Home / ҲАДИС / КЕЧАСИ УЙҚУГА ЁТИШДАН ОЛДИН БАЖАРИШ ЛОЗИМ БЎЛГАН АМАЛЛАР

КЕЧАСИ УЙҚУГА ЁТИШДАН ОЛДИН БАЖАРИШ ЛОЗИМ БЎЛГАН АМАЛЛАР

Инсон ҳаётида ҳар доим бажариши керак бўлган ишлар борки, баъзан одамлар бунга эътибор бермайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда улардан бештасига алоҳида урғу берганлар.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدُ اللهِ قَالَ: قَالَ رَسَولُ اللهِ صلى الله عليه و سلم: «إِيَّاكُمْ وَالسَّمَرَ بَعْدَ هُدُوءِ اللَّيْلِ، فَإِنَّ أّحَدَكُمْ لا يَدْرِي مَا يَبُثُّ اللهُ مِنْ خَلْقِهِ. غَلِّقُوا الأَبْوَابَ، وَأَوْكِئُوا السِّقَاءَ، وَأَكْفِئُوا الإِنَاءَ، وَأَطْفِئُوا المَصَابِيحَ[1].

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кечаси сокинлик бўлгандан сўнг гаплашиб ўтиришдан сақланинг. Чунки қоронғида Аллоҳ махлуқларидан қай бирини тарқатишини ҳеч бирингиз билмайсиз. Эшикларни беркитинг, мешларнинг оғзини боғланг, идишларнинг устини ёпинг, чироқларни ўчиринг”, дедилар”.

Ҳадисни ривоят қилган саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бўлиб, куняси Абу Абдуллоҳ ва Абу Абдураҳмондир.

Отаси Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром ибн Саълаба Хазражий Ансорий иккинчи Ақоба байъатида исломни қабул қилган. Бу пайтда Жобир ибн Абдуллоҳ ёш йигитча бўлган. У ҳам отаси билан бирга Ақобада қатнашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган[2].

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 1540 та ҳадис ривоят қилган. Шундан, 1510 та ҳадис “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳул Муслим”да келтирилган.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу 603 йилда туғилиб, 694 йили Мадинада вафот этган. Манбаларда у кишини Мадинада вафот этган саҳобаларнинг охиргиси экани қайд этилган.

Шарҳ. Кечаси сокинлик бўлгандан сўнг гаплашиб ўтиришдан сақланинг. Араб тилида кечаси гаплашиб ўтиришни “سمر” “самр” дейилади. Аммо уламолар ушбу сўзни хаттотлар нотўғри ёзган бўлса керак, чунки динимиз тамойилларида кечаси гаплашиб ўтириш ҳеч қораланмаган, деган.

Бир гуруҳ уламолар ушбу сўз аслида “سير” “сайр” бўлса керак, деган. Шунда жумланинг маъноси умумий маънога тўғри келади. Ҳақиқатан ҳам, кечаси сокинлик ҳукм сургандан кейин кўчаларни айланиб, дайдиб юришнинг фойдаси йўқ. Бундай юришлардан сақланиш керак. Акс ҳолда бирор зарар етиши турган гап. Шунга асосан ҳадисдаги “سمر” “самр” сўзини кечаси гаплашиб ўтиришни эмас балки “سير” “сайр”, яъни кечаси сайр қилиш десак мақсадга мувофиқ бўлади.

Эшикларни беркитинг. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадис орқали умматларига “Эшикларни беркитинг” деб буюрганлар. Ушбу амрга итоат қилиб, ҳамиша эшикни беркитиб қўйишда уй эгаси учун кўплаб фойдалар бор.

Аслида, эшик нима учун қурилади? Албатта, беркитиб қўйиш учун қурилади. Эшик беркитилмаса, уйга турли зарарли ҳашаротлар, ҳайвонлар кириб, уй эгаларига зарар етказиши, уйга ўғри кириши ёки бегона ва номаҳрам кишиларнинг назари тушиши мумкин. Агар, эшик берк турса, бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинади.

Мешларнинг оғзини боғланг. Бу ерда ичимлик ва таом сақланадиган идишлар – меш, қоп, саноч сингари оғзи ип билан боғланадиган идишлар назарда тутилмоқда. Чунки уларнинг оғзи боғланмаса, ичига турли зарарли нарсалар тушиши, ҳашарот ва жониворлар кириши натижасида инсон истеъмоли учун керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларга зарар етиши ёки яроқсиз бўлиши мумкин. Ушбу ҳадисга амал қилиб, уларнинг оғзи боғлаб қўйилса, албатта кўпгина зарарнинг олди олинади.

Идишларнинг устини ёпинг. Бу ерда ичимлик ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган ёки овқат пишириладиган идишлар – бочка, челак (пақир), яшик ва қозон каби усти қопқоқ билан ёпиладиган нарсалар назарда тутилмоқда. Агар уларнинг усти қопқоқ билан ёпиб қўйилмаса, идишга ёки уларда сақланаётган таом ва маҳсулотларга зарар етиши мумкин.

Демак, озиқ-овқат ва ичимлик турадиган идиш устини ёпиб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлаб, бошқа бир ҳадисда:

“Агар бирингиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни кўндаланг қўйиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин”, деганлар[3].

Уламоларимиз ушбу жумлани тушунтириш учун ёзган шарҳларида: чўп сабаб бўлади, холос. Қўришни Аллоҳнинг исми юзага чиқаради, деган.

Ушбу ҳадисга амал қилиб идиши усти ёпиб қўйилса, унда сақланаётган таом ёки ичимликка турли зарарли ва шубҳали нарсалар тушиб қолишининг олди олинади.

Чироқларни ўчиринг. Кечаси заруратсиз чироқни ўчирмай ётганда қисқа туташув, қизиш, сичқонлар сим қобиғини кемириши оқибатида ёнғин чиқиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, кечаси билан чироқни беҳуда ёқиб қўйиш натижасида оила иқтисодига зарар етади.

Уй эгаси кечқурун ётишдан олдин чироқларни ўчириб қўйиш орқали, оила-аъзоларини турли кўнгилсизликлардан, оила иқтисодини эса зарардан ҳимоя қилади. Энг муҳими кимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги кўрсатмаларига итоат қилса, беҳисоб ажру савобга эга бўлади.

[1] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Адабул муфрад. –Қоҳира, 1423/2003. –Б. 551.
[2] Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияру аъламин нубола. Ж. 3. Мавсусатур рисола, 1985. –Б. 190.
[3] Қаранг: Кутубус ситта. Абулҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим Қушайрий. Саҳиҳу Муслим. –Риёд. Мактабату Дорссалом. 2008. –Б.1038. 96 [5246]-ҳадис.
 Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИМОН ҲАЛОВАТИ

 (бир ҳадис шарҳи) عَنْ عن أَنَس رَضي الله عَنْه، عَنِ النَّبِي صَلَّى الله عَلَيْه وَسَلَّمَ …