юзлаб алломалари номини тилга олиш мумкин. Юқорида номлари тилга олинган мутафаккир зотларнинг бой илмий-адабий меросини ўрганиш ва кенг илмий жамоатчиликка тақдим этиш муҳим масалалардан саналади. Шу нуқтаи назардан ушбу мақолада Термизийларнинг етук намояндаларидан бири – Мушкин қалам Васфий Термизий ҳаёти ва мероси ҳақида сўз юритилади.

Хориж манбашунос олимлари бугунги кунга қадар термизийлар адабий мероси бўйича кенг қамровли тадқиқот ишларини амалга оширган. Адиб Собир Термизий ҳаёти ва мероси тадқиқи борасида форс олими Муҳаммад Донишгарнинг илмий ишлари муҳим аҳамиятга молик[2:9], Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий ҳаёти ва мероси бўйича форс олимларидан Бадиуззамон Фурузонфар[10:106] ва Тавфиқ Ҳошимпур Субҳонийнинг бир қатор илмий ишларини санаш мумкин [5:24]. Шунингдек, Амир Муиззий, Мунжик Термизий ва бир қатор термизийлар адабий мероси ва асарлари поэтикаси ҳақида Эҳсон Шавориб Муқаддам [6:7], Муҳаммад Али Носиҳ [1:17], Муҳаммад Донишгар, Аҳмадризо Ялмаҳо [4:3-9], Носир Ҳирий [3:10-18] ва Аббос Иқбол [11:88] каби олимларнинг илмий изланишлари диққатга сазовор. Ушбу мавзу борасида эса А.Муродов, М.Кенжабек, Ж.Мирзаев, Б.Муртазоев ва Ж.Чўтматов ўз тадқиқотларида автобиографик маълумотларни тақдим этган. А.Муродов “Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан” номли асарида Саййид Абдуллоҳ Мушкин қалам Васфий Термизий моҳир хаттот ва рассом бўлганини тилга олади [7:25].

Исми Мир Саййид Абдуллоҳ, тахаллуси “Васфий”дир. Муҳаммад Солиҳ Кашфийнинг “Маноқиби Муртазовий” асари муқаддимасида Куруш Мансурий “Мир Саййид Абдуллоҳ Кирмоний” ёки “Мир Саййид Музаффар” каби исмларни ҳам муаллифга нисбат берган. Унинг шеъриятдаги тахаллуси “Васфий” бўлса, ўз замонасининг моҳир хаттоти бўлгани сабабли “Мушкин қалам” унвони берилган. “Буюк Термизийлар” китобида Васфий Термизий тахаллуси “Восифий” деб ёзилган. Бироқ муаллиф ўз шеърларида “Васфий” тахаллусини қўллаган. Муҳаммад Солиҳ Кашфий Термизийнинг “Маноқиби Муртазовий” асарида ҳам “Васфий” деб тилга олинади. Мир Саййид Абдуллоҳ Шоҳ Қосим Анворнинг авлоди ва Шоҳ Неъматуллоҳ Валийнинг фарзанди бўлганини Куруши Мансур таъкидлаб ўтади. [8:11]. “Термизий” нисбасини олиши эса бевосита “Термизий” саййидлар авлодидан бўлгани билан боғлиқ. Васфийнинг ота-боболари Ҳиндистонга кўчиб бориб, шу ерда қўним топган. Мутафаккир умрининг охиригача шу ерда яшаган. Акбаршоҳ ва Жаҳонгиршоҳ саройида моҳир хаттот ва шоир сифатида кенг шуҳрат қозонган. Шоир ўз тахаллуси ва унвони борасида шундай дейди:

«Васфӣ» тахаллуси ману “Мушкин қалам” хитоб,
Ин номҳо зи шоҳу шоҳаншоҳ ёфтам.

Мазмуни: Менга тахаллусим “Васфий” ва “Мушкин қалам” деб мурожаат қилишади, бу номларни Шоҳ Неъматуллоҳ Валийнинг маънавий тарбияси ҳамда Подшоҳларнинг подшоҳи меҳрибонлигидан топдим.

Муаллиф асарларни кўчирганида котиб “Абдуллоҳ Мушкин қалам” деб ёзган. “Мушкин қалами” унвони  моҳир хаттот, котиб ва рассом бўлгани учун берилган.

Таваллуди ва вафоти. Мир Саййид Абдуллоҳ 1560 йиллар атрофида Деҳли шаҳрида дунёга келган. Бу зотнинг таваллуд санаси аниқ маълум эмас. “Маноқиби Муртазовий” асарида Акбаробод шаҳрида таваллуд топган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади. Вафоти санаси 1625 йилдир. Бахтовархон исмли тарихчининг “Хаттотлар ҳақида рисола” асарида Васфийнинг вафоти 1615 йил деб кўрсатилган. Мутафаккир қабри бугунги кунда Ҳиндистоннинг Ажмир шаҳрида жойлашган. Аммо кўплаб тарихий манбаларда Васфий 1625 йил вафот этгани айтилган. Шунинг учун ушбу сана тарихий ҳақиқатга яқинроқ бўлиши мумкин.

Васфий Термизий ҳаёти ва маноқиби (ахлоқий характери) борасида икки ўғли – Муҳаммад Солиҳ Кашфий ва Муҳаммад Амин Арший томонидан “Фойизул қулуб” (Муҳаммад Солиҳ Кашфий) ва “Фотиҳул қулуб” (Муҳаммад Амин Арший) асарларида кенг маълумот берилган. Ушбу асарнинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, унда Мушкин қаламнинг индивидуал характери, валийлик мақоми, илм борасидаги муҳаббати, шахсий фазилати, олимларга эҳтироми, парҳезкорлиги ва фақирона ҳаёти тасвирланган. Шунингдек, ушбу асарларда бошқа валийлар ахлоқи ҳақида ҳам тўхтаб ўтилган. Муҳаммад Солиҳ Кашфий асарнинг кўп жойларида “Валояти илм Амир Абдуллоҳ Мушкин қалам қуддиса сирруҳу” (“Илм сарбони Амир Абдуллоҳ Мушкин қаламни Аллоҳ сирини муҳофаза этсин”) иборасини такрор келтиради. Муҳаммад Мумин Арший отаси вафот этганда “Зи дунёи даний қутби замон рафт” (“Арзимас оламдан замона қутби сафар қилди”), дафн этилган жойни “Равзаи жовид” (“Абадий боғ”) [9:964-967], деб келтиради.

Васфий қайси тариқатга эргашганини қуйидаги факт орқали билиш мумкин. Маълумки, Васфий яшаган даврда Абдулқодир Жилоний асос солган Қодирия тариқати Ҳиндистонда ҳам кенг тарқалган эди. Шу тариқат таълимоти ва ғоялари таъсири остида шаклланган Чиштия тариқати ҳам кейинчалик мусулмонлар орасида тарқала бошлайди. Табиийки, Васфий Термизийга ижтимоий муҳит ўз таъсирини кўрсатади. Шунингдек, мутафаккир шеърларига ҳам ушбу тариқат ғоялари сезиларли даражада таъсир кўрсатган. Бундан кўра кучлироқ далил эса Муҳаммад Солиҳ ва Муҳаммад Амин ёзган асарлардаги маълумотларда Васфийнинг Чиштия тариқати намояндаси сифатида кўрсатилганидир. Васфийга ушбу тариқат сир асрори ҳақида Шайх Файзуллоҳ Саҳоранпурий дарс берган. “Фойизул қулуб” асаридаги воқеалар кўпроқ Васфийнинг Хожа Муиниддин Чиштий хонақоҳида ўтказган дамларини ўз ичига олади. Мутафаккир ўзини Абдулқодир Жилонийнинг маънавий шогирди сифатида билар эди. “Феҳристи нусхаҳои хатти Покистон” китобида келтирилишича, “Фотиҳул қулуб” ва “Фойизул қулуб”да келган маълумотлар “шарҳи ҳоли ботини Мушкин қалам”, яъни Мушкин қаламнинг ботиний олами шарҳлар мажмуи ҳисобланади. Ушбу асарлар икки улуғ фарзанди томонидан ёзилди ва бу рисолани доктор Муин Низомий нашрга тайёрлаган” [9:964-967]. Муҳаммад Солиҳ Кашфий отаси тилидан нақл этадики,

در ایام شباب اکثر مطالعه تذكرة أوليا می نمودم و
 ازسخنانحقاقیقبیانشفیوضمیبردم

[9:964-967]

(Ёшликда кўпроқ валий зотлар ҳақида асарларни ўқирдим ва уларнинг ҳақиқат мақомига элтувчи сўзларидан файз олардим).

Ушбу асарда Кашфий отасининг фазилати баракасидан улуғ мартабага эришгани ва халқ орасида кенг шуҳрат қозонганини ҳам алоҳида эътироф этади.

Ёшлиги ва илм ўрганиши. Васфий илк бошланғич таълимни ота-онасидан олиб, сўнгра замондош уламолардан бири Файзуллоҳ Баҳорнапурийдан тасаввуф илмини ўрганади. Саноий Ғазнавий, Фаридуддин Аттор, Жалолиддин Румий, Муслиҳиддин Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий каби шарқ мутафаккирлари меросидан баҳраманд бўлиб, орифона шеърлар ёзишга интилади. Насх ва настаълиқ хат турларини жуда чиройли ёзарди. Қодирия тариқати устозларидан тариқат сайру сулукини ўрганади ва маънавий меросини шу ғоялар таъсирида ёзади.

Бой маънавий мероси. Термизийшунос олим Куруш Мансурнинг таъкидлашича, Васфий Термизийдан шеърий “Девон” ва бешта маснавий жанридаги шеър қолган. Шоир шеърияти мазмуни кўпроқ ахлоқий мавзуларга оиддир. Ижодкор индивидуал характерига боғлиқ ҳасбия байтларидан бирида ўзининг камгаплиги, одамлар билан бўлар-бўлмас нарсаларда тортишишни ёқтирмаганини шундай изоҳлайди.

نه حرف با کس و نه گوش با حرف کس
برهم زدی شعر سوال جواب را

[9: 13].

Мазмуни: На бир киши билан ортиқча суҳбат, на бир кишининг бўлар-бўлмас сўзига қулоқ солиш бор, сен шу хислат билан савол-жавоб (беҳуда баҳс-мунозара) қилиш шиоридан воз кечдинг.

Хаттотлик маҳорати. Ўрта Осиёда хаттотлик санъати тараққиёти Амир Темур ва темурийлар давридан бошланган. Ҳуснихат санъати дастлаб Хуросон пойтахти Ҳиротда ривожланиб, у ерда Султон Али Машҳадий бошлиқ йирик хаттотлик мактаби ташкил топади. Мактабнинг ўзига хос хусусияти шундан иборат эдики, бу ерда асосан Мир Али Табризий яратган настаълиқ хат услуби Султон Али томонидан такомиллаштирилади. Бу услуб йирик ва майда настаълиқ китобат ишларида кенг қўлланиб, бадиий ва тарихий асарлар фақат настаълиқ хатида китобат қилинган. Диний ва баъзи илмий асарлар эса кўпроқ меъморчилик, наққошлик санъатида ва Шарқ эпиграфиясида ишлатилган. ХVI асрда Темурийлар салтанати инқирозга юз тутиб, сиёсий ҳукмронлик Шайбонийлар қўлига ўтиши билан Бухорода маданий ҳаёт маълум даражада тараққий топади. Ҳирот хаттотлари, рассомлари ва маданият арбобларидан бир қисми Бухорога келади. У ерда Бухоронинг ўзига хос янгича китобат ва ҳуснихат санъати ривож топади. XVI va XVII асрларда яшаб ижод этган Бухоро хаттотлари ҳусни хат бобида ўзига хос услуб – Бухоро хаттотлик мактабини яратади [7: 48].

Демак, Темурийлар даврида хаттотлик, наққошлик ва рассомлик кенг ривож топиб, бутун Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистон каби ўлкаларда тарқалган. Айниқса, Бобурийлар сулоласи даврида Ҳиндистонда хаттотлик, наққошлик, рассомлик ва шарқона бинокорлик тараққий топади. Бу нафис санъат турларини Акбаршоҳ ва Шоҳжаҳон янада кенгроқ ривожлантиришга интилиб, моҳир хаттот, рассом ва наққошларни ўз саройига хизматга жалб қилади. Булар қатори Мушкин қалам Васфий Термизий, Муҳаммад Солиҳ Термизий, Арший Термизий, Номий Термизий ва Жудоий Термизийларни санаш мумкин. Ушбу зотлар орасида Мушкин қалам Васфий Термизий чиройли ҳусни хати билан ажралиб турарди. 

Васфий Термизий Акбаршоҳ ва Шоҳжаҳон ҳукмронлиги даврида саройда хаттотлик билан шуғулланади. Бир қанча асарларни настаълиқ хати билан кўчиради. Сарой мулозимлари унинг ҳусни хатини кўриб “Мушкин қалам” деб унвон беради. Васфийнинг ҳар икки ўғли – Кашфий ва Арший ҳам ўз замонасида моҳир хаттот бўлгани бевосита отаси касбини давом эттирганидан далолат беради.

Васфий Термизий Бобурийлар ҳукмронлиги даврида хаттотлик мактабини янада жонлантиришда жонбозлик кўрсатади. Унинг ҳусни хати кўпчиликни ўзига мафтун қиларди. Замондошлари уни ушбу ҳунари учун “Мушкин қалам” (“Қалам хушбўй”) дейишарди. Настаълиқ хатида Шоҳғиёс ва Роқимий каби хаттотларга шогирд тушган.

“Миръотул олам” ва “Шоҳжаҳоннома” асарларида Васфий Термизий ижоди борасида қуйидагилар ёзилган: “Кўплаб ошиқона шеърлари бор, табиати тоза эранлардандир” [8: 12]. Бундан келиб чиқадики, Васфий Термизий шеърияти ошиқона, орифона ва бадиий тасвирларга бой экан.

Мушкинқалам Васфий Термизийнинг иккита ўғлининг номи манбаларда зикр этилади. Муҳаммад Солиҳ Кашфий Термизий ва Мирмуҳаммад Мумин Арший Термизий. Қизлари ва бошқа фарзандлари борлиги ёки йўқлиги ҳақида биз текширган манбаларда маълумот учратмадик.

Васфий Термизий ўзидан кейин бой маънавий мерос қолдирган. Орифона, ошиқона ва руҳий тарбияга оид шеърлари тили равон ва тушуниш осонлиги билан халқ орасида тез тарқалади. Унинг ижодида ғазал ва маснавий жанрлари етакчи ўрин эгаллайди. Шеърларида Пайғамбарлар тарихи, инсоннинг яратилиши, комил инсон ахлоқи тасвири муҳим образ саналади. Баъзи хорижлик адабиётшунослар Васфий Термизийни шиалик оқими билан айблайди. Ҳолбуки, мутафаккир аҳли сунна вал жамоа йўлида эканини шеърларида очиқ-ойдин баён этган:

من محبّ چار یار مصطفی
خارجی گو خون شود زین ماجرا
هر کرا یک زرّه دانش یار شد
از فراصت مخلص این چار شد
چار انصور هم به هم آمد از آن
کو شوند این چار از پرده عیان

[8: 35].

Мазмуни: Мен тўрт ёрнинг (Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум) дўстиман, хорижийлар бу кўргуликни кўриб қайғуга ботишини айтгин. Агар ҳар кимнинг озгина илми бўлса, фаросат юзасидан уларга мухлис бўларди. Бу тўрт ёрлар борлиққа келиши учун, олдин тўрт унсур (сув, тупроқ, шамол, олов)ни яратди.

Муҳаммад Солиҳ Кашфий Термизий “Маноқиби Муртазовий” асарида отасининг шеъриятидан мисол келтирмоқчи бўлса, لوالدی (Отамдан) деб бошлайди.

“Райҳонатул адаб” тазкирасининг 4-жилдида Васфий Термизийнинг ахлоқий маънога бой ушбу байтлари келтирилган:

مردمان را به چشم وقت نگر
وز خیال پریرو دی بگزر
چند گویی فلان چنانش مام
چند گویی فلان چنانش پدر
ناف آهو نخست خون بوده است
سنگ بوده است ز ابتدا گوهر
کهتران مهتران شوند به عمر
کس نزاده است مهتر از مادر

[8: 10].

Мазмуни: Одамларга вақт кўзгуси билан боқ. Эрта-индин хаёлидин воз кеч. Қачонгача отам шундай, онам бундай эди, деб мақтайсан. Оҳунинг киндиги, илк лахта қондан иборат эди, қимматбаҳо гавҳар ҳам дастлаб тош бўлганини эсла. Хожа ёки ходим бўлишни вақт кўрсатади, чунки онадан ҳеч ким хожа бўлиб туғилмаган.

Дарҳақиқат, инсонни замон ўтиши билан кимлигини билишингиз мумкин. Инсоннинг ўз феъл-атворини доимий яшириб юриш имконсиздир. Замон инсон ахлоқи оинаси эканини ҳаётий тажрибанинг ўзи кўрсатган. Мутафаккир бировга баҳо беришда шошқалоқлик қилмаслик лозимлигини айтмоқда. Шошқалоқлик юзасидан одамлар орасида қанчалар фитна ва урушлар келиб чиққани тарихий ҳақиқат. Ҳар бир ишни эрта ёки индин қиламан деб, ўз умрингга ишонма, бу хомхаёллик сени ҳалокат зиндонига улоқтириши тайин. Шу байтлар давомида Васфий кийикнинг киндиги дастлаб бир лахта қон бўлгани ва ноёб гавҳарлар ҳам илк оддий тош бўлганини эслатмоқда. Бу мисоллар орқали аллома нима демоқчи! Айтмоқчи бўлган нарсаси шуки, ҳеч кимга унинг ташқи кўриниши ёки фақирлигига қараб баҳо берманг. Балки шу каби фақир ва ҳақир инсонлар эртага дунёни бошқариши ёки валий зотлардан бўлиб вояга етиши мумкин. Ҳеч ким денгиз тубида қандай қимматбаҳо гавҳар борлигини билмайди, Аллоҳнинг олдида шағалнинг қадри баландми ёки марварид тошларми бизга қоронғу. Инсон тақдирига нисбатан хулосавий фикрни айтиш бировнинг тақдирини биламан дейиш билан баробар. Ушбу мисралар сўнгида инсон фарзанди онаси қорнидан хожа ёки хизматкор бўлиб туғилмаслигини баён этган.

Котиблик ва рассомлик бадиий санъатидан намуналар. Мушкин қалам Васфий Термизий ўз даврида бир қанча мумтоз шоирларнинг шеърий девонларини чиройли ҳусни хат билан кўчирган. Шу билан бирга, рассомчилик борасида маҳорати баланд эди.

 Васфий Термизий нафақат моҳир хаттот ва котиб, балки шарқ миниатюра санъатида ҳам ўз маҳоратини кўрсатган санъаткорлардан биридир. 

 Хулоса. Ушбу мақолада Термизийлар адабий мактабининг етук вакилларидан бўлмиш Мушкин қалам Васфий Термизий ҳаёти ва бой мероси ҳақида сўз юритилди. Мутафаккир ҳаёти ва мероси ҳақида маълумот берилган адабий ва тарихий манбалар кўздан кечирилди. Тадқиқот доирасида амалга оширилган ишлар натижасида Мушкин қалам Васфий Термизийнинг янги таржимаи ҳоли илмий маълумотлар асосида рўёбга чиқди. Бобурийлар ҳукмронлиги даврида асли Термизлик бўлган Номий Термизий, Фозил Термизий, Васфий Термизий, Кашфий Термизий, Арший Термизий, Ҳошим Термизий каби шоир, хаттот ва мутасаввиф зотларнинг Ҳиндистонда фаолият юритгани тарихий ҳақиқат. Шу нуқтаи назардан ўтмишда дунёнинг турли маданият ўчоқларида илмий фаолият олиб борган алломаларимиз ҳаёти ва меросини ўрганиш, кенг илмий жамоатчиликка тақдим этиш бугунги кундаги долзарб вазифалардан бирига айланмоқда.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Адиб Собир Термизий. Девон/Тасъҳиҳ ва муқаддимаи Муҳаммад Али Носиҳ. – Теҳрон: Илмий, 1343. – С. 17.
  2. Адиб Собир Термизий. Девон/Тасъҳиҳ ва муқаддимаи Муҳаммад Донишгар. – Теҳрон: Байнал-милал ҳудо, 1370. – С. 3-9;
  3. Амир Муиззий. Девон/Тасъҳиҳ ва муқаддимаи Носир Ҳийрий. – Теҳрон: Марзбон, 1382. – С. 10-18.
  4. Аҳмадризо Ялмаҳо//Нақди Девони Адиб Собир Термизий. – Теҳрон: Китоби моҳи адабиёт ва фалсафа, моҳи обон, 1384. №97.
  5. Мақолоти Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий/ Тасъҳиҳи Тавфиқ Ҳошимпур Субҳоний. – Теҳрон: Нашри анжумани осору мафохири фарҳангий, 1395. – С. 3-24.
  6. Мунжик Термизий. Девон/Тасъҳиҳ ва муқаддимаи Эҳсон Шавориб Муқаддам. – Теҳрон: Мероси мактуб, 1391. – С. 7.
  7. Муродов А. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. – Т.: Фан, 1971. – Б. 48.
  8. Муҳаммад Солиҳ Кашфий Термизий. Маноқиби Муртазавий/бо тасҳеҳи Куруши Мансур. – Теҳрон: Интишороти Равзана, 1342 ҳ. – С. 11.
  9. Ориф Навшоҳий. Феҳристи нусхаҳои хаттии форсии Покистон. – Теҳрон: Мероси мактуб, 1396. – С. 964-967
  10. Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий. Мажмуаи мавоиз ва калимоти Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий ба ҳамроҳии тафсири сураи “Муҳаммад” ва “Фатҳ”/бо тасъҳиҳот ва ҳавошийи Бадиуззамон Фурузонфар. – Теҳрон: Маркази нашри донишгоҳий, 1339. – С. 106; Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий.
  11. امرالشعرامحمدبنعبدالملکمعزی. دیوان. / بسعیاهتمامعباسعقبال. – تهران: کتابفروشیاسلامی, 1318. – ص. 888
КАРОМИДДИН ЖАМАҲМАТОВ,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари,
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети докторанти (DSc)

Check Also

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” РОВИЙСИ АБУ ИСҲОҚ ИБРОҲИМ ИБН МАЪҚИЛ НАСАФИЙ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари Қуръони каримдан кейинги манба ҳисобланади. Кўпчилик бу тўплам ва унга …